Асосий мавзулар
11 апрел 2023

Оғилхонада яшаётган оила, қуёш батареяси ва Мобиузнинг ўрнатилмаган антеннаси – EP68

Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидан келган. Эътиборингизга тақдим этмоқчи бўлганимиз дастлабки мурожаатни Қашқадарёнинг Мачай қишлоғида яшаётган камбағал аёл жўнатган. У эри ўлиб кетгани, ногирон келини билан оғилхонада яшаётганини айтмоқда, мактуб видео  видеомурожаат тарзида президент Мирзиёевга йўлланган.   

“Мен – Жумагул Норбўтаева, Қашқадарё вилоятидан мурожаат йўллаяпман. Бу ерга Мачай қишлоғидан 43 йил аввал келин бўлиб келганман. Хўжайиним вафот этган. Ёлғиз боламнинг топгани рўзғорга етмайди, келиним эса туғма ногирон. Ногиронлик нафақаси тайинланиши учун уни шифокорларга олиб боришга ҳам қурбимиз етмаяпти. Камбағал аҳволда кун кўряпмиз. Қўлимиз калталигидан оғилхонада яшаяпмиз. Гоҳида одамлардан нон тиланиб юраман. Туман ҳокимига кўп марталаб борганман. Қаршига ҳам бир неча бор қатнадим. Аммо бизга кўмак беришмаяпти. Ҳурматли Президент ота, сиздан кўмак сўрайман! Қолган беш кунлик умримни яхшироқ шароитда ўтказай деган орзум бор…”

Навбатдаги мактубни Ички Ишлар вазирлигида ишловчи ходимнинг хотини ёзган. У эрининг иш билан бўлиб ўз турмушидан узоқлашиб кетгани, бунинг оқибатида боласини ярим етимга чиқариб қўйишганини ёзмоқда. 

«Ассалому алайкум Элтуз оға. Мен бир ички ишлар ходимининг турмуш ўртоғиман. Турмуш ўртоғим ички ишлар вазирлигда ишлайди. 

Бугун жуда ҳам ёмон кайфиятдаман. Катта фарзандим мактабдан келиб, чидаб бўлмас даражада гап айтди. Менга жуда оғир ботди. Фарзандимни етимлар рўйхатига киритиб қўйишибди. Менга ойи бир томонлама етим нима дегани деб савол берди. Мен унга отаси ёки онаси йўқларни шунақа дейишади деб айтдим. Фарзандим менга нега унда мени шунақа рўйхатда ўқишди деб сўради. Аъзойи баданим титраб кетди. Ўқитувчиси билан гаплашдим ва ойдинлик киритдим. Фарзандимни синфдошлари турмуш ўртоғимни бирор марта хам кўрмаган экан, ўқитувчи хам. Ўқитувчиси синфдошларидан сўраганида дадаси йўқ, биз кўрмаганмиз, деб жавоб беришган экан. 

Бу билан нима демоқчиман.

Ҳурматли ва қимматли ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов…

Мен ёлғиз она бўлиб қолдим. Чунки турмуш ўртоғим умуман кундалик турмушимга қарашмайди. Фарзандларимни ёлғиз ўзим катта қилаяпман. Эрталаб тонг саҳарда чиқиб кетиб, кечаси соат 22:00 дан кейин келади. Фарзандларим отасини кўрмайди. 

Уйимизда адашмасам икки ой аввал байрам бўлиб кетди. Турмуш ўртоғимни бунақа хурсанд кўрмагандим. Сабаби, интернетларда ички ишлар вазири алмашади деган мақолалар чиқди. Турмуш ўртоғим жудаям хурсанд эди, янги вазир келса, янги тартиб жорий қилинади деб. 

Илтимос, сиздан вазир жаноблари хеч бўлмаса якшанба кунлари дам беринг. Бечора болаларимнинг отаси борлигини қўшниларим кўрсин. Сиз ва сиз раҳбарлик қилаётган тизим оилалар кушандасига айланиб бўлди. Сиз болаларимизнинг отасини тирик етимга айлантириб бўлдингиз. Болаларимизни ота меҳридан жудо қилдингиз. Майли хозир вазирдирсиз, ҳали охиратда болаларни ота мехридан жудо қилганингиз учун худонинг олдида жавоб берасиз. 

Мен ёлғиз ўзим болаларни тарбиялашда уларга қарашда қийналишимга сиз ва сиз рахбарлик қилаётган тизим сабабчи. Бозорга ҳам ўзим бораман, уйда рўзғор ишларини ҳам ўзим қиламан, фарзандларимни айлантиришга ҳам ўзим олиб чиқаман ҳамма нарсага ўзим югураман. 

Шунақанги асабийки гап гапиргани қўрқади одам. Яхши дам олмай, доим асабий юради. Билмадим яқинда жинни бўлиб қолса керак деб ўйлайсан. Энг қизиғи кичкина фарзандим отасини танимайди. Менку битта ички ишлар ходимининг аёлиман, ҳали бунақа аёллардан қанча бор экану…

Яхшиям вазирликда ишлайди. Ички ишлар вазирлигининг номи улуғ, сурпаси қуруқ эканда. Вилоятлардаги аҳвол бундан хам баттар бўлса керак. Ҳурматли вазир жаноблари авваллари 12 йилда пенсияга чиқиларди энди 20 йилда чиқади пенсияга. Песиядан кейин ҳам яшашини ўйланг ходимларингизни. Оиласига керак бўлади деб ўйлайсизми. 

Тизимни ислох қилиш керак ва конституцияга шуларни хам қўшиб қўйиш керак деб ўйлайман.»

Кейинги мактуб Бухоронинг Олот туманидан. Ота оналар Эсабой қишлоғидаги мактаб қурилиши тўхтаб қолгани учун болалар мактабга бора олмаётганидан ташвиш билдиришмоқда. 

“Қурилиш ишлари ҳали тугалланмади, болалар мактабга бора олмаяпти”

 “Бухоро вилояти Олот туманидан мурожаат қиляпмиз. Бойбўри МФЙ Эсабой қишлоғида жойлашган 58-мактабда қурилиш бошланган эди, аммо қурилиш ишлари ҳали тугалланмади. Қурувчидан сўрасак, маблағ йўқлиги учун қурилиш бўлмаётган экан. Болалар мактабга бора олмаяпти. Қурилиш тезроқ якунланcа эди…”» дейди мактуб эгаси:

Кейинги мурожаат Фарғона вилоятаридан. Мактуб қуёш батареялари учун ажратилган кредитлар билан боғлиқ муаммолар юзасидан.

«Ассалому алайкум Элтуз оға. Мен Фарғона вилоятидан мурожаат йўллаяпман. 

Яшил энергия манбаларини хонадонларга ўрнатиш бўйича Президент қарори чиқди, банклар 15% кредит бера бошлади, лекин бу кредит бериш узоққа чўзилмади. Бизнинг қишлоқда электр токи кўп ўчади шунинг учун уйимга 3 КВТ бўлган Қуёш электр энергияси мини стансияси ўрнатиш учун кредит олгани микрокредит банкка борсам кредит фоизи 24% дейишди, бошқа банкларга борсам уларда кредит лимити тугапти. Нахотки Фарғона вилоятидаги банклар учун президент қарори ишламаса нимага энди тугайди лимит?  Ахир президентимиз хоҳловчиларга кредит ажратинглар дейишди.»» дея ёзади Фарғона вилояти турғуни Элтуз порталига. 

Ва ниҳоят эътиборингизга ҳавола қилинажак сўнгги мактуб Жиззах вилоятидан. Мактуб эгаси ваъда қилинган Мобиуз антенна мачтаси ўрнатилмай келинаётганидан ташвиш билдирмоқда.  

 “Жиззах вилояти Фориш тумани Элобод қишлоғида Мобиуз компанияси томонидан антенна мачтаси ўрнатилиши керак эди. 2022 йил 1 августда Телеграмда эълон қилинган мурожаатга Фориш тумани ва Жиззах вилоят ҳокимликлари расмий муносабат билдириб, антенна мачтаси 2022 йил  охиригача қуриб битказилишини маълум қилган эди. Аммо у ҳали ҳам ишга туширилмади. Мобиуз Жиззах вилояти техник директоридан сўрасак, пудратчилар ишни қилмаяпти деди. Ушбу масала қачон ҳал қилиб берилар экан?”

Биз эса ушбу сўнгги мактуб Мобиуз антенналари орқали ўз эгаларига етиб боради деган умидда кўрсатувимизга якун ясаймиз. Кўрсатувимизга келаётган изохларда кўпинча биз билан қандай боғланиш. Қандай қилиб бизга мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида сўрашади. Билмаганлар учун яна бир бор эслатамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлишни унутманг.  

@eltuz

Тағин ўқинг
8 феврал 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 2023 йил, 7 феврал, 31-сонини тақдим этади. Видео: https://youtu.be/_2y4TWkDvgI
5 апрел 2023
Дастлабки тергов натижасига кўра, бу 4 нафар ўзбек қашшоғи Сурияда одам сўйиб террорчилар қўлида шотир бўлган.  Индонезия полицияси бригадаси ...
15 январ 2024
Президент Мирзиёев 12 январ куни Ҳавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўзбек медияси учун миллий контент яратиш зарурати ҳақида гапирди. «Биз Ўзбекистон ...
4 ноябр 2022
Рассом Туз: Азиз оға-ини, опа-сингил, қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Матчон Суқилиш: Ничиксизлар! мўччи ойбика ҳам хўжик ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...