Дайжест
2 март 2017

Ўқувчи келмайдиган коллежлар

Аввалига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси сайтида босилган қуйидаги мақола жуда долзарб бўлгани сабабли мамлакатдаги бир неча норасмий интернет газеталарда, хусусан, kun.uzда эълон қилиниб, кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.

Мақола коллежлардаги давомат масаласини ўрганишга бағишланган. Мавзуни холис ўрганиш учун «мутасаддилар унча-мунчага боравермайдиган ҳудудлар» танлангани айтилади.

Унда келтирилган рақамларга эътибор берар экансиз, мустақил кузатувчилар томонидан шу пайтгача айтиб келинган, лекин ҳукумат тан олмай келган вазият аслида биз билганимиздан ҳам даҳшатли даражада эканига гувоҳ бўласиз.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги вазият ўрганилган кунда бу ерда ўқийдиган 1053 нафар ўқувчидан 565 нафари дарсга келмаган. Уларнинг 25 нафари эса коллежга умуман келмайди.

«Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида 181 нафар ўқувчидан 99 нафари дарсга келмаган. Қўшработ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида соат 9:00да 480 нафар ўқувчидан 50 фоизи келган, соат 10:00да бу кўрсаткич 55 фоиз, соат 11:00да эса 62 фоизга етган», дейилади мақолада.

Бошқа вилоятлардаги коллежларда ҳам аҳвол бундан дуруст эмаслиги, ўқувчиларнинг ярмидан нари-бериси дарсларга келаётгани билдирилган.

Мақолада коллежларда таълим сифати ҳам кўнгилдагидек эмаслиги, Жарқўрғондаги юқорида тилга олинган коллежда учта гуруҳ (битта 2-курс ва иккита 1-курс) бир хонада жамланиб, инглиз тили дарси ўтилаётганига гувоҳ бўлингани таъкидланган.

«Дарҳақиқат, кўплаб коллежларда кадрлар, яъни педагог ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш усталарининг етишмаслиги ёки билим даражаси пастлигини тан олиш керак», дейди муаллифлар.

Мақолада колллежларнинг моддий-техник таъминоти танқид қилинган. Масалан, Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида тикувчилик йўналишида таҳсил оладиган 289 нафар ўқувчи учун 12 та тикув машинаси, Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида 3 тагина тикув машинаси (у ҳам бўлса маънан эскирган) мавжуд экан.
Таълим муассасаларида хоналар ўргатиладиган касблар йўналиши бўйича умуман жиҳозланмагани кўп учрайди.

Ҳукумат шу пайтгача коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга катта эътибор қаратилиши ҳақида оғиз кўпиртириб келади. Аммо мақолада келтирилган маълумотлар аслида аҳвол ачинарли эканини кўрсатади.

«Қайд этиш керакки, бу масаланинг ҳам оғриқли экани яққол кўриниб турибди… Оқдарё политехника коллежида битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси 20 фоизни ташкил этади. Ҳудудда мазкур йўналишда меҳнат қилиш имкониятини берувчи корхонанинг ўзи йўқ», дейилади мақолада.

Турли партиялар битирувчиларни тадбиркорликка жалб этиш лойиҳаларига эга. Улар бу борада амалга оширган ишлари тўғрисида оғиз кўпиртириб ҳисоботлар беради, юзлаб-минглаб ёш йигит-қиз фалон миллион сўм кредит олиб, тадбиркорлар сафига қўшилгани билдирилади.

Мақолада келтирилган фактлар эса бунинг аксини кўрсатади. Масалан, Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўтган ўқув йили якунида 30 нафар битирувчи ўз бизнес ғоясини ўртага ташлаб, тижорат банкларига имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилган, лекин фақат бир битирувчи 6,5 млн сўм кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўя олган, холос.

Мақолада қишда кўплаб коллежлар иситилмаслиги, электр йўқлиги муаммоси ҳам кўтарилгани «ҳақиқат тўлқинлари зулм тўғонини емираётгани»га бир мисол бўла олади назаримизда.

«Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида хоналар совуқ, чунки электр деярли бўлмагани сабабли бинони иситишнинг иложи йўқ… Дарвоқе, мавжуд компьютерлар, тикув дастгоҳлари электр йўқлиги учун ўқсиз қуролдай бекор турибди», дейилади унда.

Бу муаммо қаршисида қолган кўплаб коллежлар мисол ўлароқ тилга олиб ўтилган. Шунингдек, коллежлардаги кутубхоналар ҳам қониқарли ҳолатда эмаслиги таъкидланган.
Айрим коллежлар раҳбариятининг муаллифларнинг таълим муассасаларидаги аҳволни ўрганиш ҳаракатларига тўсқинлик қилгани очиқ-ойдин айтилган.

Бундан ташқари, мақолада ўрганилган коллежларда Россия ва Қозоғистонга, шунингдек, Тошкент шаҳрига пул топиш мақсадида кетган ўқувчилар ҳам талайгина экани қайд этилган.

Хуллас, мақолада коллежлардаги бугунги вазият анча кенг таҳлил қилинган. Гарчи сиёсатга тегинилмаган бўлса-да, мазкур мавзу кўтарилишининг, муаммолар очиқ айтилганининг ўзи ўзбек матбуоти учун катта воқеликдир.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 апрел 2016
Ўзбекистонда битирувчилардан иш билан таъминлангани, кўплари эса уй ишларига бандлиги юзасидан қўшиб ёзишлар бўлаётгани, иш ҳақи эса ниҳоятда пастлиги ...
12 август 2022
Кўраëтганингиз бу кадрлар кик бокс ëки қоидасиз муштлашув саҳнаси эмас, оддий Сариосиëдаги дарс соатини бўлиша олмаган ўқитувчиларнинг бир-бирини дўппослаши. ...
19 декабр 2019
Британиянинг нуфузли The Economist  журнали Ўзбекистонни «2019 йил мамлакати» деб эълон қилди. Нашр сўнгги йилларда мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга ...
23 май 2015
Ўзим ҳақимда маълумот Нодемократик режим Мурожаат ҳуқуқи Демократик тузум ва сиёсий қарашлар Жаноб Бош Котиб! Мен Формонов Азамжон Турғунович ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...