Россия ва Беларусь ҳарбийлари Ўзбекистонга келди
Россия ва Беларусь ҳарбий жамоалари “АрМИ-2020” халқаро армия ўйинларининг “Йўл патрули” мусобақаларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ҳарбийлар 17 август куни Фарғона давлат университетига ташриф буюриб, у ерда “Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётидаги ўзига хосликлар” мавзуида лекцияни тинглашган .
Фарғона давлат университети тарих кафедраси ўқитувчиси Анвар Пўлатов Россия ва Беларусь ҳарбий мутахассисларига республикадаги анъаналар, фуқароларининг чет элликларга бўлган муносабатлари ҳақида гапирган. Анвар Пўлатов «аҳолининг рус тилини билиши ва постсовет ҳудудига дўстона муносабатда» эканини алоҳида таъкидлаган.
“Йўл патрули” мусобақасида Россия, Беларусь ҳамда Ўзбекистоннинг ҳарбий автоинспекция ва ҳарбий полиция вакиллари иштирок этади. Мусобақаларнинг бу босқичи Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.
VI халқаро армия ўйинлари 2020 йилнинг 23 августидан 5 сентябрига қадар давом этади. Мусобақалар 11 та давлат: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мўғулистон, Россия ва Ўзбекистон ҳудудида ўтказилади.
Россия матбуотига кўра, мусобақада иштирок этиш учун дунёнинг 90 мамлакатига, жумладан, НАТОга аъзо давлатларга таклифнома жўнатилган, бироқ НАТО давлатлари ҳарбийларининг ўйинларда иштироки “кутилаётгани йўқ”.
Eltuz.com