Асосий мавзулар
28 сентябр 2021

Меҳнат шартномаси ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома: Фарқи нимада?

Кўпинча корхоналар раҳбарлари ўз ходимлари штатини кўпайтирмасдан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузиш йўли билан зарур мутахассисларни жалб этишга ҳаракат қилади. 

Мазкур ҳолатда иш берувчи бундай мутахассисларга меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ходимлар учун кўзда тутилган ҳуқуқ ва кафолатларни бермасликдан ютади. 

Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлаётган мутахассисларга: 

  • меҳнат таътили бериш шарт эмас;
  • дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш талаб этилмайди; 
  • иш вақтининг энг кўп давомийлиги уларга татбиқ этилмайди;
  • улар бажарган иш (хизмат) қиймати ва ҳақ тўлаш тартиби томонларнинг келишувига кўра белгиланади, бунда иш ҳақи қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин;
  • иш ҳақи одатда иш натижаларига қараб у якунига етказилгандан сўнг тўланади;
  • иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлашнинг Меҳнат кодексининг 161-моддасида кўзда тутилган муддатига (ҳар ярим ойда камида бир марта) риоя этишга мажбур эмас; 
  • Меҳнат кодексининг 67-моддасида ишчилар учун белгиланган, меҳнат шартномаси тўхтатилганида моддий кўмак берилишига қўшимча кафолатлар уларга тақдим этилмайди;
  • шахсни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишга ёллаганда меҳнат дафтарчаси бериш шарт эмас;
  • иш берувчи ҳар ҳафталик дам олиш кунлари беришга мажбур эмас.

Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома мажбуриятларининг (иш берувчи) учун салбий жиҳатлари 

Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома иш берувчи учун ниҳоятда фойдали, деб ўйлаш мумкин. Аммо унинг салбий жиҳатлари ҳам бор: 

  • фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлаётганларга интизомий жазо чораларини кўриб бўлмайди;
  • ишни бажараётганда ходим шартномадаги иккинчи томонга бўйсунишга мажбур эмас;
  • корхонанинг ички меҳнат тартибига риоя этиш мажбурий эмас;
  • фуқаролик-ҳуқуқий шартнома дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин эмас;
  • бундай ходимни хизмат сафарига жўнатиш мумкин эмас;
  • у ҳар куни корхонага келишга мажбур эмас, шунинг учун иш берувчининг доимий назоратида бўлмайди. 

Бундан ташқари, фуқаролик-ҳуқуқий шартномани барча ҳолатларда тузиш мумкин эмас. Фақат одатда бир марталик индивидуал, аниқ топшириқни муайян муддатда бажариш зарурати юзага келгандагина бундай шартнома тузишга йўл қўйилади. 

Меҳнат шартномаси

Меҳнат шартномасининг предмети меҳнат жараёнининг ўзи, яъни муайян мутахассислик, малака ва лавозим бўйича иш ҳисобланади. Масалан, меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳисобчи ўз фаолияти ихтисослиги бўйича ҳар қандай операцияларни амалга оширишга мажбур. Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома предмети эса меҳнат жараёнининг ўзи эмас, балки унинг натижасидир (масалан, тайёр бухгалтерлик ҳисоботи).

Яна бир мисол. Ташкилот ўз идорасига туташ ҳудудни кўкаламзорлаштириши керак. Бундай ҳолатда ўсимлик экиш учун фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиш мумкин. Аммо кўкаламзорлаштирилган ҳудудни доимий парвариш қилиш, яъни суғориш, тозалаш каби ишларни бажариш учун ташкилот меҳнат шартномаси асосида боғбонни ишга олиши керак. 

Меҳнат муносабатлари учун ходимнинг ўз меҳнат фаолиятини муайян мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича амалга ошириши, ташкилотда ўрнатилган ички меҳнат тартиби қоидаларига, иш берувчининг кўрсатмаларига бўйсуниши, иш куни тартибига риоя этиши ва ҳоказо мажбуриятлари бўлиши муҳимдир. Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлаётган шахс учун эса кўпинча иш куни тартиби муҳим эмас, у одатда ўзига қулай пайтда ишлайди. Унинг учун энг асосийси – ишнинг натижасини ўз вақтида топшириш!

Масалан, ташкилотга бир ҳафтадан сўнг хорижий тилга таржима қилинган ҳужжатлар тўплами зарур бўлади. Бунинг учун энг яхшиси жисмоний шахс билан фуқаролик шартномаси тузишдир. Чунки бу ҳолатда ташкилот учун натижа – ҳужжатларни аниқ кунгача таржима қилиш муҳим. Таржимон уни қачон (кечасими ёки кундузи) таржима қилишининг аҳамияти йўқ. 

Фуқаро билан фуқаролик шартномаси тузиш учун буйруқ чиқариш шарт эмас. 

Натижаларни топширишда томонлар бажарилган ишлар далолатномасини тузади. 

Меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари ўртасидаги фарқ принципиал тусга эга, чунки улар бўйича муносабатлар турли меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган муносабатлар меҳнат қонунчилиги меъёрлари билан, фуқаролик-ҳуқуқий шартноманики эса фуқаролик ҳуқуқи меъёрлари билан тартибга солинади. 

 
Меҳнат шартномаси ва фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг солиштирма жадвали 

ҲУҚУҚ, КАФОЛАТЛАР, ИМТИЁЗЛАРМЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ ШАРТНОМА
Синов муддатиБор Йўқ
Ишга жойлашиш БорЙўқ
Доимий бандлик БорЙўқ
Иш тартибиКорхонада белгиланган иш тартибига мувофиқХодим истаган вақтда 
Меҳнатга ҳақ тўлашЯрим ойда камида бир марта Иш (хизмат) бажарилган ва топширилгандан сўнг  
Меҳнат стажиБор Бор
Навбатдаги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқи Бор Йўқ
Меҳнат таътили тўловиБорЙўқ
Касаллик варақаси бўйича тўловБорЙўқ
Декрет тўловиБорЙўқ
Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари вақтида иш жойининг сақланиши БорЙўқ
Меҳнатдаги шикастланишлар учун товон пули БорЙўқ
Меҳнат муносабатларини иш берувчининг ташаббуси билан муддатидан олдин тўхтатиш учун товон пули тўлашБорЙўқ
Ички ҳужжатларга риоя этиш мажбурияти БорЙўқ
Интизомий жавобгарликка тортиш БорЙўқ
Шахсий моддий жавобгарлик Муайян тоифадаги ходимлар учун бор Фақат мулкни қабул қилиш-бериш бўйича қабул қилинган расмий далолатнома доирасида бор 
Хизмат сафарига жўнатиш БорЙўқ

Ходим билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома ўрнига меҳнат шартномаси тузиш масаласини эҳтимолий ҳал этиш вариантлари

Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома ёки меҳнат шартномаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун иш қандай тусда эканини – вақтинчаликми ёки доимий, мавсумийми (ҳосил йиғиштириб олиш, музқаймоқ сотиш ва ҳоказолар каби.) ёхуд барибир доимий тусдаги ва йил фасли ёки бошқа омилларга боғлиқ бўлмаган ишлигини аниқлаб олиш зарур. 

Агар иш доимий тусда экани маълум бўлса, иш берувчи эса ўзаро меҳнат муносабатларини фақат фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида кетма-кет узайтираверса, қуйидагича иш тутиш лозим: 

  1. фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида узоқ муддатли иш таклиф этаётган иш берувчига ишга қабул қилиш тўғрисидаги расмий ариза билан мурожаат этиш; 
  2. ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризада қайси лавозимга даъвогарлик қилаётганини, бу лавозимда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлаш муддатини, иш доимий тусда эканини, аризани кўриб чиқиш муддатини, боғланиш телефонини кўрсатиш;
  3. ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризани унинг даъвогарда қоладиган бир нусхасига имзо қўйдирган ҳолда қабулхонага (девонхонага, ходимлар бўлимига) топшириш.

Агар аризани кўриб чиқиш муддати тугаганидан сўнг меҳнат шартномаси тузиш рад этилиб, унинг ўрнига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиш таклиф этилса:

  1. иш берувчига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузишга розилик/рад этиш тўғрисида ёзма равишда маълум қилиш;
  2. розилик билдирилганда: фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузиш;
  3. рад этилганда: мазкур масалада кейинчалик фуқаролик-ҳуқуқий тусидаги шартнома ўрнига меҳнат шартномаси тузиш мажбуриятини юклаш учун иш берувчини фуқаролик судига бериш ва суд харажатларини иш берувчи тўлашидан огоҳлантириш керак. 

Кейинги мақола ҳақиқий касаба уюшмаси аслида нималиги ва уни қандай тузиш тўғрисида бўлади. 

Фейсбукдаги видео линки: https://www.facebook.com/watch/?v=1324615201329920

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 март 2019
Тошкентда 8 март куни ўтган тадбирда президент Мирзиёев йигирма саккиз нафар қизга Зулфия номидаги давлат мукофотларини топширди. Ҳали мактабни ...
25 май 2018
Кимлиги унчалик муҳим бўлмаган шахс томонидан «Менинг фикрим» ижтимоий порталида президент Мирзиёевга «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида билдирилган таклиф ...
14 сентябр 2023
Ўзбекистондан Россияга учиб келган 22 яшар Ҳасанбой Муҳаммаджонов бир кунда иккита одамнининг калласини олишга улгурди. 12 сентябр куни у Москвада ҳибсга олинди. Бироқ ...
25 январ 2021
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков боғча болаларига ҳар куни мақом ва миллий куйлар эшиттириш таклифи билан чиқди. Эндиликда мактабгача ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...