Асосий мавзулар
19 июн 2020

РТдан ваъз: Ўзбеклар бирдан йўқолиб қолса, нима бўлади?

Азизларим, сизлар билан ҳафта айланиб, яна бир бора юзлашиб турибман. Бу жуда азиз учрашув. Бир пайтлар Тошкентда метрода юрганимда, Пушкин бекати билан Ҳамид Олимжон бекати орасида метро поезди бир муддат ер устига чиқиб олар ва яна қоронғу зимистонга шўнғирди.

Вагоннинг ер юзига чиққан пайтида қуëш нурларига тикилиб, зулматдан чарчаган кўзларим ором оларди. Сиз билан ҳар ҳафта учрашган пайтимда айни туйғуни сезаман.

Яхшиямки, бир вақтлар устозлар менга ëзишни ўргатди. Шу боис, сизга аталган туйғуларимни равон изҳор қила оляпман. Шеър Эркин Воҳидовдан:

Не бахтким, бизни устоз
Бир замон ашъорга ўргатмиш.
Нафосат деб аталган
Ул ажиб асрорга ўргатмиш.

Сизни чарчатмаслик учун бу шеърнинг давомини кейинроқ ўқисам. Одамлар бизга шеър эмас, хабар беринг, деб талаб қилишмоқда. Гапни хушхабардан бошласам.

Хабарлар

Франциядан Ўзбекистон хазинасига олдинги президентнинг қизи Гулнора Каримова ўмарган 10 миллион доллар келиб тушди. Бу пулга ҳозирги президент куëвлари майка олиб кийса керак. Яланғоч юришмайди-ку ахир.

+++

Ирим-сиримларга ишонмайман. Мен учун 13 рақами оддий рақам. Аммо бу рақам ота болтасидан омон қолган икки қизалоқ учун мусибат белгиси бўлди.

13 июнь. Наманган шаҳрида (илгари судланмаган) 44 яшар ишсиз эркак ўз уйида 36 яшар хотинининг бошини болта билан чопиб ташлади. Сўнг катта қизи, 10 яшар кенжаси, уч ярим ойлик қизларини ҳам болталади.

Хотини ва уч ярим ойлик чақалоқ ўша ондаëқ ўлди. Икки нафар қизалоқ эса қонига ботиб, қўшнининг уйига бекинди. Шундан сўнг қотил эр ва ота бир канистр бензинни устидан қуйиб, гугурт чақди. Қотил ëниб кул бўлди. Бу низога сабаб рашк ëки хиëнат эмас, балки йўқсиллик ва ишсизлик.

«Ўзинг уч ўл етим», «Ўксиз (онаси йўқ) ўз киндигини ўзи кесади». Бу сўзлар давлат ва қора халқ орасидаги доимий жарликни ифода қилган халқ мақолларидир.

+++

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни видеоселектор йиғилишида коронавируснинг енгил шаклига чалинган беморларни уйда даволаш амалиёти жорий этилишини билдирди.

“Вируснинг енгил шакллари аниқланган ёки касаллик аломатларсиз ўтаётган фуқароларни уй шароитида тиббий назоратда ушлаш ва даволаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак”, деди Ўзбекистон коснтитуциясига зид ҳолда 2016 йили мамлакат раҳбарлигини ўз қўлига олган Мирзиëев.

«Уйинг бўлмаса, қаеринг куядур?»

Ëзувчи Одил Ëқубов асарларида туркистонликларга хос юмор бор. «Улуғбек хазинаси» романи қаҳрамони Қаландар Қарноқий «уйим куядур, мавлоно», дея нолиса, Али Қушчи «уйинг бўлмаса, қаеринг куядир, дарвеш», деб истеҳзо қилади. Шу маънода уйи бўлмаган одам қандай қилиб уйида даволанади. Ëки 10 жон уч хонали квартирада яшаса ва шу квартиранинг бир хонаси коронавирус касалхонасига айланса. Шу иссиқда бу квартирадагиларнинг ҳоли не кечади?

Каримовдан қолган саройда яшамайман, деб ўзига янги сарой қурдирган Мирзиëевнинг оғзидан чиққан гапни қулоғи эшитадими? Ўлдик, адо бўлдик, вирусни енгишга пул беринг, дея тиланиб олинган миллиардлар қани? Куëвлар килолаб олтинга айлантириб қўйдими? Қиммат мошина олишдими? Қизлари навбатдаги латта-путтани фалон пулга Париждан олдирдими?

Эҳ, азиз ва мукаррам қадрдонларим! Мен бу гаплани ëзгунча шеър қаламимни оҳиста йўниб, байту баҳор қилганим минг марта яхши эди. Заҳар-заққум ҳақида эмас, балки меҳр-муҳаббат ҳақида ëзсам, кошки эди. (Шеърнинг давоми)

Қалам тутгандин илк бор,
Бизни ўргатмиш садоқатга.
Навоий бирла Пушкин,
Саъдию Атторга ўргатмиш.

Қади ё бир ҳилол гўё
Йиғиб атрофга юлдузлар,
Жилою нур дарсин
Гумбази давворга ўргатмиш.

Не ҳайрат, ҳайратомуз –
Қуш бўлиб учсак, бизим устоз
«Лисонут тайр» бирла
«Ҳайратул аброр»га ўргатмиш.

Ким ўргатмиш демангким,
Ғайратий ул, Хайриддин, Анвар,
Томилла, Матлуба, мен,
Тўлқину Сайёрга ўргатмиш.

Бу шеърда номи кечган Хайриддин Султонов ҳозир катта амалдор. Умри лавозимдаги ҳаётидан ҳам узоқ бўлсин.

Туғруқхонадан гўристонгача

Кечган ҳафтада юз берган асосий воқеа, яъни андижонлик Алижоннинг ИИБ ходимлари тарафидан уриб ўлдирилгани ҳақида «Элтуз» алоҳида видеолавҳа қилди. Мени қувонтирган нарса шуки, бу сафар видео тагидаги шарҳларнинг ҳаммаси мазлумнинг ëнини олган маънода бўлди.

Ҳеч ким золимнинг тарафини олмади. Тасанно. Биз худди катта оила сингари бу оила мансуби бўлган яқинимизни ҳимоя қилдик. Катта оила нима дегани? Тасаввур қилсак, биз ҳаммамиз автобус йўловчисига ўхшаймиз.

«Туғруқхона» деган туроқда бошланиб «гўристон» деган охирги бекатгача борадиган автобус. Албатта, йўлда бошқа туроқлар ҳам бор. Автобус ичидаги тугмани босиб ëки шўпирдан илтимос қилиб, йўлда тушиб қолса ҳам бўлади.

Автобусда кетяпмиз. Ҳар куни юрганимиз учун йўловчилар бир-бирини таниб ҳам қолган. Баъзан автобусга назоратчи чиқиб, чипта текширади. Олдинга келиб, «Чиптанг қани?» дейди. Сиз каловланиб чипта қидирасиз. Сотиб олган чиптангиз қайси чўнтакда эканини топа олмаяпсиз. Назоратчи бўлса сизга ғазаб билан ўшқиради: «Чиптанг қани, қуëн!»

«Мен қуëн эмасман, чиптамни йўқотиб қўйибман, холос», дейсиз. Назоратчи бўлса, «Жарима тўла! Бўлмаса полиция чақириб, қаматиб юбораман», деб ўшқиради.

Шу пайт автобус ичидаги одамлардан бири назоратчига қарата: «Унинг чипта олганини мен кўрувдим. Тегма унга. Ишонмасанг, жарима ëзиб бер. Жаримани мен тўлайман», дейди. Автобусдаги бошқа одамлар ҳам айни гапни айтади. Ëвуз назоратчи эса катта оила босимига чидай олмай, автобусдан тушиб кетади.

Ғалабадан барчанинг, айниқса, чиптасини йўқотган йўловчининг юзига табассум ëғилади.

Аммо баъзан бундай бўлмайди. Баъзида одамлар кўра била туриб, золимга қўшилиб, сени тепкилайди.

Автобус билан автобуснинг фарқи бор.

Файласуфлар халқ деган тушунчани сакрал, яъни шак келтириб бўлмас бут ҳолига келтиришган. Бу нотўғри. Аслида халқ ҳам чириб, сасиб кетиши мумкин. Миллионта жиннини битта жойга йиғсангиз, миллионта жинни бўлади. Бу жинниларнинг кўплиги сифатни билдирмайди.

1945 йил баҳорида Дрезден устига АҚШ учоқлари ëғдирган бомбалар халқнинг эсини жойига келтириш учун хизмат қилган эди. Орадан 5 йил ўтиб ижтимоий сўров марказлари немис халқи фикрини ўрганиб, даҳшатга тушишди.

Халқ онги ўзгармаган эди. Тоқатсизлик, ирқчилик, фашизм, диний жаҳолат, ҳасад ва кўра олмаслик уларнинг қон-қонига сингиб кетган эди. Бу мажруҳ ва синиқ оломонни улкан чўкичлар билан уриб тўғрилаш лозим эди.

Худди аварияга учраган машина корпусини костоправ уста кувалда билан текислагани каби. Шу тариқа одамларни кинотеатрларга йиғиб, ўзларининг Гитлер даврида қилган бутун жаҳолати акс этган ҳужжатли киноларни мажбурлаб томоша қилдиришди.

Бировлар кўрмайман деб кўзларини юмганида АҚШ зобитлари уларнинг қўлларини қайириб, орқасига боғлаб, томоша қилдиришди. Кечагина Гитлерга таъзим қилиб, у ўлганидан кейин бир юмалаб янги юртбоши кўтини ялаганлар рўйхати тузилди.

Уларнинг ҳужжатига махсус тешик қилиб беришди. Тавқи лаънатга чидай олмаган собиқ мулозимлар ўз жонига қасд қилди. Покаяния. Тавба тазарру олови ичидан барча ўтди. Кўплар бу олов ичида ëниб, жизғанак бўлди. Аммо миллат соғломлашди. Германия бугунга келиб яна Европанинг энг улуғ, энг азиз, бой ва мукаррам давлатига айланди.

Энди гапни ўзимизга бурсам.

Мен мансуб бўлган масса кейинги 100 йил мобайнида ҳукмдорлар нима ëзса ëзилиб қоладиган қоғоз каби бўлди.

70 йил совет, 30 йил Каримов даврида деформация бўлган, муллаларнинг чўпчагини илм деб ўйлаган, кинначининг дам солганини тиббиëт деб билган, ëлғонни рост, оқни қора деб ўрганган 34 миллионлик масса таъмирга муҳтож….

Таъмир сўзи тўғри келмайди. Худди эски-туски темирлардан иборат металлоломни домна ўчоқлардаги оловда эритиб, қайта металлга айлантирган каби жараëндан ўтмоғи керак жамият.

Люстрация. Каримов давридаги ўғри ва коррупционер амалдорлар билан жамият абадий хайрлашмоғи лозим. Бу амалдорга фақат жисмоний меҳнат, ҳаммоллик, ер чопиш, бетон аралаштириш каби ишга изн бериш керак.

Ички нострификация. Барча олим ва мутахассислар ўз дипломини ҳимоя қилиб, қайта синовдан ўтказади. Ўзбек ва инглиз тилини билиш шартга айланади. Маънавият ва бошқа сохта фанлардан олим бўлганлар билан абадий хайр-хўш қилинади. Математик олим ҳеч бўлмаганда карра жадвалини, ўзбек тили кафедрасида ишлайдиган олим эса ўзбек филологиясини билиши талаб қилинади. Барча илмий унвон, орден, медаль ва мартабалар бекор қилинади.

Аудит. Каримов ва Мирзиëев даврида давлат ресурсларини ўмарган барча одамларнинг ҳисоб-китоби қилинади. Ўғри мулозимлар ва уларнинг барча (БАРЧА) қариндошлари номидаги мол-мулк мусодара қилинади. Қамалмай қолган мулозимлар учун Мўйноқ ва Қўнғирот шаҳарларидан чиқмай, яшаб ишлаш учун шароит яратилади (манзил колония тарзида).

Информацион purifying, яъни авомни керакли маълумот билан таъминлаш учун паблик ресурслар яратилади. Масалан, Мирзиëев непотизми ëки Каримов давридаги мулозимларнинг ўғирликлари кўламидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли кинолар кўрсатилади.

West orientation, яъни Россия ҳамда учинчи дунëдаги диний радикал давлатлар ва Хитой ахборий таъсир доирасидан чиқиб, Ғарб фазосига кириш. Либерал қадриятлар, индивидуализм, тоқатлилик ва секуляр либералистик қарашлар жорий қилинишига эришилади.

Араблар бирдан йўқ бўлиб қолса

Шу кунларда Қатардаги Al Jazeera телеканали мухбири Акрам Атоуллоҳнинг (أكرم عطالله) «Бирдан дунëдаги ҳамма араб йўқ бўлиб қолса нима бўлади?» сарлавҳаои мақоласини таржима қилиб, ФБдаги саҳифамга қўйдим.

Мақола “Бирдан дунëдаги барча араб йўқ бўлиб қолса-я? Дунë бир куни уйғониб, бизнинг йўқлигимиздан хабар топса, нима бўлади?» деган савол устига қурилади. Жавоби ҳам тайëр:

«Ҳеч нарса бўлмайди!!! Ҳеч ким ҳеч нарсадан айрилмайди. Интернет қандай ишлаган бўлса, шундай ишлайверади, самодаги сунъий йўлдошлар учаверади, автомобиль заводлари ҳам ишдан тўхтамайди.

Фонд биржаси ҳам ўпирилмайди. Дунëда ҳеч ким дорисиз, тиббий жиҳозларсиз, жарроҳлик ускуналарисиз ва ҳатто қуролсиз ҳам қолмайди.

Биз, яъни араблар дунëга ҳеч қандай фойда келтирмаймиз», дея таъкидлайди мақола муаллифи.

Мақолани қунт билан ўқиган фаол Мирза Анвар ака Ҳамидов: “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит! Арабнинг ўрнига ўзбек деб ўқиб кўрдим! Бирга бир тўғри келди”, дейди.

Аммо дунëда ўзбеклар бирдан йўқ бўлиб кетса, Москва кўчалари супурилмай қолади, Дубай ва Истанбулдаги фоҳишахоналар бўш қолади. Ҳар ҳолда ўзбекнинг дунëда ўз ўрни бор. Бунга шак келтириб бўлмайди.

Энди араб журналисти Акрам Атоуллоҳ мақоласини ўқисак. Мақола муаллифи “Дунë биздан ҳеч бир керакли нарсани олмайди”, дея қатъий таъкидлайди.

“Хабарларда араб арабни ўлдираëтгани ҳақидаги маълумотлардан бошқа ҳеч нарса.

Балконда ўтирган француз хоним қўшнисига “Барча араблар ғойиб бўлди”, деса қўшни: “Сиз кеча-кундуз бир-бирини сўядиганлар ҳақида гапиряпсизми?” дейди.

Балки кимдир менинг сўзларимни бўрттириш деб қабул қилар. Балки у мен чизган манзара воқеликнинг энг аянч суратидир деб ҳисоблар.

Аммо ватандан узоқда, дунëнинг барча пойтахтларидан туриб кўрадиганимиз араб дунëсидаги манзара аянч эмасми?

Ливия, Ироқ, Миср, Сурия ва Ямандаги дарë бўлиб оқаëтган қонлар рўëми? Бу ўлкалардаги халқ иккига ажралган. Бир қисми очликдан силласи қуриган бўлса, қолган қисми тўқликдан қутурмоқда. Ва буларнинг ҳаммаси дунëдаги арабдан бошқа инсоният ҳисобидан яшамоқда.

Агар биз араблар зим ғойиб бўлиб, дунëдан йўқ бўлсак, япон ëки европалик ҳаëтидан ҳеч нарса ўзгармайди.

Малайзияликлар, турк ва америкаликлар ҳаëти ҳам ўз табиий изида давом этаверади.

Биз араблар дунëдаги илм-фан, саноат, моддий ва номоддий ишлаб чиқаришда умуман қатнашмаймиз.

Ҳеч нарсани кашф қилмаймиз.

Биз араблар инсониятнинг биздан бошқа қисми ишлаб чиқарган неъматларни тасарруф қиламиз, хизматлардан фойдаланамиз.

Кўп ҳолларда бу истеъфода ҳам нотўғри ва ëвузларча кўлам касб қилади.

Бизга қурол чиқарадиган заводларнинг кучи етишмаяпти.

Биз араблар бу қуролларни сотиб олиб, завод эгаларига миллиардларни ато қиламиз.

Биз араблар қурол сотиб оладиган асосий харидормиз. Ҳар куни одам ўлдириш ва биноларни вайрон қилиш учун ўта катта миқдордаги қурол-яроғ сотиб олиш бўйича битимлар имзолашдан чарчамаймиз.

Улар, яъни араб бўлмаганлар дунëдаги ҳамма нарсани ишлаб чиқаради. Биз араблар бўлсак, ҳеч нарса қилмай, ëтиб еймиз.

Биз фақат нафрат урчитадиган гап айтишдан нарига ўта олмаймиз.

Арабнинг душмани яна бир араб. Ҳар бир араб яна бир араб билан низолашган. Вақт ўтса ҳам бу низолар тўхтай демайди. Давлатлар бир-бирини ëмон кўради, қабилалар бир-бирининг тагига сув қуяди, ҳаммада саноқсиз қуролланган жангари тўдалар бор.

Қўлига қурол тушган ҳар бир араб югуриб, жанг майдонига бориб тириллатади. Араб умматидаги ëлғиз омадли халқ – бу фаластинликлар. Улар ҳам ишғолчи Исроилга қарши кураш ўрнига бир-бири билан курашга ўтиб кетишди. Умумий кайфият юқди уларга.

Биз араблар барча соҳалардаги рўйхатларнинг қуйруғидамиз.

Бизда чет эллик одам атай келиб даволанадиган касалхоналар йўқ.

Шанхай рейтинги бўйича дунëдаги 400 та энг яхши университет рўйхатига кирган битта ҳам олий ўқув юртимиз йўқ.

Бизда ҳақиқий сиëсий тузилмалар йўқ. Ишончли парламент ҳам ва ҳурмат қилишга арзигулик қонунлар ҳам йўқ. Ҳаммаси ëлғон. Мақтанадиган еримиз йўқ.

Бир пайт Миср президенти ҳусни Муборак ҳали иқитидорда эканида ўз аъëнлари ва саноқсиз тансоқчилари қуршовида немис касалхонасига даволаниш учун борди.

Касалхонадаги издиҳом шу клиникада даволанаëтган оддий маҳаллий немис диққатини тортди. Ким у, деб сўради у палатадаги ҳамсоядан. Бу араб лидери, деб жавоб берди қўшни. У қанчадан бери тахтда ўтирибди, деб сўради немис. 30 йил, деди қўшни.

Немис бўлса: “Демак у коррупцияга ботган диктатор экан. Нега диктатор? Чунки мамлакатни 30 йил бошқарди. Аммо 30 йил ичида лаоқал ўзи учун ҳам тузукроқ касалхона қурмабди», деди.

Минтақадаги барқарор бўлмаган вазият бизнинг заиф эканимизни барчага ошкор қилди. Салгина эркинлик шамоли эсувди, мамлакатларимиз бирин-кетин қулай бошлади. Биз буни кўрдик-ку. Сиз улғвор дея қурган бино энг заиф ер қимирлашига ҳам дош бера олмади-ку. Бу бино эмас, унинг карикатураси.

Энг ëмони – ичимиздаги туганмас кин, нафрат ва зўравонлик иштиëқи.

Ҳайратли шаклда биз гўë бизни чеккалаганларга қарши кураш ниқоби остида нафратли бузғунчилик ва этномазҳаб урушига қилич яланғочлаб кириб бораверамиз.

Бутун ораторлик кучимиз, воизлик қудратимизни сунъий йўлдош каналлари воситасида катта пул сарфлаб ичимиздаги асосий инстинкт, яъни қотиллик иштиëқини қондириш учун харж қиламиз.

Биз дунëдаги ҳаммадан кўра ғалаба ҳақида лоф тўқиймиз. Енгилиб оëқ остида қолиб кетганмиз ҳақида жим турамиз.

Ичимиздаги бутун энергия биргина сафсатали риторикага сарф бўлади. Паровоз ичидаги буғ ғилдирак айланишига эмас, ҳуштак чалишга сарф бўлган каби.

Биз тарихни сохталаштириш бўйича катта устамиз. Биз фақат буюк келажак ҳақида гапирамиз. Ҳеч нарса қилмай, фақат гапирамиз.

Бир-бирига ëв бўлган дунëдаги энг тарқоқ халқ бўлганимиз ҳолда бирлик ва бирлашиш ҳақида гапирамиз.

Дунëдаги бошқа халқлар демократия ҳақида гапираëтган бир пайтда биз энг ашаддий мустабидлар оëғи остида яшашни маъқул кўрамиз.

Дунëдаги бошқалар севги, тоқатлилик ҳақида гапирса, биз улардан нафратланамиз.

Биз ҳаммадан кўп инсон ҳуқуқи ҳақида гапирамиз. Аëллар ва болалар ҳуқуқи ҳақида. Аммо бизнинг мамлакатимизда инсоннинг истаган одам этиги билан эзиб ташлай оладиган ҳашаротдан фарқи йўқ.

Ҳар сафар бу сафсаталар қадрият эмас, балки шунчаки шиор эканлигини тушуниб етганимизда, ҳар сафар қандайдир можаро бўлганидан кейин янги ҳукумат келади ва ўз билганини қилаверади.

Минтақа қаттиқ силтанишга муҳтож. Шундай силтаниш чоғида бизнинг сиëсий ахлоқий ва социал қип-яланғоч эканимиз ўртага чиқади.

Қаттиқ шапалоқдан кейин жоҳилнинг кўзи очилгани каби биз ҳам ўзимизга келайлик.

Биз араб дунëсидаги реал аҳволни кўришимиз керак.

Бу реал манзарадан биз ўн йиллаб, балки юз йиллаб кўз юмиб келдик.

Орзумандларимиз “Араб орзуси” деган буюк ғоя билан иситмалаб, араб бирлигига эришмоқчи бўлишди. Аммо бирлик ўрнига исломдан олдинги қадим замонга тушиб қолишди».

Эслатиб ўтаман, бу араб журналистининг фикрлари.

Дукчи эшоннинг уч қусури

Араб ярим оролида немис муғандисига талаб катталигини биласиз. Ҳар қандай механизм ëки иншоотни қанча пул кетса ҳам немис қурсин, деган алоҳида интилиш бор. Араб шайхи ўз умматдоши қурган кўприкдан ўтишга қўрқади. Қўлига, албатта, Цюрихдаги немис ясаган Швейцария соатини тақади. Чунки бу соат сиратул мустақим. Вақтни тўғри кўрсатади….

Ҳозир эслайдиганим, эпизод кўпчиликка ëқмаса ҳам факт фактлигича қолади.

Бу фактни устоз Фитрат ҳам ўрганган.

Андижонда рус босқинчиларга қарши исëн кўтарган мингтепалик муҳтарам Дукчи эшон схоластик илмлар, хусусан, сўфийлик тариқатидан билимдон бўлган.

Аммо бу киши сопромат, физика, чизма, геометрия каби фанлардан бехабар бўлгани факт.

Дукчи эшон бир қўлим ҳунарда бўлсин, деб аëллар калава ўрайдиган дук (йик, найча) ясаб сотган. Русчаси чельнок.

Эшон бува қўлига тол хивични олиб, пакки билан бармоқдай қилиб кесиб, ичини бигиз билан тешиб дук ясаган.

Ўша даврда дук жуда арзон бўлган. Чорнинг бир тийинига бир сават дук берган.

Яъни юзта дук сотган одам зўрға нон олиб еган.

Аммо ҳийлаи шаръий асосида Эшон бува ясаган дук табаррук дея астрономик нархда сотилган ва дук сифатида ишлатилмаган.

Эшон буванинг табаррук дуки, деб одамлар ихлос қилиб сотиб олишган. Олиб сотишган (худди черковдаги шағам дўкондагидан қиммат бўлгани каби).

Эшон буванинг хонақоҳида юзлаб одамлар шу дук олди-соттисидан тушган пул ортидан пишган шавлани еб кун кўрган (паразитлик ҳар доим бор бўлган иллат).

Шу хонақоҳда битта кичикроқ минора ҳам бўлган. Эшон бува шу миноранинг бўйини узайтириб, муаззам қилмоқни ихтиëр этдилар.

Миноранинг устига яна уч-тўрт метр ғишт ўриб, бўйини узатинг, дедилар муҳтарам.

Дукчи эшон яхши етакчи, босқинчига қарши қўрқмай курашган уламо бўлса ҳам муҳандис эмас эди.

Минора пойдевори буни кўтара олмаслигини ҳисоб-китоб қилмади. Куф-суф қилсам, минора пойдеворининг чидамлилиги ошади, деб хато ўйлади (ëки умуман ўйламади).

Хуллас, физика қонунларига зид равишда миноранинг бўйи узайтирилди. Эшон бува ва сон-саноқсиз муридлари саф бўлиб, минора тагида намоз ўқишди.

Ҳамма рукуга кетган пайтда минора одамлар устига гумбурлаб қулади. Ўлганлар ва ярадор бўлганлар бор эди. Физика қонуни Эшон буванинг иродасидан устун келган эди. ТБ (техника хавфсизлиги)га риоя қилмаган уламо устидан Чор ҳукумати жиноят иши очди. Аммо Дукчи эшон чор генералларига пора бериб, ишни бости-бости қилди…

Хуллас, бу ерда ўзбек раҳбарига хос уч камчилик кўринади. Биринчиси, «откат» – «йўқ нарсадан соққа қилиш». Иккинчиси, «ҳамма нарсани ўзим биламан. Ўзим архитектор, ўзим муҳандисман, деган ўзбилармонлик. Учинчиси эса «пора билан ишни бости-бости қилиш».

Шу билан бирга, «от десанг отаман, ëт десанг ëтаман», дейдиган маъсулиятсиз ўзбек хизматкори тийнати ҳам намоëн бўлди. Ҳеч ким «Эшон бува, бу минорани узайтириб бўлмайди», демаган. Демайдиям. Чунки «каттанинг айтгани тўғри, катта – худо».

Албатта, Дукчи эшоннинг ўрис босқинчиларига қарши чиққани шоëн таҳсинга лойиқ. Аммо айтмайдиларми ойда ҳам доғ бор, беайб парвардигор, деб.

Энди тушунгандирсиз нега араб ярим оролида немис муҳандисига талаб катта эканлигини. Кўприкни мустаҳкам қуриш каби сиратул мустақим нималигини немисдан сўранг.

Ернинг ҳар бурчида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўйлар, гумон йўқ:
Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

(Мирзо Кенжабек шеъри).

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
3 июл 2018
Уйчида туман аҳлини ҳақорат қилган Мажбурий ижро бюросининг тумандаги бўлими раҳбари оқсоқолларнинг ҳассаси таъмини татиб кўрди. (Фото: Мелис Абзаловнинг ...
2 май 2023
Хаж ва умра зиëратига борган камида икки ўзбек келиннинг ўғирлаб кетилгани ва қизи хамрохлигида борган 40 яшар ногирон ўзбек ...
4 март 2021
Андижон шаҳрининг йиллар давомида эътиборсиз қолган кўчалари обод қилина бошланди. Чуқурлар ямалиб, лой кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Эски канализация қувурлари ...
30 декабр 2016
Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин очиқ саҳнага қайтган Юлдуз Усмонова, шунингдек унинг қайтиши билан катта саҳнадан «сал чеккага ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...