Асосий мавзулар
14 сентябр 2020

Фарғона вилоятида касаллик кўпайган, аммо расмийлар буни яширмоқда

Коронавирус хабарлари бериб бориладиган телеграм каналида 11 сентбярь соат 17:00 да бундай хабар берилди:

Республикада сўнгги соатларда 233 кишида коронавирус аниқланди. 302 киши бутунлай соғайди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 46 160 нафарга етди.

Янги касалланиш ҳолатлари:

📍117 нафари Тошкент шаҳрида,

📍66 нафари Тошкент вилоятида,

📍50 нафари Наманган вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

Эътиборлиси, бугун 302 нафар бемор касалликдан фориғ бўлди ва жами соғайганлар сони 42 857 нафарга етди.

Бу маълумотни ўқиган, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшаётган Н. менга қўнғироқ қилиб, “Нега менинг касалланганим ҳақида ёзишмабди? Нега Фарғона вилоятидан ҳеч ким касалланмади”, дейишяпти”, дея сўради.

Дарҳақиқат, Фарғона вилояти яшил ҳудудлигича қоляптими ёки… ? Фарғона вилоятида коронавирус билан боғлиқ ҳолат қандай? Нега касалланганлар ҳақида ҳеч қаерда айтилмаяпти?

– Коронавирусдан бир неча доктор вафот этди. Масалан, марғилонлик Соттихон ҳожи она, яна бир  шифокор Улуғбек Бойқўзиев пневмониядан ўлди. Улуғбек ака узоқ комада ётди, фарзандлари интернет орқали қон ҳам ахтаришди. Уларга компенсация бериш тугул вирусдан вафот этгани ҳам тан олинмади. 

Айни пайтда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси, Марғилон шаҳри соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Аваз Ғаниев ҳам оғир аҳволда ётибди. Поликлиникаларни текшириб юрган пайти ковид бўлиб қолибди.

2-3 кун уйда даволашган, аммо ўпкасига ўтиб кетган. Уйда қараб эплай олишмагач, юқумли касалликларга жой қилишди. Сатурация тушиб кетган, нафас етмаяпти, қонида кислород паст – 60-70%.

Айтганча, Аваз Ғаниев ёш депутат Дониёр Ғаниевнинг отаси бўлади. 10 сентябрда туғилган кунини нишонлаган Дониёр Ғаниев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бундай ёзди:

“Таваллуд куним муносабати билан мени бугун табриклаган барча яқинларим, дўстларим ва танишларга катта раҳмат. Мен учун билдирган самимий тилак ва эзгу ниятларингиз ўзингизга ҳам доим ҳамроҳ бўлишини Aллоҳдан тилаб қоламан.

Шу кунларда юртимизда кенг тарқаган инфекция балоси бизнинг оиламизга ҳам кириб келди. Отамга пневмония ташхиси қўйилиб, ҳозир шифохонада даволанмоқдалар. Aфсуски, аҳволлари бироз оғир. Шу сабаб сиз, азиз дўстларимнинг, яхши инсонларнинг дуоларига муҳтожмиз.

Дуоларингизда юртимизда дард чекаётган барча беморлар қатори отамга ҳам шифо беришини сўрашларингга умидворман. Иншааллоҳ, яратганнинг марҳамати кенг, дуоларингиз билан отамиз шифо топиб кетишларига ишонаман”.

Хуллас, Фарғонада статистика зўр, коронавирус йўқ, аммо шифохоналар  тўлган. Шифокорлар орасида ҳам вирус юқтириб олганлар талайгина. Лекин бу маълумотлар ҳеч қаерда чоп этилмаяпти.

Юқумли касалликлар шифохонасида жой қолмаган, шу сабаб беморлар оддий шифохоналарга қабул қилиняпти. Коронавирус расман тан олинмаганидан шифокорларга махсус тўловлар берилмаяпти.

Шифохоналарда жой бўшатиш учун енгилроқ беморларга уйига жавоб бериляти. Иситмаси бор одамлар ҳам бемалол жамоат транспортида юрибди.

Масалан, Марғилон шаҳридаги реанимация бўлимида жойлар 10 тага бормайди. Тошкентдаги ҳолат такрорланмасин, дея қўрқяпмиз, деб ёзмоқда беморлардан бирининг яқини.

Ковид туғруқхоналарга ҳам кириб борди. Фарғонадаги Ойбек ва Марғилондаги биринчи туғруқ мажмуалари ёпилди. Марғилондаги туғруқ мажмуаси ёпилганлиги ҳақидаги хабарни Фарғона.Kun.uz телеграмм канали ҳам ёзиб чиқди.

Фарғона вилояти ССБ ва вилоят СЭОМнинг баёнотида бу ҳақда маълумот берилди.

“Марғилон туғруқ мажмуаси бўлимларидан бирида коронавирус инфекцияси юқтирганликка гумон қилинган бемор аниқлангани учун ҳақиқатан ҳам вақтинча дезинфекция тадбирларини олиб бориш учун қисқа муддатга фаолияти тўхтатилди. Бу ердаги дезинфекция тадбирлари якунлангач, яна беморларни қабул қилиш бошланади”, – дейилади баёнотда.

Халқ тилида “Ойбек роддом” деб аталадиган вилоят перинатал маркази ҳам ўтган ҳафтада худди шундай важ билан ёпилган эди. Бу маълумотни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъсули ҳам тасдиқлади. Аммо у ўз исми ва лавозими айтилишини истамади.

Фейсбук ижтимоий тармоғида фаолият юритаётган “Qo’qonjonim” гуруҳида ҳам Қўқон шаҳрида ковид билан касалланганлар сони ошиб бораётгани, аммо бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот берилмаётгани ёзилди.

Eltuz мухбири Қўқон шаҳридаги коронавирусга тест олаётган марказлардан бирида бўлди.

– Бир кунда 15-25 тагача одам тест топширгани келяпти, – дейди лаборантлардан бири. – Уларнинг камида 7-8 нафарида коронавирус аломатлари аниқланяпти. Биз тест натижалари ижобий чиқди, деб ёзиб беряпмиз. Аммо улар кейин қаерга бориб даволаняпти, билмаймиз.

“Qo’qonjonim”  гуруҳида шаҳарда коронавирус кўпайганлиги ҳақидаги хабарлар чиққач, шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати баёнот билан чиқди.

“Дарҳақиқат, бугунги кунда аҳоли орасида ўткир респиратор касалликлар ва пневмония кўплаб учрамоқда. Бунга асосий сабаблардан бири куз-қиш мавсумида ҳаво-томчи инфекциялар билан касалланиш сонининг ортиши бўлса, яна бошқа сабаби фуқароларимиз ўртасида коронавирус пандемиясига нисбатан бефарқлик, карантин чора-тадбирларига беписандликдир.

Гарчанд карантин чоралари юмшатилган бўлишига қарамай, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, ниқоб тартиби, ижтимоий масофага риоя қилиш, ҳароратли фуқароларни омма жам бўлган муассаса, ташкилот ва бошқаларга киришини чеклаш каби талаблар ҳамон ўз кучида эканлигини билмайдиган ёки амал қилмайдиган фуқаролар кўплаб учраб турибди.

Бунинг оқибатида ўткир респиратор касалликлар жамоаларга, оилаларга кириб боришига йўл очилмоқда. Ўткир респиратор касалликлар клиник белгилари ҳам коронавирус билан ўхшашлиги учун ўринсиз миш-мишлар тарқалмоқда. Шундай бўлса-да, грипп ва пневмония билан оғриган касалларнинг барчасидан коронавирусга таҳлиллар олинмоқда.

Таҳлил натижасидан қатъий назар, касаллик ўчоқларидаги аҳоли ўртасида тиббий-профилактик чоралар, тушунтириш ишлари ҳамда алоҳидалаш давом этмоқда. Лекин айрим фуқароларимиз томонидан ўз-ўзини алоҳидалаш қоидаларига риоя этилмаяпти. Оқибатда касалликнинг бошқа фуқаролар ўртасида тарқалишига ҳам сабаб бўлмоқда”, дейилади баёнотда.

Матбуот хизмати шаҳарда бир неча шифокор ва бемор вафот этгани, аммо уларнинг аксарияти шамоллаш, асоратли зотилжам ва бошқа касалликлар асоратларидан оламдан ўтганини ҳам билдирган.

Шунингдек, “бу хабарни тарқатган шахс фуқароларни ваҳимага солиш, мавжуд ҳолатни бўрттириб кўрсатишга уринган”лиги айтилади.

Маълум бўлишича, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан барча туман-шаҳарларнинг тиббиёт бирлашмаларига коронавирус билан касалланган фуқаролар ҳақида ҳеч қаерда айтмаслик буюрилган.

Бу маълумотни Бувайда, Бағдод, Учкўприк туманларида ҳамда Қўқон шаҳрида ишлаётган тиббиёт ходимлари тасдиқлади.

– Ҳамма касалларга кинна кирган, – дейди шифокорлардан бири киноя билан. – Исириқ тутатворса, ўтиб кетади. Бизга коронавирус ҳақида гапирмаслик буюрилди. Аммо ҳар куни қабулимизга келаётган беморларнинг 6-7 тасида коронавирус аниқланяпти. Биз уларга шамоллаш, грипп дея ташхис қўйяпмиз. Нега касаллик ҳақида яширишаётганини билмайман.

“Мен ўзимда кучли чарчоқ, йўтал, ҳид ва таъм билмаслик симтомларини сезганимдан сўнг дарҳол тест топширдим. Тест ижобий чиқди. Аммо “сизда коронавируснинг енгил формаси экан”, деб менга уйга рухсат беришди. Дўхтирлар ёзиб берган дори-дармонлар 500 минг сўмлик бўлди. Кўпроқ суюқлик ичишимни айтишди.

Касалликнинг икки куни жуда оғир ўтди. Бахтимга турмуш ўртоғим ҳамшира бўлганлиги учун вақтида даво чораларини кўрди. Гарчи дўхтирлар буюрмаган бўлса ҳам аскорбинка уколини томиримга юборди. У иммунитетни кучайтирар экан. Ана шу укол ҳам фойда берди шекилли. Аммо ҳеч кимга бу уколни шифокор рухсатисиз олишни тавсия этмайман”, деди коронавирусдан соғайган учкўприклик бемор.

Ҳозирча вилоят расмийлари бу ҳақда жим. Ўлимлар бўлаётгани ҳақиқат.

Нега вилоятда коронавирусга чалинганлар яшириляпти, деган саволга ҳамма ўзича жавоб қидиряпти.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 октябр 2015
Ҳеч телевизор кўрмайман. Лекин қандай қилиб бугун ишдан келиб телевизор пултини қўлимга олиб, Ўзбекистон телеканаллари бўйлаб “ўтлаб” кетганимни билмай ...
24 октябр 2015
Н. Имомов Eltuz.com … Мусоқул чол ҳар кунгидек қирда қишлоқни томоша қилиб ўтирарди. – Бунча ҳансирайсан? – Қодирбой малланинг ...
4 апрел 2015
Ислом Каримовнинг жирканиш ҳиссини кўпроқ қўзитиш учун, Швецияда яшовчи журналист Қудрат Бобожонов, қўлига супурги олиб Стокҳолм кўчаларини супура бошлади. ...
4 июн 2019
Гулнора Каримованинг Европада музлатилган активлари Ўзбекистонга ҳозир қайтариладиган бўлса, улардан белгиланган тартибда фойдаланилмаслиги ёки ҳукмрон доиралар вакиллари ёхуд уларнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...