Асосий мавзулар
27 январ 2020

Хуфёна иқтисодиётимиз ҳажми аслида қанча?

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров миллий иқтисодиётда хуфёна иқтисодиёт ҳажми, турли ҳисоб-китобларга кўра, 45 фоизни ташкил этишини билдирди.     

“Аслида эса бизда хуфёна иқтисодиётнинг ҳажми бундан анча ортиқ”, деди “Элтуз” билан суҳбатда иқтисодчи Санжар Ақилов.

Унинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг асосини ташкил этаётган хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес вакиллари олинган фойданинг катта қисмини расмий бухгалтерия ва статистикадан яширишга интилиб келади. 

– Чунки бизда солиқ тизими ҳалигача адолатли йўлга қўйилмаган,- дейди иқтисодчи. – Банк тизимимиз кўнгилдагидек ишламайди. Сал қаддини ростлаган тадбиркорларни таловчилар кўп. Бундай шароитда кўпчилик фойдани яширишни маъқул кўради. 

У умумий овқатланиш корхоналари мисолида ўз фикрини исботлашга уринди. 

Дейлик, битта ошхона кунига 5-6 миллион сўмлик савдо қилади. Бу маблағнинг кўпи билан 15-20 фоизи банк орқали айланади. Корхонанинг бухгалтерия ҳисоби ҳам банкда айланаётган пули асосида юритилади. 

Қолаверса, ошхонада 10 киши ишласа, 3-4 тасигина расмий ишчи ҳисобланади. Қолганларига эса маош ўзаро келишувга кўра нақд кўринишда берилади. 

Демак, ошхонада айланаётган 80-85 фоиз маблағ ҳеч қаерда расман қайд этилмайди. Бу эса шунча маблағ хуфёна айланяпти, деганидир.

Мебель цехи фаолиятини олиб кўрайлик. Бу ерда ҳам юқоридаги ҳолатни кузатиш мумкин. Яъни ўнта мебель сотилса, биттасининг пули кирим қилинади, қолганлариники яна давлат назоратидан четда қолади. 

Бозорларимиздаги аҳвол эса бундан беш баттар. Биз бозор орқали тирикчилик қиладиган халқмиз. Бозордаги савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми жуда катта. Лекин унинг ҳам асосий қисми расмий статистикада кўринмайди. 

Иқтисодчи Санжар Ақиловнинг билдиришича, тадбиркорлар ўзаро савдо алоқаларида ҳар қандай расмиятчиликни чеклаб ўтиш ҳаракатида бўлади. Бу улар учун қулай ва фойдали. 

“Юқорида кўриб чиққан мисолларимизнинг ўзидаёқ хуфёна иқтисодиёт миллий иқтисодиётимизнинг камида 65-70 фоизини ташкил этишидан дарак беради”, дейди у.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача йиллик даромади 1700-1800 долларни ташкил этади. 

Аммо ички бозордаги нарх-наво, хизмат кўрсатиш нархлари билан бу даромадни солиштирганда ўзаро номутаносиблик яққол кўзга ташланади. 

Нарх-наво қиммат бўлса-да, расмийлар савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми йилдан йилга ошиб бораётганини айтиб келади.

“Ҳолбуки, кундалик маҳсулотлар нарх-навоси даражаси аҳолининг харид қуввати қай аҳволда эканидан ҳам дарак беради. 

Бизда эса айрим кундалик маҳсулотлар нархи ривожланган ва ўртача ривожланган мамлакатлардаги нархлар билан тенг ёки кўпроқдир. 

Бу, биринчи навбатда, мамлакатимизда рақобат муҳити йўқлиги далолати бўлса, бошқа томондан, аҳолининг ўртача даромади аслида расмий статистикадагидан кўра баландроқ эканига ҳам ишора қилади. 

Шунинг ўзи ҳам бизда хуфёна иқтисодиёт ҳажми расмийлар айтаётганидан кўра анча катта эканидан дарак беради”, деди Санжар Ақилов “Элтуз” билан суҳбатда. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 июн 2021
Қашқадарёлик ўқитувчилар вилоят ҳокими топшириғи билан ҳар куни мажбурий марафонда қатнашаётганидан шикоят қилишмоқда. Косон тумани мактабларидан бирида ўқитувчилик қилувчи ...
15 июл 2017
Лондонда яшовчи ўзбек актери, 42 ёш Рашид Шадат (Абдурашид Шодиев) Ўзбекистонда тақиққа учраган филмлар юзасидан Элтуз мухбирига интервью берди. ...
11 январ 2021
Таниқли шоир Баҳром Рўзимуҳаммад 60 ёшда Баҳром ака индамайгина олтмишга кирибди. Ботинан қаралганда, ундай эмас. Баҳром ака индамайгина олтмишга ...
21 октябр 2024
Бундан 25 йил олдин  Урганчда мустақил телевидение ташкил қилиб ишлаган пайтларимиз битта катта журналистик суриштирув бошлаган, бироқ кўплаб сабабларга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...