Асосий мавзулар
16 ноябр 2019

РТдан ваъз: Миллион долларинг бўлса нима олардинг?

Мен кўпинча бир миллион доллар пулим бўлса нима қилардим, деб  ўйлаб қоламан.

Ëшлигимда эски пахса ҳовлини йиқиб, ғишт қилиб қуйганимда, шу пахса ичидан бир хум олтин чиқса нима қилардим, деб ўйлардим. Мантиқли фикр эди. Раҳматли катта бобомиз завод ва пароходлар эгаси, Чор империясининг банк бошқаруви чилони (русча член сўзининг эскича ўзбекчалаштирилган шакли) бўлган.

Олтин тўла кўзани излаш

Дадамнинг айтишича, бобом топган-тутганини совет ҳукумати тортиб олмасин деб, сопол кўзаларга солиб, устига мум қуйиб, кўмиб ташлаган экан. Шу хумни топаман деб уч ой каникулда укам билан иккаламиз ғишт қуйдик. Султон ака деган қўшнимиз ҳар куни келарди, олтин топилдими, деб. Олтин-ку топилмади, аммо ғишт сотиб, топганимиз пул бир мопед билан велосипедга етди.
Шу-шу жисмоний меҳнатдан нафратланадиган бўлдим. «Ўзбекфильм» суратга олган «Дилбарим» киноси қахрамонлари бўлган машшоқлар ҳам жисмоний меҳнатни севмайди, аммо меҳнат ҳақида куйлайди.

(«Дилбарим» фильмидан видео)

Шунақа ба-бо-ба-бо-бав. Яъни комунизмда пул бўлмайди дейишарди, аммо коммунист раҳбарлар порани халталаб олишган. Ялтада дам олиш учун.

Йиллар ўтди, аммо пул ҳақида ўйлашдан тўхтамадим. Пул бу севикли ëрга ўхшайди. У бор пайтда ўйламайсан, йўқлигида ҳижронидан азоб чекасан.

Кириш узайиб кетди. Пул ҳақида кейин яна гаплашамиз. Ҳозир чет эл хабарлари билан таништирсам.

Чет эл хабарлари

Туркиянинг Артвин вилоятида 5 та ўзбек фоҳиша ушланди.
Аёллар зухро касалига чалинган. Депорт қилинади Тошкентнинг Қатортолига. Кутинглар.

АОКА каттаси қандай қилиб «Элтуз»ни қаттиқроқ блокласам, деб ўтирган бир пайтда дунё бўйлаб WiFiни бепул қилмоқчи бўлган Илон Маск Ер орбитасига яна 60 та сунъий йўлдош чиқарди.

Ана энди маҳаллий мавзуларга ўтсак.

Маҳаллий хабарлар

Таниқли актёр ва жанг санъати устаси Стивен Сигал Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаровни янги лавозим билан табриклади.

«Дўстим Отабек Умаров Ўзбекистон ММА федерациясининг раҳбари этиб тайинланди. Табриклайман, оғайни!» деб ёзди Сигал ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида.

Тошкентда шунақа ичкуëвимиз бор экан-у, билмабмиз-а, деса бўлармиди?

Риштон туманининг Зарариқ маҳалласида яшаган вояга етмаган опа-сингиллар хонадонидаги ҳаммомга ювиниш мақсадида кирган вақтда қўлбола усулда ясалган печнинг ўчиб қолиши натижасида табиий газдан заҳарланиб, ҳодиса жойида ўлиб қолишди.

Газдан заҳарланиб ўлишди, эшитдингизми? Риштонда газ йўқ, деб шикоят қилганлар ноҳақ бўлиб чиқди. Газ кўплигидан одамлар димиқиб ўлмоқда.

26 яшар қашқадрëлик аëлни Қарши шаҳрида яшовчи 30 ёшдан ошган 5 нафар эркак мажбурлаб машинага ўтқизиб, овлоқ жойга олиб бориб зўрлашди.

Қўқон шаҳрида Қудуқлик кўчасида яшовчи 19 яшар А.Х. ва унинг отаси 37 яшар ўз тоғасини сўйиб ташлашди. Ўғил ушлаб турди. Ота сўйди. Сўнг мурдани ҳовлига кўмиб ташлашди.

Қотиллик шу йилнинг 19 октябрь куни ярим тунда содир бўлди. Ота-бола бемалол ҳеч нарса билмагандай ўн кун юришди. Икки марта жума намозига ҳам чиқишди мўминтойгина бўлиб.
Ота-бола 1 ноябр куни ушланди. Улар қамоқда.

Бошқа ҳабар айтишга истак ҳам қолмади.  Ўйланиб қолдим. Мени ўйлантирган нарса шафқатсизлик даражаси ва риë.

Шафқатсизлик ва риё

Масалан, битта ўзбек билан ошда ўтирсангиз, шунақа сипо, шунақа одобли. Ошди еб, фотиҳани уриб, кўчага чиқиб у кишининг телефонда кимгадир ғазабини сочаëтганини кўрасиз.

Ҳозиргина мулойимсупурги бўлиб, сузилиб, ерга қараб турган мўминтой оғзидан «гандон», «ебан», «бувинги…», синглингни» деган гаплар чиқиб ëтибди.

«Бошқа халқди билмадим-у, омо лекигин ўзбек чумалига ҳам озор бермайди», деманглар. Ўтган ҳафта тошкентлик эр-хотин ўз боласини ўлдириб, майдалаб, ўчоқда ëқиб, кулини дарëга оқизувди. Ундан олдинги ҳафта эса…

Қўйинг, яхшиси, «Дилбарим» фильмини кўрайлик. Фильм пахтани қўшиб ëзадиганлар ҳақида. Мультфильм ишлашни шу кинодан ўрганганман.
(Видео)

Кино қаҳрамони рақамларни адаштириб юборади. Худди Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов каби. Улуғбек Иноятов “Тошкентдаги беш болали оилага икки ярим миллион сўм бемалол етади”, деб юборди. Классика!

Собиқ халқ таълими вазири жаноб Иноятов балки бир нарсани билар. Ростдан ҳам беш бола, ота-она ва қайнонаю қайнотадан иборат оилага икки ярим миллион етиб ортиб ҳам қолар.
Одамлардан сўраб кўрдик.

Сўров

Маржона: «Билмадим-у, менга уч кишига тўрт миллион сўм бир ойга зўрға етади».

Дилоромхон: «Эр-хотин ишласа, 500 минг – йўлкира, обед, комунал услуг. 500 минг – гўшт, 100 минг – нон, озиқ-овқат. 700 минг – борди-келди. 400 минг – кийим-кечак, майда-чуйда. 500 минг – репититор битта болага, 600 минг – мактабга бориб келиши. 100 минг – касал бўлиб қолса ( худо сақласин). дахуййяяяя, ўзинг учун нехуйяяяя! Қолган уст-бош, кийимлар, мебель, машина, кредит, орзу-ҳавас – уларни гапирмадим. Уй сотиб олиш, дача қуриш, чет элда дам, даволанишни вабще хаёлимга келтирмадим. Ман ўзим билан ўғлимга ҳисобладим. Чунки ойига манга 4 миллион сўм ойлик келади».

Сумайянинг холаси: «Қанақа қилиб, битта ўзимгаям етмайди-ку 2 ярим миллион. Тошкентда ижарада яшайман,  200 долларга.

Гулшода: «Икки ярим милион сўмми? Битта грипп бўлса, антибиотикка кетади шунча. Битта 10 минималка штрафга – ҳақорат қилса бировни. Битта резина бўлмаган хитой этигини ололмаяпман – 2 миллион 200 дейди. Бензинга,  мойкага кетади 1 ойга шу пул. Мирзо Улуғбек тумани – Дархонда бир ўрис ўзини ўлдирди. 5-қаватдан ташаворди. 1 хонали уйда 5 киши туришарди. Ўлди кетди шуни эшитиб. Супермаркетлардаги ва аптекалардаги нархларни видеога олиб юбориш керак думбулга. Аҳмоқ, битта 5 яшар боланинг усти-боши бўлади 2 ярим миллион. Тўйгаям боролмадим. Битта куйлак, туфли 2 миллион ўртача. Контракт тўланмайдими, йўлкира бермайдими, усти-бош омийдими, битта студент ўқитолмайди ота-она бу пулга! 5 тамиш. Ярамни тирнаманг, кўтимга 200 минглик битта қора  шим ололмаяпман, худо ҳаққи. Ёзги  жинси шимда юрибман».

Ноила Раҳмон: «Саломалекум! Бўлиши мумкин, бунақа оилалар кўп. Бу, албатта, жуда кам ва етади, деб ўйламийман… Қариндошлар ёрдами ва қарз билан кун кечирилади… Егани картошка ва нон бўлади, афсус, бор шунақа оилалар… Это не жизнь, проста выживание».

Исмигул: «Ўйламай гапирди У. Иноятов,  мана, икки кундан буён шарманда қилишаяпти.  Довдираб қолди,  2 ярим миллион етмаслигини ёш болаям билади-ку,  1 миллионнинг ўзи коммуналкага кетади камида. Фақат буханка есаям, кунига 5 таси камида биттадан еса, 5 та буханка ўн минг сўмдан, бир ойда 300 минг сўм бўлади. Жуда емади деманг, 3 кг. гўшт еса, 200 минг сўм. Бошқа харажатичи,  овқат қилмайдими,  йўлкираси,  мактаби,  касали, соғи,  кийим-кечаги,  сариёғ,  гуруч,  картошка ва ҳоказоларчи?
Ҳар бирига 2 ярим миллион деса, более  ҳақиқатга яқинроқ бўларди.  
Беш кишилик оила амаллаб яшайман,  фақирона деганида ҳам 500 доллардан камига  яшай олмайди»…

Пулни пул топар – пулсиз дардисар топар

Ана энди мавзуга етиб келдик. Пул. Пул бу кўприк дегани.  Олдингиздан дарë чиқди. Кўприк бўлмаса қандай ўтасиз?

Муаммолар дарëсидан ўтиш учун пул лозим. Пул – бу восита. Достаевский айтганидек, пул бу зарб қилинган озодликдир.

«Парвона» спектаклида Ўткурий ролини ўйнаган Обид Юнусов пулга Фридрих Энгельс ва Достаевскийдан ҳам яхши таъриф беради.
Видео

Совет мафкурасидан сув ичиб улғайган ўзбек адабиëтчиларида қашшоқликни романтиклаштиришга мойиллик бор. Гўëки қашшоқ яхши, бой ëмон.

Мен ичи қора, ëвуз қашшоқларни биламан. Қотиллик қилган, отасини ўлдириб, сандиғидаги ўлимлик пулини олган қашшоқларни биламан.

Ўзим бир муддат пулсиз қолганимда ëмон одамга айлангандек сездим ўзимни. Камида ичи қора ва бахил эдим. Қўлимдаги пул менга ва тилимга эркинлик берди. Ҳаракатланиш эркинлигим ҳам пул туфайли. Яхши машина, крутой номер ва бак тўла бензин.
Бунинг ортида пул турибди. Крутой номер кўчадаги ментлар хиралик қилмаслиги учун зарур.

Мен ҳақиқатни айтаëтганим қайсидир барзангига ëқмаслиги мумкин. У менга ташланиб, мушти билан «ҳақиқат»ни кўрсатмоқчи бўлганида, унинг «энасини кўрсатадиган» тансоқчилар учун ҳам пул керак.

Гапнинг очиғини айтай. Машинам бордочогида Макаров пистолети, жанговор ўқи билан турибди.

Бу тўппончани пулга сотиб олганман. Қурол сақлашга изн берадиган овчилар жамиятига аъзолик билетини ҳам. Пистолетни кўрган ҳар қандай аҳмоқнинг бир пасда ақли кириб қолганини кўп кўрдим.
Қуролни севаман. Пистолет менинг эркинлигим гарови. Шу гапларни ëзаëтганим айфон телефон ҳам пул туради. Интернет мегабайти ҳам. Пули бор пул топади, пули йўқ дардисар топади.

Пул – севикли ёр каби

Бир вақтлар пулим кам пайтида мени ресторандаги официантлар камситган эди. Ҳозир пулим бор пайтида официантлар атрофимда гирдикапалак. Бир пайтлар бир қизга атаб шеър ëзиб, смс қилиб жўнатганимда, мени бир тийинга олмаган эди.

Анови куни Навоий (собиқ Низомий) университети биноси олдида машинамни қўйиб, бирров кутубхонага кириб чиқдим. Машинам жуда унчалик қиммат эмас. Германиядан олиб келинган иккинчи қўл БМВ 5.

Ўртача машина бўлса ҳам ялтироқ зангори рангда бўлгани учун ҳашаматли кўринади. Тилла қўнғиз каби товланади. Бинодан қайтиб чиқиб машинага ўтирмоқчи бўлсам, ўша мени менсимаган соҳибжамол турибди. Юзида «маъсумлик»ни ëқиб қўйиб.

«Китобга берилиб, бизга қарамайдиган бўлдингизми», дейди. Мен уни дугоналари олдида хафа бўлмасин, деб машинамга таклиф қилдим. Орқа ўриндиқда ўтирибди. Кўзгуда бу қизгина менга мафтун кўзлари билан боқади. Юрагим муздай. Чунки бу қиз менга эмас, балки БМВ 5 аталмиш темир-терсакка мафтун эди.

Бу ҳақиқатни билишим учун ҳам шу машинани олишим зарур эди. Бўлмаса юраверардим оҳ чекиб. Палончи ҳижронида.

«Йўл бўлсин. Сизни қаерга ташлаб қўяй», деб сўрайман қизгинадан.
«Агар қийин бўлмаса, Қорасув-3 га ташаб қўйинг», дейди йўлдошим.
Йўлда беш минутга бир ўртоғимникига багажникдаги антиквар кўзани ташаб чиқсам, майлими десам, майли деди.

Бу ўртоғим асли Урумчида туғилган. Хитойда. Ëшлигида Тошкентга келиб қолган. Рассомлик институтини битириб, асарларини қимматга сотиш ҳадисини олган.

Асосан Қозоғистонга бойларга расм сотади. Эски ТошМИ тарафдан Циолковский мавзеи деб аталадиган ерга йўл олдим.

Рассом дўстим ҳовлида турарди. Икки қаватли усти травертин қилинган вилла. Ҳовлида мармар фонтан. Ичи мовий кошин ва йилтироқ зиналар билан ясатилган бассейн.

Ëнимдаги қиз ҳовлига суқланиб, «ман кирсам майлими», деди.
«Давай», дедим.

Қийиқ кўзли уйғур рассомнинг ҳовлиси олдида турган машина меникидан ўн марта қиммат эди. Бир бало «Порше».

Беш минут олдин менга мафтун боққан қизгинанинг кўзлари рассом дўстимни моҳир овчи каби таъқиб қилар эди.

Уйғур дўстим ҳам таслим бўлишга тайëр турувди-я.

Аммо дўстимнинг меҳмонга пешвоз чиққан хотини ўз ўлжасига чанг солмоқчи бўлган қирғий каби бир назар солиши билан қизгина яна башарасида «бечарашкалик»ни ëқиб олди.

Уйғур хотинлар урғочи бўри каби ўз эрини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишини кўп кўрганман.

Чалғиб кетдим. Айтмоқчи бўлганим «Бой бўлиш қашшоқ бўлишдан яхши».

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
2 май 2018
1 май куни Туркия президенти Режаб Тойиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга расмий сафари ниҳоясига етди. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилгани ...
14 август 2018
Бугун eltuz.com сатирасида рассом Туз қирғиз-ўзбек чегарасидаги яширин туннелдан ўтишга мажбур бўлаётган келинлар муаммосини акс эттиради. Ота-онасини кўриш учун ...
22 январ 2018
Қозоғистонда 52 нафар юртдошимизнинг автобусда тириклайин ёниб кетиши муносабати билан дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳукуматимиз номига ҳамдарлик мактублари келди. Айнан ...
4 ноябр 2020
​Фарғонада бир гуруҳ кўнгиллилар дайди ит-мушуклар учун махсус жойлар ташкил этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлиш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...