Дайжест
15 май 2017

«Қишлоқ ҳаёти» қайси хизмати учун «олтин қалам» билан тақдирланди?

Май ойи бошида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига дахлдор «Олтин қалам» мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими ортидан ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларда турли баҳс-мунозаралар урчиганди.

Мазкур мукофот ғолибларини аниқлаш нохолисликка асослангани, у муносибларга эмас, «танланган»ларга берилаётгани энг кўп таъкидланган иддаолар қаторида эди.

Ҳақиқатан ҳам, масалан, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси қайси хизматлари учун «Олтин қалам» соҳибига айланганини бу мукофотни тарқатиш билан шуғулланадиган хослардан бошқа биров билмаса керак.

Чунки бу газета ўз саҳифасида қишлоқдаги бирор кескин муаммони кўтариб чиққани, аҳолининг бирор дардини очиқ айтишга охирги марта қачон журъат этганини бугун ҳеч ким эслай олмайди.

«Олтин қалам»ни олганидан сўнг газета балки яхши томонга ўзгарар, деган фикрга борганлар ҳам бўлган бўлса не ажаб.
Афсуски, «Қишлоқ ҳаёти»нинг 13 май кунги сонини қўлга олиб, мукофот бу газета савиясини кўтаришга эмас, балки янада хароб қилишга хизмат этганми, деган хаёлга боради киши.

А-3 форматда, 8 саҳифали газетада ўқувчини қизиқтирадиган бирорта мақолага кўзингиз тушмайди.

Унда президентнинг Хитойга сафари ҳақида ЎзА тайёрлаган ҳисобот, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги фармон ва қарор матни ҳамда уларга шарҳ тўртта саҳифани банд этган.

Бир саҳифадан ортиқроқ жой ЎзАнинг республика ярмараси, ШҲТнинг Тошкентда ўтказилган форуми мажлисига бағишланган мақолалари билан тўлдирилган.

Яна икки саҳифани эълонлар эгаллаган. Охирги саҳифа эса ҳикматнамо мушоҳада, жиноятчилик ва ёнғин хавфсизлигига оид лавҳачалар билан якунланган.

Газетада бундан бошқа ҳеч нарса йўқ. Яъни «Қишлоқ ҳаёти» номли газетанинг бутун бир сонида фақат Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги расмий ҳужжатларнигина қишлоқ ҳаётига қайсидир даражада алоқадор дейиш мумкин, холос.

Гапни «Олтин қалам» мукофоти билан бошлагандик. У бу йил «Қишлоқ ҳаёти» каби бир газетага берилган экан, кейинги йили бу мукофотни «аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун» «Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тўплами» номли нашр олса ҳам ажабланмаслик керак.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 декабр 2023
Кузакнинг охирги ойидамиз. Аномал қиш «атмен» Декабрда ҳаво ҳарорати 22 даража иссиқ бўлади.  Ўткан йилдаги каби совуқдан қалтираш йўқ. ...
15 феврал 2021
Воқеа бизнинг кунларда бўлиб ўтади. Фарҳод 18 ëшда. У севгига муштоқ. Маънавиятсиз синфдошлари телефонда ҳард порно кўриб ўтиришганида Фарҳод ...
26 декабр 2019
«Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ “Бегона” фильмининг 10-қисмида 1991 йилнинг августида содир бўлган воқеалар, ГКЧП ва унинг Каримов ...
8 декабр 2016
Айни пайтда Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг 22-ноябрдаги “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилишда нақд пулга нисбатан 20-25 фоизга қиммат ...
Блоглар
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...