Асосий мавзулар
10 май 2021

Элга тарбиядан дарс берадиган фирибгарлар

Хоразмнинг Хива туманида бир камбағал бева аёлнинг ўғли номига олинган 30 миллион сўм кредит маҳалла раиси ва ўқитувчи дохил банк ходимлари томонидан нақдлаштириш йўли билан ўзлаштирилиб, яна аёлнинг оиласига ҳам тазйиқ ўтказилиб келинмоқда. 

“Элтуз” нашрига Хива туманининг “Пирнахос” маҳалласидан мактуб жўнатган Нигора Юсупова шу ҳақда иддао қилар экан, арзини ҳеч ким тингламаётгани, бу борадаги тергов ишлари атайин чўзиб келинаётганини айтди.

Нигора Юсупова, мактубда ёзилишича, етти фарзанд – олти қиз, бир ўғилнинг онаси. Кам таъминланган оила сифатида “Темир дафтар”да туради. Эри 2013 йилда вафот этган. Бир қизи ногирон. Ўзи мактабда фаррош бўлиб ишлайди. 

Нигора Юсупованинг Элтузга ёзган мактуби парчаси

Оиланинг асосий боқувчиси аёлнинг ўғли Абдулла Ибрагимов бўлиб, у гоҳ-гоҳида Тошкентга бориб, қурилиш ишларида ишлаб, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириб туради. 

Мактубда билдирилишича, “Пирнахос” маҳалласи раиси Ойбек Сафоев, тумандаги 18-мактабнинг тарбия (!!!) фани ўқитувчиси Бекзод Бобожонов “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 2020 йил августда қорамол учун 30 миллион сўм кредит олган.

Эътиборлиси, банк ходимлари билан тил бириктирилган ҳолда олинган бу кредит Нигора Юсупованинг ўғли Абдулла номига расмийлаштирилган. Бир фермер хўжалиги номига ўтказилган пул кейинчалик нақдлаштирилиб, ўзлаштирилган. 

“Энди нима қилишни билмайман. Гоҳ-гоҳида банкдан кредитнинг фоизини сўраб келишяпти. Тўлашга пулим йўқ. Ойлигимни рўзғоримга зўрға етказаман. Мени ҳеч ким тингламаяпти. Биз на қорамолни, на 30 миллион сўм пулни кўрганимиз йўқ. Илтимос, ёрдам беринглар”, дейилади мактубда.

Унда айтилишича, мазкур фирибгарлик ишини бир ой давомида туман прокуратураси тергов қилган. Кейин эса иш Хива тумани ИИБга ўтказилган. Аммо ИИБга ўтказилган тергов ҳам бир ойдан ошганки, тугамаяпти. Нигора Юсупова ва ўғлининг асосий вақти терговга қатнаш билан ўтмоқда. 

Аёл фирибгарликка бош қўшган маҳалла раисига учрашганда, у терговга қатнайвермай, аризасини қайтариб олиб, ўғлини ишга жўнатишни маслаҳат берган. Яқинда эса фирибгарлардан бири бўлмиш Бекзод Бобожонов бир гуруҳ шахслар билан аёлнинг уйига келиб, пўписа қилиб кетган. 

“Ҳозир пандемия даврида жуда қийналяпман. Кунда қон босимим ошади. Тергов эса кўриниб турган фирибгарларнинг қилмишини яшириш мақсадида атайин ишни чўзяпти. Мени адойи тамом қилишди”, дейди Нигора Юсупова.

Президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўрар экан, аёл: “Бу фирибгарларга қонун борми? Илтимос қиламан сизлардан, улардан мени ҳимоя қилиб, ҳақиқатни рўёбга чиқариб беринглар”, деб зорланади аёл. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 апрел 2015
Ислом Каримов режими ўзининг алоҳида аёлларига эга. Уларнинг отрядлари бугунги кунда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринганларнинг абжағини чиқармоқда. Бироқ ...
26 сентябр 2016
«Адолат» газетаси (20.09) «Адолат» социал демократик партияси сиёсий кенгаши мажлиси бўлиб ўтгани, унда партиядан Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этадиган ...
3 октябр 2015
Бугун Термиз шаҳрида соат 10-30 атрофида, вахима Президент Ислом Каримов келяпди деб, толиблардан қўрққан ИИБ ходимлари бутун Термиз шаҳрини ...
14 март 2022
Ўзбекистондаги жиноят олами қироли Бахти Ташкентский номи билан машҳур Бахтиёр Қудратуллаевнинг 28 яшар ўғли Ихтиёр Тошкентнинг қоқ марказида қимматбаҳо ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...