Дайжест
11 май 2017

Адлия вазирлиги “Жамият”га қарши раддия берди

Нотариал идораларнинг юлғичликлари  ҳақида мақола чоп этган “Жамият” газетасига Адлия вазирлиги дағдаға оҳанги юқори бўлган жавобни йўллади.

2017 йилнинг 10 мартида “Жамият” газетасида нотариал идоралардаги қинғирликлар ҳақида “Нотариал идорадаги найранглар” салавҳали мақола эълон қилинган, Элтуз нашри бу мақола ҳақида ёзган эди.

“Жамият” газетаси (05.05) Адлия вазирлигининг мазкур мақолада тилга олинган ҳолатлар юзасидан жавоб хатини чоп этди.

Мақолада айтилишича, мақола муаллифи бўлмиш журналист келтирган маълумотлар ўз тасдиғини топмаган.

“Бу эса (мақола муаллифи) Ж.Ниёзов томонидан чоп этилган мақолада кўрсатилган фактлар асоссиз маълумотларга таянган ҳолда ёзилганлигидан далолат беради”, дейилади жавобда.

Шундан сўнг, вазирлик қонун ҳужжатларидан кўчирмалар келтириб, ОАВ ва журналистларнинг ўзлари тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ва материалларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар эканини писанда қилади.

Ҳатто Жиноят кодексида “ОАВ орқали туҳмат, ҳақорат қилиш ва рақобатчини обрўсизлантирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани” билдирилади.

Вазирлик мақолада ўтган йилнинг 19 октябридаги ҳолат тилга олингани, аммо бу ҳақда адлия органларига ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини эслатганки, ушбу эслатмадан “эски гапларни кўтарган”, деган маъно келиб чиқади.

Шунингдек, вазирлик аҳоли мурожаатлари билан ишлаш учун ўз виртуал қабулхонасини ишга туширгани, ишонч телефони ишлаб турганини айтиб, мурожаатлар бўйича айбдорлиги аниқланган ходимларга жазо чоралари қўлланилаётганини қўшимча қилади.

Жавоб хати сўнггида Адлия вазирлиги “мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли” таҳририятдан белгиланган тартибда раддия эълон қилиш ва натижаси ҳақида вазирликка маълум қилишни сўраган.

Таъкидлаш керакки, “Жамият” газетаси Адлия вазирлигининг дағдаға, пўписа, таҳдид руҳи анқиб турган бу жавобини эълон қилар экан, раддия эмас, таҳририят фикри баён этилган ўз муносабатини билдира олган.

Таҳририят бу мақола турли учрашувларда тилга олингани, ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлгани, бу эса нотариал идоралар фаолиятидан қониқмаётганлар кўплигини кўрсатаётганини ёзади.

“Мақоладаги ҳолатлар ўз тасдиғини топмади, дейилиши журналист ҳақиқатдан йироқ маълумотлар тарқатибди, дегани эмас”, дея фикридан қайтмайди таҳририят.

Ҳақиқатан ҳам, юлғичлик қилаётган, иши тушганлардан ортиқча пул олиб келаётган нотариуслар ўз таъмагирлигини расмийлаштириб қўядимики, ёзишмаларини текширганда бу ҳолат ошкор бўлиб қолса, деган ҳақли савол туғилади.

Ҳолбуки, аҳвол айнан шундай эканини ҳамма билади, бироқ Адлия вазирлиги мутасаддилари буни тан олгиси келмайди.

Эътиборлиси шундаки, “Жамият” газетаси айнан шу жиҳатларни тилга олар экан, вазирликка яхшигина тарсаки туширган.

“Нотариал идораларда фуқаролардан ортиқча пул ундириш ҳолати одат тусига айланганини мутлақ рад этиш, жуда юмшоқ айтганда, инсофдан бўлмаса керак. Қолаверса, ортиқча ундирилган пул тўлов патталарида акс эттирилмайдики, соҳа ходимлари яланғоч қўлга тутқич бермаслигининг сабаби ҳам шунда”, деб ёзади газета.

Сўнгги вақтларда маҳаллий матбуот озгина эркинлик томон одимлаётгани кўплаб амалдорларга ёқмаётгани бор гап.
Матбуот деганда қўлга ўргатилган тўтини тушунишга одатланган шундай мутасаддилар, идораларга бу ҳолат ёқмаслиги, улар матбуот экинлашувига жиддий қаршилик кўрсатиши табиийдир.

Адлия вазирлигининг ҳамма биладиган, аммо маддалаб ётган ярани тиғ каби тилган биргина мақолага турли дағдағалар билан жавоб бергани сабаби ҳам аслида шунда.

Шундай экан, маҳаллий матбуот мана шу озгина эркинлигини сақлаб қолиш, аста-секин уни ошириб бориш йўлида ҳали кўп қаршиликларга дуч келишини кутиш мумкин.

Ҳатто бу йўлда пичоқнинг сопини ўзидан чиқариб, ўша тўтисимон журналистлардан ҳам фойдаланиши ҳеч гап эмас.

Мана шундай қаршиликларга дош бериб, уларни янчиб ўтиш йиллар давомида обрўси оёқ ости бўлишига чидаб келган ўзбек матбуотининг ўз ғурурини, нуфузини ҳимоя қилишга қанчалик тайёрлигини кўрсатиб беради.

Баҳодир Шариф

Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 май 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражабнинг уйига 10 май куни соат кечқурун 18.30 да ўзларини BИБ ходимлари деб атаган ...
20 апрел 2016
Хусусан, “XXI аср” газетасининг ёзишича, 2015 йилда Ўзбекистон банк тизимининг жами капитали 2014 йилга нисбатан 23,3 фоиз кўпайиб, 7,7 ...
16 август 2017
2018 йилги Green Card лотереяси натижаларига кўра, Америкада яшаш имконини олган ғолиблар миқдори бўйича Ўзбекистон бешликдан ўрин олди. Бешликка ...
26 декабр 2018
Янги йил арафасида 9 яшар ўзбек қизи Мадина қорбобога хат ёзди. Нега лотиндамас, кириллда ёздинг, деган саволга қизалоқ Тошкентдаги ...
Блоглар
2 июл 2020
6-синфда ўқирдим, Кампучияда давлат тўнтариши бўлиб ҳукуматга Пол Пот раҳбарлигидаги “Қизил кхмерлар” келганини, улар бутун ...
25 июн 2020
​​Халқаро пресс-клубда матбуот анжумани бўлиб ўтибди, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ...
21 июн 2020
(бўлган воқеа) Таржимон сифатида Россиянинг милиция бўлимларидан бирига чақиришган эди. Бўлимда жиноятчи сифатида гумон қилинган ...