Асосий мавзулар
30 ноябр 2021

Мирзиёевнинг Россияга ташрифида савдо асосий масала бўлди

Eurasianet нашри президент Мирзиёевнинг Россияга ташрифи Ўзбекистоннинг Россия етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши керакми ёки йўқлиги ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани ҳақида ёзди.

Марказий Осиё давлатлари президентлари сайловлардан сўнг стратегик муносабатлар устуворлиги ўлароқ илк расмий ташрифларини Россиядан бошлашни одат қилишган, айни анъанага содиқ қолган Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Москвада Владимир Путин билан учрашди, дейилади 22 ноябрь куни чоп этилган мақолада.

Жумладан, кун тартибига савдо алоқалари чиққани, Афғонистондаги муаммоли вазиятга эса камроқ эътибор берилгани ҳақида ёзилади. Мақолада, шунингдек, Путиннинг ўз нутқини Мирзиёевга хушомад сўзлар билан бошлагани ва яқинда мухолифатдан бирор номзод қатнашмаган сайловдаги унинг ғалабасини “ўз халқининг қўллаб-қувватлови сифатида” ифодалагани айтилади.

“Сиз ишонч билан олға илдамлаяпсиз, мамлакатни кўтаряпсиз ва натижалар бор. Одамлар буни кўряпти, ҳис қиляпти ва шунинг учун сўнгги йилларда қилган ишларингизга жавобан шундай муносабатда бўлишмоқда. Натижалар одамларнинг сизга ишонишидан далолат бермоқда”, дея иқтибос келтирилади мақолада Путиннинг нутқидан.

Мирзиёев эса сўнгги йиллардаги «илдамлаш» ҳақида гапириб, эътиборни савдони ривожлантириш масалаларига қаратган.

2021 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларни ташкил этган. Савдо мамлакат пандемиядан зарар кўрган 2020 йилдаги 5,6 миллиард долларлик суммадан кўпдир. Жумладан, президент Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг Хитойдан кейин иккинчи йирик савдо шериги бўлган Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард долларга етказилишини айтган.

Мақолада иқтибос келтирилишича, Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик форуми доирасида Россия компаниялари билан 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланган. 7,4 миллиард долларлик 141 та инвестиция лойиҳаси ва 1,6 миллиард долларлик 455 та экспорт битими шулар жумласидандир.

Мақолада қайд этилишича, иккала президент очиқ тилга олмаган мавзулардан бири Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан муносабатлари бўлган, бу Россия етакчилигидаги Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган савдо блокидир.

Россия астойдил қўллаётган бу блокка қўшилиш ёки қўшилмаслик ҳақидаги муттасил давом этган гап-сўзлардан кейин Ўзбекистон кузатувчи мақомини олган эди.

Гарчи президентлар Москвада бу масалани очиқ муҳокама қилишдан ўзларини тийишган бўлишса-да, Ўзбекистон бош вазири ўша куниёқ яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳақида иштиёқ билан гапирди.

Ҳукумат ўз техник регламентларининг кўплаб қисмини келаси йили ЕОИИ талабларига мослаштиришни режалаштирмоқда, деди Абдулла Арипов. Унга кўра, ҳужжатларни 22 та меъёрий-ҳуқуқий қоидага мослаштириш бўйича ишлар деярли якунланган, яна 26 тасини мослаштириш ишлари жадал бошланган.

Арипов, шунингдек, блокка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш кафолатини таклиф қилган ва Тошкент ЕОИИ давлатлари билан озиқ-овқат савдоси бўйича “қўшма ҳамкорлик дастури”дан манфаатдор эканини айтган.

Ўзбекистон 184 миллион кишилик ягона бозорга эга ЕОИИга қўшилиши керакми, деган савол қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, дея ёзилади мақолада ва иқтибослар келтирилади.

“Қўшилиш савдони кучайтиради, меҳнат муҳожирлари учун мақбулроқ яшаш ва меҳнат шароитларини яратади, технологиялар, сармоя ва ресурслардан фойдаланиш имкониятларини очиб беради”, дейди эксперт Равшан Назиров Eurasianet нашрига берган жавобида.

Ўзбекистон фойда кўради, чунки аъзолик “нотариф тўсиқларнинг камайиши; божхона постларининг олиб ташланиши; ташқи савдо айланмаси ошишини тақозо қилади; транзит юк нархлари тушади; транспорт ва логистика оқимлари ортади”, дейди у.

Бошқалар эса қўшилишнинг потенциал салбий оқибатларини кўрсатишмоқда. Жумладан, таҳлилчи Анвар Назиров маҳаллий ширкатларнинг анча кучли бўлган Россия фирмалари билан рақобатга дош бера олмаслигини айтади.

“Кремль Ўзбекистон 2012 йилда тарк этган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ҳам мамлакатнинг қайта қўшилишини истайди, чунки Россия Афғонистонни «Толибон» эгаллаб олганидан кейин ўзини Марказий Осиёдаги хавфсизликнинг ҳимоячиси ва кафолати сифатида кўрсатишга уринмоқда”, дейди Назиров.

Бироқ расмий Тошкент аллақачон бу фикрни рад этган. Қайта қўшилишнинг «зарурати йўқ», деган эди ўтган ойда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. Унинг сўзларига кўра, муҳими – Афғонистондан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши туриш учун “хавфсизлик соҳасида ўз коллектив ҳамкорлигимизни самарали ривожлантиришдир”.

Мирзиёев ва Путин Афғонистон ҳақида омма олдида кўп гапирмади, бу масалани фақат минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳокама қилди.

Тағин ўқинг
20 декабр 2018
Ўзбек мухолифати лидери, шоир Муҳаммад Солиҳ туғилган куни арафасида унинг Янгибозордаги туғилиб ўсган уйига дўстлари, сафдошлари, мухлисларидан иборат бир гуруҳ ...
20 октябр 2023
Дунëда энг қиммат нарса – бу одамга бўлган ишонч кредити. Банкдан қарз олмоқчи бўлсангиз сизни текшириб тафтиш қилишади, муаммоли ...
7 апрел 2020
Таниқли ҳофиз Рустам Ҳожимамедов Самарқандий 6 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан ўлгани ҳақида яқинлари маълум қилди. «Қурбон ўлам» ...
28 июн 2023
Жуда оддий эканлигини тушунтириб беришдан олдин расмий хабарни улашсам. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Навоийдаги «сайловчи» лар билан бетлашган пайтида ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...