Қора тўнли бобо касофати…
Урганч кўли фожиаси ҳақидаги хабарни ўқиб ўтириб, унга қолдирилган ғалати изоҳни кўриб қолдим: “8-oй, 8-кун 8-канал! 888-сатаник рақам”.
Бошқа бир рақам машъум фожиа қурбонларининг расмийлар айтаётган сони – 13 нафар.
Фожиага кўпчилик, собиқ прокурор, эндиликда Урганчдаги 8-ТВ канал рахбари Улуғбек Собировнинг харакатлари сабаб бўлганини айтмоқда.
«Буйруқни Улуғбек Собиров берган! У энди ҳаммасини бости бости қилишга уринмоқда!» дея ёзади ўзини Али деб атаган яна бир урганчлик.
Унга кўра, хонанда Наврўз Собировни кўприкдаги одамлар орасидан олиб ўтиш учун коридор очишганида, тор жойда «давка» содир бўлган, чеккага тисарилишга мажбур қилинган томошабинлар кўприк панжараларини синдириб сувга қулашган.
«Улуғбек менинг душманим эмас лекин ҳақиқат бор! У “Эй Эл Си”ни йўқ қилган, кейин бу каналга эга чиққан» дея ёзади у.
Аслида хаммаси сал бошқача бўлган. Улуғбек Урганчдаги мустақил телевидение – «Оқбўри Лидер Компанияси» (TV ALC) га қарши тиш қайраганларнинг бири бўлган. Аммо бу канални ёпганларнинг рўйхати хам анча узун. Уларнинг кўплари бугунги кунда “раҳматлик” бўлиб кетишган…
“Оқбўри” касофати
1994 йили 12 апрел куни акам Шухрат билан 8-каналда очганимиз, мустақил телевидениега «Оқбўри» рамзини киритган мен эдим.
Акбара, Оқбўри ёки Она бўри тимсоли аслида ўша йиллари ўзим учун кашф қилганим Урганч шахри рамзи эди.
Афсонага кўра, эски Хоразм тилида Урганч – Она бўри, урғочи бўри маъносини билдирган (яъни “Урга” – бўри, “-анч” – женский род, аёллик суффикси).
Қадим девлар билан тенгсиз жангда урганчликлар қириб ташланади. Уларнинг наслидан бўлган икки гўдак, – бир қиз, бир эр болани оқбўри олиб қочиб эмизиб катта қилади.
Шунинг учун менга янги канални Урганч шахар телевидениеси деган номлашдан Оқбўри, ёки янада жозибалироқ, элнинг етакчиси маъносида Оқбўри Лидер Компанияси дея аташ маъқул кўринганди.
Аммо шу пайтдан бошлаб Оқбўрининг боши балолардан чиққани йўқ.
Махаллий хукумат, милиция ва прокуратура идоралари томонидан бир неча бор бу канални ёпишга уринишган.
Икки марта ёпишган, уч марта судлашганмиз. Икки мартасида ғолиб чиққанмиз.
Барчасидан эсимда қолгани, Урганчда прокурор бўлган, нашавандлиги билан танилган Улуғбек Собировнинг гапи бўлди:
- Оқ бўри эдинг, қора бўри бўлдинг!
«Қора тўнли бува» ғазаби
Аслида унчалик чуқур ҳам бўлмаган бу сунъий кўл, бир вақтлар «Қора тўнли бобо» деб номланган эски қабристон устига қурилган. Совет даврида у «Комсомол кўли» дея аталган.
Балки бу бидъатдир, бироқ хар йили чўмилиш мавсумида одамларнинг чўкиш ҳодисаларини айримлар “Қора тўнли” ғазабига йўйишади. Бошқалар кўлда сув париси борлигини, ҳар йили кўлга келган одамларни тортиб кетишини айтишади.
Болалигимизда ойим, Полвон исмли бир туппа тузук тракторчи йигит кўлни ковлаётганида, ақлдан озиб қолганини айтиб берган.
“Сув парисига йўлиққан” дерди у. Ўша пайтда менга ертак қаҳрамони каби, кўлда cочларини ёйиб ўтирган «сув париси»дан кўра, «Қора тўнли бува» тимсоли анча қўрқинчли туюлганди.
Худди «Титаник» фильмидаги каби
«Шом пайти эди. Ҳаммаси ҳудди “Титаник” филмидаги каби бўлди. – дея эслайди яна бир воқеа шоҳиди бўлган аёл. – Минглаб одамлар панжаралари синиб кетган кўприкдан муздай сувга қуларди» Айни пайтда эса оломоннинг даҳшатли қий-чувини мусиқа товушлари босиб турарди…
МЧС вакиллари кечикиб келгани, одамларнинг ўзлари воқеа қурбонларини қутқаришга киришганини айтади у.
Бир аёл ўз боласини бағрига босганича ўлган, бошқасини бўғзига сув тагидаги темир арматура санчилган холда топишган, қайсидир жасадлар қутқарувчилар уйларига қайтганларидан кейин сув юзига қалқиб чиққан.
Шунингдек, бир махалладан етти тобут чиққани, аксарият ўлганларнинг болалар экани, маросимларда хатто эркакларнинг йиғиси тинмаётганини айтишади.
“Бунинг хаммасига Улуғбек жавоб бериши керак, у жавобгарликка тортилишдан қочишга уринади. Бу биринчи марта эмас. Агар биз уни мухокама қилмасак, у жазосиз қолиб кетади. Унинг Тошкентда таниш-билишлари кўп” – дейди Али.
Бошқа гап сўзларга кўра, Улуғбек Собиров аллақачон, (ёки вақтинча) Россияга қочиб кетган.
Қудрат Бобожон,
«Эй Эл Си» (8 канал) собиқ бош мухаррири