Cатира
8 май 2023

Мирзиёевнинг янги муддати, Россия фитнаси ва синдирилган ҳайкал – 600’43

Қадрли мухлислар, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги 8 май сонини тақдим этади.

Ўзбекистонда 9 июл куни муддатидан олдин президент сайлови ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 9 июлида Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув якунида Мирзиёев мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилган эди.

У муддатидан илгари президент сайлови ўтказиш қарорини янги конституция қабул қилингани билан изоҳлади.

У «қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани»ни урғулади.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман?

Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда.

Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.

Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.

Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда», дея Мирзиёевнинг нутқидан иқтибос келтирмоқда президент матбуот хизмати.

“Сайлов Кодекси”нинг 66-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, муддатидан илгари президент сайлови президент уни эълон қилганидан кейин 2 ой ичида ўтказилиши керак.

Олий мажлис юқори ва қуйи палаталарига сайловлар учун эса 3 ой муҳлат берилган.

+++

Бўйнига давлат байроғи шаклидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан кўрилган жазо бекор қилинди. Бош прокуратура аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланилган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланди.

5 май куни Қашқадарёнинг Қамаши туманида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ноқонуний қарор қабул қилинган эди. 

+++

Шу куни Салимбойвачча 73 ёшини нишонлади. Бойвачча минган мошина атрофидан инс жинсларни қочириш учун исириқлар тутатилди.

+++

Аҳмоқликнинг чеки йўқ. Бугун Украинада гўдакларни ўлдираëтганлар рус армияси шарафига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 9 май куни мушакбозлик ўтказар экан порохни бекорга харж қилиб. Ўриспарастларни Қодирийлар руҳи урсин. Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Элбек, Ботуларни шу қизил армия жаллодлари ўлдирган эди. Айни пайтда 8 ва 9 май кунлари Берлинда Совет ва Россия байроғи ва Совет уруш рамзларини олиб юришга  суд тарафидан таъқиқ қўйилди. Суд Берлин шаҳрида Украина байроқларини кўтариб юриш жоизлигини алоҳида таъкидлаган. 

+++

Ижтимоий тармоқларда Тошкент аҳли вакиллари таниқли ҳайкалтарош Дамир Рўзибоевнинг асарини синдириб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалиб, турли хил эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Миробод тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, санъат асари сифатида тақдим этилаётган ушбу ҳайкаллар вақт таъсирида ўз муқимлигини йўқотган, қолаверса ҳайкалларнинг яхлит эмаслиги, пирамида шаклида бир-бирининг устига қўйилган ҳолатда жойлангани қулаб тушиш хавфини юзага келтирган.

Бу эса шу ҳудудда яшовчи аҳоли, хусусан, болаларнинг хавфсизлиги учун қайғураётган аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган.

“Ижтимоий тармоқлардаги айрим манбалар иддао қилганидай бу ўринда ҳеч қандай диний масала мавжуд эмас”, дейилади хабарда.

Келтирилишича, ҳайкаллар ҳайкалтарошга болалар учун ижод мактаби ташкил этиш мақсадида ажратилган ҳудуд сотиб юборилганда, яъни тахминан 1,5 йиллар олдин кўп қаватли уйнинг олдига олиб чиқилган. Ўша вақтдан буён асар эгаси ҳамда аҳоли ўртасида ҳайкалларни бошқа жойга олиб кетиш бўйича ўтказилиб келинаётган муҳокамалар ҳеч қандай натижа бермаган.

“Шу ўринда, хабарни эълон қилган ижтимоий тармоқ вакилларидан оддий ижтимоий масалани диний келишмовчиликка айлантиришга уринишдан, омонат ҳайкалларни UNESCO бутунжаҳон мероси объекти деб тан олинган ҳайкалларга тенглашдан ва фарзандлари хавфсизлигини ўйлаётган фуқароларни радикалликда айблашдан тийилишни сўрардик”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз Дамир Рўзибоев асарлари дунё каталогларига кирган Ўзбекистондаги бармоқ билан санарли машҳур ҳайкалтарошлар сирасига киради.

+++

Украинани обрўсизлантириш учун Россия Федерацияси Европада сохта митинглар уюштирмоқда. Бу ҳақда Франциянинг Le Monde, Норвегиянинг NRK, Швециянинг SVT va Германиянинг Cуддойче цайтунг, Вестдойча Рундфунк нашрларининг биргаликда ўтказилган суриштирувида очиқланди . 

Ижтимоий тармоқларга қўйилган постларда Париж, Брюссел ёки Гаагада Украинага ва ёки НАТОга қарши митинглар кўрсатилгани айтилади.  

Le Monde ва унинг ҳамкорлари қўлга киритган ҳужжатлар уларни Россия Федерацияси режалаштирганини кўрсатади. 

11-феврал, шанба куни Париждаги Республика майдони одамлар билан гавжум. Минглаб намойишчилар пенсия ислоҳотига қарши тўпланишди.  Оломон орасида учта эркак ажралиб турибди. Улардан бири катта ҳарфлар билан ёзилган: «Европа Иттифоқи ва АҚШ Украинадаги урушни молиялаштиришни тўхтатинг» деган плакатни ушлаб турибди. 

Орадан бир ой ўтмай, 5 март куни ўша одам Парижнинг 18-округидаги Сен-Пьер майдонида турарди. Бу сафар у Украина байроғи рангидаги баннерлар олдида фашистлар саломини ижро этмоқда. Баннерлардан бирига: “Эрдўғон,  зилзила россиялик сайёҳларни қабул қилиш натижасидир” деб ёзилган. Биринчи ҳолатда бўлгани каби, буларнинг барчаси камера билан суратга олинади ва кейин Файcбук, ТикТок ва Ютубда эълон қилинади. 

Le Monde бир нечта Европа пойтахтларида бир хил тартибдаги ўндан ортиқ акцияларни кузатишга муваффақ бўлди. Ҳар гал эфирга узатиладиган хабарлар Украина,  Европа Иттифоқи ёки Туркияни обрўсизлантиришга қаратилган. Ижтимоий тармоқларда бир хил псевдо-норозичиларни ва бир хил постларни топамиз. 

Суриштирув натижаларига кўра, бундай ҳаракатлар ҳақида маълумот чоп этувчи бир нечта ижтимоий тармоқ аккаунтлари Россияда яшовчи хорижликларга тегишлидир.  

Журналистлар билан суҳбатда улар аккаунтларига ҳужум бўлгач  профилларини ўчириб ташлашганини айтганлар. 

+++

Айни пайтда Чехияда Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариб ташлаш бўйича биринчи ташаббус пайдо бўлди. 

Россия расман террорчи ва халқаро қидирувда бўлган ҳарбий жиноятчи томонидан идора қилинаётганини ҳисобга олсак, бу мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳалиям ўз курсисига эга эканлигини изоҳлаб бўлмайди.  

+++

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Путиндан “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати ўрнига Бахмутга чечен махсус кучларининг “Ахмат” бўлинмаларини юборишни расман сўраганини маълум қилди. 

«Мен Россия Федерацияси Олий Бош қўмондони В. В. Путин номига Ахмат бўлинмаларини Артёмовск (Бахмут) шаҳрига кўчириш бўйича кўрсатма беришни сўраган хатни имзоладим. Хат аллақачон юборилган»,  – дейилади хабарда.  

Мактубда президентга Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Миллий гвардия раҳбари Виктор Золотовга Бахмутга Ахмат бўлинмаларини юбориш ва у эрда «Вагнер» ваколатларини топшириш тўғрисида буйруқ бериш сўралган. 

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин куни кеча Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовдан ўз қисмларини ўқ-дорилар билан таъминлашни талаб қилган, акс ҳолда, 10 майгача «Вагнер» қўшинларини Бахмутдан олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилган эди. 

+++

Бу сўнгги 600 секунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, Каналларимизга обуна бўлишни унутманг.

@eltuz

Тағин ўқинг
7 август 2023
Элтузнинг Навоийдаги мобил мухбирига кўра, видеодаги аёл Навоий шаҳар «Умид» МФЙ, И.Каримов кўчаси 88а-уй, 54-хонадонда яшовчи Ахмад-Охунова Гулнора Ҳақбердиевна ...
12 август 2018
«Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бироз юмшайди. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон ...
30 август 2018
Каримов даврида Ўзбекистонда концерт фаолияти тақиқланган Россиялик қўшиқчи Иосиф Кобзон 30 август куни 80 ëшида ўлди. Ўзбекистонда “криминал авторитет” ...
28 май 2018
Тошкентдаги “Малика” маиший техника бозори ўтган ойда 15 кунга ёпиб қўйилган пайтда ошкора норозилик билдирган тадбиркорлардан дўконлари олиб қўйилаётгани ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...