Асосий мавзулар
1 ноябр 2020

Ўзбек илм-фани йўқотган тикланмас хазина

29 октябрь куни Ўзбекистон илм олами ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишга учради – таниқли шарқшунос-турколог Андрей Кубатин коронавируснинг оғир асоратлари туфайли бевақт вафот этди. 

У атиги 36 ёшда эди. Ушбу қайғули хабар Андрейнинг синглиси Клара Сахарова ва дўстларининг ижтимоий тармоқлардаги хабарларидан маълум бўлди.

“Акам 30 октябрь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги мусулмонлар қабристонига дафн қилинди (у шуни истаганди). Биз ўша ерда туғилганмиз. Хайрлашишни истаганлар шунчалик кўп эдики, уларни зўрға сиғдира олдик, уни шахсан таниган ва танимаганларнинг ҳаммаси, дўстлари ва ёру биродарлари келишди”, деди Клара AsiaTerra билан суҳбатда.

Клара Сахарова Андрей касалхонага 15 октябрь куни ётқизилгани ва роппа-роса икки ҳафтадан сўнг у оламдан кўз юмгани, аммо воқеаларнинг драматик якунланишида фақатгина ковид айбдор эмаслигини билдирди.

Марҳумнинг синглиси нашримизга айтган сўзлар илгари эълон қилинмаган эди – у севимли акасига зиён етказишдан жуда қўрқарди. Гарчи Андрей терговда бўлганида, улар уни жисмоний ва руҳий қийноққа солгани билса ҳам. 

Улар Адрейни хотинини зўрлаш ва боласини ўлдириш билан таҳдид қилишган. Натижада Андрейнинг рафиқаси Феруза ташвишлар сабабли ҳомиласидан айрилиб, кейин қайта ҳомиладор бўлолмади.

“Энди у Яратганнинг ҳомийлигию ҳимоясига йўл олди, – дейди Клара. – 40 дан ортиқ тилни биладиган ҳалол ва меҳрибон одам, «ўлик» тилларни (масалан, сўғд тили) ўқий оладиган, қадимги тангалар ва қўлёзмаларда ёзилган нарсаларни очиб берадиган, ўзини ватани ва касбига бағишлаган ноёб мутахассис тўсатдан халқ душмани сифатида кўрила бошлади! 

Тўлиқ икки ярим йиллик ҳаёти жаҳаннамда, уларнинг беш ойи МХХнинг машҳур Гвардейская ҳибсхонаси ертўласида ўтди, у ерда барча аъзоларини – жигар, буйрак ва юрагини уриб эзиб ташлашган. У профессионал равишда калтакланган. 

Акамни ковиддан даволаш пайтида мен билан суҳбатлашган шифокорлар ҳайратда қолишди: нега бундай ёш йигитнинг асаблари тамом бўлган – худди урушни бошдан кечиргандек? Агар билсангиз эди … Акам касалхонага  атиги 10 фоиз ўпка яллиғланиши билан ётқизилган ва бир неча кун ичида зарарланиш 90 фоизга чиқиб кетган. Шифокорларнинг ҳарчанд уринишларига қарамай, асаб тизими бу юкни кўтаролмади”.

27 октябрда, укасининг фожеали ўлимидан икки кун олдин Кларага махсус антиковид костюмда унинг олдига киришига рухсат беришди.

“Гўё умри тугаб бораётганини сезгандек, Андрей мен билан қамоқхонада юз берган даҳшатли қийноқларнинг барча тафсилотларини ўртоқлашишга шошилди, унинг ўзи бундан тирик қолганига ҳайрон эди, – дея давом этади Клара. – Мен илгари билганларим эса ҳақиқатнинг ярми эди. Луғатида ҳатто ёмон сўзлари бўлмаган одамга буни қандай раво кўришлари мумкин! Ахир у ҳар бир кишига она тилида тасалли берар, ҳаммани дўст сифатида кўришга ҳаракат қиларди. Шунинг учун, афтидан, у Музаффар Жониевнинг асл мақсадини дарҳол пайқамаган ва унинг сўзларига кўра Андрейни қамоққа олишди (акаси қамоққа ташланганидан кейин у Андрейнинг номига таклифнома беришга уялмасдан, дабдабали тўй ўтказди. У ҳозир Ислом академиясининг докторанти. Тергов номидан сохта экспертиза Президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институтидан қанақадир Суҳроб Юсупов томонидан тузилган)”.

“Ахир бизнинг халқаро оиламиз бор: Андрейнинг рафиқаси – ўзбек, синглим қозоққа турмушга чиққан, яна бир укамнинг қозоғистонлик хотини бор, эрим эса татар. Бизнинг онамиз – рус, дадам – озарбайжон. Ва биз ҳаммамиз – полиглотмиз. Биз оиламиз билан «орган» ҳаммасини аниқлаб, уни қўйиб юборишига ишонган эдик. Кутдик. Аммо сентябрь ойида маънавий зарарни қоплаш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилганимизда рад жавоби олдик. Гарчи одамларнинг ҳаётини барбод қилишган бўлса-да, жаллодлар ўзларининг хатоларини тан олишни истамади. Икки марта ариза ёздик ва икки сафар ҳам рад этилди. Ҳатто оддий кечирим ҳам сўрашмади…”.

Уч йил олдин, 2017 йил декабрда Кубатин Жиноят кодексининг 157- («давлатга хиёнат») моддаси билан айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У «махфий» материалларнинг нусхаларини Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) ўша пайтдаги раҳбари Сулаймон Қизилтупроққа сайёҳлик қўлланмасини яратиш учун бергани сабабли айблов билан судга тортилди (гарчи ишда роль ўйнайдиган маълумотлар, нохолис бўлган экспертиза интернетда очиқ равишда мавжуд бўлса ҳам). 

Иш ТИКА ходими Музаффар Жониевнинг аризасига биноан қўзғатилган ва истеъдодли олим давлатга хиёнат қилиш хулосаси билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

Унга пантуркизмни тарғиб қилиш, миллатлараро адоват қўзғатиш ва мамлакатнинг геологик захиралари тўғрисида давлат сирларини ошкор қилиш каби айбовларни қўйишди.

2018 йил май ойида жамоатчилик, халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва академик дунёнинг босими остида, шу жумладан, ўзбекистонлик ҳамкасбларининг кўмаги билан Андрейнинг қамоқ муддати беш йилгача қисқартирилди. 

Резонансли воқеа мамлакат чегараларидан ташқарига чиқди ва Президент Мирзиёев Кубатиннинг синглиси, рафиқаси Феруза ва қариндошлари ҳамда таниқли мутахассислар томонидан бегуноҳ маҳкумни озод қилиш илтимоси билан унга қайта-қайта мурожаат қилганини кўрмасликдан иложсиз қолди..

2019 йил 26 сентябрда инсон ҳуқуқлари илмий жамоатчилигининг узоқ ва қатъий талабларидан сўнг шарқшунос олим жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан оқланди ва озодликка чиқди (албатта, ҳеч ким бу ишнинг уюштирилганини тан олишга шошилмади ва жиноят таркиби йўқлиги тўғрисида ҳеч қандай гап очилмади). 

Тошкент давлат шарқшунослик университети катта ўқитувчиси, турколог Андрей Кубатин қисқа умри давомида бир қатор монографиялар ва кўплаб илмий мақолалар муаллифи сифатида танилди. Улар сирасига шарқшунос олимлар орасида машҳур бўлган “Турк хоқонлиги унвонлари тизими: Ибтидо ва давомийлик” китоби киради.

Бугун Андрейнинг 8 ёшли ўғли етим қолди. Ким билади, агар олимнинг ҳаётида бу даҳшатли воқеалар содир бўлмаганида эди, унинг ҳаёти қанчалар баракали ижодга бой бўлиши мумкин эди…

Мақола оригинали Asia Terra нашрида босилган. “Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуровларнинг «Шеърингизни тушунтириб беринг» ...
9 март 2021
«Элтуз»га қашқадарёлик фуқаро жўнатган видеода Ғузор тумани Қовчин қишлоғи тиббиёт пункти биносининг хароб аҳволи акс этган. Қишлоқ тиббиёт пункти ...
24 май 2023
Куни кеча Андижонда ўзларини «Тўмарис издошлари» деб атаган гуруҳ паркда ўз партияси учун имзо йиғаëтган Хидирназар Оллоқуловга ташланди ва ...
25 октябр 2023
МТРК бошловчиси Дилшода Матчонованинг Ўзбекистон конституциясида қораланган ирқчилик, қирғинни қўллаб-қувватлаб 70 миллон кишини ўчоқда ëққан Гитлерга ошиқ бўлгани журналистика ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...