Cатира
26 октябр 2017

Жинсий “комплимент”

Октябрь ойида жинсий зўравонликлар Ғарб мамлакатлари оммавий ахборот воситаларида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланди.

Ўзбекистонда эса аксинча, бу ҳақда арз қилган аёл шикояти учун жазоланиши мумкин.

Nuz.uz нашри Қашқадарёда юз берган воқеа ҳақида мақола чоп этди. Унда ёзилишича, аёлнинг жинсий шилқимлик ҳақидаги аризасини текшириш учун борган комиссия бу ҳолатни «хушомад», яъни «комплимент», деб баҳолаган. Суд эса аёлни туҳматчига чиқариб, жаримага тортган.

Можарога Шаҳрисабз ароқ-вино заводида иш юритувчи бўлиб ишлайдиган аёлнинг юқори турувчи ташкилот – «Ўзвиносаноатхолдинг» раҳбариятига ёзган аризаси сабаб бўлди. Аризасида у кабинетда ёлғиз қолганида корхона директори С.Рўзиев унинг билагидан ушлаб, «Тошкентга бирга дам олиб келиш»га таклиф қилганини билдирган.

Аслида С.Рўзиев заводга директор бўлиб келганиданоқ аёлнинг эътиборини қозонишга ҳаракат қилиб келган. Охир-оқибатда эса юқоридаги каби сурбетликка борган.

Бу таклифни қатъий рад этган аёлнинг шикоят аризасини текширгани келган комиссия эса С.Рўзиевнинг хатти-ҳаракатларини «хушомад қилиш» сифатида баҳолаган.

Аёлнинг Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаати ҳам эътиборсиз қолдирилди.

Бундай вазиятда унинг ўз шаънини ҳимоя қилиш ҳаракатидан қайтмаслигига кўзи етган директор «энг яхши ҳимоя – ҳужумдир» нақлига амал қилиб, аёлни туҳматчиликда айблаб судга берди.

Суд эса аёлни бир зумда жавобгарга айлантириб, унга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлаш жазосини тайинлади.

Эътибор қаратиш мумкин бўлган жиҳат шуки, судда даъвогарнинг гувоҳи сифатида қатнашган туман хотин-қизлар қўмитаси вакилининг ҳам ўзининг асосий вазифаси – хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни «эсдан чиқариб», «жабрдийда» эркакнинг тарафида бўлгани тушунарсиз.

Шунингдек, ишни судда кўришга тайёрлаган профилактика инспекторининг даъвогар эркакнинг гувоҳларини кўрсатиб, аёлнинг гувоҳларига эътибор қаратмагани ҳам шубҳали.

Бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам ишхоналарда аёлларга «хушомадгўйлик» қилиш иллати чуқур илдиз отган.

Аммо инсон ҳуқуқлари қарор топган давлатларда бу каби хатти-ҳаракатларга қонуний баҳо берилади. Аксар ҳолларда аёлнинг шаъни ҳимоя қилинишига эришилади.

Голливуднинг машҳур продюсерларидан бири бўлмиш Харви Вайнштейннинг кўп йиллар давомида аёлларга қилган «хушомад»лари бугун унинг тақдирида салбий бурилиш ясагани сўзимизнинг исботидир.

Ўзбекистонда эса бир аёлнинг ўз шаънини қонуний ҳимоя қилиш ҳаракатлари унинг ўзининг айбдор сифатида баҳоланишига олиб келгани ҳали мамлакатда жинсий зўравонликка қарши курашиш ибтидоий даражада эканидан далолат беради.

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 сентябр 2018
2 сентябрь куни милиция бўлимига чақирилган тошкентлик интерьер дизайнер ва блогер, 41 ёшли Миразиз Аҳмедов уйидан чиқиб кетганича ҳануз ...
20 декабр 2023
Мана бу тарихий суратни эслайсизми? «Ҳудудгазтаъминот»нинг кишанланган Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Музаффар Алиев. Унинг қўлига кишан солишни кимсан ўша ...
13 май 2016
Варшава циркининг Тошкентдаги гастроли чоғида циркда томоша кўрсатаётган филлар қутуриб, томошабинларга ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Воқеани ўз кўзи билан ...
18 ноябр 2016
Абдулла Ориповнинг вафоти халқимизнинг севимли шоири сўнгги вақтларда норасмий тақиқ остида яшагани, бундан бир қанча вақт илгари «Озодлик» радиоси ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...