Асосий мавзулар
1 март 2021

Императив-9. Давлатни ўз тилига қайтариш керак

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Шахсан ҳеч қачон рус халқига кин ва нафрат туймадим. Аксинча, ёшлигимда Русия билан боғлиқ ишларимда (адабиётда каби сиёсатда ҳам) жуда кўп содиқ дўстларим руслар орасидан бўлган. Бир-биримизни қардошча қўллаб-қувватлаганмиз.

Русчага таржима қилинган шеърларимнинг таржимонлари руснинг икки буюк шоири – Виктор Соснора ва Алексей Парщиков. Бири петербурглик, иккинчиси москвалик эди. Иккаласи ҳам Тошкентга уйимга келган, мен ҳам уларнинг уйларида меҳмон бўлганман, оилаларимиз ҳам бир-бирлари билан дўст бўлишган. Қисмати етиб, бугун иккаласи ҳам оламдан ўтган.

Ҳозир ҳам Истанбулга жуда кўп рус дўстларим зиёратга келиб туришади. Улар билан адабиёт, сиёсат ва ҳар нарсани қардошча муҳокама қила оламиз ва орамизда миллат ва ирқ муаммоси ҳеч қачон бўлмаган.

Албатта, руслар ичида, ҳар қандай бир халқ ичида бўлгани каби, яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бўлади. Бир ёки икки руснинг, бир ёки икки рус гуруҳининг салбий тарафларини бутун рус халқига юклаш инсофсизлик бўларди.

Масалан, Жириновский ёки Дугиннинг шовинизмдан ҳам ошиб тушган ирқчи сиёсатларини бутун рус халқига мол қилиш (тамғалаш) мумкин эмас. Ҳатто Жириновскийнинг партиясига миллионлаб руслар овоз бераётган бўлса ҳам. Ҳатто бу арбоблар баъзи «нозик масалалар»да рус ҳукуматининг ғайрирасмий «тили» бўлиб вайсаётган бўлса ҳам. Ҳатто бу арбоблар кўксига Русия Президенти тарафидан давлат нишонлари тақилаётган бўлса ҳам. Биз булар учун рус халқини айблай олмаймиз.

Аммо бу толерантлик менинг рус шовинизми ва ирқчилигидан нафратланишимга тўсиқ бўла олмайди. «Мустақил» бўлиб, рус шовинизмидан қутулдик, деб ўйлаган эдик, аммо Ўзбекистондаги бугунги аҳвол бунинг тескарисини кўрсатяпти.

Рус шовинизмининг ўлкамиздаги зуҳуроти баъзан қип-яланғоч ва ҳақоратомуз шаклда юз беради.

Сўнгги пайтда рус босқинчиларига Тошкентда ўрнатилган «тарихий ёдгорлик»нинг таъмири, рус тилини яна давлат тили мақомига кўтариш орзуларининг суверен бир давлатда тараддудсиз кун тартибига келтирилиши рус шовинизмининг Ўзбекистонда ҳали ҳам кучли омил эканини кўрсатмоқда.

Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганига 31 йил бўлди, аммо бу тил ҳалигача давлат тили бўла олмади. Ўзбекистонда яшаётган ўзбек бўлмаган аҳоли ҳам 5 йил ичида давлат тилини ўрганиши керак эди 90-йилларда олинган қарорлар бўйича.

Ўзбек бўлмаган бу нуфус мустамлака Туркистонда 135 йил яшаб ўзбекчани ўрганмади, 31 йилдан бери мустақил бўлган Ўзбекистонда ҳам ўрганиш нияти йўқ.

Бунинг асосий сабаблари:

а) Ўзбекистон раҳбарларининг Русияга яхши кўриниш каби пасткашлик комплекси. Улардаги ўзбек тилига нафрат;

б) ўзбек тилини менсимаслик сиёсати, ўзбек тили ўқитувчиларининг камситилиши, маошларининг озлиги;

в) давлат идораларида ҳали ҳам ҳоким позицияларда ишлаётган рус тилли кадрларнинг саботажи;

г) ерли бўлишларига қарамай, рус тилида ўқиган ва бу тилни турли позицияларда қўллаётган манқурт кадрлар.

«Ўзбеклар рус мактабларида ўқишни устун қўйишяпти, биз нима қилайлик?» дея ўзларини оқлашади идораларда ўтирган рус тилли манқуртлар.

Ўзбек тили тақдири ўзбек тилини билмайдиган, ўзбек тилидан нафратланадиган, турли соҳаларда раҳбар бўлиб ишлаётган кадрлар қўлида. Булар манқуртлар синфидир.

Бу синф Ўзбекистонда жуда кучли «олтинчи колонна»ни ташкил этади.

Ўзбекистонда совет даврида ерли аҳолини назорат остида тутиб туриш учун КГБ рус тилли аҳолидан фойдаланарди. Уларнинг жуда кўпчлиги КГБ билан ҳамкорлик қилгани учун юксак лавозимларга кўтарилган. Биз бу қатламни «бешинчи колонна» деб атар эдик. «Бешинчи колонна» ҳали ҳам фаолиятда.

Совет даврида каминага қарши ёзилган бутун негатив мақолаларнинг муаллифлари шу «бБешинчи колонна»дан эди. Уларнинг минбарлари «Правда Востока», «Ташкентская правда», «Вечерный Ташкент» каби газеталар ва ТВдаги рус тилидаги дастурлар эди.

Бугун улар ўзларига ўша газеталардан мустақил сайтлар очиб олиб, ўзбек миллий қадриятларига қарши аввалги фаолиятларини давом эттирмоқда. Бу «мушкетёр»лардан биттаси ўзининг «мустақил» сайтида қамоқда ўтирган диссидент Акром Малик ҳақида: «Биз ҳар қандай уйдирма жиноят ишига қаршимиз ва одам содир қилмаган иши учун жазо ўташини қоралаймиз. Жумладан, Маликнинг ҳам. Лекин Акром Маликдан конфет ясаш ҳам керак эмас”, деб Акром Малик ёзган мақоланинг русча таржимасини ёйинлайди. Акром бир мақоласида “халқ давлат бошқарувининг шариатга асосланган шаклини танласа, бу унинг ҳаққидир”, деб ёзган экан…

Бу «бешинчи колонна» мухбирининг ДХХга ёзма ихбори («донос»)дир.

Акром Маликни озод қилиш ҳақида ўзбек зиёлилари давлат раҳбарига мактуб ёзишди. Лекин «бешинчи колонна» аскарлари донослар ёзиб, у турмадан чиқмаслиги учун ғайрат қилгани ҳам аниқ.

Лекин биз учун бугун энг катта муаммо «бешинчи» эмас, «олтинчи колонна»дир. У «бешинчи колонна»ни қўллаб-қувватлаётган, ичимиздан чиққан хоин бир қатламдир. Фақат давлат тили масаласида эмас, иқтисодни ҳам, ташқи сиёсатни ҳам бу «олтинчи колонна» дизайн этмакда.

Бу «колонна»ларни бартараф қилишнинг ягона йўли ўзликни танишдир.

Халқ оз бўлса-да бу йўлда масофа олди, деб умидланмактаман.

Биринчи навбатда, ҳукуматни ўзбек тили ўқитувчисининг ижтимоий мавқеи ва обрўсини кўтаришга мажбур қилиш керак. Унинг маошини кескин оширишга эришмоқ керак. Ўзбек тилида ўқиш ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан жозиб бир танлов ҳолига келиши керак.

Халқимиз 1989 йили ўзбек тили давлат тили бўлиши учун қандай мужодала қилган бўлса, бугун ҳам айни шижоатни кўрсатиши лозим. Давлатни ўз тилига қайтариш керак.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
9 декабр 2019
Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақида ...
26 май 2021
26 май куни соат 11.00 атрофида 20 чоғли шаллақи эркак ва аёл Тошкентда Жаҳонгир Отажоновнинг «эркчи»лар учрашуви режаланган хонадонига ...
9 октябр 2016
9 октябр куни Тошкент вақти билан соат 12.20 да Бухоро вилоятининг Олот туманида Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар ушланган ...
30 январ 2018
Ўзбекистонни 27 йил бошқарган ва 2016 йилда ўлган Ислом Каримовнинг набираси Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўради. Бу ҳақида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...