Cатира
8 апрел 2019

“Ҳамкасблар”дан эҳтиёт бўлинг!

Сўнгги кунларда ўзбек журналистикаси ҳаётида иккита диққатга сазовор воқеа юз берди. ЎзТВ журналисти Мавжуда Мирзаева бу муассаса ҳақида танқидий фикрлар билдиргани учун раҳбариятнинг қатағонига учради. Кекса журналист Маҳмуд Саъдий эса “XXI аср” газетасида босилган мақоласи учун халқ таълими вазири томонидан судга тортилди.

Бу воқеалар ўзбек журналистикасининг икки юзини кўрсатиш асносида унинг ҳали ҳам қатъиятсиз эканини намойиш этди.

Мавжуда Мирзаевага ўз фикрларини билдириш учун минбар берган AzonTV онлайн телеканали бу иши сабаб O‘zbekiston24 телеканали раҳбариятидан узр сўради. Бунинг устига, унинг интервьюси эфирга узатилишига масъул бўлган ходимларига интизомий жазо берганини ҳам эълон қилди.

Яқиндагина ҳукумат амалдори Наргиза Раҳимова (Саидова)нинг “исломни ҳақорат қилгани учун узр сўраши”га имкон бериш мақсадида минбарини кўтариб чопган телеканал бошқа бир ҳамкасбининг фикрлари учун узр сўраб юрибди.

Худога шукур, Мавжуда Мирзаеванинг ҳимоя қилиб чиқаётганлар уни қоралаётганлардан кўпроқ экан.

Таниқли журналистларимиздан бири ўз ҳамкасби ҳимоясига чиқиб, ЎзТВ раҳбариятига: “Олдин Мавжудадан олган 3 минг долларни қайтариб беринглар, кейин сизлар билан бошқача гаплашамиз”, дея мушт кўрсатди ва “Ҳаммаларингнинг орқаларинг тоза эмас”, деганга ўхшаш дағдаға билан чиқди.

Бу ёқда кимсан вазир саксонни қоралаган журналистни жазолашга жаҳд қилиб ётибди.

Кўпчилик амалдор нишонига тушган журналистни ҳимоя қилиш ҳаракатига қўпган бир вақтда кутилмаган зарба яна ҳамкасбларидан келиб тушди.

Ўзбек сайтларидан бирида “Маҳмуд Саъдий билан турли йилларда бирга ишлаган “ҳамкасблари” номидан” унинг ўзи “одам эмаслиги” ҳақида мақола босилди.

Улар ҳозир гап Маҳмуд Саъдий шахси хусусида эмас, сўз эркинлиги ҳимояси ҳақида бораётганини ёки англамайди, ёки буни истамайди.

Айтмоқчимизки, Маҳмуд Саъдий шахс сифатида қандай одам бўлмасин, унинг айтган фикрлари йўқотган мавқеини эндигина тиклашган уринаётган ўзбек журналистикасининг мавжуд ҳокимият томон бир саси эди, ҳали халқнинг чинқириғига айланмаган бир сўзи.

Бу сасга жавобан амалдор томонида туриб қарсак чалаётган ўша “ҳамкасблар” ким экан? Ислом Каримов кийдирган жўбани ечишни истамаётганлар эмасмикин улар?!

“Ўзбекистонда мансабдор шахслар устидан истаганча иғво қилиш имконини берадиган қонун-қоида йўқ, улардан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳам олиб ташланмаган”, дея иддао қилмоқда “ҳамкасблар”.

Аввало, “ҳамкасблар” ўз ҳимоясига олишга уринаётган вазир Шерзод Шерматов ҳозирги ҳукуматдаги журналистлар учун энг очиқ амалдорлардан бири бўлгани билан “тилло” бўлмаслиги мумкин-ку.

Қолаверса, хорижий сармоядорларни ярим миллион долларга туширган фирибгар тўда ишида ўша вақтда инновацион ривожланиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаган бу амалдорнинг ҳам исми қалқиб чиқмоқда.

Бу иддаолар қанчалик тўғрилигига кафолат бермаймиз, аммо Ўзбекистоннинг коррупция рейтингидаги ўрни, шунча йиллардан буён урчиб келган қонунсизлик тенденциялари, адолатсизликдан ҳайқираётган халқ нидолари кўп нарсалардан дарак беради.  

Айтмоқчи бўлганимиз, ўзбек журналистикаси энди-энди сал-пал қаддини кўтармоқда. Амалдорлар эса осонликча бунга имкон бермайди. Чунки имкон берган сари уларнинг орқаси очилиб бораверади.

Шундай экан, айни пайтда журналистларнинг касбий бирдамлиги биринчи ўринда турмоғи керак. Ҳокимият вакиллари эса ҳар доим ўзини ҳимоя қилиш йўлини излаб топиш қудратига эга.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 июн 2022
Телефон қўнғироқлари, туҳмат кампаниялари ва шахсий ташрифлар: Давлат хавфсизлик хизмати ўзбекистонлик журналистларни қандай қўрқитмоқда? Бу Ўзбекистон журналистларига нисбатан ДХХ ...
11 июн 2024
Коррупцияга ботган ўзбек кадастр тизими. Пуфаклар, ракеталар ва киберхужумлар   – БУ 600 СEКУНД +++ Кадастр Палатасининг Қибрай тумани филиал бошлиғи ...
25 октябр 2018
Президент Мирзиёев 19 октябрь куни, Путин ташрифи хулосаларига бағишланган йиғилишда ўзбек астронавти Россия ракетасида космосга учишидан умидвор эканини билдирди. ...
2 ноябр 2020
Намангандаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдига осилган Франция байроғи йиртиб ташланиши воқеаси расмий жавобларда билдирилганидан анча бошқачароқ кечгани маълум бўлди.  ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...