Улуғбек Ашур ўқитувчи қуллар ҳақида қўшиқ айтди
Канадада яшовчи Улуғбек Ашур шу бугунги кунда турли қора ишларга мажбурланаётган ўқитувчиларга атаб янги қўшиқ куйлади. «Элтуз» нашри студияси қўшиқ асосида клип яратди. Қўшиқда шу кеча-кундузда бўлаётган реал воқеалар куйга солинади.
Самарқанд ҳокими талаби билан президент келиши олдидан йўлни тозалашга олиб чиқилган самарқандлик 23 ёшли Диана 14 март куни «КамАЗ» машинаси тагида қолиб ҳалок бўлгани ҳақида «Элтуз» ёзган эди.
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев эса ўтган мавсумда етарли миқдорда пахта термаган ўқитувчиларни «шоқоллар» дея сўккан.
2017 йилнинг сентябрида Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб чиқмаган ўнлаб мактаб директорини дўппослагани видеоси тарқалганди.
Президент Мирзиёев ўтган йилги йиғилишлардан бирида «Ҳоким президент вакили, ҳокимни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!» деган эди.
«Ўқитувчи қулга айланди» Улуғбек Ашурнинг сиёсий мавзудаги иккинчи қўшиғидир. «Шавкат ака» деб номланган олдинги қўшиғида у президент Мирзиёевни аччиқ ҳажв қилган эди.
«Элтуз» нашри студияси ушбу қўшиқ ва сайтнинг карикатурачи рассомлари асарлари асосида тайёрлаган навбатдаги клипни эътиборингизга тақдим этади.
Eltuz.com