Дайжест
30 октябр 2017

Бугунги аҳволимиз сабабчилари шулар эмасми?

Манқурт десам, манқуртга ўхшамайди. Ҳаммаси зиёлидай кўринади.

Оддий одамлар эмас. Бири ҳатто мажбурий обуна йўқ деб қовун туширган бўлса-да, ўз даврасида обрў-эътиборга эришган, кўпчиликка яхши таниш бош муҳаррир. Яна бири ҳам журналист. Лекин пахтани ҳали ҳам оқ олтин деб билади.

Бир кун пахтага бориб келиб, у ерда ўз мансаби учун кўрсатилган эҳтиромдан суюлиб, бир ҳовуч пахта теради ва оддий шароит йўқ бўлса-да, далаларда йигирма кунлаб, бир ойлаб қолиб кетиб, ўзининг Ўзбекистонда туғилганидан афсусланадиган одамлар номидан бу пахта қуллигининг қанчалик шараф эканидан лоф уради.

Бошқаси эса мажбурий теримга чиқарилганларнинг на чўмилиши, на ҳожатга бориши, на оддийгина овқат ейиши ибтидоий бўлган шароитларни эшитишни эстамай, бу ҳолатни ҳордиқ чиқариш деб билади.

Уларнинг фикрларига қўшилмаганларни ватан хоини, ватансиз, вайсақи, аллақандай осмондаги ютуқларни кўра олмайдиганлар сафига қўшиб қўяди.

Фейсбукда «Жамият» газетаси бош муҳаррири Беҳзод Шукуровнинг пости сабаб бошланган баҳс-мунозараларни, халқимизни «ана шундай душманлар»дан қўришга бел боғлаган зиёлинамоларнинг фикрларини ўқиб, юртимизнинг бугунги аҳволига сабабчиларни топгандек ҳам бўлади киши.

Нима эмиш, одамларни пахта теримидан қайтаришга уриниш халққа нисбатан душманлик эмиш. Бу фикрга қарши чиққанлар эса биқиниб олиб вайсақилик қилаётган эмиш. Бу бош муҳаррирнинг сафсатаси.

«Сизга биров, тур, пахтага чиқ деяптими? Далага чиқиб кўрганлар билади бу қандай мароқли ҳордиқ эканлигини. Ҳозир бизни ҳам олиб кетишса, жон деб борган бўлардим”, дея Ўзбекистондаги пахта сиёсатига қарши пост ёзганларга ташланиб қолади «Шифо-инфо» газетаси журналисти Манзура Бекчанова.

Далаларда совуқдан қўллари ёрилиб, оддийгина шароит йўқлигидан битлаб, чивинларга таланиб, раҳбарларнинг сўкишига чидаб пахта териш ҳордиқ бўлса-я!

Ишончим комил, агар Шавкат Мирзиёев бу каби ҳолатларни қоралаганида пахта сиёсатининг мазкур қўриқчилари дарҳол бугун ўзлари «ватан хоини», «вайсақилар» сифатида кўраётганлардан байроқни тортиб олган бўларди.

Айнан улар «ватан хоинлари»га нон қолдирмаган, ҳозирги пахта сиёсатининг салбий оқибатларини бу ҳолатларни қоралаётганлардан кўра баландроқ ноталарда гапираётган бўларди.

Бундайларни қандай тушунса бўларкин? Бугунги давлат раҳбари ўзидан олдин ўтган устозининг шалтоғини тозалашга жон-жаҳди билан тирашиб ётган бир пайтда Сафар Остонов дегани Ислом Каримовни мақтаб дастурхондек келадиган саҳифани эгаллайдиган мақола эълон қилади.

«Озодлик» ёлғон хабар тарқатди, деб дод-вой қиладиган журналист Муҳаммаджон Обидов «бугун ҳамманинг ўрни пахтазорда экани» тўғрисида сафсата сотади.

Уларга ўхшаган журналистлар амалдорларнинг орқасига босишга мўлжалланган пахтани бечора қора халқнинг машаққатли меҳнати эвазига териш шараф эканини уқтиришдан қачон чарчар экан?

Ўқитувчию тиббиётчи пахта терса, корхоналар ишчи-хизматчилари, тадбиркору зиёлилар пахта терса, иқтисодиётни ким ривожлантиради?

Қачонки ҳамма ўз ишини қилмас экан, мамлакат ривожи ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Фикримизча, пахта соҳасини тўлиқ ва тубдан ислоҳ қилиш лозим. Биринчи босқичда мажбурий меҳнатни қўлламасдан, фақат фермерлар ихтиёрий теримчилар кўмагида, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш эвазига териб олишимизга, тўқимачилик саноатимиз эҳтиёжига етарли даражада пахта етиштиришга ўтишимиз керак.

Кейинги босқичда тўқимачилик саноатимизни янада ривожлантириш, шу баробарида мажбурий меҳнатга олиб келмайдиган даражада механизациялашган тармоқни яратишга эришиб, пахтазорларни ҳам шунга мос равишда кўпайтириб бориш зарур.

Токи эртага ҳеч ким мамлакатимизни меҳнат ҳуқуқларини бузишда айблай олмасин. Токи бундай иллатларимизни ёпиш баҳонасида очко олаётган маддоҳларга кунимиз қолмасин!

Токи раҳбарларимиз халқаро майдонда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги иддаоларни эшитиб, бошини эгмасин ёки буни ёлғонга чиқариш учун стол муштламасин!

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 ноябр 2020
Тошкентнинг шовқин-суронидан қишлоғимнинг сокин ва чанг кўчалари томон сафарга отландим. Йўллар ўйдим-чуқур. Узо-о-о-оқ йўл юракни оздириб юборади. Камига ёмғир ...
12 март 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўтган сонларда.) Холли, уйқудан уйғонаркан, ўзининг қаердалигини дафъатан эслай олмади. Боши қаттиқ оғрирди. Ўрнидан ...
11 октябр 2015
Элтуз илгари хабар қилганидек Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош шифокори Юсуф Эсиргатов Дўстлик туман милиция бўлимидаги ҳибсхонада икки кун ...
12 декабр 2023
Юлдуз Усмонованинг собиқ фуқаровий эри, “Шайтон” ва “Гиф” лақаблари билан машҳур йирик тадбиркор Фарҳод Тўлаганов Ўзбекистондаги ягона “вор в ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...