Ўқитувчи ва тиббиёт ходимларидан ташқари ҳамма пахтага чиқади
Андижон вилоятида оммавий пахта йиғим терими ҳали бошланмаган бўлса-да, 10 сентябрь куни бюджет ишчи-хизматчиларининг дастлабки гуруҳи 10 кунлик ётоққа пахта далаларига жўнатилди.
Аммо олдинги йиллардагидан фарқли ўлароқ, ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқариш ҳақида ҳозирча айтилмаяпти.
Пахта терими олдидан Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда жорий йилда 18 ёшга тўлмаган ёшлар, умумтаълим мактаблари ёки бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари, тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этилмаслик айтиб ўтилганди.
Андижон вилояти ҳокимлигида ишловчи манбанинг айтишича, бу мавсумда ўқитувчи ва тиббиёт ходимларидан ташқари барча корхона-ташкилот ишчи-ходимлари пахта теримига жалб этилади.
Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ёшлар иттифоқига катта масъулият юклатилади.
Ҳозирча маориф соҳасидан биронта ҳам ишчи-ходим пахтага чиқиши ҳақида гап-сўз бўлаётгани йўқ. Аммо кўпчилик мавсум ўрталарига келиб, барибир “ихтиёрий ташаббус” ниқоби остида пахтага олиб чиқилишлари мумкинлигидан хавотирга тушмоқда.
Хамма пахтага!
МФЙ раислари ва котиблари, мутахассис ва маҳалла отинойилари маҳаллаларда уйма-уй юриб, пахтага яхши ҳақ тўланишини айтиб, фуқароларни пахта теримига чиқишга чақирмоқда.
Оммавий ахборот воситаларида пахта терими ихтиёрий эканлиги, мажбурий меҳнат аломатлари кузатилса, ишонч телефонларига телефон қилиш мумкинлиги айтиляпти. Аммо корхона-ташкилотларда ишчи-ходимлардан бориш-бормаслиги сўраб ўтирилаётгани йўқ. Навбати билан пахтага борадиганлар рўйхати тузиб бўлинган.
Пахтага оммавий сафарбарлик 15 сентябрдан бошланиши айтиляпти. Савдогарлар, тадбиркорлар, бозорларда савдо-сотиқ қилувчи деҳқону баққоллар маъмурият томонидан пахта йиғим-теримига ҳисса қўшишлари кераклиги айтилиб, тайёргарлик кўриш ҳақида огоҳлантириляпти.
Теримчиларга тўланадиган ҳақларнинг оширилганига қарамай, на маҳаллий ҳукумат, на бошқаларнинг бу йилги мавсумда пахта теримига кўнгилли равишда чиқувчиларни топишга ишончи бўлмаяпти.
Eltuz.com