Қўшнисидан зиён кўрган қашшоқ ва сигирсиз қолган бева – EP189
Нотўғри ишлаётган банк тизими, қўшни уйга зиён етказаётган иморат ва уриб қолинаётган газ баллон. Ниҳоят Элтуз порталига келаётган шикоят мактубларини ўқиш навбати етиб келди. Мурожаатлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб Сурхондарё вилоятидан. Ўнқир чўнқир йўллар машина ва пиёдалар ҳаракатини қийинлаштирмоқда.
Бу ҳолат машиналар ва пиёдаларга оғирлик қилаяпти
“Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани Оқжар маҳалласидан мурожаат қиляпмиз. Маҳалламиз ички ё‘лларига тош ётқизилганди. Ўтган куз-қиш мавсумидаги ёғингарчиликдан кейин катта тошлар чиқиб, йўл ўнқир-чўнқир бўлиб кетди. Бу эса машиналар ва пиёдалар ҳаракатини қийинлаштиряпти. Ушбу масала юзасидан туман йўллардан фойдаланиш корхонасига мурожаат қилганимизда, “Биз йўл текислаш тракторини ободонлаштириш ташкилотига ҳашарга берганмиз, ички йўллар билан улар шуғулланади” деган жавобни олдик. Ободонлаштириш идорасига бориб, масъулларни топа олмадик. Ҳолат юзасидан амалий кўмак кутиб қоламиз”.
Кейинги мактуб Жиззах вилоятидан, Банкда электрон навбат тизими тўғри ишламаяпти.
Банкда навбат устида жанжал чиқмоқда
“Асакабанк”нинг Жиззах вилояти филиалида кузатилаётган ҳолат юзасидан ёзмоқдаман. Электрон навбат тизими тўғри ишламаяпти. Соат 9:00 да навбат олган эдим, соат 17:00 гача кутдим, лекин навбатим келмади. Шу сабаб мижозлар ўртасида жанжал ҳам рўй бермоқда. Банк соҳаси мутасаддилари ҳолатга эътибор қаратса яхши бўларди”.
Навбатдаги мактуб Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан. Тўлдирилаётган газ баллонларидан 2-3 кило уриб қолинмоқда.
Газ баллонлардан уриб қолишяпти
“Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани газ идораси суюлтирилган газ тарқатиш бўлими ходимлари номидан мурожаат қиляпмиз. Туман аҳолисига суюлтирилган газ баллон тарқатамиз. Баллонлар Яккабоғ туманида жойлашган хусусий газ тарқатиш шохобчаси орқали тўлдириб берилади. Тўлдирилаётган газ баллонлардан 2-3 кило уриб қолиняпти. Баъзи хонадон эгалари баллонларни тортиб оляпти, вазни кам чиқса, бизга эътироз билдиришяпти. Шундай ҳолатларда аҳоли маломати ва норозилигига учраяпмиз. Туман газ идораси раҳбарларига аҳоли эътирозларини етказдик, лекин фойдаси бўлмади. Республика “Ҳудудгаз” АЖ раисидан мурожаатимизни эътиборга олишини илтимос қилиб қоламиз”.
Кейинги мактуб ҳам Қашқадарёдан. Электрдан қарздор дея сигири олиб кетилган аёл электрдан қарзи йўқлигини даъво қилмоқда. Бундан илгари унинг боласини машина уриб кетиб нобуд бўлган, эри ҳам ўлиб кетган…
Сигири олиб қўйилган бечора аёл
“Қашқадарё вилояти Косон тумани Раҳимсўфи МФЙ Бўстон маҳалласидан такрор мурожаат қилмоқдаман. 2024 йил 22 сентябр куни Раҳимсўфи МФЙ раиси ва туман МИБ ходими келиб, электр энергиядан қарзинг бор деб, тинчимни бузиб, фарзандларимни қўрқитиб бир бош сигиримни олиб кетган эди. Мурожаатимдан сўнг электрдан қарзим йўқлиги маълум бўлди. Маҳалла раиси ва МИБ ходимига тегишли чора кўрилишини сўрайман”.
Сўнгги мактуб эгаси бойвачча қўшниси шиферига тақаб баланд уй қургани, орада масофа қолдирмагани сабаб шиферлари ёрилиб кетганини иддао қилмоқда.
Қурилишда шаҳарсозлик талабига риоя қилинмаяпти
“Бир бойвачча уйим ёнида катта иморат қуряпти. Орадан масофа ҳам қолдирилмаган. Шаҳарсозлик талабига риоя қилинмаяпти. Оқибатда уйим деворлари ва шиферлари ёрилиб кетди. Ҳокимлик ва архитектура бўлими чора кўрмаяпти. Инсоф билан қилиш керак-да! Ҳали қишда нима бўлади? Қурилишга масъул идоралар ҳолатни назоратга олишини сўрайман”.
Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мурожаат эди. Уларни сизга Ўзбекистондан Оймомахон ўқиб берди. Яна бир бор эслатамиз, Элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифа шаклида очилган. У ерга хатлар учун махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда ютубдаги каналимиз обуначилари сони 686 мингдан ошди. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз спонсорлик тугмаларини, Суперчат, супер стикер ва супер рахмат тугмачасини босинг.
Eltuz – Ўзбекистон ва ўзбекларнинг сиёсий кайфиятини акс эттирадиган майдон. Канал ҳомийси бўлинг ва сиз эксклюзив бонусларга эга бўласиз. Батафсил маълумот: / @eltuz