Қўйли-5. Учоқ ичидаги халоскор
Муҳтарам ўқувчи, сизга бундан 38 йил олдин юз берган воқеаларни гапириб беряпман.
38 йил олдин Аҳмадшоҳ Масъуднинг яширин истеҳкомларидан бирига совет қўшинлари бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаводан, ҳам ердан зарба берди. Бу истеҳком ичида мужоҳидларнинг қурол-яроғ ва муҳимотлари сақланган эди. Қаҳрамонимиз Қўйли бу истеҳкомни тош билан мустаҳкамлашда қатнашганди.
Истеҳком кули кўкка совурилганидан бир кун ўтиб Қўйли Исломободдан Берлинга учиб кетаëтган эди. Истеҳком қурилиши ҳақида маълумотга эга бўлган Аҳмадшоҳ Масъуд қўмондонларидан бири эса сотқинликда айбланиб қўлга олинганди. Айнан шу қўмондон муайян ҳақ эвазига Қўйлини асирликдан озод қилганди. Сўроқ пайтида барчаси аëн бўларкан, ҳамма бирдан Қўйлини излаб қолди. Қўйли самолёт ичида эди. Яна гапни бу бахти қаро ватандошимиз Қўйлидан эшитамиз:
“Устимга уч-тўрт ҳарбий келиб туриб олди. Улар менга бармоғини ниқтар ва бир-бирига гап бермай баланд овозда гапирар эди. Бу бақир-чақирдан қаттиқ бошим оғрий бошлади.
Мени топган «спецназ» жангчиси “дастҳо ба пеш”, деди менга қараб. Итоаткорона қўлимни узатдим. Кишаннинг шарақ этган овози ва қўлимнинг увишиб оғриши менга таниш эди. Бундай бўлишидан шок бўлмадим. Бундай бўлмаса, балки шок бўлардим.
Мен эркинликдан кўра қулликка тайëр эдим. Бошимга қоп кийгизишди. Худди компьютер ўйини финалида нимадир хато қилсанг, яна ўйиннинг бошига бориб қолгандай ҳолат. Панжшер дарасидаги бетон лоток ичидан олиб чиқишгандаги ҳолатга қайтгандим. Аммо бироз фарқли.
Ўшанда кўтимда иштон йўқ эди. Ҳозир эса иштоним бор. Аммо бошига қоп кийгизилган одамнинг иштони бор ëки йўқлиги муҳим эмас. Мени икки келажакдан бири кутарди. Афғонистондаги Аҳмадшоҳ Масъуд жангариларига қайтариб беришади. Улар бир ҳафтача сўроқ қилиб отиб ташлашади. Ëки Покистоннинг ўзида суд қилиб, Файсалободдаги турмага юборишади. Панжобдаги бу турмага боргандан кўра отиб ташлашгани маъқул, деб ўйладим мен”.
Азиз ўқувчим, сиз Қўйлининг саодатга қовушиб, муаммолардан қутулиб кетишини қанча истаманг, мен нима бўлганлигини аниқ ëзаман.
Ҳақиқат орзуларимиздан устун.
Воқеа 1984 йилнинг кузида бўляпти. Қўйли “лоток ичига атайин кириб асир тушган ва Афғонистон мудофаа сирларини яқиндан билиб, ўз совет командирларига етказиб турган агент”, деб гумон қилинган эди.
Қўйли ҳақида Афғонистоннинг Аҳмадшоҳ Масъуд назоратидаги режимга юзи тиртиқ шишакўз соҳиб маълум қилган. Албатта, муайян ҳақ эвазига.
Мана, бахти қаро Қўйлини бошига қоп кийгазиб, ўриндиқлар орасидаги йўлакдан олиб чиқиб кетишяпти.
«Спецназ» аскари омбурдай қўли билан Қўйлининг бўйнидан қисиб, ерга қаратиб қўйган.
Одамларда ачиниш ҳиссидан кўра “террорчи билан бирга учиш касофатидан қутулиш мамнунлиги” бор эди.
Улар қоп ичидаги одам осойишталик душмани, дея қатъий ишонишар эди. Шу ерда қандайдир супермен чиқиб, Қўйлини қутқариши керак. Ëзаëтганимиз жанр тақозоси шу.
Закий ўқувчи бу супермен роли шарафли ватандошимиз Рўзи Назарга аталганини билишади.
Дарвоқе, Рўзи Назар қаерда?
Самолеёга чиқаëтганлар орасида уни кўрмадик-ку? Рўзи Назар учоқнинг бизнес классида эди.
У алоҳида йўлакдан кирган эди. Қўйлининг қўлга олинганидан ҳабар топгач, «спецназ» олдига бориб, “қўйиб юборинглар, бу менинг одамим», демади.
Полковник рутбасидаги Рўзи Назар «спецназ»нинг амр қуллар эканини биларди.
1984 йили ҳали мобил алоқа йўқ эди.
Рўзи Назар оға учувчи кабинасига бориб, пилотга қараб, Er ist nicht schuldig. Helfen wir ihm, деди (У айбсиз, лутфан кўмак беринг).
Хотини немис бўлган Рўзи Назар оға олмончани равон гапирарди.
Рўзи Назар оға пилот рацияси орқали аэропорт хавфсизлик хизматидаги рутбаси катта одам билан боғланди. Рўзи Назар оға энди инглизча гапирарди.
Покистоннинг юқори рутбали офицерлари инглизчани яхши билади. Рўзи Назар рацияда гаплашаëтиб, пилот қўлидаги «Покистан таймс» газетаси илк варағидаги хабарга кўзи тушди. Шуни айтиш керакки, МРБ ходими ўлароқ, Рўзи Назар тескари тутилган матнни ҳам узоқдан тез ўқий оларди. Мақолада Аҳмадшоҳ Масъуд қўмондони сотқин эмаслиги ëзилган эди. Ўша Қўйлини Рўзи Назар қўлига топширган қўмондон.
Газетада расми ҳам турибди. Entschuldigung, kann ich Ihre Zeitung haben, деди Рўзи Назар пилотга қараб. Пилот газетани узатди. Газетада Аҳмадшоҳ Маъсуднинг қўмондонни қучоқлаб турган расми ҳам бор эди. Бир муддат гумон ва туҳмат нишони бўлган қўмондондан расман узр ҳам сўралганди.
Истеҳком ҳақидаги сирларни советларга сотган икки мулозим эса пуштун офицерлари бўлиб чиққан эди. Рўзи Назар рациядаги офицерга «Покистон Таймс»нинг бугунги сонини ўқинг, деб илтимос қилди.
Бу вақтда Қўйли самолётдан туширилиб, ҳарбий жипга қўй юклангандай қилиб юкланиб олиб кетилаëтган эди.
Рўзи Назар оға пилотга раҳмат айтди ва айнан мана бундай деди: Wer ein Leben rettet, rettet die ganze Welt.
«Бир одамни қутақарган дунëни қутқаради.» Бу эски яҳудий ота сўзи эди.
Пилот бу гапни юрак-юракдан ҳис қилганини билдириш учун муштини қисиб, кўзини юмиб-очиб, бошини силкитди.
Шу пайт Қўйлини олиб кетаëтган ҳарбий машина бирдан илкис бурилиб, самолёт тарафга қараб юра бошлади.
Самолётга зинамашина келиб тақалди. Эшик очилди, Қўйлини зинадан юқорига олиб чиқишди.
Орадан 38 йил ўтиб, Қўйлидан сўрайман, “шу вақтда нимани ҳис қилдингиз”, дея:
“Ҳеч нарсани ҳис қилмадим. Бошим қаттиқ оғрирди. Темирни оловда қиздириб сувга солсангиз қандай бўлади? Мен ҳам шундай бўлдим. Биласизми, ҳозир ҳам пуштунларнинг ўзаро йиғилиб қаттиқ бақир-чақир қилганини эшитиб қолсам, бошимда оғриқ туради. Докторлар мигрен бу дейишди”.
Қўйли оға самолётга қайтгандаги ҳис-туйғунгиз ҳақида сўровдим¸ мигрен ҳақида эмас¸ деб ëзвордим телеграмга. Бунга жавобан узундан узоқ сасли мессеж келди:
“Самoлётга чиққанда менга сўроқ конфет берган стюардесса ëнида Рўзи Назар оға турганини кўрдим. Оға ним табассум билан турарди. Шу ним табассум мен учун яхшилик белгиси эди. Худди ҳайдовчи учун светофорнинг яшил кўзи ëнгани каби. Сариқ сочли, ям-яшил кўзли кема сардори ҳам пешвоз чиқди менга.
“Du bist ein sehr glücklicher Kerl”, деди ва мени Рўзи Назар ўтирган бизнес салонда учишга таклиф қилди. Пилотда шунақа ҳуқуқ бўларкан. Бизнес салонда кенг мўл креслода битта ўзинг ўтираркансан. Дарвоқе, пилотнинг фамилияси Алтман эди. Мен немис деб ўйлагандим, яқинда билсам у яҳудий экан. Самолёт ҳавога кўтарилди.
Сариқ сочли соҳибжамол стюардесса олдимга ноз-неъматлар тўла лаълини қўйди. Хрустал шишалардан бирининг устидаги лотинча ëзувни ўқидим. Ароқ деб ëзилган эди русчада. Шу пайт ичгим келиб кетди.
Ароқ, деб сўрадим стюардессадан, ароқ, деди у. Мен қўрқиб икки қўлтиқ нарида ўтирган Рўзи Назар оғага қарадим. “Олавер, болам. Сен буни ҳақ этдинг”, деган ифода бор эди оғанинг юзида. Стюардесса озгина ароқни хрустал стаканнинг ярмидан оз қилиб қуйди. Устига пинцет билан муз ва киви бўлаги қўйди ва менга узатди. «Эй гўзал, сунгил қадаҳ – даврон ўтгучидир», Шу қўшиқдаги каби бўлди.
Ëнимдагиларга қарасам, майда-майда ҳўплаб ўтиришибди. Мен ҳам қўрқа-писа ҳўпладим. Ичимда ўлиб ëтган алкогол чанқоғи уйғонаëтган эди. Шарт стаканни бўшатдим, қўйдим. «Ароқ» деб ëзилган шишани олиб, иккинчи стаканни ўзим тўлдириб, шартта ичвордим. Рус ароғи ичимга кириб, танамдаги бутун ҳужайраларга жойлашиб олган қўрқув илонларини ҳайдаб чиқара бошлади. Саҳардан бери туз тотмаган эдим. Учинчи қадаҳдан кейин нима бўлганини билмайман. Ўчиб қолган эдим.
Рассом Туз
Боши ўтган саҳифаларда. Давоми бор