Асосий мавзулар
4 октябр 2019

РТдан ваъз: Президент қизлари «кайфует»

Кечган ҳафтада ўқитувчи ва устозлар байрам қилди. Агар мендан устозинг ким дейишса, ҳеч иккиланмай Маҳмудхўжа Беҳбудий деган бўлар эдим.

Беҳбудий мен учун улуғ ўқитғувчи муаллимдир. Айнан у киши илк театрни саҳнага қўйди ва ўзи муфтий бўлишига қарамай, театрда роль ўйнади.

“Теётр нимадур? Жанобиға теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб, кар, қулоқсизлар эшитиб асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ этувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аён кўрсатгувчидур. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдиргувчидир”.

Устоз Беҳбудийниг бу гаплари биз учун бир манифест ëки йўл кўрсатувчи компасдир. Беҳбудий юзидан нур ëққан устозларнинг аввалида эди.

Ўтмишдан бугунга қайтиб, кечган ҳафта реаллигига боқиб, Беҳбудий айтмоқчи зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва залолатни аëн кўрсатсак.

Қамоқда фақат бегуноҳлар ўтиради, деган гап шаклланган миямизда. Бу тўғри эмас. Одам ўлдирган, қотил ва ўғрилар ҳам қамоқда ўтиради. Агар у президент куëви бўлмаса.

Масалан, ўзбекистонлик қотил Сайдуллахон Аббосов қамоқдан қочиб кетганидан 3 йил ўтиб Қирғизистонда қўлга олинди.

1983 йилда туғилган Сайдуллахон Аббосов Қирғизистонда Бекпўлат Қўшоқов исми билан яшаган.

2010 йилда Тошкентда суд Аббосовни зўрлаш, қотиллик ва талончилик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилганди. Аббосовни қирғиз милисалари қўлга олди. Чунки ўзбек милисалари пахтада.

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг 10 сентябрь кунги фармойишига кўра, ҳар куни шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари 20 тадан, жами 300 ходимни пахтага ажратиши ва улар пахта териши шартлиги белгиланди. Агар ходим бормаса, унда ўрнига 2 та мардикорни ўз пули ҳисобидан ëллаши шартлиги талаб қилинди. Милисалар норози.

Манғитда ҳамма пахтага қувилди. Қиличбой, Қипчоқ ва Дўсимбийда ҳам. Куюккўпир, Тошëп ва Ўртақалъа овулларида одам зоти бўлса, пахтага олиб чиқилди. Оқолтин ва Тўлқин овулидагилар қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, аммо бола пулини кесамиз, дегандан кейин итимдай бўлиб пахтага чиқиб кетди.

Консерваториядаги музикантлар пахтага қувилди. Пианино чаладиган бармоқлар дабдала бўлади.

Наманганлик ота алимент тўламаслик учун 2 яшар боласини чўктириб ўлдирди. Наманганликларни эса бошқа муаммо тўлқинлантирмоқда.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги Қўриқобод маҳалласига 17 яшар йигит “PAYNET” шохобчаси эшиги қулфини бузиб кириб, у ердан “Toshiba”, “Lenovo” ноутбуклари ва “Samsung” телефонини ўмараëтганда қўлга тушди.

Каттақўрғонлик 5 киши чўпонни уриб, 5 қўйни ўмариб, эски қизил «Жигули»га ортиб қочишди. Ўғрилар қамоқда. Қўйлар қўрада. Адолат хурсанд бўлганидан сакраб-сакраб кетди.

Бу – Ўзбекистонда кечган ҳафтада юз берган воқеалар эди.
Миллат далаларда эгилиб пахта териб турган бир пайтда Тошкентдаги маликалар ва сатанглар кўнгилхушлик қилишди.

1 октябрь куни Тошкентдаги «Humo» муз саройида россиялик ўртамиëна попса қўшиқчи Полина Гагарина концерт берди. Концертдан кейин президент Мирзиëевнинг қариндош-уруғи ва безбет куëвлари ўрисча қўшиқ айтишди. Зиëфат еб кекиришди.

Видеода экзотик таомлар билан безатилган стол атрофида президент Мирзиёевнинг қизлари ва куёвларини – юқори лавозимли давлат амалдорларини кўриш мумкин. Дарвоқе, булар еяëтган гўшт халқ тўлаган солиқ ҳисобидан. Шу боис, биз уларга қараб, «Эй, биринчи оила, қадамингни билиб бос!» дея оламиз.

Аммо булардан фарқли ўлароқ, улуғ қўшиқчи Бобомурод Ҳамдамов бемалол кайфини суриши мумкин.

Мабодо Беҳбудий бобо бугун яшаган бўлса ва у кишининг фейсбукда саҳифаси бўлса, нима ҳақида ëзар эди? Беҳбудий домла бугун қадимчиларнинг жазавасига истеҳзо билан қараб, «Наҳотки булар 100 йил давомидаям айни жазавадан нарига ўтмай, авомлигича қолди-я», деб истеҳзо қиларди.

Ва албатта у киши графен ҳақида ëзган бўларди. Графен 21-асрда кашф қилинган пўлатдан 200 марта мустаҳкам бўлган материалдир. Уни кашф қилган олимлар Андрей Гейм ва Константин Новоселов 2004 йилда Нобель мукофоти олишди.

Юпқалиги 0.01 мм бўлган графен плёнкадан том қилиб, устига энг катта африка филини чиқарсангиз ҳам том дарз кетмайди. Графен кашф қилинмаганида қўлимиздаги смартфон бу қадар мукаммал бўлмасди.

Яна нима ҳақда ëзар эди Беҳбудий? Менимча, майиблар учун яратилган смарт протезлар ва карбин ҳақида ëзарди. Кабмин эмас – карбин! Карбин графендан ҳам пишиқ материя. Дарвоқе, жадид деган калима «янгилик» маъносини билдиради.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 ноябр 2022
Бугун 7 ноябрь, бу кун СССРнинг энг асосий байрами сифатида нишонланган. Бугун Ўзбекистонда бу тантана мутлақо унутилган, баъзи қари-қартангларгина ...
5 январ 2024
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб, сиз билан биргаман. Янги йилда сизларнинг юзингизга қараб, табассум қилиш ...
3 май 2020
Рассом Кирпи
26 феврал 2021
26 февраль куни куч ишлатар тизимлар мавжуд қонун-қоидаларга зид тарзда сиëсий партия ташаббускори, профессор Хидирназар Аллақуловни куч ишлатиб уйидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...