Асосий мавзулар
31 январ 2022

«Кечир, амма!» 5-қисм. Телефон

(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми, боши ўтган сонларда)

Холли уйга келиб, диванга ëнбошлади. Мойка эгаси бўлиб бойиш орзуси унинг ҳаëлини банд қилган эди. Холлининг кўзи бурчакдаги қора эбонит телефонга тушди. Қандайдир таъма ва тушунарсиз иштиëқ билан телефонга боқди. Бу телефон ўрнатилиши билан боғлиқ тафсилотларни Холлининг сулоласидаги барча ëд билади.

1986 йили Тўлғонойдан Чехославакиядаги «Hudebni rozhledy» журнали мухбири телефонда интерьвю олмоқчи бўлади. Аммо, Тўлғонойнинг уйида телефон йўқ эди. У пайтда телефон ўтказиш учун камида 10 йил навбатда турилар эди. СССР маданият министри Петр Демичев ўша пайтда комфирқа котибаси бўлган Раъно Ҳабибовнага телефон қилиб, чехославаклар қизиқаëтган тошкентлик фортепиано муаллимасининг уйига телефон ўтказишни илтимос қилади. Ўша куни Ўз ССР алоқа министри Комилжон Раҳимовнинг ўзи қўлида телефон солинган коробка билан келиб, телефон ўтказиб кетади. Илк телефон қилган одам Петр Демичев бўлди. Комил оғани ўзи трубкани олиб «Здравствуйте, Пётр Нилович. Сказано. Сделано,» деб рапорт берди. Беш минут ўтиб, қўмфирқа котибаси Раъно Абдуллаева телефон қилиб, Тўлғоной билан гаплашди. Раъно Абдуллаева оналарча ғамхўрлик билан Тўлғонойнинг институтдаги фаолиятидан тортиб Деқонободдаги яқинларигача сўраб суриштирди.

Беҳеровка ликери

Шундан кейин Чехославакиядан мухбир телефон қилиб, Тўлғоной билан суҳбат қилди. Рус тилида бўлиб ўтган суҳбат Вивальди мусиқаси ҳақида эди. Орадан бир ой ўтиб, Чехославакиянинг Москвадаги элчихонаси ходими суҳбат эълон қилинган журналдан бир неча нусха, Вивальди асарларидан таркиб топган грампластинкалар тўплами ва бир шиша Беҳеровка ликери олиб келади. Беҳеровка ликерини Холлининг отаси Қувондиқ ака ичиб кўриб, компотга ўхшаш нарса экан дея, ортидан яна 50 та ароқ қуйиб ичганди. Хуллас, ўша тарихий телефон аппарати. Холли роппа-роса бир ой олдин 9 февраль куни бу телефон «тилга кирганини» эслади:

«Ҳа бир ой бўлди. Кошки яна аммам тушимга кириб. Эҳ Холлижон, ўша орзу қилган мойкангни сенга оберсам, хурсанд бўласанми, деб сўраса.»

Холли ўзининг таъмагирлигидан уялди.

«Йигит моли – йўлда. Ўзим ишлаб топаман. Аммамни руҳини безовта қилмай.»

Эрта гуллаган ўрик

Шу пайт телефон жиринглади. Ўша қадим замондан қолган юмалоқ гардишли қоп-қора телефон. Холли қўрқиб кетди. «Ўз орзуларингиздан қўрқинг. Бу орзулар ижобат бўлиши мумкин,» деган гапни эслади. «Наҳотки, аммам телефон қиляпти? Нариги дунëда ҳам алоқа системаси бор эканми?» Холли бориб, трубкани кўтарди. Трубкада Вивальди басталаган «йил фасллари» туркумидаги «Ëз» композицияси чалинарди. Бир оздан сўнг «Чекейте просим» («кутинг») деган чех тилида сас келди. Худди олдинги сафардагидай. Кейин яна савол жавоб. Бу сафарги саволлар ҳам худди аввалгидай бошланди. Исм. Фамилия. Аммо кейинги саволлар сал бошқача эди. Аммага ўтказилган телефон рақами қандай эди, деб сўралди. Холли бу рақамни аниқ эслайди. 55 146 40 86. Аммани интерьвю қилган чех мухбирнинг исми. «Эҳҳ исми нима эди?» Холли каловланиб қолди ва унинг кўзи девордаги ромкага тушди. Ромкаланган шиша остида «Hudebni rozhledy» журналида босилган мақола турарди. Мухбирнинг исм шарифи ҳам бор эди. «Вашек», деди Холли. Шундан кейин телефондаги одам худди олдинги каби трубкани қўйиб зарур бўлган суммани доллар эквивалентида теринг, деди. Холли трубкани қўйиб қайта кўтарди. Телефон гардишидаги 5 рақами ëзилган тешикка бармоғини суқиб айлантириб қўйиб юборди. Кейин худди шу тарзда тўрт марта ноль рақамини терди. Вивальдининг «Ëз» деган композицияси янгради. Кейин роботга ўхшаш овоз нима қилиш ҳақида батафсил инструкция берди.

Мактуб

Холли бу инструкцияни қўл телефонига ëзиб олди. Бу инструкцияга кўра Холи Туркиядаги АТВ телеканали саҳифасига кириб Kenan İmirzalıoğlu деган ўртакашга хат ëзиши керак эди. Холли олдин махсус формани тўлдирди.

Исм¸ фамилия, адрес ва контакт учун телефон. Кейин Холли ўзбек тилида мактуб ëзди. Мана Мактуб. «Муҳтарам Кенанбей, аммам тушимга кириб, Кенанбейга мактуб ëз, деди. Аслида, Аммам бир ой олдин тушимга кирган эди. Бугун аммам менга сизга мактуб ëзишимни ишорат қилди. Мана ëзиб ўтирибман. Ëзаëтиб деразадан қарасам, ўрик гуллабди. Бу йил ўрик эрта гуллади. Совуқ уриб кетмаса бўлди. Аммам раҳматли мусиқага ўқийман деб, Москва совуқларида ўпкасини шамоллатган эди.

Оқибат тузалмай ўлиб кетди. Аммам бизнинг сулолада ягона ўқимишли аëл эди. Фортепиано муаллими эди. Классик музикани севарди. Аммам ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Ўзим ҳақда ҳеч нарса деëлмайман. Ўлдирган қурбақам йўқ. Свет идорасида оддий клеркман. Тирикчилик учун эртадан кечгача баранка айлантирадиган киракаш. Кенанбей, сизга айтадиганларим шу. Хатимга жавоб қилсангиз, аммамнинг руҳи шод бўларди. Холли Бердиев. Тошкент шаҳри. 9 март.»

Хатни ëзиб бўлган Холли тугмани босиб, мактубни жўнатиб юборди. Холлининг қалбини чуқур хузун ва соғиниш қоплаган эди. Холли энди мойкага эга бўлиб бойиб кетиш ҳақида ўйламас, балки беҳудага соврилаëтган умридан афсусланарди. Зотан Холлида товушларни бир биридан ажратиш қобилияти бор. Яхшигина мусиқий ҳофизаси бор. Холли уни ўқитмаган отаси Қувондиқ акадан ранжиди.

Давоми бор

Рассом Туз

Тағин ўқинг
10 апрел 2017
9 апрел куни эрталабдан, одамлар оқими Дроттнингатан марказига интила бошлади. У ерда юз берган террор ҳужумига қарши мотам митинги ...
21 ноябр 2019
Ҳажвий хабар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлардан бири юқори лавозимли амалдор аралашуви билан ...
10 сентябр 2015
Ўзбекистон хукуматининг ОАВлари, наширётлари, воқеаларни ёритишда совет пропагандасидан қилча фарқ йўқ. Совет даврида ҳам кўзга кўринган адиб, шоир, санъаткорларни ...
13 май 2019
ДХХ тергов бошқармаси томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан олган интервьюси 13 май ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...