Дайжест
4 июл 2017

Ўз ТВ. Занжири узилган фил каби…

Ўтган июн ойида Ўзбекистон телеканалларида ОАВ ҳақидаги чиқишларга бой бўлди. Бунинг биринчи сабаби 27 июнда ўзбек журналистларининг касб байрами нишонланиши бўлса, иккинчи сабаби «президентнинг матбуотга қаратаётган улкан эътибори» бўлди.

«Муносабат» кўрсатувида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуотнинг ҳолати масаласида баҳслашди. Бундан ташқари, Халқаро пресс-клубда турли идоралар вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманлари эфирга узатилди.

Матбуотни жиловлашга уринаётган журналистлар баҳси

Албатта, матбуот эркинлиги йўқ мамлакатда айни шу мавзу атрофида баҳс қўзғаладиган бўлса, бу мунозараларнинг даражасидан қатъи назар, муайян қизиқиш уйғонади.

«Муносабат» кўрсатувининг матбуот эркинлигига бағишланган сони эса «давлатимиз томонидан биз журналистларга бўлган катта ишонч» фонида янада долзарблик касб этгани шубҳасиздир. Айнан шунинг учун кўрсатувнинг мазкур сонидаги фикр-мулоҳазалар ОАВ ходимлари томонидан ўзгача бир илиқликда кутиб олинди.

Илиқликка сабабки, шу пайтгача ОАВ ҳақида бундай тортишувлар бўлмаган эди. Илк бор журналистлар ҳамма биладиган, фақат ОАВ ходимларининг ўзи ўзларини билмайдиганга соладиган мавзулар кўтарилди.

Сал юксакликдан, ҳақиқий журналистика нуқтаи назаридан олиб қараганда эса кўрсатувда кечган баҳс-мунозара аслида ўзбек матбуотининг бугунги аянчли аҳволини, бу соҳада меҳнат қилаётганларнинг ачинарли тақдирини намойиш этиб берди.

Мажбурий обуна, матбуотдан фақат тарғибот воситаси сифатида фойдаланиш Ўзбекистонда сўнгги ўнлаб йиллар давомида вужудга келтирилган журналистика майдонининг аслиятидир.

«Муносабат» кўрсатувида мана шу аслият яққол кўриниб қолди. Яъни журналистлар мадҳиябозлик, буйруқбозлик, хушомадга асосланган матбуотни ўзгартириш эмас, балки айрим мавзуларни бошқалардан кўра яхшироқ ва кенгроқ ёритдик, деган иддаони айтиб олиш ҳаракатида бўлди.

Ўзбек журналистикасининг истиқлол йилларидаги тарихига назар ташласак, ҳукумат эркин матбуотни ўлдиришга қарши, асосан, шу матбуот вакилларидан фойдаланиб келганини кўрамиз.

Эътиборлиси шундаки, бугун ҳам матбуот эркинлиги тўғрисида гапириш ҳуқуқи фақат маҳаллий журналистика қотилларига тақдим этилмоқда. Шулардан бири «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири Шуҳрат Жабборовдир.

Матбуот эркинлигига бағишланган кўрсатувда унинг айтган гапларига эътибор беринг: «Давлатга, давлатимиз раҳбариятига яқин кўмакдош бўлсак, айтадиган гапларимизни халққа етказа олсак, вазифамизни бажара олган бўламиз».

Журналистикамизнинг бу «валломати» халқнинг муаммоларини кўтариб чиқайлик, жамиятимиздаги камчиликларни ошкор этиб, ҳукуматни, давлатнинг эътиборини қаратайлик, демаяпти.

Гапининг мантиқидан келиб чиқилса, у ҳали-ҳамон Ислом Каримов даврини қўмсаётгани, яна ўша «оқил ва доно сиёсат» замонлари давом этишини истаётгани яққол кўриниб турибди.

Баҳс чоғида бошқа журналистларнинг фикрлари ҳам «мен бу мавзуни ёритдим, сен буни ёритмадинг», «биз бу мавзуга биринчи бўлиб эътибор қаратганмиз, сизлар қаерда эдиларинг ўша пайтда» каби кесатиқлардан нарига ўтилгани йўқ.

Энг эътиборли жиҳати шуки, айрим долзарб мақолалари билан тилга тушган «Жамият» газетаси бош муҳаррири Беҳзод Шукуров ҳамма борлигини биладиган мажбурий обунанинг мавжудлигини инкор қилди.

Мана сизга парадокс. Бир томондан, у эркин матбуот ошуфтаси сифатида ўзини кўрсатмоқда. Ҳар ҳолда газетасида кўтарилаётган баъзи мавзулар шундан дарак беради. Аммо бошқа томондан ўзи ҳам борлигини бошқалардан кўра яхшироқ биладиган иллатни яширишга жон-жаҳди билан уринди.

Бунга сабаб иккита бўлиши мумкин. Биринчиси, ўша долзарб мақолалари учун эҳтимолий зарбаларни енгиллаштириш, иккинчиси, унинг ўзи ҳам мажбурий обуна иштирокчи эканлиги.

Мажбурий обуна масаласи кўтарилган пайтда студия меҳмонлари томонидан «бу ёлғон гап» деганга ўхшаш луқмалар ташлангани журналистларнинг аксарияти матбуот эркинлигини ёки ёқламайди, ёки ёқлашини очиқ тан олишни истамайди, деган хулосага етаклайди.

Ш.Жабборов эса ҳар қандай ҳокимият тизимида, у хоҳ советлар тоталитаризми ёки Каримов авторитаризми, хоҳ ҳали қандайлиги ноаниқ бўлган Шавкат Мирзиёев ҳукмронлиги бўлсин, яшовчанлигини исботлашдан чарчамайди.

У таълим тизимидаги оммавий коррупция, ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнати кабиларни арзимас масала ҳисоблайди.

«Айрим одамлар салбий гапларга, шов-шув бўладиган гапларга ўч бўлади. Айтилаётган нарсалар ҳамма жойда бор, аммо типик, умумий эмас, онда-сонда учрайдиган салбий ҳолатлар», дея асл воқеликдан қочишни афзал билади.

Демоқчимизки, «Муносабат» кўрсатувида бўлиб ўтган баҳс-мунозара моҳиятан матбуот эркинлигига, аввало, журналистларнинг ўзлари қаршилик қилаётганини кўрсатиб берди. Албатта, буни ҳукуматнинг мустақиллик йилларидаги журналистикани бўғиш ҳаракатлари оқибати сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Аммо журналистлар қирқ йил занжирда сақланиб, кейин занжири бўшатилса ҳам қозиғи атрофида айланишдан тўхтамаётган фил ҳақидаги ҳикоят моҳиятини англамаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!

Мавзумиз хулосасини эса «мен»ини йўқотган журналист» тилидан интернетда эълон қилинган, оммавий маданият дунёдаги ҳамма аҳоли битта қараш ва нафас билан яшашига олиб келишига ишора қилинган қуйидаги фикрлар тўлдиради:
«Бизнинг журналистикамиз, хусусан, матбуотимиз (баъзи нашрларни инобатга олмаганда) ҳозир шундай аҳволда. Бутун матбуот бўйлаб битта ягона журналистик услуб ва шакл мавжуд. Бунда на ўзгачалик, на янгича ёндашув бор. Тағин ўзимиз одамлар газета ўқимай қўйди, деб арз-ҳол қилиб қўямиз. Тузук-қуруқ нарса ёзмаганимиздан кейин бечора халқда нима айб? Ахир бу халқ нима ёзсак ҳам ўқиш мажбуриятини олмаган бўлса. Обуна дейсизми? Қўйсангиз-чи, биламиз-ку қандай обуна бўлишларини».

Халқаро пресс-клуб маҳаллий ОАВ усулларига мослашяпти…ми?

Халқаро пресс-клубда турли давлат органлари раҳбарлари билан очиқ ва ошкора, эркин мулоқот шаклида ўтказилаётган матбуот анжуманлари, йиғилишлар кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Бу учрашувларда халқни қизиқтирадиган анча долзарб мавзулар кўтариляпти, мавжуд муаммолар муҳокамаси ҳам қизғин тус оляпти.

Бу клуб йиғилишлари биринчи марта Ўзбекистонда президентдан бошқа сиёсатчилар ҳам борлигини, улар ҳам фикрлай олишини, анча-мунча муаммолар юзасидан мунозарага кириша олишини яққол кўрсата олаётгани билан тилга тушди.

Аммо Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев айрим кескин масалалар муҳокамасига келганда «сиёсий ҳушёрлик»нинг ҳадисини олганини намойиш этаётгани эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Айниқса, пресс-клубнинг спортга бағишланган сони кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Чунки мана шу кўпчилик бу ерда, асосан, бутун Ўзбекистонни ташвишга солаётган футбол мавзуси очиқ-ойдин муҳокама этилишини кутаётган эди.

Амалда эса бундай бўлиб чиқмади. Томошабинлар терма жамоанинг Теҳрондаги шармандалигидан кейин кескин баҳс-мунозараларни, қақшатқич саволларга аччиқ жавобларни кутаётган бир пайтда «Спорт» телеканалининг псевдотош-шоуларидаги каби тантанавор ҳолатга гувоҳ бўлди.

Ҳар доимгидек, бу йиғилишга таниқли спортчилар таклиф этилиб, тантанавор руҳ таъминланди. Ташкилотчилар спортга эришилган «улкан ютуқ ва муваффақиятларимиз» ҳақида фалсафа сўқиши аввалдан билиниб қолди.

Ҳолбуки, ТВда ҳар доим фақат шу мавзуда кўрсатувлар берилади, мақтов ва хушомаднинг кети кўринмайди.

Устига устак, худди ҳақиқий футбол ишқибозлари устидан кулгандек, футбол федерацияси вакилига гўёки мухлислар томонидан юборилган ва «ишонч» сўзи ёзилган шар туҳфа қилинди.

Албатта, кўпчиликнинг кўнглидан жой олиб бораётган бу клуб йиғилишлари мана шу тадбирдан сўнг нуфузини анча йўқотганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Журналист Ўткир Жалолхоновнинг Интернет нашрларида мазкур йиғилиш ҳақида эълон қилинган мақоласи ҳам шундай дарак бериб турибди.

Мақолада тадбир ташкилотчилари муаммоли масалалар муҳокамасидан имкон қадар қочгани танқид остига олинди.
«Ўзбек футболини ёритадиган энг катта интернет сайт http://Championat.asia раҳбари Нодирхўжа Йўлдошев сўз сўраб қўли оғриб кетди, лекин унга навбат беришмади. Диёр Имомхўжаевдан қанчалик қўрқишларини, унга қандай нафрат билан қарашларини ўша ерда кўрдик. Сабаби – тўғри гапни гапириши, маддоҳлик қилмаслиги ва катталарни кўрганда қуллуқ қилмаслиги», деб ёзди журналист.

«Сўз кўпинча «давлатники» деган ваҳимали номи бор ОАВ ходимларига берилди. Асосий вақт от заводлари, спорт кийимлари, жисмоний тарбия дарслари ҳақидаги гапларга кетмаганида Бабаян нима учун Россияга кетиб қолгани, Лобанов қачонгача терма жамоада ўйнаши, нима учун мухлислар фикри эшитилмаслигининг сабабини билиб олган бўлармидик. Бироқ энди буларнинг ҳеч бирини билолмаймиз, улар қоронғуда сирлигича қолиб кетди», деб ёзғирди мақола муаллифи.

Хуллас, ТВда шунақа гаплар. Бир томондан, эркин матбуот нималигини баҳс-мунозара қилаётган журналистларнинг ўзи бу борадаги тушунчалари нақадар пастлигини кўрсатиб қўяётган бўлса, бошқа томондан, эндигина эркин фикр майдони пайдо бўляпти, дея умид қилинган Халқаро пресс-клуб қовун тушуриб ўтирибди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 январ 2020
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 15-16 январь кунлари Тошкентга ташрифи арафасида медиатармоқда Ўзбекистоннинг ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи)га қўшилиши ...
9 май 2016
GM Uzbekistan ширкатига алоқадор юқори мулозимлар узоқликка югуриш бўйича жаҳон рекордини ўрнатмоқда. Автосаноат иши билан боғлиқ икки МХХ мулозими ...
21 октябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб, сиз билан биргаман. Куз келиб, тўй-тўйчиқ кўпайган пайт… МС: Туз ...
14 январ 2019
Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига айни саволни ташлаган рассом Туз 14 январга қадар бир-бирига қарама-қарши юздан зиёд жавоб олди. Айрим умумий ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...