Асосий мавзулар
23 июл 2024

Тутқунликдаги Украиналик болалар ва ўзбек асири озод этилди – 600’60

Тутқунликдаги 12 нафар бола Украинага, ўзбек асири эса Россияга қайтарилди, Фаластинга репарация тўлови белгиланди, Бахти Ташкентскийнинг шерикларидан бири ўлди ва бу 600 секунд

Украинадаги омбудсман Дмитрий Лубнетснинг хабар беришича, 12 нафар болалар қариндошлари билан Россиядан Украина назорати остидаги ҳудудга олиб ўтилди. Оилалар Россия босиб олган Донецк, Запарож ва Херсон вилоятларида яшаб келишган. Уларга мажбуран Россия фуқаролик паспорти берилган, тиббий ёрдам ва ижтимоий кўмак кўрсатилмаган. Ота-оналар Россия босқини остида психологик босим, қийноқларни бошдан ўтказганини айтишди. Мактабларда “русский мир” шиори остида пропаганда дарслари ташкил қилинган. Украина ушбу оилаларга зарур гуманитар, тиббий ва ижтимоий кўмак кўрсатмоқда.

+++

Украиналик сиёсатчи Ирина Фарион суиқасддан кейин шифохонада вафот этди. Филология фанлари доктори бўлган собиқ Олий Рада депутати Ирина Фарионга 19 июл куни суиқасд қилинган. Жиноятчи Львов шаҳрининг Масарик кўчасида собиқ депутатнинг бошига қарата ўқ узган. Қотил воқеа жойидан қочишга улгурди. Ирина Фарион 2012-2014 йилларда Украинада рус тилини тақиқлаш ғоясини илгари сурган депутат эди.

+++

Россиялик аскар яраланган шеригини ўлдирди. Воқеа Работино қишлоғи яқинида содир бўлган. Видеони Россия пропагандаси Украинага қарши қўллаб аскар Украин ҳарбийси деган маълумотни тарқатди. Бироқ “Система” дея аталувчи тафтиш лойиҳаси аскар Россия армиясидан эканини аниқлади. Ҳарбий камуфляж кийган уч киши дрон видеосида акс этади. Дрон зарбаси улардан бирини йиқитади. Яраланган аскарнинг сафдоши унинг бошига қарата ўқ узиб, йўлида давом этган.

+++

Белгия Украинага катта пул ўтказмаси тайёрламоқда. Маблағ Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан амалга оширилади. Украинага 1 ярим миллард евро бериш мўлкалланган. Бундан ташқари 836 миллион евро корпаратив солиқ пуллари ҳам Украинага йўналтирилади. Бу солиқлар 2024 йилнинг биринчи ярми давомида Россия активлари билан ишлаш натижасидаги даромаддан олинган.

+++

Халқаро Гаага суди Исроилнинг Фаластин ҳудудини эгаллаши ва у ерда аҳоли яшаш жойларини ташкил қилганини ноқонуний ҳаракат дея баҳолади. Исроил Фаластин ишғоли учун репарация тўлаши кераклиги белгиланди.

+++

Саудия Арабистони эса Фаластин номини мактаб дарсликларидан олиб ташлади. Янги ўқув йилига мўлжалланган география ва тарих дарсликлардаги хариталардан Фаластин номи олиб ташланди. Бу хабар мактабда тинчлик ва маданий бағрикенгликни мониторинг қилиш институти томонидан эълон қилинди.

+++

Россиянинг Геленжик курорт ҳудудидаги 100 дан ортиқ кўчаларда электр энергияси таъминоти тўхтади. Линиялардаги авария 18 июл куни содир бўлган. Чироқсиз қолган кўчалар сони кескин ортган. Шаҳар маъмурияти аҳолидан электр-энергияни тежаб ишлатишни сўрамоқда.

+++

19 июн куни Windows операцион тизимида глобал носозлик юзага келди. Турли мамлакатлардаги авиаширкатлар, телерадиокомпаниялар ва банклар Windows тизимидаги носозликлар ҳақида хабар берди. Берлин, Мелбрун ва Сидней аэропортларидаги юк олиш жараёнида техник муаммолар юзага келди. Айни муаммолар Амстердам ва Лондон аэропортларида ҳам кузатилди. Британиянинг Скай Ньюс канали ҳам Windows носозлиги сабабли эфирни тўхтатди. Носозлик айнан Windows операцион тизимида юз берганини Кровд Страйк компанияси тасдиқлади. Глобал носозлик сабабидан Microsoft акциялари нархи 3 фоизга тушиб кетди.

+++

Жо Байден шу йил ноябрда бўладиган президент сайловида қатнашмаслигини маълум қилди. Америка ОАВ ларига кўра, президентлик сайлов пойгасида демократлардан вице президент Камала Ҳаррис иштирок этиши ҳақида хабар тарқатилди. Сайловга қадар Байден ўз лавозимида қолиб, Президентлик вазифаларини бажаришда давом этади.

+++

Украинада асирга тушган Алишер Турсунов Россияга қайтарилди. Турсунов Россияга 17 июл куни қайтарилган — шу куни Украина ва Россия “95 га 95” шаклида ўзаро асир алмашишган эди. 57 ёшли Алишер Турсунов ўзининг асирга тушгани ҳақида айтиб берган видео Элтузда намойиш қилинган эди. Ўз мурожаатида Турсунов армияда хизмат қилиш шартномасини мажбуран имзолагани, бунинг учун унга пул, паспорт ва ҳарбий билет ваъда қилинганини айтган. Унинг иддаосича, шартнома имзоланганидан кейин уни полигонга олиб боришган ва ўша ерда у уч кун давомида махсус тайёргарликдан ўтган.

+++

Гулистон шаҳар Дўстлик маҳалласидаги “Давр маркет” дўконида вояга етмаган шахс сотувчидан QR кодли чек талаб қилгани учун сотувчи унинг юзига тарсаки урди. Ушбу ҳодиса ортидан дўкончи назоратга олинди.

+++

Аналитик Анар Костенко таҳлилига кўра айни дамда Ўзбекистонда доллар миллионерлари сони 100 минг атрофида бўлиши керак. 2022 йил Ҳиндистонда 850 минг нафар доллар миллионери борлиги аниқланган. Эроннинг айни йилдаги кўрсаткичи 250 минг эди. Ўзбекистонда доллар миллионерлари сони ортиб бормоқда – шу билан бирга аҳолининг бой ва камбағал қатлами орасидаги жарлик ҳам кенгаймоқда.

+++

Шофирконда 11000 АҚШ долларига соф қуйма олтин бўлагини сотаётган шахслар ушланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шофиркон туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда икки нафар шахс бошқа икки шахсга оғирлиги 154,3 грамм бўлган 1 дона соф қуйма олтин бўлагини 11 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

+++

“Бахти Ташкентский” шерикларидан бири – “Шукур пятно” вафот этди. Элтуз инсайдерларига кўра Бахтиёр Қудратуллаев билан судланганлардан бири – 60 ёшли Шукурали Қурбонов суд ҳукми ўқилганидан бир кун ўтиб, вафот этган. Тошкент вилоятининг Янгибозоридан бўлган Шукурали Қурбонов Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбланиб, 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган эди. Вафот этган Шукурали Қурбонов ишда Бахтиёр Қудратуллаевдан кейинги иккинчи фигурант ҳисобланган.

+++

Бахти Ташкентскийнинг меросхўри 11 йилга қамалди. Бахти Ташкентский билан судланаётган икки ўғлидан бири – Бекзод Зафаров 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бекзод Зафаров отасининг ишларини давом эттирган ва унга бевосита шерик бўлганлиги айтилмоқда.  Бекзод Бахтиёрович бир неча бор кўчада юриш-туриш қоидаларини бузганликда огоҳлантирилган. Отаси қамоққа олингач унинг ҳам бошқа кирдикорлари ошкор бўлган. Меросхўрга фирибгарлик, ўлим билан таҳдид қилиш, товламачилик каби бир қатор айблар қўйилган.  У жазони умумий колонияда ўтайди. Олдинроқ Элтуз Бахти Ташкентскийнинг 20 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди.

 +++

Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов тадбиркорлик объектини буздириб ОАВга ёлғон хабар сиздирди. Яшнобод туманида «Ғалабанинг 40 йиллиги» бекати қулаб тушган. Маҳаллий ОАВлар воқеа тунда содир бўлганлиги сабабли ҳеч ким зарар кўрмаганини таъкидлашган. Шунингдек, туман ҳокимлиги ўрнатган ушбу бекатнинг 3 кун ўтиб қулашига сабаб устунлар мустаҳкам қўйилмаганида деган хабар тарқатилган. Лекин воқеа жойидаги гувоҳлар кўрсатмаси блогерлар ва журналистлар хулосасидан фарқ қилади. Бу хабарлар ёлғон эканини шу бекатда иш юритган тадбиркор ҳам тасдиқлади. Ҳокимлик тадбиркордан жой учун 600 АҚШ доллари пора талаб қилган – ёш тадбиркор пора беришга рози бўлмагач, уни 3 кун қамаб қўйиб бекатни бузиб юборишган.

+++

Швеция пойтахти Стокҳолмда бӯлиб ӯтган миллатлараро футбол мусобақасида Ӯзбекистон жамоаси Польша, Украина, Қозоғистон ва бошқа жамоалар устидан ғолибликни қўлга киритиб фахрли иккинчи ӯринни эгаллади. Швецияда жами ӯн олти  жамоа иштирок этган халқаро беллашувда биринчи ӯрин Танзаниялик футболчиларга насиб этди.

Бу 600 секунд эди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг.

Тағин ўқинг
25 феврал 2020
Шу куни уйқуга ётиш эълон қилинганидан сўнг тахминан тунги соат 2 гача ухлолмадим. Антоненконинг аслида ким эканлиги ҳақда бош ...
8 март 2022
Қозоғистон мухолифати лидери Мухтор Аблязов Фейсбук саҳифасида 7 март куни Россия коммунистлари лидери Зюгановнинг навбатдаги шовинистик чиқиши ортидан қуйидаги ...
9 апрел 2024
Хатлар келишда этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ва суперраҳмат тугмачасини босиб канални моддий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...