Асосий мавзулар
25 ноябр 2020

Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасида “монстр” ўринбосар пайдо бўлди

“Элтуз”нинг Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасидаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, бу ташкилот раҳбариятида Баҳодир Худойбердиев деган “золим ва ўзбошимча ўринбосар” пайдо бўлган. 

Бу мулозим, манбаларнинг маълум қилишича, илк кунларданоқ ҳарбий прокуратурада тозалаш ишларини бошлаб юборган.

“Республика ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига яқинда тайинланган Баҳодир Худойбердиев ўз бўйсинувидаги тажрибали ва малакали ходимларни қўрқитиш йўли билан ишдан кетказишни бошлаб юборди”, дейди “Элтуз” манбаларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Унинг билдиришича, Баҳодир Худойбердиев ўзининг душмани деб билган қатор ходимлардан ўч олишни бошлаган. 

“Масалан, Баҳодир Худойбердиев Ҳарбий прокуратурада қонунчилик назорати ва жиноятчиликка қарши курашишда фаол қатнашиб келган Н.Бойхонов, С.Темиров, Ф.Сайсултонов, Р.Камолов ва яна бир қатор ходимларни кадрлар бўлимига чақиртириб, уларни турли йўллар билан қўрқитиб, улардан ўз хоҳишига кўра иш ҳажми кам бўлган лавозимларга тайинлаш ҳақида аризалар олди.

Бундан ташқари, Ҳарбий прокуратура органларида кўп йиллардан буён хизмат қилиб, малакали шогирдлар етиштирган устоз ходимлар У.Каримов, Л.Эрдонаев, А.Қодиров ва Ж.Темировни ишдан кетказди”, дейди “Элтуз” билан ҳамкорлик қилувчи манба.

Унинг хабар қилишича, “монстр” ўринбосар шантаж йўли билан Ҳарбий прокуратуранинг энг малакали ходимлари Д.Темиралиев, Д.Валижонов ва А.Низомовни ишдан олган. 

“Бу Худойбердиев деганлари шаллақи ва бўҳтончи хотинларга ўхшар экан. У турли бўҳтон гапларни тарқатиб,  Ж.Ашуров, О.Ҳайдаров, Т.Муҳиддинов, Ш.Тошматов ва яна бир қатор ходимлар устидан асоссиз хизмат текширувлари тайинлаб, уларни интизомий жавобгарликка тортди ва қуйи лавозимларга ўтказди.

Бўлим бошлиғи лавозимларида яхши ишлаб келиб, хизмати давомида хато ва камчиликларга йўл қўймаган Б.Саҳадинов ва Ш.Санаевни эса бесабаб қуйи лавозимларга туширди”, дейди “Элтуз” манбаси.

“Элтуз” бошқа манбалардан олинган бу хабарни ўрганиш жараёнида қуйидагиларни аниқлади. 

2014 йилдан 2017 йилга қадар республика ҳарбий прокурорининг ўринбосари сифатида ишлаган Баҳодир Худойбердиев 2017 йилнинг апрель ойида йўл қўйган қўпол хатолари учун лавозимидан озод этилган. 

У уч ой давомида ишсиз юрган, сўнг ёши ва прокуратура органларида кўп йиллар давомида хизмат қилгани инобатга олиниб, Нукус ҳарбий прокуратурасига прокурор лавозимига тайинланган.

Нукус шаҳрида хизмат қилган вақтида Баҳодир Худойбердиев унинг “ҳурматини жойига қўймаган”, вақтида илтимосларини бажармаган, унга “пахта қўймаган” ходимларни ишдан бўшатиш, қуйи лавозимларга тайинлаш билан шуғулланган.

Баҳодир Худойбердиев раҳбар сифатида бир “монстр” бўлса ҳам 2020 йил мартда республика ҳарбий прокурори Шуҳрат Узоқовнинг тавсиясига асосан биринчи ўринбосар лавозимига тайинланган. 

Шуҳрат Узоқов давлат раҳбари топшириғи асосида ўз вазифасига кирмайдиган турли ишлар билан банд бўлиши ортидан Ҳарбий прокуратура органларининг иш фаолиятини тўғри ташкил этиш, кадрларни танлаш ва тайинлаш вазифаси унинг биринчи ўринбосари Худойбердиев зиммасида қолган.

“Элтуз” тўплаган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси амалда биринчи ўринбосар Баҳодир Худойбердиевнинг қўлида қолиб, у олиб бораётган “ўзбошимча ва золимона” иш юритишнинг қурбони бўлмоқда. 

“Баҳодир Худойбердиев ҳудудийлик принципларига амал қилиш ҳақидаги талабларга қасддан бўйсунмасдан, ўзига ёқмаган ходимларни узоқдаги прокуратура органларига юбориш амалиётини жорий қилди.

“Монстр” ўринбосарнинг “бадарға”лари туфайли прокуратура ходимлари оиласи, ота-онаси ва яқинларидан ажралиб, охир-оқибат ишдан кетишга мажбур бўлишмоқда”, дейди “Элтуз” манбалари.

Уларнинг билдиришича, Баҳодир Худойбердиев ўз бўйсунувидаги барча прокурор ва ходимларга республика ҳарбий прокурорига мурожаат этишни тақиқлаб қўйган. Қандай масала бўлмасин, биринчи бўлиб Худойбердиев билиши кераклиги, унинг ўзи республика ҳарбий прокурорига ахборот беришини айтиб, ходимларнинг мурожаат этиш ҳуқуқини чеклаган. 

“Шу сабабдан шахсий хавфсизлик ва кадрлар бўлими бошлиқлари бевосита раҳбари бўлган республика ҳарбий прокурорига мурожаат қила олмаяптилар. Бунинг оқибатида Худойбердиевнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилиб, Бош прокурорга аноним мурожаатлар юбориш ҳоллари кўпайган. Бироқ бу мурожаатлар яна Худойбердиев бўйсунувидаги ходимларга келиб тушиб, у томонидан қасд олиш янги даражага кўтарилмоқда”, дейди “Элтуз”га яқин манбалар.

“Элтуз” тўплаган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловларга қарамай, Баҳодир Худойбердиевнинг раҳбарлик даврида ҳарбий жиноятчилик сони ошиб кетган. 

Ҳарбий прокуратурага яқин манбалар “бу ҳол Худойбердиев олиб бораётган сиёсат нотўғри эканининг исботи” эканини айтмоқда.

Уларнинг айтишича, Баҳодир Худойбердиевнинг аввалги фаолияти ўрганилса, у борган жойида фақат адолатсизлик ва зулм қилиб, ҳарбий прокуратура органларининг обрўсини тушириб юргани ойдинлашади. 

“Элтуз”га яқин манбалар: “Худойбердиев деганлари Қарши ҳарбий прокурори лавозимида ишлаган вақтида қандай кароматлар кўрсатган?! Бу “монстр” Андижон ҳарбий прокурори лавозимидан нима сабабдан бўшатилганини Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев билармикин?! Баҳодир Худойбердиев раҳбарларга “пахта қўйиш”дан бошқа ишни ҳам биладими?!” деган риторик саволларни ўртага ташлашмоқда.

“Элтуз” Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасидаги вазиятни кузатишда давом этади. 

Тағин ўқинг
26 ноябр 2018
Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бартараф этилиши ўрнига авж олиб бораётганида Халқаро меҳнат ташкилоти ...
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Халқ таълим ҳомийси” кўкрак ...
15 апрел 2019
«Халқаро амнистия» (Аmnesty International) ташкилоти 10 апрель куни қамоқда сақланаётган Ўзбекистон собиқ бош прокурори 67 яшар Рашид Қодировнинг қийноқларга ...
26 июн 2018
Сил касаллиги ташхиси билан «Сангород»га этап қилинган Муҳаммад Бекжон ўзининг соппа-соғ эканини эътироф этишига қарамай, даволовчи врач унга 10 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...