чоршанба,
18 декабр 2024
1 феврал 2019
Тўйтепада йиқилган қуш
Кичкинагина мовий қушча газ йўқ, чироқ йўқ Ўзбекистондан иссиқ ўлкаларга учиб кетмоқчи бўлди.
У инидан чиқиб осмонга парвоз қилди. Аммо совқотиб, Тўйтепадаги катта дала ўртасига пот этиб йиқилиб тушди.
Ўша ерда юрган сигир қушнинг устига тезаклаб кетди.
Сигирнинг буғи чиқиб турган, иссиққина тезаги ичида ëтиб, қушчанинг жони яйради.
Сигир тезаги уни ҳаëтга қайтарган эди.
Тезак ичида иссиққина яшашдан бахтиëр бўлган қушча сайраб юборди. У сайраб-сайраб ўз қувончини изҳор қилди.
Ўша ерда юрган мушук қуш овозини эшитиб тезакни титди. Қушни панжалари билан тезакнинг ичидан чиқариб олиб еб ютди.
Бу қиссадан тўртта сабоқ чиқади.
- Мамлакатдан суришдан олдин имкониятни чамаланг. Балки кетмай чидаб туриш сизга фойдадир.
- Сизнинг устингизга тезаклаганларнинг ҳаммаси ҳам душман эмас.
- Ахлат ичидан сизни қутқарганларнинг ҳаммаси ҳам сизга дўст эмас.
- Иссиқ ва роҳат жойда ўтирганингизда оғзингизни юмсангиз, тилга ортиқча эрк бермасангиз, сизга яхши бўлади.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз
Eltuz.com