Ёлғон ваъда, бузилаётган масжид ва бухороликлар кўзёши – ЭП181
Элтуз порталига хатлар ёғилишда давом этмоқда. Сўнгги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро ва Наманган вилоятларидан келган. Эътиборингизга тақдим этиладиган дастлабки мактуб Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан. Элтузда чоп этилган шикоят юзасидан муаммо ечилди дея расмийлар нотўғри хабар беришгани иддао қилинмоқда. Эски ҳаммом, эски тос.
«Ассалому алайкум Элтуз, Сизга Хоразм вилояти Гурлан тумани 51-кўп қаватли уйдан мурожаат қилмоқдамиз. Ўтган сафар сизга мурожаат қилгач, бир қанча маъсуллар келиб, масалани ҳал қилдик, деб ёлғон маълумот беришди, подвални бошқа томонини расмга олиб, кўз бўямачилик қилишди. Яна ўша ҳол, эски ҳаммом эски тос бўлиб ётибди, энди бу сафар уйимизга тушаётган ёриқларни ҳам қўшиб ўтмоқчимиз. Маъсуллар қачон бу муаммога виждонан ёндашишади? Қувурлар умуман талаб даражасида эмас, дамда ёрилиб сув оқмоқда, фасадлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, даҳшат. Подвалдаги канализация суви туфайли подвалда ҳар хил ҳашоратлар пайдо бўлди.» дея ёзишмоқда гурланликлар.
Бухоронинг Кўксаройида ҳам айни аҳвол. Кўп қаватли уйлар бир йилдан буён таъмирсиз қолмоқда.
«Бухоро шаҳар Кўксарой МФЙдаги янги кўп қаватли уйлардан бир йил олдин уй олган эдим.
Ҳали подъездлари тайёр эмас, лифт ўрнатилмаган, ички йўлакчалар абгор аҳволда. Ахлат ташлаш учун жойлар мавжуд эмас, болалар майдончаси номигагина қилинган.
Топширилганига анча бўлган бўлишига қарамай, ҳали ҳануз қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаяпти. Нимага Халқни қийнаётган масалага парда ортидан қараляпти. Қурувчиси «Алишер Нилуфар» МЧЖ. Қабул қилувчи ташкилотлар қурувчи мажбуриятини бажармаган бўлса ҳам қабул қилган домни.
Ваҳолангки домни сотаётганда лифт, болалар майдончаси, авто тураргоҳ ва бошқа шароитлар қилиниб берилиши ваъда қилинган.
Тегишли ташкилотлар муаммони ҳал қилиб беришларини соʻраймиз.» Дея ёзмоқда Кўксарой турғуни.
Кейинги мактуб ҳам Бухородан. Янги масжид қуриб, эски мачитни бузишмоқчи.
ЭП: “Халқ кўмагида қурилаётган масжид бузиб юборилмасин”
“Салом элтуз админлари! Бухоро вилояти Жондор туман Пўлоти маҳалласидан мурожаат йўллаяпмиз. Маҳалламизда Мустақиллик шарофати билан чет элларга кетиб қолган юртдошимиз Абдужалил Маданий Туркистоний ҳомийлигида масжид қурилиб ишга туширилган эди. Ўша масжид атрофида 2021 йил Рамазон ойида янги замонавий масжид қурилиши бошланди. Халқ кўмагида қурилиб ишга туширилаётган масжид қайсидир раҳбарга ёқмай қолиб бузилмоқда. Юртимизда тарихий қадамжоларни обод қилиш, масжидлар барпо этишга катта эътибор қаратилмоқда. Аҳоли номидан ушбу масжид сақлаб қолинишини сўраймиз” дея ёзмоқда Жондор турғуни.
Навбатдаги мактуб Намангандан. Чиқинди полигонидаги ёнғин бир ойдан бери бартараф этилмаяпти
“Ассалому алайкум Элтуз! Наманган вилояти Чортоқ тумани Кушан қишлоғидан мурожаат йўллаяпмиз.
Қишлоғимиздаги чиқинди полигонида чиқинди ёқиб юборилган. “Свалка”даги ёнғин бир ойдан бери бартараф этилмаяпти. Экология идораси ва бошқа мутасаддилар ҳолатга эътибор қаратишини сўраймиз” дея ёзмоқда Чортоқлик фуқаро.
Ва бегунки сўнгги мактуб Бухоронинг Ғиждувон туманидан. Маҳалла яқинида сассиқ гўнг уюми йиғилган.
“Бухоро вилояти Гʻиждувон тумани Миракон маҳалласидан мурожаат ё‘ллаяпмиз. Маҳалламизга киришда, Қарчиғайдан қайтишда 40-50 метр жойда мол гўнги йиғилган. Нохуш ҳиддан одамнинг кўзига ёш келади. Маҳалла аҳли номидан шу ҳудудни ободонлаштириб беришларини илтимос қиламиз” дея кўзёш тўкишмоқда ғиждувонликлар қўланса ҳид аччиғидан.
Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мурожаат эди. Яна бир бор эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда каналимиз обуначилари сони 676 мингдан ошди. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг. Соғ бўлинг.