Мактаб директори: Ҳоким мендан катталарни ҳам урди, шунга жим турдим
Сирдарё вилоятининг Сайҳунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев калтаклаган мактаб директорларидан бири «Элтуз» нашрига интервью берди.
Унинг сўзларига кўра, муштумзўр ҳоким ўзини кўрсатган мажлисда сафга тизилиб, калтакланган мактаб директорлари билан бирга, жами 40 дан зиёд турли соҳа вакиллари бўлган.
У август охирларида Сирдарё вилоятининг Сайёҳунобод тумани марказида ўтказилган Мустақиллик тадбирига мактаби ўқитувчиларини жалб қилмагани учун калтак еган мактаб директорларининг биридир.
«Мен тадбир бошланишига жуда оз вақт қолганда хабар топдим. У ерга бориш учун ўқитувчилар велосипедда, машинада, пиёда катта кўчагача чиқиб олишлари, шундан сўнг автобусга чиқишлари керак», дейди мактаби туман марказидан беш километр узоқда жойлашган мактаб директори.
У ҳокимлик тадбирларида қатнашишга ўқитувчиларни доим ҳам мажбурлаш осон эмаслиги, ўртада калтак мактаб директори бошида синишини айтди.
«Бундай воқеалар кўп бўлади, агар ҳамкасбимиз уни видеога олмаганида бу ҳолатни ҳеч ким билмасди ҳам», деди у.
Eltuz.com