Асосий мавзулар
7 июл 2019

«Сўнгаклар синграган соғир шайтанат…»

«Озодлик оҳанглари» аудиокитоби ўзбек модерн шеъриятининг асосчиси Рауф Парфи шеърлари билан очилади. «Элтуз» нашри бу китобдан ўрин олган шеърларни эълон қилиб боришга қарор қилди. Уларни ўқиш баробарида тинглаш ҳам мумкин.

2007 йили Сорос жамғармаси кўмагида чиқарилган бу лойиҳа анъанавий китоблардан фарқ этади.

«Унда тирик овознинг ҳозир, шу ерда хитоб этиши муҳим. Чунки бу овоз қай бир ҳофизу шоирга тегишли бўлмасин, унинг аёвсиз сўзлари ҳозирги ҳаёт ва ҳозирги борлиқ ҳақидадир», дейилади китоб мундарижасида.

Ўзбекистон турмасида неча йиллардан буён изтироблар исканжасида хўрланган дўстим, Улуғ Туркистон ёзувчиси Эврил Турон шаънига, асирликдан кўчиш ишончи ила

Муҳаммад Солиҳга мактуб

Тоштурма. Ҳибсхона
2000 йил 11 ноябрь

1.

Кўз-қулоқ илғамас мусибатдир бу,
Сўнгаклар синграган соғир шайтанат,
Зулм – ёвузликнинг энг сўнгги ҳадди,
Энг сўнгги оғриқнинг қонли инфоғи.

Ўз кўзларим ичра кўрдим, яшадим
Жуволдизлар, қамчинлар-ла кесилган,
Мижғиб куйдирилган танам ичинда.
Ҳадсиз ҳақоратнинг қаърида ёндим.

Нечун мен бундамен? Не сабаб? Нечун?!
Ҳорғин, сўлғин қуёш уйғотар мени.
Сўппайиб ой ботар булут чокидан.

Нечун мен бундамен? Нечун? Билмадим
Юзларча юзлашдим ўлимим билан,
Ўлим мени олмади, Аллоҳга шукур.

2.

Сизлаган сизларим лойга ботдилар,
Мажҳул сароб қўйниндадир оломон.
Имконлар боғланди, жонлар боғланди,
Темир панжараларга боғланди тилим.

Ким билсин нечун? Қайда ул ҳакам?
Қайда Ҳақиқатнинг қурби, қудрати?
Наҳотки орзулар, армонлар билса,
Ай, дўстим, келажак келмаса наҳот?!

Йўқ! Йўқ, фиръавннинг аянч лашкари,
Эркин виждонларни ютолмас зулм.
Иймон асирларин руҳи ўлмасдир.

Кулди ўлаётган дунёнинг шакли.
Сизга юрагимдан бир китоб ёздим.
Ўлим олмади мени. Китобим битмас.

Мени тарк этма, эй, Журъат, Жасорат,
Шул эрур мен учун умри саодат,
Қоврилсам ишқ, алам алангасида.

Дадахон Ҳасан

Айт, булбул, бормидир она масканинг,
Ростмидир, ёлғонми ўша чўпчак ҳам?
Ғоят содда эрур каломинг санинг,
Куйлаганинг куйми холос ёки ғам?

Борингда бормидир инжа бир нажот?
Ҳофизда Ишқ, Алам, қўлдан кетган Эрк.
Бағрига сиғдирар сени одамзот,
Ҳофизни босишга бағирлари берк.

Сен учунми, ай Туркистон булбули,
Темир қафас тўқир пастлар, нокаслар?
Кўкдан садо келди – қўшиқ Ғаротинг,

Сочилсин Туронга эркин нафаслар,
Очилсин гулларнинг Ҳақиқат Гули,
Уч, Ишқ, Алам бўлсин сенинг қанотинг.

Рауф Парфи
«Озодлик оҳанглари»,
eltuz.com

Тағин ўқинг
17 май 2019
Шу кунларда Ўзбекистонда давом этаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови кўпроқ тайинлов тусини олаётгандек. Чунки, жойлардан олинаётган ...
7 март 2019
Эски чангаклар Ўзбекистондаги ислоҳотларга қандай тўсқинлик қилмоқда? Февралдаги бир янгилик Ўзбекистонни ларзага келтирди: бор-йўғи бир йил муқаддам Давлат хавфсизлик ...
13 май 2019
ДХХ тергов бошқармаси томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан олган интервьюси 13 май ...
28 январ 2021
Жаҳонгир Отажонов ва путинча сиёсий технологиялар. Отажонов партиясини регистрациядан ўтказиш учун Адлия вазирлигига борди. Партиясининг номи «Халқ манфаати», худди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...