Cатира
18 май 2020

Захарованинг заҳархандасига маданият вазири Назарбековнинг жавоби

Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозимаси Мария Захарова «расмий идораларда ўзбек тилининг мажбурий қилинишини камчилик ёқлаётгани»ни ëзғиргани ортидан тармоқдаги мўътадил ватандошлар ҳам тилни ҳимоя қилиш борасида фаоллашди. Ҳатто Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нота жўнатсин, деган талаблар янгради.

Би Би Си журналисти Паҳлавон Турғунов 16 май куни «Захарованинг баёнотидан кейинги сассизликка қараганда, Ўзбекистонда нота билан фақат Маданият вазирлиги шуғулланади», деб ëзди. Бу кесатиқ гапдан кейин тақдир ҳазили каби Захаровага жавоб маданият вазири Озодбек Назарбековдан келди. Назарбеков фейсбукдаги шахсий саҳифасида Захаровани ҳаддан ошганликда айблади:

«Мария Захарованинг фикрлари, аввало, мана шу меъёр чегарасини ошиб ўтиш сифатида баҳоланади. Тилимизга нисбатан кўрсатилаётган таъсир маданиятимизга акс жавобнинг илк қадамидир».

Назарбековга кўра, бу оддий тилшунослик муноқашаси эмас, балки «сиëсий мақсадли» режадир:

«Ўзбек тили ҳақида россиялик тилшунослар фикр билдиришганида тўғри қабул қиламиз, бироқ бу мавзу Ташқи ишлар вазирлиги минбарида тилга олингани бекорга эмас. Бу ерда аниқ режа ва сиёсий мақсадлар борлиги кундай равшан.

Мен юрт фарзанди сифатида тилимиздан қандайдир сиёсий манфаатлар йўлида фойдаланилишига мутлақо қаршиман. Россия ҳукуматидан эса ўзбек миллатининг хоҳиш-иродаси, қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни сўрайман. Ўзбекистон суверен-демократик давлат сифатида ўз йўлини ўзи белгилашга қодир мамлакат.

Бу масалада бошқа ҳамкасбларимизни, жамоатчиликни, ўзбек тилини ор-номус, миллий ғурур рамзи деб биладиган барчани бебаҳо қадриятимиз – тилимиз ҳимоясига чақираман».

Айни пайтда Назарбековнинг бу гапи вазирлик муносабати эмас, балки халқ артистининг ижтимоий тармоқда қолдирган шахсий фикри.

Давлатчилик тамойилига кўра, бундай таҳқирли ҳолатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Ўзбекистондаги элчисини ҳузурига чақириб, нота бериши керак.

Аммо ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Россия ватандошлигини олган. Манфаатлар тўқнашуви дейилади. Комилов чурқ этса, бизнесмен ўғлига муаммо бўлади.

Нота сўзининг яна бир маъноси – мусиқий баста ëзилган матн деганидир. Яқин ўтмишда Ўзбекистон гимни «Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз», деган сўзлар билан бошланар эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 феврал 2022
Улуғбек Турсунов яна аввалги курсиси – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтди. Ходимлар орасида ...
20 октябр 2015
Гулнора Каримованинг номи куни кеча барчанинг оғзида эди. «Гулнора тўйлар қиляптимиш!», «Гулнора деган духи чикибдимиш!», Гулнорани заправкасида доим бензин ...
20 август 2024
Рассом Туз
12 декабр 2019
Гулнора Каримованинг Лондонда яшаётган қизи Имон Каримова Instagram саҳифасида онаси устидан бораëтган терговга оид янги маълумотни эълон қилди. Унинг ёзишича, Гулнора ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...