Асосий мавзулар
9 сентябр 2021

Демократия майдони

Демократия майдони. Мен ҳозир турган жой шундай аталади. Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган, бор-йўғи икки юз минг киши яшайдиган шу кичик шаҳарчадаги боққа айни монумент ўрнатилгани ортидан у шундай ном олди. Бу монументдан 240 километр нарида Европа Иттифоқи аъзоси ва Шенген бўлгаси Кипр. Чапга қараб ҳудди шунча юрсангиз, диний низолар боис бир-бирини ўлдираëтган Сурияга етиб борасиз. 

Мунтазам танқидларга қарамай, Туркия Яқин Шарқдаги демократик қадриятлар путурдан кетмаган барқарор ҳудуд бўлиб қолмоқда. Нефть, газ ва бошқа қазилмалари бўлмаган бу юрт турғунларига кўра, уларнинг тараққий қилиши демократия боис амалга ошган. 

Дарвоқе, демократия монументи жойлашган бу шаҳарчани мамлакат президентига мухолиф бўлган Жумҳурият халқ партияси мансублари бошқаради.

Маҳаллий сайловда халқ президент партиясига эмас, мухолифатга  овоз берди.

Энг сўнгги маҳаллий сайловда Туркиянинг деярли барча катта шаҳарларида мухолифат ғалаба қозонган эди. Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлмиш Истанбулдаги мэр сайловида мухолифат номзоди Акрам Имомўғли ғолиб бўлгани демократия ғалабаси ўлароқ талқин қилинди.

Бу шаҳарчадаги демократия майдони Туркияда ягона эмас. Туркиянинг ўнлаб шаҳарларида шундай майдонлар бор.

Ўтган йили Мармара денгизидаги оролга «Демократия ва эркинлик ороли», дея ном берилган эди.

Истанбул яқинида жойлашган бу оролнинг аввалги номи Яссиода (Яссиорол) бўлган.

Бундан 61 йил олдин бу оролда Туркия бош вазири Аднан Мендерес, ташқи ишлар вазири Фотиҳ Рушту Зўрлу ва молия вазири Ҳасан Пўлатхоннинг суд жараёни бўлиб ўтган ва уларга ўлим қарори чиқарилган эди.

Аднан Мендерес Туркияда демократия қарор топиши учун мужодала қилган сиëсатчи ўлароқ тарихда қолган. 

Демократия ва эркинлик ороли марказида жойлашган «Демократия» майдони атрофида 500 кишилик Аднан Мендерес конгресс маркази биноси, 1200 кишига мўлжалланган спорт мажмуаси ва музей биноси қад кўтарган. Шунингдек, оролда ресторанлар, демократия ва эркинликлар музейи, баландлиги 24 метр бўлган демократия маёғи мавжуд.

Аммо кейинги 17 йил мобайнида Туркиянинг демократия маëғи экани шубҳа остига олинди. 

Ўтган йиллар давомида Туркия жамияти турли қутбларга ажраб кетгани айтилди.

Истанбулнинг собиқ бош имоми Фатҳулла Гулан бошчилигидаги диний секта демократия илдизига болта уришга чоғлангани аксар турклар назарида жиддий хатар эди. 

Бунинг фонида мамлакат матбуот эркинлиги, суд тизими ва инсон ҳуқуқлари рейтингларида пастга қулади.

Аммо демократиянинг асосий унсурларидан бўлган сайлов мухолифат умид қилган ягона нажот бўлгани ўртага чиқди.

Кеч бўлса-да, мухолифат барча катта шаҳарларда ғалабага эришди.

«Элтуз» жамоаси гаплашган аксар турклар назарида, бундан чиқарилган энг муҳим хулоса шуки, Туркияда ҳали-ҳамон ҳаёт ва демократиядан ҳеч ким воз кечмоқчи эмас. 

Қадимги Римда жорий қилинган демократия бугунга келиб бутун дунëда давлат бошқарувининг энг мақбул услуби бўлиб қолаëтганини Туркия мисолида кўриш мумкин. 

Демократия – бу эркин, адолатли ва мунтазам ўтказиладиган сайловлардир. Бундай сайлов тизими Туркияда мавжуд. Туркия ҳукуматининг жавобгарлиги ва халқ олдида ҳисоб бераëтгани ҳам реаллик. Мавжуд танқид ва чекловларга қарамай, турк жамиятида фикр эркинлиги йўқолиб кетмади. 

Муқобил ва мустақил ахборот манбаларига кириш имконлари буткул бекитилмади. 

Ривожланган фуқаролик жамияти, учинчи сектор, жамоат ташкилотлари мухторияти ва уларнинг давлат институтлари фаолиятига таъсир ўтказиш салоҳияти буткул бартараф бўлмади. 

Турк ватандошлари  нисбатан мустақил жамоалар ёки ташкилотлар, шу жумладан, сиёсий партиялар тузиш ҳуқуқига эга.

Бу демократия майдони. Бу майдон барча учун очиқ. Ўнглар ҳам, сўллар ҳам, дини, ирқи ва сиëсий мойилликлари турлича бўлганлар ҳам ëнма-ëн, бирига тоқатли бўлиб юрадиган майдон. Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Цицерон панжасига панжа урмоқ.

eltuz.com

Тағин ўқинг
25 декабр 2018
Ўзбекистонда импорт ҳажми экспортга нисбатан давомий равишда ортиб бораётгани қисқа ва ўрта истиқболда мамлакат ташқи қарзларининг кескин кўпайишига олиб ...
14 март 2022
Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, сўнгги кунларда минглаб россияликлар гала-гала бўлиб Россияга нисбатан қўлланилаётган санкциялардан қочиб, Ўзбекистон пойтахтига кўчиб кела ...
5 июл 2024
РТ: Мана азизлар бир ойлик ўтпускадан қайтиб яна сиз билан суҳбатдаман.  МС: Оғо ничиксиз. Нерлара бордингиз. Қидиришмо зўр бўлдими? ...
15 март 2019
Одамлар эски пайтда турлиликка тоқатли бўлган. Эски фотографияларда одамлар бошларидаги дўппилар ҳам ҳар ҳил эканлигини кўрамиз. Кейинчалик бир хиллик ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...