Асосий мавзулар
12 май 2020

Абсатторнинг кундалиги-3. Мусодара қилинган нос

Ҳаëтилла дамасчи билан Мадина темир решётканинг бу ёғида, Абсаттор эса нарëғида турарди. Чапани¸ камбағал бўсаям унча-мунча одамга гап бермайдиган Абсатторнинг ярим кунда руҳан синиб, чўкиб қолганини кўрган Мадинанинг ичи ғуссага тўлди. Кўзига ëш келди.

Мана, Абсаттор турибди панжаранинг ортида¸ агар унга йўл-йўл кийим кийдирсангиз, немис концлагерида 10 йил ëтган жуҳудни ўзи бўларди-қоларди.

Ниҳоят Абсатторнинг тили калимага келди:

– Носинг борми, Ҳаëтилла?

Ҳаëтилла нос шишасини узатмоқчи эди, Абсатторнинг тепасида турган бедапоя погон:

“Мумкинбас. Нельзя. Бяхга апке”, деб Ҳаëтилланинг нос шишасидаги носни ўзининг шишасига ағдарди. Бир отимни тилининг тагига ташаб, бўш шишани Ҳаëтиллага қайтариб берди.

Бошқа пайт бўлганида Абсаттор бу наглий бедапоя погонни уриб ўлдириб ташарди. Аммо ҳозир территория уники. Секин бўйнини қисиб, аянч бир тарзда жилмайиб, “Майли, начальник, нельзя бўлса нельзяда”, деб ғўлдиради. Ит уришганда енгилган итлар шунақа аянчли бўлади.

Шу пайт панжаранинг нариги томонида кимнингдир баланд бас овозда қўшиқ айтгани эшитилди:

“Мен сиздан даво топдим, меҳрибон шифокорлар” .

Бедапоя погон қўрққанидан кўкариб кетди. Дарров беш юз сўмлик пулни воронка қилиб, оғзидаги носни ичига тупуриб, ғижимлаб отиб юборди. Кейин бирдан қўлини козерогга обориб честь берди.

Панжаранинг нарëғида начальник милисанинг ўзи қўшиқ айтаëтган эди.

-Э, Мадина Ибрагимовна. Нажот фариштаси. Бормисиз, доктор. Шу кунларда давлениям кўтарилган. Ë коронавирус бўлиб қолдимми ва ха-ха-ха.

Бошлиқ ҳаммани кулдирадиган аския айтдим, деб керилиб атрофга қаради. Атрофдаги милиса боллар думалаб кулар, битта лейтенант бўлса, «Яшанг, хўжайин, ташанг бешни!» деб бошлиққа қўлини узатди.

Бошлиқ унинг қўлини олмади. Бирдан юзига ваҳший тус бериб:

“Бўлди қилиш! Ҳамма иш жойига, шагом марш. Масканг қани, сени бувингди силай!«

Атроф сув қуйгандай жиим бўлиб қолди.

Бошлиқ энди жиддийроқ, аммо мулойим оҳангда Мадинага қараб:

“Синглим, хонамга киринг, давлениямни ўлчаб қўйинг”, деди. Мадина бошлиққа қараб нозли жилмайди.

Баланд пошна туфлиси боис, ташқарига ирғиб чиққан думбаларини тўрва ичидаги иккита ҳандалак каби ўйнатган Мадина бошлиқнинг ортидан саллониб чиқиб кетди.

Абсаттор ва Ҳаëтилла бақрайиб туришарди. Биринчи бўлиб Ҳаëтилла ўзига келди. Кўзини қисиб, олтин тишини кўрсатиб жилмайиб, “Мадина сенинг ишингни ҳал қилишга кетди”,  деб шипшиди.

Абсатторнинг ичида бир-бирига зид ҳис туйғулар туғëн урарди. Бир тарафдан, Мадинанинг милиса начальникнинг давлениясини ўлчагани унинг бу ердаги положениясини яхшилаганини тушунарди.

Иккинчи тарафдан, ичини рашкка ўхшаш ҳис кемира бошлаганди.

«Жамиятда кичкина одам бўлишнинг яхши жойи йўқ. Носингни олиб чекишади. Телкангни қўлингдан олиб эзғилашади. Помш пирадухта ҳам сенга келганда тугаб қолади. Уйга кеб сериал кўрмоқчи бўсанг, свет ўчади. Даже хотининг ҳам сени назар-писанд қилмайди. Кўчадан тузукроқ машина ўтса, болларинг ҳавас билан термулиб, сенда шундай машина бўлмагани учун жеркиб қўйишади. Бола деган отаси камбағал қашшоқ бўсаям ҳурмат қилиши керак. Тарбия ноль. Анави куни болларди гапига қулоқ солсам, нуқул бой одамлар ҳақида гаплашиб ўтиришибди. Эй, бувингди силайлар. Бойлик муҳим эмас. Манетда инсоп бўлиши керак. (Абсаттор қўли билан кўкрагига урмоқчи эди, аммо қўлидаги кишанни кўриб, яна бўйнини қисди). Одам маънавий бой бўлсин.  Инсон бўлсин. Эхх, ҳеч ким шуни тушунмайди, итваччалар!» дея Абсаттор баттар тушкунликка тушди.

Начальник дағдағаси

Бедапоя погон дальше нима қилишини билмай қотган. Кутиш ҳолати. Ярим соатча ўтади. Бир пайт олдинда начальник милиса, ортида эса Мадина узун-қисқа бўлиб чиқиб келишди. Начальник милиса қорнининг тагига тушиб кетган шимини кўтариб, пистолет кобурасини тўғиллаб қўяди. Бир қўлида попка. Мадина тўзғиган сочларини йўл-йўлакай тартибга солиб келар эди. Лаб бўëғи ҳам ўчиб кетибди Мадинанинг. Начальник милисанинг афзои тушуниксиз эди. Худди чала булутли осмонга ўхшарди. Ëмғир ëғадими, қуëш чиқадими, билиб бўлмайди.

Начальник милиса қўлидаги попкани очиб, «Боймирзаев ким у?» деб бақирди.

Бедапоя погон Абсатторнинг елкасидан ғижимлаб олдинга итариб, «маши», деди.  Начальник «Чиқар бяхга», деди ҳукмфармон овоз билан.

Бедапоя погон қўлидаги калит билан панжарани очиб, Абсатторни чиқарди. Ағини Абсатторни ўзидан эшитамиз.

«Орқамдан мушук бола каби чангаллаган бедапоя погон мени ташқарига чиқарди. Елкамни қисиб, секин илгари жилдим. “Стоять”, деди начальник. Мен начальникка секин қараб, қўрқиб кетдим. У менинг деломни ўқир эди. Кейин бирдан кобурасидан Макаров пистолетини чиқариб, пешанамга тиради. “Менга қара, иплаас. Ҳозир республикада фавқуллода ҳолат эълон қилинган. Любой минутда сенларни отиб ташаш полномочияси бор менда. Сен ўзи кимсан, ит. Нега властга қаршилик қилдинг. Нега солдатга қўл кўтардинг. Буям етмагандай, оиланг, боланг бўлиб туриб шу оғир кунларда коронавирусга қарши фидокорона  курашаëтган тиббиëт ходимига тегажоғлик қилгансан. Бу гапни айтаëтиб, Мадинага бир қараб қўйди. Маънавий бузуқ одамсан. Қашшоқмисан, ҳаддингни бил, қанжиқ, деб қорнимга бир мушт туширди. Оғриқдан аъзои баданим қақшади. Ичим тўкилиб кетгандай бўлди. Мушти қаттиқ¸ зарб ҳам шиддатли эди. Роса тренировка қилса керак грушани муштлаб.  Бир пас жим қолдик. Начальник қўлидаги попкани кескин ëпди-да, лейтенантга берди. “Мадина Ибрагимовна, беринг анави қоғозни. Имзо чекдингизми”, деди начальник. Мадина бир варақ қоғозни начальникка узатди. Начальник илондай совуқ кўзлари билан қоғозга кўз югуртириб, лейтенантга узатди. Лейтанент қоғозни авайлаб попкани ичига тиқиб қўйди.

Менга афишани чайнамоқчи бўлган эчкидай ижирғаниб қараган начальник  чўнтагидан сигарет олиб тутатди. Палмал сигарет. Ëқимли ҳиди бурнимга кириб хуморимни кучайтирди».

Амнистия

Начальник милиса темирдай қўллари билан Абсатторнинг бўйнидан ушади ва «оч оғзингни», деди. Абсаттор оғзини очган эди, начальник ўзи чекаëтган сигаретни Абдатторнинг оғзига соп қўйди. «Ма, бир- икки торт».

Абсаттор палмал сигаретни ютоқиб тортди. Ичида ҳузур-ҳаловат ҳис қила бошлади.

Начальник эса оташин нутқини давом эттирди:

«Биласанми, ҳозир аввалги замон эмас. Янги раҳбаримиз раҳмдил. Қотил¸ серийний убийца¸ педофил ва ўғриларни қамоқда ушаб ўтирмай, амнистияга тушириб чиқарворяпмиз. Миллиард доллар ўмарганни ҳам кечириб, жазони условнийга алмаштирдик. Мана,  Туркиядаям 90 минг зекни уйига қўйворишибди. Гуманизм дейди буни. Худога шукр қил. Ëки Мадина Ибрагимовнага раҳмат де. Коронавирус пайтида докторларнинг айтганини ҳатто президент бажаради. Мадина Ибрагимова сени кафилликка олиб тилхат ëзиб берди».

Шундан кейин начальник Абсатторнинг оғзидаги сигаретни олиб,  бедапоя погоннинг оғзига тиқди ва «Еч кишанни», деди.

Бедапоя погон сигаретни қаттиқ тортиб, тутунни бурнидан паға-паға чиқарди-да, калитни олиб,  кишанни еча бошлади.

Мана, кишан ечилди. Абсаттор увишиб қолган қўлларини уқалади. Шу пайтгача қўрқиб турган Ҳаëтилла ҳам жонланиб, Абсаттор тарафга қадам ташлади. Началник бўлса белкуракдай катта  қўлини Абсаттор олдида пахса қилиб гапирарди:

«Кишан ечилганни эсла. Кишан тақилганни эмас. Менинг муштим эмас, меҳрим ëдингда қолсин. Мадина Ибрагимовнага раҳмат дейишни унутма. Шу ҳамшира кафилликка олмаса, сени умринг қамоқда чирирди. Ҳей дамасчи, бяхга кел. Сенинг ошнанг 15 суткани уйида ўтириб ўтказади, тушундингми. Масъулият сенинг бўйнингда. Бўлди, кетиш. Рухсат ҳаммага».

Начальник тезда чиқиб кетди. Лейтенант эшикни кўрсатди. Абсаттор¸ Мадина ва Ҳаëтилла ташқарига чиқишди. Яшасин озодлик!

Давоми бор. Ғоя, расм ва матнлар муаллифи

Рассом Туз

Тағин ўқинг
26 май 2021
26 май куни соат 11.00 атрофида 20 чоғли шаллақи эркак ва аёл Тошкентда Жаҳонгир Отажоновнинг «эркчи»лар учрашуви режаланган хонадонига ...
30 январ 2018
Рассом Думҳам Eltuz.com
11 июн 2024
Коррупцияга ботган ўзбек кадастр тизими. Пуфаклар, ракеталар ва киберхужумлар   – БУ 600 СEКУНД +++ Кадастр Палатасининг Қибрай тумани филиал бошлиғи ...
28 август 2020
Ер Қуëш атрофида айланишда давом этаркан, етти кечаю кундуз кечди. Ҳафта айланиб яна сиз билан юзма-юз бўлдим. Дард тўкиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...