Асосий мавзулар
15 декабр 2020

Каримовнинг қудратли ёрдамчисини аслида ким «буюртма» қилди?

2016 йил августигача президент Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган ва 2020 йил ноябрь ойининг охирларида ҳибсга олинган Улуғбек Мирзамуҳаммедов аслида Тошкентдаги доираларда “Садаф”, “Тишдўхтир”, “Стоматолог” лақаблари билан танилган Фаррух Мирзаевнинг буюртмасига кўра “ичкари”га олинди, дейди “Элтуз”нинг бир-биридан мустақил манбалари.

Уларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, 52 яшар Фаррух Мирзаев ўз вақтида Улуғбек Мирзамуҳаммедовдан катта (бир неча миллион АҚШ доллари) миқдорда қарз олган ва қарзини бир неча йилдан бери қайтармасдан келган.

“Шу йил кузига келиб Улуғбек Мирзамуҳаммедов қарзини қайтаришни яна талаб қила бошлаган эди. У қарзи юзасидан мурожаат қилавериб, “Тишдўхтир”ни ростакамига безовта қила бошлаган эди”, дея иддао қилди “Элтуз”га терговга яқин манбалардан бири.

Унинг айтишича, Мирзамуҳаммедовни “ичкарига олиш” буюртмасини “Стоматолог” Давлат хавфсизлик хизматига берган.

“ДХХ бу ишга жон деб киришди ва ҳибснинг эртаси куниёқ ўзига “қулоқ”лик қиладиган шахсларга тегишли каналлар орқали ҳибс ҳақида хабар ҳам тарқатди. Бу хабарларда Улуғбек Мирзамуҳаммедовнинг уйида ўтказилган тинтув тафсилоти, хусусан, унинг уйидан қимматбаҳо қадимий буюмлар ва автомобиллар чиққани ёйинланди”, дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбалари.

Айни пайтда «Элтуз»да бу иддаоларнинг расмий тасдиғи ëки инкори йўқ. ДХХ худди Каримов давридаги каби матбуот учун ëпиқ идора бўлиб қолмоқда.

“Элтуз” манбаларининг айтишича, Мирзамуҳаммедовнинг ҳибси ҳақида биринчи бўлиб фейсбукда хабар берган uyat.uz саҳифаси асосчиси Абу Али Ниёзматов аввалдан ДХХга яқинлиги билан танилган журналистдир.

“ДХХдаги манбаларига таяниб тарқатган хабарида Абу Али Ниёзматов ҳибснинг асл сабаблари ҳақида сўз юритмаган. Хабарда Мирзамуҳаммедовнинг уйидан чиққан бойликларга урғу берилган, холос. Асл тафсилотдан бехабар ўқувчилар: “Катта порахўр қўлга тушибди. Баттар бўлсин!” деган хаёлга боришган бўлса, ажабмас. Аслида ҳибс буюртмачиси Фаррух Мирзаев ва ДХХнинг асл мақсади ҳам шу бўлган”, дейди “Элтуз”га терговга яқин бошқа бир манба.

Шубҳали ишлар бошида турган одам?

“Элтуз”га яқин бошқа бир манба Улуғбек Мирзамуҳаммедовнинг ўтмишига ойдинлик киритиб, президент Ислом Каримов даврида бу одам шубҳали ишларнинг бошида турганини иддао қилди.

Манбанинг айтишича, Каримов иқтидорининг сўнгги йилларида ёрдамчи-референт Георгий Крайновнинг ўрнига тайинланган Улуғбек Мирзамуҳаммедов тезда ўз лавозимини суиистеъмол қилишга тушган.

“Каримовга ёрдамчи пайтида Улуғбек Мирзамуҳаммедов йирик тадбиркорларнинг манфаатлари учун бш вазир Шавкат Мирзиёевга босим ўтказиб, турли қарорларга имзо чекишга мажбурлаган. Бундай номаъқул ишларда унга президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров ва унинг ёрдамчиси Аҳмаджон кўмаклашиб келишган”, дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбаси.

Унинг сўзларига кўра, Улуғбек Мирзамуҳаммедов Ўзбекистоннинг элчихона ва консулликларига раҳбар тайинлаш ишларига ҳам муттасил равишда аралашиб келган.

“Мирзамуҳаммедов элчи ёки консул бўлиш илинжидаги одамлардан пора олиб, кўпроқ берганларни у ёки бу мамлакатга элчи ёки консул қилиб тайинлатар эди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг хориждаги ваколатхонасига бошлиқ ёки бошлиқ ёрдамчиси бўлиш истагидаги кишилар ҳам Улуғбекка пора беришга мажбур бўлишар эди. Улуғбек белгилаган “ставка”ларга кўра, миллий авиакомпания ваколатхонасининг бошлиғи лавозими 100 минг, бошлиқ ёрдамчиси лавозими эса 50 минг доллар турар эди. Улуғбек фақат ўз укаси Отабек Мирзамуҳаммедовни текинга Бирлашган Араба Амирликларидаги ваколатхонага раҳбар қилиб тайинлатган эди”, дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбаси.

Унинг “Элтуз”га билдиришича, Улуғбек Мирзамуҳеммедов олган пораларию топган пулларининг ҳаммасини президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров ва унинг ёрдамчиси билан 50/50 қилиб бўлишиб юрган.

“Чунки Улуғбекни нуфузли лавозимга айнан Зелимхон Ҳайдаров тавсия қилиб, тайинлатганди”, дейди Тошкентдаги манба.

Унинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрь ойида иқтидорга келиши биланоқ Улуғбек Мирзамуҳаммедовни ва у орқали ишга тайинланган барча элчи, консул, ваколатхона бошлиқлари, ҳокимлар ва ҳоказоларнинг ҳаммасини ишдан олиб ташлаган.

“Улуғбекка суяниб юрганлардан биргина “Мурод билдинг” қолди”, дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг қўшимча қилишича, Улуғбек Мирзамуҳаммедов ҳибсга олингунга қадар Тошкентдаги тарихий обидаларни бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуришга одатланган “Murod Building” ширкати раҳбари Мурод Назаровга “қалқон”лик қилиб келган.

2016 йил августигача президент Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Улуғбек Мирзамуҳаммедовнинг ДХХ томонидан ҳибсга олингани ҳақидаги хабар илк маротаба 2020 йилнинг 26 ноябрь куни фейсбукдаги uyat.uz саҳифасида чиқди.

Хабарда Мирзамуҳаммедов уйида тинтув ўтказилгани, тинтув пайтида қимматбаҳо антиквар буюмлар, қадимий юнон ҳайкаллари, хитой чинни идишлари, бир неча миллион нақд доллар, “Bentley”, “Mercedes”, “Range Rover” каби қиммат автомобиллар топилгани айтилган.

Ушбу хабарда Каримовнинг ёрдамчиси нима сабабдан ҳибсга олингани очиқланмаган бўлса ҳам “Элтуз”га яқин манбалар бу ҳибс ортида аслида Тошкентдаги доираларда “Садаф”, “Тишдўхтир”, “Стоматолог” лақаблари билан танилган Фарруҳ Мирзаев, аниқроғи, икки шахс ўртасидаги қарз можароси турганини иддао қилишмоқда.

«Элтуз» ўзининг ҳукумат ичидаги манбаларидан мақоладаги асосий икки иддаони тасдиқлатиб олди. Биринчидан, Улуғбек Мирзамуҳаммедов ноябрь охирида жинояят иши фигуранти сифатида судгача қамоққа олинган ва у шу кунда ДХХ изоляторида сақланмоқда. Иккинчидан, унинг уйидан жиноят иши доирасида судгача мусодара қилинган кўп миллион долларлик бойликлар чиққан Хусусан, қимматбаҳо автомибиллар суратлари «Элтуз»да мавжуд.

«Элтуз» Ўзбекистон бошқарув элитасидаги жиноий гуруҳлар билан боғлиқ тафсилотларни кузатиб боради. «Уйдаги гап кўчага чиқмасин», деган мақолга риоя қиладиган ДХХ ва бошқа кучишлатар ташкилотлар тасдиқ ëки раддия берса, «Элтуз» уларга ҳам минбар тақдим этади.

eltuz.com

Тағин ўқинг
22 январ 2019
Афтидан Ахборот технологиялари ва коммуникациясини ривожлантириш вазирлигидагиларнинг юмор ҳисси кучли. Интернетдан тўсиб қўйилган, илгари VPNсиз кириб бўлмайдиган сайтларнинг ишлаб ...
12 октябр 2020
Москвада янги туғилган чақалоқни метронинг кириш жойида қолдиргани учун ўзбекистонлик фуқаро суд қилинмоқда. У 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ...
28 декабр 2019
«Интернетда мухолифат масаласи муҳокама қилиняпти. У қандай фойда келтирган?» — деди Шавкат Мирзиёев Ал-Хоразмий номидаги мактабда 27 декабрь куни ...
17 июл 2017
«Мана битта мисол, эрталаб мен Интернетни ўзим очиб ўқидим, буни менга ҳеч ким бермайди!» деди Мирзиёев депутатлар билан 12 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...