Асосий мавзулар
16 март 2022

Элтузга мактуб: Намангандаги солиқ амалдорларининг коррупцион жиноятлари ҳақида

Намангандаги солиқ амалдорларининг коррупцион жиноятлари ҳақида мамлакатнинг энг олий идоралари раҳбарларидан бири далил келтирганига қарамай, улар ўз фаолиятларини бамайлихотир давом эттирмоқда. 

Наманган шаҳри давлат солиқ инспекциясининг ўз исмини ошкор этилишини истамаган ходими “Элтуз”га жўнатган мактуб мазмунидан айнан шундай хулоса келиб чиқмоқда.

Мактубдан маълум бўлишича, бундан икки ой аввал Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов тор доирада Наманганда солиқ идоралари коллегия йиғилишини ўтказган. 

У йиғилиш давомида бир қатор солиқ идоралари раҳбарлари, хусусан, Наманган шаҳри ДСИ бошлиғи Аюбхон Ғайбуллаевнинг коррупцион фаолияти ҳақида далиллар билан гапирган. Ўша йиғилишда Ғайбуллаев гўёки касаллигини баҳона қилиб қатнашмаган. 

Шундан сўнг Аюбхон Ғайбуллаев Давлат солиқ қўмитаси раҳбари (ДСҚ) Шерзод Кудбиев ўтказган коллегиядан чиқариб юборилгани унинг ишдан кетиши масаласи ҳал бўлганини кўрсатганига қарамай, барчаси томоман тескари тус олган.

“Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси (ДСБ) бошлиғи Адҳам Тилаволдиев Ғайбуллаевдан қуйи лавозимга ишга ўтиш тўғрисида ариза ёзиб беришни сўради. Лекин у бош тортди. 

Бошқарма бошлиғининг Ғайбуллаев фаолиятини текшириш учун катта гуруҳ жўнатиш билан қўрқитганидан у янада ғазабланди. Биз ходимларни йиғиб, агар ишдан кетса, вилоят бошқармасидаги 20 нафар, шу йил ДСҚдан Наманган вилояти солиқ идораларини комплекс текшириш учун келган ўндан ортиқ ходим ҳисобланмасдан қолинган миллиардлаб сўм солиқни аниқлаб, актга ёзмасдан кетгани учун жавоб беришига тўғри келишини айтди. 

Булар ҳаммаси катта миқдордаги берилган пора эвазига экани, бунга бевосита вилоят ДСБ бошлиқлари ҳамда бўлим бошлиқлари боғлиқлиги билдирди”, дейди “Элтуз”га келган мактуб эгаси. 

Унинг сўзларига кўра, ДСИ ходимлари орасида Ғайбуллаев ўз лавозимига тайинланиш учун ДСБ бошғлиғи Тилаволдиевга жуда катта миқдорда пора бергани, ишдан кетадиган бўлса, бу суммани икки баробар қайтаришни талаб қилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқаган. 

Гап-сўз кўпайганидан сўнг гарчи Ғайбуллаев қатнашмаган аввалги йиғилишларда уни қаттиқ сўкаётганига қарамай, кейин “Еб қўйган бўлсак, қайтариб берамиз-да”, деб очиқ-ойдин айтадиган бўлган. 

Шу тариқа бошқарма бошлиғига Ғайбуллаев томонидан берилган поралар ва кўрсатилган хизматларнинг “иси” чиқа бошлаган. Масалан, Тилаволдиев ўзи туғилиб ўсган Фарғонада ишлаб чиқариш цехи ва боғида жуда катта молхона қурдиргани, бунда Наманган шаҳрида рўйхатдан ўтган қурилиш ташкилотлари Ғайбуллаевнинг топшириғи асосида барча ишни текин бажариб бергани ўртага чиққан.

Наманган шаҳри ДСИнинг “Элтуз”га мактуб йўллаган ходими ДСБ бошлиғи Тилаволдиев аслида илгари Андижон вилоятида Ғайбуллаев билан бирга ишлагани, пора олиш ва бериш қобилиятини ҳурмат қилиб келганини билдирган. 

Шунингдек, у Ғайбуллаев “жуда қўрс, муомала маданиятига эга бўлмаган, ходимларга қўл кўтарадиган ярамас шахс экани”, улар раҳбарнинг ғазабига учрамаслик учун барча айтганларини қилиш ва пора олишга мажбурлигини ёзган. 

Маълум бўлишича, февраль ойида ДСҚдан туманга текшириш юборилиб, Аюбхон Ғайбуллаев ишдан олинган. Лекин текширувда уни ишдан оладиган даражадаги бирорта камчилик кўрсатилмаган. Яъни у силлиққина чиқиб кетган.

“Умуман, вилоят ДСБ раҳбарларининг ўзлари энг катта порахўр бўла туриб, пора олма, ҳалол ишла, деса одамнинг ғаши келадиган бўлиб қолди. Улар ҳатто коррупцияни марказлаштиришгача бориб етди. 

Яъни порани фақат раҳбарлар оладиган тизим яратишди. Масалан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни қайтаришга масъул ходимлар 2021 йил 31 декабрга қадар пора олмаслик ҳақида Қуръонга қасам ичтирилди. 

Лекин энг ашаддий порахўрлар – ҚҚС ва камерал солиқ текшируви бўлимлари бўлим бошлиқлари, бошқарма бошлиғи ва ўринбосарлар қасам ичишмади. 

Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Бошлиқлар қайтариш мумкин бўлмаган миллиардлаб ҚҚСни қайтариб бериш учун фирмаларга ўз ставкасини қўймоқда. Бу ставка олдин 10 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 15-20 фоизга чиқди. Бунинг сабаби эса, юқорида айтилганидек, пора олишнинг марказлашгани.

Булар шу даражада тубанлашиб кетдики, пора миқдорини кўпайтириш учун ҳатто Аллоҳнинг каломини ўртага қўйиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланяпти”, дейилади мактубда. 

“Элтуз”га мактуб йўллаган ДСИ ходими юқорида келтирилган маълумотлар вилоят солиқ идораларида рўй бераётган ишларнинг мингдан бири экани, бу ҳолат ички хавфсизлик бўлими ходимларига ҳам маълум экани, аммо ДСБ бошлиғи Адҳам Тилаволдиевнинг босими остида улар ҳам жим ўтирганини қўшимча қилади. 

У раҳбариятнинг бундай “қабиҳ ишлари оддий ходимлар фаолиятига ва обрўсига ҳам таъсир кўрсатаётгани”ни таъкидлаб: “Солиқ тизимидан ўз манфаати йўлида бизнес сифатида фойдаланадиган раҳбарлар президент сиёсатига қарши бораётган давлат хоинлари эмасми”, дея риторик савол қўяди.

“Элтуз”

PS: Агар солиқ идоралари ушбу мақолада келтирилган маълумотлар юзасидан фикр билдиришни истаса, “Элтуз” бунинг учун минбар беришга тайёр.

Тағин ўқинг
11 декабр 2017
9 декабрдан Тошкент шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларини табиий газ тармоғидан бутунлай узиш бошланди. Газ идораси назоратчилари кафема-кафе юриб, уларнинг ...
14 декабр 2020
Тошкентдаги COVID-19га чалинганлар учун махсус қурилган Зангиота-2 шифохонасидаги касаллар ярмига қисқаргани айтилмоқда. «Беморлар камайгани» сабабидан шифохона ходимларининг ойлиги камайтирилган. ...
20 ноябр 2020
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳақ талаб қилгани (ҳужжатларда – “жамоат тартибини бузгани”) учун уч кунлик маъмурий ҳибсга ...
21 май 2018
Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги йиғилишда 19 май куни сўзлаган нутқида, kun.uz нашрининг иқтибос келтириб билдиришича, президент Мирзиёев Ўзбекистон учун ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...