Асосий мавзулар
21 сентябр 2023

Бобо Сароий: «Кўз ўнгимизда»ги ёлғонлар…

Мустақилликнинг 32 йиллиги байрами арафасида  “Ўзбекистон-24” телеканалида Навоий кон-металлургия комбинати  АЖ га қарашли Жанубий кон бошқармасида амалга оширилаётган “оламшумул” лойиҳаларни мадҳ этувчи “Кўз ўнгимизда…” сарлавҳали кўрсатув намойиш этилди.

Бу юзадан Элтуз обуначиси бўлган ўзини Бобо Сароий дея танитган маҳаллий журналист ўз муносабатини билдирди. Қуйида унинг матнини эътиборингизга тақдим этамиз

КЎЗ ЎНГИМИЗДА…

 Нафсиламбирини айтганда, бу кўрсатувндан бирон-бир маънавий қониқиш олиш ёки янгилик ва ислоҳотлар  ҳиссини туйиш амру маҳол. Негаки, унда баён этилган гаплар, фикрлар айтилавериб, аллақачон сийқаси чиқиб кетган, десам янглишмаган бўламан. Чунончи, кўрсатувда баланд пафос билан таъкидланган рақамларнинг таг-замини жуда бўш эканлигини соҳадан йироқ кишиларгина билишмайди, холос. Масалан, кўрсатувда Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантиришнинг 2017–2026 йилларга мўлжалланган Дастурига биноан ҳозиргача 19 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 14.000 та янги иш ўрни яратилгани алоҳида таъкидланади. Холбуки, ўша хужжатда  шу йиллар мобайнида 3 миллиард долларлик 30 та  йирик инвестиция  лойиҳаси ўзлаштирилиши ва 31.000  янги иш ўринлари яратилиб, корхонада ишловчилар умумий сонини 100 000 тага етказиш вазифаси  белгиланган эди. Амалда нима бўлаяпти? Кўриб турибсизки, 7 йил ўтаётган бўлса-да, белгиланган вазифаларнинг ярми ҳам бажарилмаган. Қолган 3 йилда Дастурдаги барча лойиҳалар амалга оширилиб, яна 17 мингта янги иш ўринлари яратилишига ким кафолат беради?

Дастур қабул қилинган кезларда корхонада  70 мингга яқин ишчи-хизматчи ишлаган. 2022 йилга келиб уларнинг сони 54 мингтагача қисқарди. Ўтган йили Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси трансформация қилиниб, учта мустақил ташкилотга бўлинди ва “Навоийуран” корхонасига 7 минг, “Навоий кон-металлургия комбинати” Жамғарма давлат муассасига 9 минг нафар ишчи-хизматчи ажралиб чиқди. Оқибатда акциядорлик жамиятига айланган корхонада 40 мингдан нари-бери ходим қолди. Энг ачинарлиси, уларнинг сафида олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган  кўплаб ёш мутахассислар, ишчилар 0,25 ва 0,5 ставкада ишлаб аранг кун кечиришаётганини жамоатчилик   билмайди. Бояқишлар қачондир омад кулиб боқиши ва тўлиқ иш ставкасига ўтишни кутиб, барча қийинчиликларга  бардош беришаяпти. Бу ҳолат корхона маъмурияти томонидан ходимлар умумий сонини сунъий равишда кўпайтириб кўрсатишга уруниш эмасмикан, деган ўринли саволни юзага келтиради.

Кўрсатувда намойиш этилган яна бир рақамни таҳлил қилайлик. Мутахассис берган маълумотга кўра,  “Зармитан” конида  2011 йилда  650 минг тонна маъдан қазиб олинган. 2022 йилга келиб бу кўрсатгич 864 минг тоннага етган, яъни  33 фоизга кўпайган. Бинобарин, маъданлардан ажратиб олинадиган қимматбаҳо металл миқдори ҳам шунга мос равишда 33 фоиз кўпайиши лозим эмасми? Аммо  кўрсатувда бу рақам 21 фоизга ошгани айтилди! Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганлари шу-да! Чунки мана шу рақамнинг ўзиёқ “Ўзбекистон-24” телеканали довруғини достон қилган Жанубий кон бошқармасига қарашли конларда ишларнинг мақтанарли даражада эмаслиги, техника ва технологиялар эскириб кетгани, техник-иқтисодий асосларга риоя этилмаётгани туфайли самарадорликнинг пасайиб кетганидан яққол далолат беради. Бинобарин, худди шу  муаммолар телевидениедан сал илгари “ELTUZ” порталида эълон қилинган  “Тошботиров устига қулаган тош ёхуд Жанубий кон бошқармасига  қарашли ер ости конларида ишлаш ўта хатарли экани хусусида” сарлавҳали танқидий мақолада чуқур  таҳлил қилинган эди. Унда ишлаб чиқариш жараёнларидаги технологик қусурлар, ишга қабул қилишдаги таниш-билишчилик, непотизм ва порахўрлик иллатлари, энг даҳшатлиси, ер ости шахталарида рўй бераётган фалокатлар сабабли ҳар йили ўнлаб навқирон йигитлар нобуд бўлаётгани ёритилган ва сўнгги пайтларда  “сариқ иблис” қурбонига айланган 19 нафар ёш йигитнинг   исм-шарифлари келтирилган эди. Жумладан, жорий йилнинг 27 июнь куни, “Ўзбекистон-24” мухбири репортаж олиб борган шахталарнинг биридан, майинтепалик икки йигит– 20 ёшли Тўрабеков Исмоил ва 23 ёшли Облақулов Шохрухнинг кон техникаси ғилдираклари остида мажақланган мурдаси олиб чиқилди. Яқинда эса бу қайғули рўйхатга тош уюмлари остида қолиб бедарак йўқолган қўшработлик 23 ёшли йигит Абдурашидов Сахобиддин Комил ўғлининг исми-шарифи қўшилди. Ер қаъридаги фалокат қурбонига айланган йигитнинг онаси Меҳригул Юнусова “ўғлимнинг жасадини шахтадан олиб чиқишга ёрдам беринглар”, дея ёлвориб бош урмаган  идора қолмади ҳисоб. Бемаҳал жигарбандидан ажралган муштипар онанинг оҳу–фарёдидан тоғу тошлар ларзага келяптию, аммо, унинг айтишича, “Зармитан” кони бошлиғи Хуршид Норматов, Жанубий кон бошқармаси директори Толлибой Юлдашев, Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Қувондиқ Санақулов ва бошқа масъуллардан садо чиқмаяпти. Гўё ўзга бир сайёралик қандайдир йўллар билан шахтага кириб олгану ҳалокатга учраган, бунга уларнинг ҳеч қандай  дахли йўқдек, пинагини ҳам бузишмаяпти.

          Хуллас, мана шу мудҳиш воқеалар туфайли аҳоли ва жамоатчилик  назарида Жанубий кон бошқармасига нисбатан негатив таассуротлар шакллана бошлади. Ижтимоий тармоқларда танқидий чиқишлар пайдо бўлди. Қудратли ва номдор корхонанинг таянч нуқталаридан  бири теварагида пайдо бўлган бундай  нохуш таассуротлар, табиийки, зоҳиран вазмин кўринган Акциядорлик жамияти раҳбарияти, хусусан унинг Ахбарот хизматини ботинан безовта қилмасдан қўймади. Оқибатда тобора кескинлашиб бораётган ижтимоий фикрларни сал бўлса-да юмшатиш мақсадида “Ўзбекистон-24” телеканалига мурожаат қилингани аниқ. Синалган эски ҳамкор  эса, ҳар галгидек, мақтовларни қалаштириб  маддоҳликни жойига қўйди. Албатта, текинга эмас-ов?!

          Халқимизда ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деган нақл бор. Афсуски, телекўрсатув ижодкорлари бу пурмаъно ҳикматни эшитишмаган кўринади. Акс ҳолда бир –бирига қовушмайдиган рақамларни қалаштириб ташламаган бўлишарди. Масалан, ”Зармитан” конида  ҳар йили 750 минг тонна, ”Ғужумсой  конида  650 минг тонна, Ўрталикда 250 минг тонна  маъдан қазиб олинар экан. Барини жамласак, 1650  минг тонна келиб чиқади.  4-ГМЗ мутасаддиси эса йилига 2 миллион тонна маъданни қайта ишлаяпмиз, деб кўкрак ураяпти. Хўш, шундай экан, 350 минг тонна маъдан осмондан тушяпдими, бунга ким изоҳ беради? Ёки кончиларга яратилган инфраструктура ҳақида гапирган аёлнинг сўзига қаранг: бу ерлар илгари чангалзор бўлган эмиш. Э, отангизга раҳмат, илгари бу ерлар жунгли  эди, ёввойи одамлар яшар эди, демаганингизга, шукур. Акс ҳолда бу жойларни кўрмаган, билмаган телетомошобинлар нима деб ўйлашарди? Модомики, посёлканинг ўрни илгари қандай бўлгани, қандай ўсимликлар ўсганини томошабинга етказиш шунчалик муҳим экан, мухбир шу ерда туғилиб ўсган маҳаллий аҳоли вакилларидан сўраши керак эди. Улар ҳеч бир уйдирмасиз, бу ерлар муқаддам лалми ғаллазор, бир томони қўй- қўзилар  боқиладиган яйлов   эди, деб айтган бўларди.

Телекўрсатувнинг бизга маъқул жиҳатлари ҳам  йўқ эмас. Хусусан, унинг “Кўз ўнгимизда…” деб номлангани  кўп нарсани тушуниб олишга хизмат қилади. Чунки, ўзбек тили грамматикаси қоидаларига кўра, тугалланмаган гап, тугалланмаган фикр охирига, жайдари тил билан айтганда, мужмал, думи хўржиндаги, бир қайнови ичида  қолган гаплар охирига уч нуқта қўйилади. Бунда ўқувчи савиясига қараб тегишли сўзларни қўшиб ўқийвериши мумкин. Масалан:

Кўз ўнгимизда…ёлғон!

Кўз ўнгимизда… таниш билишчилик!

Кўз ўнгимизда … коррупция!

Кўз ўнгимизда…непотизм! Ва ҳоказо.

Бу маҳаллий журналист Бобо Сароийнинг “Ўзбекистон-24” телеканалида намойиш этилган Навоий кон-металлургия комбинати АЖга қарашли Жанубий кон бошқармасида амалга оширилаётган лойиҳаларга оид “Кўз ўнгимизда…” кўрсатувига билдирган муносабати эди. Муаллиф ўз мақоласини бошқа ОАВ ёки интернет-сайтларга юбормаганини, Фақат бундан  бир ой илгари НКМК Ахборот хизматига жўнатиб, эътирозларинг бўлса, айтинглар деганини билдирди. Унинг ёзишича улардан ҳозиргача ҳеч қандай  муносабат билдирилмаган, чамаси айтадиган гапни топа олишмаган кўринади.

Элтуз мутасадди идоралардан муаллифнинг юқоридаги фикрларига муносабат кутади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.

Тағин ўқинг
18 январ 2019
Президент Мирзиёев мамлакатнинг хорижда музлатилган коррупция пулларини қайтариш ва чет эл сармояси киритишга жаҳд қиларкан, тағин Ўзбекистоннинг олдинги президенти ...
21 июн 2022
Элтуз таҳририяти шу йилнинг 23 февраль куни эълон қилинган “Алламжонов 4.2 млн $ тиллани чегарадан қандай олиб ўтди?” сарлавҳали ...
14 феврал 2024
Тергов жараёнидан хабардор инсайдерларнинг айтишича, диний блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) тергов олди суриштирувида терговчилар билан фаол ҳамкорлик ...
16 сентябр 2023
Элтузга етиб келган маълумотларга кўра, Андижон шаҳар марказидаги Қаландархона МФЙ Бухоро кўчасида “Смарт Панел Ҳамкор” МЧЖ фирмаси 5 йил ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...