Асосий мавзулар
15 ноябр 2023

Радарга тушган «Тез ёрдам» ва кўчат суғораётган «ҳокимият вакиллари» – ЭП107  

Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз ва навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Андижон вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят Юнусобод туманидаги Биллур маҳалласи атрофида тўпланган чиқинди ахлатлар юзасидан.

«Ассалому алайкум Элтуз. Сизга мурожаатим етиб боради деган умиддаман. Чунки бу мурожаат билан ҳатто «Екология» га ҳам ариза ёзгандим. Аммо натижа кўриб турганингиздек – 0.

Кўриб турганингиз расмда Юнусобод тумани, «Биллур» маҳалласида жойлашган 460 – мактабгача таълим муассасасининг олдидаги ҳолат акс этган. Фарзандим шу боғчада тарбияланади. Ҳар куни эрталаб айнан шу ахлатхонанинг олдидан ўтаман боғчага қўйиш учун. Бурнимни ёпиб ўтсам ҳам димоғимга келаётган хиддан ўқчимай илож йўқ. Қизимни гуруҳидаги дераза ҳам айнан шу томонда ва ман ҳар куни ўйлайман. Бизку кунда икки марта ўтамиз бу жойдан, аммо фарзандларимиз шу ҳаводан нафас олишяпти. «ЖЕК» га айтинг дейишди. Улар тозалашади, аммо фаросатсиз инсонлар яна аҳлат ташлаб, дарахтларнинг атрофини мусорга тўлдиришяпти.

Яқинда Экология вазирлиги мумкин бўлмаган жойларга ахлат ташлаганларни штрафга тортаётгани, камералар қўйишаётгани ҳақида ўқигандим

Ва Экология вазирлигига мурожаат қилдим. 15 иш кунида кўрамиз дейишди аризангизни. Беш кундан кейин телефон қилиб «Опажон биз сиз айтган жойни ўргандик, бизнинг ваколатимизга кирмайди камера қўйиш. Майли, бир марта тозалатиб берамиз дейишди.» Ва тушундимки юқорида ёзганим, Экология вазирлиги қилаётган ишлар ғирт ёлғон экан. Камига менга сиз бўлди, аризам қониқарли тарзда ҳал қилинди деб ёзиб, имзо қўйиб беринг ва ҳокимиятга телефон қилинг уларнинг ваколатида аризайиздаги муаммо» деса бўладими!» дея куйинади юнусободлик Элтуз обуначиси.

Навбатдаги мактуб Сурхондарё вилоятидан. Элтуз порталига Халқ депутатлари кенгаши ва ҳокимият вакиллари мурожаат қилишмоқда. Уларни баклажкаларда ва шахсий машиналарида кўчатларни суғоришга мажбур қилишаётган экан.  

“Бизлар Халк депутатлар кенгашидан ва хокимият вакилларимиз. Сурхондарё вилояти Термиз тумани  М-39 йўл ёқасида “Яшил макон” дастури бўйича кўчатлар экаяпмиз. Албатта, кўчат экиб, ҳудуд обод қилингани яхши. Аммо туман ҳокимияти бизларни мажбуран баклажкада сув ташитиб, кўчатларга қуйдиряпти. Суғориш учун катта маблағ эвазига тортилган қувурлардан негадир сув чиқмайди. Баклажкада қуйилган сув билан дарахт кўкарадими?

Бир кунда 10-15  рейс шахсий машина билан сув ташиймиз, харажат қиламиз. Бизга туман ҳокимияти машина харажатларини қоплаб бермайди. Нимага керак бу кўзбўямачилик? Ахир, Президентимиз кўчат экишда кўзбўямачиликка йўл қўймаслик ҳақида топшириқ берди-ку. Мутасаддилар ҳолатни назоратга олишларини илтимос қиламиз”.

Биз ҳам Халқ депутатлари ва ҳокимият вакилларидан ҳолатни назоратга олишларини сўраймиз. Кейинги мактубни радарга тушган тез ёрдам ҳайдовчиси ёзмоқда. У ҳодиса “Бемор олдига кетаётганида содир бўлгани»ни айтмоқда.

“Сирдарё вилояти Оқолтин тумани тез ёрдам хизмати ҳайдовчисиман. Жорий йилнинг 24 октябр куни чақирувга кўра, иситмалаётган бемор олдига кетаётганимизда, соатига 94 км тезликда радарга тушибман. Шунга кўра 330 минг сўм жарима белгиланибди. Бемор ҳузурига тезроқ етиб борайликми, ё жарима сабаб секин юрайликми? “Тез ёрдам” машиналари ўз номи билан беморларга тез ёрдам кўрсатиши талаб этилади. Масъуллардан буни  инобатга олишларини сўраймиз. Ҳолат юзасидан Президентимиздан кўмак кутиб қоламиз” дея ёзади тез ёрдам ҳайдовчиси.

Кейинги шикоят ҳам автомобил ҳайдовчисидан келган. Андижонлик обуначимиз йўллаган видео мурожаатдан маълум бўлишича, Андижон шаҳрида асфальт ўпирилиши натижасида йўлда чуқурча хосил бўлган, унинг “Матиз” автомобили эса шу чуқурга тушиб, пачоқланган.

Ва ниҳоят сўнгги бешинчи шикоят мактубини очамиз. Тошкентлик тадбиркор Достон Норимонов ёзмоқда. Унга тегишли озиқ овқат савдосига мўлжалланган автоулови ободонлаштириш идораси томонидан олиб кетилган. У мулкий ҳуқуқи ҳимоя қилинишини, савдо автоулови қайтарилишини талаб қилмоқда.

“Мен – Достон Норимонов, 2023 йил 9 сентябрдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман. Шу кунга қадар 10 нафар фуқарони иш билан таъминлаб келаётган эдим. Жорий йилнинг 10 октябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Исроилов ва тизим масъуллари фаолиятимизни ноқонуний деб даъво қилиб, кўчма савдо автоуловимиз (фоод трак)ни суд қарорисиз ва туман комиссияси ҳужжатисиз олиб кетмоқчи бўлишди. Биз улардан суд қарори ва бошқа ҳужжатларни  сўраганимизда, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 13 июлдаги 1043-сонли қарори ва “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасини асос қилиб кўрсатишди. Ушбу қонун ва қарорларда кўчма савдо тақиқлангани кўрсатилмаган. Уларда муҳофаза ҳудудида сув хўжалиги объектларидан ташқари ҳар қандай қурилиш тақиқланиши белгиланган бўлиб, биз қурилиш қилмаганмиз. Буни тушунтирганимизда, Каналлардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва ходимлари бизни калтаклади. Шу заҳоти 102 га қўнғироқ қилдик.

17 октябр куни Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси раҳбар ва ходимлари бизни хабардор этмай кўчма савдо автоуловимизни олиб кетишди. Эндиликда мулкимизни қайтариб беришмаяпти. Бу ҳақда прокуратура ва ички ишлар органларига ёзма равишда мурожаат қилдик. Мулкий ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинишини сўрайман” дея ёзади Тошкентлик тадбиркор Элтуз порталига Ва бу сизга бугун ўқиб эшиттирганимиз бешта мактубнинг сўнггиси эди.

Кўрсатувимизга келаётган изохларда кўпинча биз билан қандай боғланиш. Қандай қилиб бизга мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида сўрашади. Билмаганлар учун яна бир бор эслатамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.  

Тағин ўқинг
18 март 2022
Ижтимоий тармоқларда «Асалхоней» номи билан танилган 30 яшар блогер Асал Хўжаева ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ...
31 октябр 2015
Шуҳрат Бобожон Eltuz.com Шоҳ Бобур ўз она ватани ҳақида ëзар экан “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши ...
24 март 2020
Коронавирус карантини боис ҳукумат 24 мартдан бошлаб Тошкентга кириш ва чиқишни номаълум муддатга тақиқлади. «Ўзбекистон темир йўллари» ва Uzbekistan ...
17 ноябр 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Қашқадарёдан Косон туманидан. Одамлар 11 кундан бери сувсиз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...