Асосий мавзулар
28 феврал 2020

Манба: «Илҳом» театри биносини президентнинг катта куёви ўзлаштирган

Алексей Волосевич

Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистонда энг машҳур бўлган русийзабон «Илҳом» театри биносининг кўчирилишига оид шов-шувлар ҳамон тўхтагани йўқ. 

Бинонинг кўчирилишига унинг ўрнига мазкур иншоот эгаси 5-6 қаватли Бизнес маркази қуришни лойиҳалаштираётгани сабаб бўлмоқда. 

Расмийлар ушбу иншоотнинг ҳақиқий эгаси кимлигини ошкор қилишни исташмаяпти. Маданият вазирлиги бино эгасининг истакларини қаноатлантиришга интилмоқда, ОАВ эса бу муаммони ёритишдан очиқчасига қўрқмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, бинони кимдир қўлга олади, аммо кимлигини муҳокама қилиш исталмаган мавзу бўлганлиги туфайли мумкин эмас. 

7 февраль куни “Шодлик палас” меҳмонхонаси (совет даврида у «Ёшлар уйи» деб аталган) билан ягона меъморий мажмуани ташкил этадиган эски рестораннинг уч қаватли биноси ертўласида 1976 йилдан бери 1800 квадрат метр майдонда фаолият юритиб келаётган «Илҳом» театри раҳбарияти бинонинг янги эгасидан хат олди. 

Хатда «Ofelos Plaza» қўшма корхонаси раҳбарияти «Илҳом» театри раҳбарига театр учун янги бино қидиришни таклиф қилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги илтимосига биноан бинони тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилгани, марказдаги яроқсиз бино шаҳар кўркини бузаётгани қайд этилган.

«Shodlik Palace» меҳмонхонаси 1994 йилда хусусийлаштирилган. Бироқ 2017 йилда суд томонидан хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, бино давлат назоратига ўтказилган. 

Юридик шахсларнинг очиқ реестрига кўра, «Ofelos Plaza» МЧЖ 2019 йил 3 декабрда 1 миллиард сўм (105 минг АҚШ доллари) устав капитали билан рўйхатга олинган. Фаолият тури — турар жой бўлмаган биноларни ижарага бериш ва бошқариш. 

Компания раҳбари лавозимига Альберт Арадовский тайинланган. Муассислари Неъматулла Ҳайдаров (75%) ва Ольга Шаврина (25%). Икки ой олдин ташкил этилган компания қандай шароитда бинонинг эгасига айлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. 

Ўзларига янги бино топиш таклиф қилинаётган театр жамоаси компаниянинг икир-чикирларига тушуна олмаганидан кейин «Илҳом» театрини сақлаб қолиш бўйича жамоатчиликдан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. 

«Илҳом» театрининг кўчирилиши ҳақидаги хабар, биринчи навбатда, русийзабон жамоатчилик, ОАВ, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг жамоат арбоблари ва санъаткорлари, шунингдек, хорижий дипломатларнинг ғазабини қўзғатди. 

10 февраль куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати «Илҳом» театрини кўчириш нималарга боғлиқлигини ўрганиб чиқишини маълум қилди. 

Матбуот хизмати «Shodlık Palace» меҳмонхонаси шаҳар ҳокимлиги балансида эмаслигини ва ушбу ҳудуддан фойдаланиш бўйича ҳар қандай қарор унинг эгаси томонидан қабул қилинишини таъкидлади. 

11 февраль куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева театр ҳимоясига отланиб, телеграм каналида: «Мен ўзим театр санъати мухлисиман. Ушбу масала атрофида айтилаётган ташвишли гап-сўзларни эшитиб, сизни ишонтириб айтаманки, биз театримизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз! «Илҳом» – маданий ҳаётимизнинг фахри!» деб ёзди.

Шу куни кечқурун маданият вазири Озодбек Назарбеков «Илҳом» театри бадиий раҳбари Борис Ғофуров ва «Ofelos Plaza» қўшма корхонаси вакили Ольга Шаврина билан учрашиши натижасида томонлар ягона қарорга келганини, театр ўз жойида қолишини маълум қилди. 

Низо тинчлик билан якунлангани, театр муаммолари тўлиқ ҳал қилингани ОАВда ёритилди. Бироқ эртаси куни бу жамоатчиликнинг ғазаб тўлқинини туширишга қаратилган аниқ алдов эканлиги маълум бўлди. 

12 февраль куни «Илҳом» театрида театр жамоаси, «Ofelos Plaza» қўшма корхонаси вакили Ольга Шаврина ва Маданият вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Унда театр жойлашган бино фақат таъмирланиши эмас, балки бутунлай бузилиб, ўрнига 5 ёки 6 қаватли Бизнес маркази қурилажаги аён бўлди. 

Шавринанинг сўзларига кўра, янги қуриладиган Бизнес марказида «Илҳом» театри учун албатта жой ажратилади. 

Бироқ ваъдалар ҳеч қандай қонуний асосларга эга эмаслиги туфайли театр жамоаси норозилигини вужудга келтирди. 

Хуллас, бинонинг ҳақиқий эгаси кимлигига доир иккита версия мавжуд. Биринчиси, мазкур бинони россиялик инвесторлар ёки қайсидир инвестор сотиб олган. 

11 февраль куни «Озодлик» радиоси мухбири Шуҳрат Бобожонов «Shodlık Palace» меҳмонхонасига қўнғироқ қилиб, ўзини Неъматулла Ҳайдаровнинг ёрдамчиси сифатида таништирган одам билан гаплашишга муваффақ бўлди. 

У шимолий кавказликлар лаҳжасида театр жойлашган бино «олдин сизники эди, энди бизники бўлди», дея жавоб берган. 

Иккинчи версия – бу «Илҳом» театри жойлашган «Shodlık Palace» меҳмонхонасининг ҳақиқий эгаси президентнинг катта куёви Ойбек Турсуновдир. 

Аммо бинога тегишли ишларни Ойбек Турсуновнинг акаси, Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи ўринбосари подполковник Улуғбек Турсунов юритади. 

Улуғбек «Shodlık Palace» меҳмонхонасига ИИББнинг жиноят-қидирув бўлими собиқ бошлиғи Неъмат Ҳайдаровни директор қилиб тайинлади. У эса маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг жияни бўлади. 

Ҳозирги кунда Шавкат Мирзиёевнинг катта куёви Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан бири – «Капиталбанк»ни назоратга олишга муваффақ бўлган. 

Шунингдек, норасмий маълумотларга кўра, унинг отаси ва укаси Марказий банк, Uzkard, APEX Sug`urta, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органи билан ҳамкорлик қилмоқда. 

2016 йилда қурилган Hayyat Tashkent меҳмонхонаси араб компанияси сифатида қайта рўйхатга олинган, унинг қурилиши учун давлат камида 205 миллион АҚШ доллари сарфлаган. Мазкур меҳмонхонанинг ҳақиқий эгаси ҳам Ойбек Турсунов эканлиги айтилади.

Asiaterra нашридан «Элтуз» таржимаси

Тағин ўқинг
5 январ 2018
Ҳориждаги ўзбек мигрантлари ва фаоллари президент чақириқларидан руҳланиб, ватанга қайтишни ўйлашмоқда, Ўзбекистондаги реал вазият эса бошқача. “Чет эллардаги ватандошларимиз ...
23 август 2022
ДХХ Чегара қўшинлари Сурхондарё вилоятида Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 24 нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Уларнинг ...
24 апрел 2017
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин. Телекўрсатувларда гарчи, янги ...
8 сентябр 2016
8 сентябр кунги Сенат мажлисида Ўзбекистон республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Россиянинг Интерфакс ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...