Дайжест
8 март 2016

Жони савил аёллар, порахўр домла ва битирувчиларга уй меҳнати

Ўзбекистонда чиқаётган газеталар саҳифасига «юксак ислоҳотлар самараси» сифатида оналар ўлими камайгани, коллеж битирувчиларининг уй ишларига «банд» қилинаётгани, ўзбек ҳукуматининг интернет ҳавотирлари, видео томоша қилгани учун қамалган «экстремистлар» ва порахўр Қоракўл тумани тиббиёт коллежи директори ҳақидаги мақолалар чиқди.

Агар бу гапларни умумлаштириб тескари тўнкарсак шундай хулоса қилиш мумкин, агар домлалар пора олмаганида, оддий видео томошабинини қамайдиган, бор ҳавотири Интернетда бўлган саводсиз ҳоким ва суд ҳакамлари бўлмас, коллеж талабалари ўқишни битказгач уйда кашта тикиш билан эмас иқтисоди равнақ топган завод фабрикаларга ишга кирган, пахтани эса ўша заводларда ишлаб чиқарилган тракторларда теришган бўлармиди… Газеталарни ўқишда давом этамиз.


Наҳотки аёллар меҳнати енгиллашган бўлса?

“Ўзбекистон овози” газетаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда оналар ўлими 33,3 фоиз қисқаргани қайд этилгани тўғрисида ёзди.

“Албатта, бу юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг юксак самараси ҳисобланади. Чунки мустақиллик йилларида оналар меҳнатини енгиллаштириш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида анча ютуқларга эришилди”, деб хулоса қилади газета.

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида ёш болали оналар ҳам бу ишларга кенг жалб қилиниши, қолаверса, пахта теримидек машаққатли меҳнатнинг катта қисми хотин-қизлар зиммасига юклангани юқорида айтилган гапларга нисбатан шубҳа уйғотади.

Битирувчиларнинг деярли юз фоизи ишли бўлаётганига ишонасизми?

“Ҳуррият” газетасининг ёзишича, ўзбекистонлик ота-оналар коллежларни битираётган фарзандларининг ишли бўлиши масаласида кўнгилларини тўқ қилиши мумкин.

“Ўтган йили 482,6 мингдан зиёд битирувчининг 435,7 минг нафари иш билан таъминлангани, 12,2 минг нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киргани қувончли кўрсаткич эмасми”, дея риторик савол қўяди мақола муаллифи.

Маълум бўлишича, ота-она, коллеж ва битирувчи амалиёт ўташи кўзда тутилган корхона ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида ўтган йили 267,9 минг нафар битирувчи шартнома тузган корхоналарига ишга жойлашган.

Ўзбекистонда битирувчи ишга жойлашгани ҳақида қай йўл билан бўлмасин маълумотнома тақдим этиши шарт. Кўпинча бундай қоғоз муайян пул эвазига сотиб олинади. Лекин ўқишни битиргандан кейин кўча чангитиб юрадиган бу битирувчи ишли бўлган шахс сифатида ҳисоботларга тиркалади. Юқори келтирилган рақамлар ана шу ҳисоботлардан олинганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Уйда кашта тиксанг ҳам ишли ҳисобланасан

Аҳолининг иш билан бандлиги мавзусини давом эттирган “Моҳият” газетаси “Туркистон пресс” агентлигининг Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова билан интервьюсини эълон қилди.

Амалдор хонимнинг айтишича, 2015 йилда республика бўйича аёллар учун қарийб 405 мингта янги иш ўрни яратилган. Бу иш ўринларининг 94 мингдан ортиғи уй меҳнати билан шуғулланиш ҳисобига тўғри келади.

Мана шу ўринда “уй меҳнати” деган тушунчага бир изоҳ бериш керак. Гап шундаги, аёлларнинг иш билан бандлик кўрсаткичини ошириш учун (албатта, қоғозда) Ўзбекистонда ўз уйида кашта ёки дўппи тикадиган аёллар ҳам ишлилар рўйхатига тиркалади. Натижада юқоридаги каби улкан рақамлар келиб чиқади.

Агар шундай бўлмаганда, бир йилда шунча аёл ҳақиқатан ҳам иш билан таъминланганида эди ҳозир Ўзбекистонда бирорта ишсиз аёл қолмаган, етмаган ишчилар эса хориждан таклиф этиладиган даражага етиб қолган бўлишимиз керак эди. Лекин қоғоз билан ҳаммани ишли қилиб бўлмади-да!

Интернет кенг жамоатчиликни хавотирга солмоқдами?

“Ҳуқуқ оламида” газетаси “ғараз ниятли кучлар интернет имкониятларини суиистеъмол қилиб, ундан оммавий қурол сифатида фойдаланаётгани”дан хавотир билдирди.
“Интернет макони очиқ ва чегарасиз бўлгани боис, жаҳон ахборот маконида юз бераётган салбий тенденциялар, агрессив ахборотлар, нотўғри ва иғволи маълумотларнинг тарқалаётгани… сабабли кенг жамоатчилигимизда хавотир сезилмоқда”, деб ёзади газета.

Газета бу муаммо ечимини излар экан: “Ёшларимиз интернетдан маданиятли ва самарали фойдаланиши учун уларга маданий фойдаланиш кўникмаларини ўргатишимиз, билим ва тажрибаларини оширишимиз лозим”, деб маслаҳат беради.

Диний маърузаларни тинглаганлар қамалди

“Диёнат” газетаси диний мазмундаги жангари роликларни, “экстремистик руҳдаги маърузаларнинг электрон шакли”ни томоша қилган ва тинглаган бир гуруҳ фуқаролар жазога тортилгани ҳақида мақола чоп этди.

Маълум бўлишича, бу фуқаролар “жиҳодчилар” деб ном олган тўдага бирлашиб, “атрофларидаги мафкуравий қарашлари заҳарланган кимсалар билан Туркия давлатига ҳижрат қилиб, “жиҳод” амалларини бажариш учун Сурияга чиқиб кетишни режалаштирган”.

Шунингдек, маърузавозлик, даъватчилик билан шуғулланиб, ўз сафларини кенгайтариб келган бу гуруҳ интернетдан ҳар хил диний маърузалар, видеороликларни мунтазам олиб, сақлаган.
Мақолада улар Туркияда Абдулла Бухорий номи билан танилган, ўтган йили суиқасд қурбони бўлган андижонлик Мирзағолиб Ҳамидовнинг диний маърузаларини тинглаганликда ҳам айбланган.
Айбланувчиларга 7 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси тайинланган.

Коллеж директори шунча топса, ректор қанча йиғаркан?

“Ҳуқуқ” газетаси Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани тиббиёт коллежи директори бўлган аёл биргина 2015-2016 ўқув йилига ўқувчи қабул қилиш ортидан 32 минг доллар миқдорида пул йиққанини хабар қилди.

Ёзилишича, аёлнинг эри ҳам шу коллежда ишлаган. Эр-хотин коллежга ўқишга қабул қилиш учун талабгорлардан муайян миқдорда пора олган.

Шу ўринда битта коллеж директори бир мавсумда шунча пул ишласа, институт ёки университет ректори қанча топар экан, деган ҳақли савол туғилади. Чунки Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш ҳам “ўзига хос, ўзига мос” тарзда бўлиши сир эмас.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 март 2017
Кейинги 2 ой мобайнида Андижон шаҳрида олтита пичоқбозлик қайд қилинган. Андижон шаҳар Ички Ишлар бошқармасининг ўтган пайшанба махаллий нашрларга ...
8 апрел 2019
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг ёпиқ мажлисида ўтган асрнинг 90-йилларда Шуҳрат Домбрабадский номи билан танилган 62 яшар авторитет ...
13 январ 2024
Бугунги кунда дунёнинг Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бунга табиий ва антропоген омиллар сабаб бўлмоқда. ...
21 март 2018
Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг товуқларни нега севиши 20 март куни Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманига борганида аниқ бўлди. Президент матбуот хизмати ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...