Дайжест
4 апрел 2017

Мақталган кўрсатувлар ва тилни чала билувчи бошловчилар

Ўзбекистон телеканаллари баҳорнинг биринчи ойини анъанавий тарзда буткул байрамона ўтказди.

Хотин-қизлар байрами муносабати билан ўзбек аёлларининг қанчалик «бахтиёрлиги, ватанпарварлиги, оилапарварлиги, ибо-ҳаёлилиги», хуллас, дунёда неки яхши хислатлар бўлса, барчасига эгалиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар эфирдан тушмади.

Ҳай-ҳай дегунча буёғи Наврўзга етдик. Хотин-қизлар эсдан чиқиб, энди «баҳор юртимизга ўзгача келгани», «Наврўз кўп асрлик қадриятларимиз рамзи» экани, «байрамнинг бу йил ўзгача нишонланиши халқимизга маъқул келаётгани»га ўтилди.

«Ўзгачалик» ҳақидаги бу гап-сўзлар янги президентнинг Наврўзни халқ сайллари шаклида нишонлаш тўғрисидаги фармонига боғлиқлигини эса зийрак томошабинлар дарҳол англаб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон телеканаллари байрам оралатиб мамлакат президентнинг Туркманистон ва Қозоғистонга ташрифлари, юртимиз ҳудудлари бўйлаб сафарларини завқ-шавқ билан ёритди.

Маҳаллий телеканалларнинг март ойидаги фаолиятига шарҳимизни бу гал сал бошқарчароқ ракурсда ёритишга қарор қилдик. Биз бу фаолият ҳақида матбуотда берилаётган баҳоларга эътибор қаратмоқчимиз.

Шу билан бирга, бу телеканаллар эфирга узатаётган кўрсатувлар хусусидаги айрим фикр-мулоҳазаларга оид нуқтаи назаримизни ҳам билдириб ўтмоқчимиз.

«Томошабинини топиб улгурган» кўрсатувлар

«Миллий тикланиш» газетаси (29.03) Ўзбекистон телеканалларида эфирга узатилаётган кўрсатувлар ҳақида бутун бир саҳифали «Ойнаи жаҳон маънавиятимиз кўзгуси бўлсин» сарлавҳали каттагина мақола эълон қилди.

Таҳлил мақомидаги бу мақола «юмшоққина» бошланади. Аввалига «ўз томошабинини топиб улгурган» кўрсатувлар санаб ўтилади. Бундайлар сирасига «Ўзбекистон» телеканалининг «Биз учун муҳим», «Ўзингни англа», «Муносабат», «Ойдин ҳаёт», «Ижод маҳсули», «Ёшлар» телеканалининг «Долзарб мавзу», «Маданият ва маърифат» телеканалининг «Кафтдаги чизиқлар», «Қиёфа», «Кўнгил бекатлари», «Маҳалла» телеканалининг «Эзгу сўз, эзгу амал» каби ток-шоу ва кўрсатувлари киритилади.

Биз ҳам бу кўрсатув ва ток-шоуларнинг ҳамма сонларини кузатиб бориш «бахти»га муяссар бўлмасак-да, айримларига кўзимиз тушган. Шундан келиб чиқиб уларни икки гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчи гуруҳга «Муносабат», «Биз учун муҳим» каби иқтисодий-сиёсий шарҳлар, фикр-мулоҳазаларга мойил кўрсатувларни киритиш мумкин.

Иккинчи гуруҳдан эса «Кўнгил бекатлари», Эзгу сўз, эзгу амал» сингари панду насиҳат, қадриятлар, маънавият ҳақидаги умумий гапларнинг маҳалла хотинлари ўртасидаги майда-чуйда деди-дедиларнинг қоришиқлари ўрин олган кўрсатувлар ўрин олган.

Кўриниб турибдики, «томошабинини топгани» айтилаётган бу кўрсатувлар аслида жуда ҳам мақтанарли даражада эмас. Айниқса, жамият, халқ уйғониши, дунёқараши, сиёсий қарашлари шаклланиши учун муҳим бўлган сиёсий ток-шоулар шунчаки номига, ранг-баранглик тусини бериш учун тайёрланаётгандек таассурот уйғотади.

Улар мавзунинг устида юради. Ичига чуқур кириб борилмайди, турли ракурсларда фикр юритилмайди. Мавзу тўғрисида фикр-мулоҳазаларда «сиёсий ҳушёрлик» биринчи ўринда туради ва баландпарвоз эътирофлар, сохта ютуқлардан мақтаниш билан ёнма-ён юрилади.

Мақталгани шундай бўлса, танқид қилинганлари қандай экан?

Мақолада бугунги расмий ТВнинг қотиб қолган анъанавий форматига муқобил тарзда янгича шаклларда фаолият юришга уринаётган «Менинг юртим», «Зўр ТВ», «Миллий ТВ» каби нодавлат телеканалларда тайёрланаётган айрим кўрсатувлар танқид остига олинган.

Улар «миллий қадриятларимизга соя ташлаётган», «маънавиятимизга мос келмайдиган» кўрсатув ва ток-шоулари учун маломат қилинган.

Бу танқидларда, албатта, жон бор. Айниқса, аудитория учун кураш борар экан, телеканаллар шоу бизнес вакиллари – хонанда, қизиқчи ва актёрларни бошловчиликка жалб этаётгани, уларнинг ҳаммасининг ҳам савияси юқори даражада эмаслигига ишора берилади.

Масалан, «Менинг юртим» телеканалида эфирга узатиладиган «Бола тилидан» кўрсатуви бошловчиси бўлмиш хонанда Рухшона 4-5 ёшли болаларга «Кўз остингга олиб қўйганинг борми?», «Нега эркакларда соқол бор, аёлларда йўқ» каби ўринсиз, беўхшов саволлар бериб, кишининг ғашига тегади.

«Маънавий жиҳатдан савиясиз бу каби кўрсатувлар, «оммавий маданият» омилларини тарғиб қилиш, миллат фарзандларининг онгини ёт иллатлар билан кўр-кўрона тўйинтиришга куч бериш миллатнинг оппоқ кўйлакдек маънавиятига доғ тушириш билан баробардир», деб ёзади муаллиф.

Кам ҳам, кўп ҳам эмас. Бутун Ўзбекистон ОАВ оммавий маданият, ёт ғоялар билан курашиб ётган бир пайтда маҳаллий ТВлар уларни тарғиб қилиш билан банд, деган айбловлар қўйиляпти мақолада.

Телевидение бошловчиларнинг тил ўрганиши учун тажриба майдоними?

Шунингдек, унда Россиядаги оммабоп кўрсатувлар хусусий телеканалларда беўхшов талқинда намойиш этилаётганига эътибор қаратилади. Булар қаторида Россиянинг 1-телеканалида (собиқ ОРТ) намойиш этилаётган «Вечерний Ургант» ток-шоуси муқаллиди сифатида «Миллий ТВ»да эфирга узатилаётган «МТВ-шоу» тилга олинади.

Ўзбекчани чала-чулпа биладиган хонанда Райҳон яқин-яқингача «Топ-10» кўрсатувига бошловчилик қилган. Маҳаллий ОАВга берган интервьюсида ўз кўрсатуви орқали ўзбек тилини ўрганаётганини айтади.

«Лекин телевидение тил ўрганиш учун тажриба майдони эмас-ку», дея ёзғиради муаллиф.

Шу ўринда мақолада тилга олинмаган «Хонтахта» кўрсатувини эслаш ўринли бўлади. Бу кўрсатувнинг бошловчиси бир вақтлар Гулнора Каримованинг турли тадбирлари кунда-шундаси бўлган хонандасимон Жаҳонгир Позилжоновдир. Фозилжонов эмас, айнан Позилжонов.

Фамилияси ҳам кўрсатувда ишлатиладиган шеванинг айнан ўзидан олинган. Халқнинг олдига чиқади, телевизорда нотўғри ёзилмаса керак, деб ўйлайдиган оддий аҳоли буни ўзбек тили шундай бўлса керак, деб қабул қилади.

Айтган қўшиғидан савиясининг қандайлиги билиниб турадиган бундай шоу-бизнесчиларни нафақат бошловчиликдан, балки бутун ТВдан ҳам орқасига бир тепиб ҳайдаб юбориш керак бўлган ҳолда улар ўзбек томошабинига ақл, маданият ўргатишига, маънавиятдан дарс беришига йўл қўйиб бериш маънавий юксакликка даъво қилаётган халқ учун ярашмаслигини тушуниш учун унча катта фаросат керак эмас шекилли.

Тил масаласи нафақат миллий хавфсизлик, балки жамият манфаати нуқтаи назаридан устувор масала бўлгани учун бу муаммога телеканаллар панжа орасидан қараётгани яхши оқибатларга олиб келмаслигини ҳозирданоқ тушуниб олиш ва ечимини топиш мантиқли кўринади.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 август 2018
Муҳаммад Бекжон 2000 йилнинг 29 ноябрида Ўзбекистоннинг энг катта қамоқхонаси ҳисобланган Навоий зонасига этап қилинади. Тағин карантин, ломка, турма ...
1 март 2021
Муаллиф: Линн Швейсфюрт, 2021 йил 9 февраль Кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Хитойнинг Шинжон пахта сектори АҚШ санкциялари остида қолганидан сўнг Ўзбекистонни ...
18 октябр 2024
Азиз ва мукаррам, қадрли ва меҳрибон, кўзи қора, қоши қора юртдошларим, мана хапта айланиб, сиз билан юзма-юз, бетма бет суҳбатга мушарраф бўлганимдан шодман. МС: Ничиксизла хўжик ...
26 феврал 2020
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг хабар беришича, 2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...