Асосий мавзулар
2 ноябр 2021

Ўзбекистондаги “диний маҳкумлар” кимлар?

2016 йилдан буён минглаб одам озод қилинганига қарамай, Ўзбекистонда яна икки мингга яқин киши сиёсий ва диний сабабларга кўра ҳамон қамоқларда қолмоқда, дейилади АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) ҳисоботида.

Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердлов томонидан тайёрланган ҳисобот яқинда озод этилган ҳамда ҳозир қамоқда қолаётган диний ва сиёсий маҳкумларнинг оила аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа экспертларнинг жами 113 та интервьюсига асосланган.

USCIRF хулосаларида шафқатсиз амалиётлар, жумладан, қийноқлар қўлланилиши, қамоқ жазоларининг ўзбошимчалик билан узайтирилиши ва янги айбловлар бўйича қайта ҳукм чиқариш ҳолатлари ҳамон давом этаётгани таъкидланган.

Бундан ташқари, баъзи маҳкумлар зўравонликсиз ҳаракатлари учун жуда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинишган, улардан айримлари 15 йилдан ортиқ жазо муддатини ўтамоқда, бир нечтаси эса 30 йилга яқин
қамоқда қолмоқда.

Озод этилган айримлари эса янги айбловлар билан яна ҳибсга олинишган. Ҳисоботда шунингдек, амалдаги тизим “бутун бошли оилаларга ва уларнинг кўплаб авлодларига” таъсир ўтказгани билдирилади.

“Ўзбекистонда диний маҳкумларнинг катта қисми зўравонлик ёки бошқа жиноий фаолиятдаги иштироки ёки алоқадорлиги тўғрисида ишончли далилларсиз, фақат тақиқланган гуруҳларга аъзоликда айбланиб, узоқ
муддатли жиноий жазоларни ўтаётгани” айтилади.

Масалан, бутун Марказий Осиёда тақиқланган, лекин Ғарбнинг кўп ҳудудларида фаолиятга рухсат этилган “Ҳизб ут-таҳрир” фундаментал, панисломистик гуруҳига аъзо бўлиш ҳар йили янги ҳибсга олишларнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.

Ҳисоботда таъкидланганидек: “Ҳукумат радикал мафкура дея ҳисобланиши мумкин бўлган тинч мусулмонлик тарафдорларига зўравонлик ёки жиноий фаолият билан боғлиқ бўлмаган, фақат уларнинг диний эътиқодига кўра зўравон экстремистлар сифатида муносабатда бўлади”.

Ҳужжатда келтирилишича, Ўзбекистон қонунлари Конституцияда кафолатланган ва мамлакат имзолаган халқаро шартномалар билан мустаҳкамланган “виждон, дин ҳамда сўз эркинлигини таҳқирловчи чекловларга йўл қўймоқда”.


Ҳисоботнинг ўнлаб саҳифалари Ўзбекистонда 1990 йиллар охиридан то сўнгги бир неча йиллар ичида қамоққа олинган 81 та диний маҳкумнинг аниқ ҳолатлари таърифига бағишланган.

Айрим маҳкумларнинг қаердалиги ва уларнинг нима сабабдан ҳибсга олингани ноаниқлигича қолмоқда. Суд жараёнида шаффофликнинг йўқлиги бу ҳақдаги маълумотларни текшириш ва тушунишни янада қийинлаштиради.

Ҳисоботда диний маҳкумларга қўйилган такрорланувчи айбловлардан ҳар бирининг батафсил тавсифи контекстда келтирилган. Масалан, “конституцион тузумни ағдаришга уриниш” айблов сифатида
қайта-қайта намоён бўлади ва Ўзбекистон ҳукуматининг қонунга бўлган муносабатини баён қилишда фойдаланилади.


Чунки бу Ўзбекистондаги тизимнинг халқаро тамойилларга қаерда зид келаётганини аниқлашга ёрдам беради. Масалан, “Ҳизб ут-таҳрир” “халифаликни тиклаш” тарафдори, лекин бу мақсадда зўравонликни қўллаб-
қувватламайди.


Шунга қарамай, унинг аъзолари қалбида Ўзбекистон ҳукуматини ағдариш нияти бўлгани сабабли тегишли қонун бўйича айбланади. Фикр билдириш жиноят саналмоқда, дея таъкидланади ҳисоботда.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги диний экстремизм муаммоси экспертлар томонидан мамлакатнинг мавжудлигига “жиддий таҳдид” сифатида баҳоланмоқда.


Хусусан, “Анҳор.ўз” сайти таҳлилчиси Абдулла Абдуқодиров “Ўзбекистон тараққиётига таҳдид солаётган туб таҳдидлар” ҳақидаги мақоласида қуйидагиларни ёзди:

“Мустақилликнинг дастлабки 25 йилида Ўзбекистон ҳукумати ва дин ўртасидаги муносабатлар баъзан исломни ўзича талқин қилувчи диний раҳбарларнинг йўналишини “тўғри йўсинга солиш” асосига қурилган эди.
Бинобарин, деобандизмни (“Толибон” ўзини деобандистик ҳаракат дея ҳисоблайди) эслатувчи, жамиятнинг маънавий етакчиси диний уламо бўлиши кераклиги ҳақидаги ислом талқини Ўзбекистоннинг айрим диний
жамоаларида қарор топган эди. Бундай вазият орқада қолиш ва жаҳолатга, яқин келажакда эса ижтимоий тўқнашувларга олиб келиши мумкин”.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 декабр 2018
Ўзбек матбуоти чоп этаётган мақолаларга ишонилса, энди ҳамма ғалласини давлатга топширишга мажбур бўладиган деҳқоннинг бошига “бахт қуши” қўнган. Маҳаллий ...
26 март 2016
«Диёнат» газетаси табиатга оқилона муносабатда бўлиш мавзуидаги мақоласида Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган балиқларга қирон келтирганларнинг жинояти фош этилгани тўғрисида ...
21 август 2023
Таниқли иқтисодчи ўзига қарши даъво қўзғатган ипакчилик уюшмасининг бу ҳаракати нима учун Ўзбекистон обрўсига хавфли эканини тушунтирди Ўзбекистонда ипакчилар ...
24 апрел 2017
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин. Телекўрсатувларда гарчи, янги ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...