Асосий мавзулар
11 феврал 2020

Жосусликда айбланиб вайрон қилинган Эрдонов оиласи адолат кутмоқда

Сурхондарёлик Абдуғани Эрдонов 62 ёшда. У шундан 7 йилини қамоқда ўтказмоқда. Тадбиркор ва беш фарзанднинг отаси Эрдонов Тожикистон фойдасига жосуслик қилишда айбланди. У қаттиқ қийноққа солишлари, бунинг оқибатида ўзига қарши кўрсатмалар бериши ҳақида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаганди.

Эрдонов ишининг қайта кўриб чиқилишини сўраб илтимосномалар ёзмоқда. Кўзи кўр, қулоғи кар ўзбек судига ўзининг ноҳақ қамалганини билдиришга уринмоқда. Лекин унинг яна қанча вақт тутқунликда ўтиришини ҳеч ким билмайди. 

Эрдонов оиласига қарши жосусликка оид ишни тўқиб чиқарган Миллий хавфсизлик хизмати полковниги, МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими собиқ бошлиғи Нодир Тўрақуловнинг ўзи 2018 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Жиноят кодексининг 11 та моддаси, жумладан, таъмагирлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, айбсизларни жавобгарликка тортиш, қийноқлар қўлаш, ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш каби жиноятларда айбдор деб топилди. 

Аммо Тўрақулов ҳибсга олган, қийнаган, турли уйдирма айбловларни бўйнига қўйган кишилар ҳали ҳам турмаларда қолмоқда. Ўзбекистон суди бу “айбдор”ларни озод қилишга шошилмаяпти. Ўзбекистондаги оддий одамларнинг ҳаёти ва тақдири арзирли қийматга эга бўлмай қолганига анча бўлган. 

Ўғли билан бирга Шеробод туманидаги манзил колонияда ўтирган Абдуғани Эрдонов жорий йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилояти жиноят ишлари судида бўлиб ўтадиган жараённи кутмоқда. Абдуғани Эрдонов ўзининг жиноят ишини диққат билан ўқиб чиқиб, унинг бошдан-оёқ уйдирмалигига, Нодир Тўрақулов бошчилигидаги тўда мазкур жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган учта аёл иқрорлик кўрсатмаси олиш учун қўлланилган қийноқларга чидай олмай, ҳибсхонада вафот этганига эътибор қаратадиган судья топилишига умид қилмоқда.

Абдуғани Эрданов «Элтуз»га ўзининг ҳибсга олинишига оид қайғули ёзувни юборди. Унда ўзининг шафқатсизликка қоришган ҳибсга олиниш тарихини батафсил баён этган. 

Қадрли тингловчилар, «Элтуз» ушбу воқеа тарихини сизга ҳавола этади: https://youtu.be/XM7U4maNb4c

Абдуғани Эрдонов ҳикояси

2013 йилнинг 2 май куни эрталаб соат 6 ларда мен «Нексия» автомобилида ишга отландим. Иш жойим Ангор туманида жойлашган «Ҳусниддин Чори» хусусий фирмасида эди. Намунали уйлар қурардик.

Машинамда йўл-йўлакай ширкат раиси Чориев Рўзибойни олиб, Ангор улгуржи бозорига бордик. Қурилишга керакли нарсаларни олдик.

Қурилишимизда ўша пайтда олтмиштача одам ишларди. Мен улар учун новвойхонадан нон, озиқ-овқат олдим. Иш жойига бордик. Кейин раисимизни ҳокимиятга йиғилишга чақиришган экан, ташлаб қўйиб, бошқа объектим – Ангор тумани «Қизил Юлдуз» маҳалласидаги мактабга қараб йўл олдим.

Мактабни капремонт қилаётган эдик.  У ердаги ишчиларга озиқ-овқат ва қурилиш материаллари олиб боришим керак эди. Ангор марказидаги бу мактаб 10 км чамасидаги масофада жойлашган эди.

Йўлда мени,  кейинчалик билишимча, МХХ ходимлари пойлаб туришган экан. ДАН ходими кийимини кийган МХХ ходимларидан бири мени йўл чеккасида тўхтатди. Мен машинамдан тушиб, ҳужжатларимни унинг қўлига бердим. 

У менга орқада турган «Нексия» автомашинасини кўрсатди. Мен «Нексия»даги ҳайдовчи олдига бориб нима гаплигини сўрадим. «Нексия»нинг орқа ўриндиғида яна уч киши ўтирарди. Ҳайдовчи кабинага кириб ўтиришимни имлади. Олдинги ўриндиққа ўтиришим билан орқада ўтирганлардан бири бошимга қаттиқ нарса билан урди ва мен ҳушимни йўқотдим.

Бироздан кейин ўзимга келганимда қўлларим кишанланган, бошим оғриб, кўзолдим қоронғилашган эди. Улар менга «сен бизга керак эдинг», дейишди. Мобил телефоним ва ёнимдаги бир миллиондан ошиқ пулимни олиб қўйишди.

«Мени ушлашга ордерларинг борми?» деб сўрадим, уйдагиларга телефон қилишим кераклигини айтдим. Улар кўнишмади. Устамасига қаттиқ дўппослаб тепиб ташлашди. Кейин машинани Термиз шаҳри яқинига ҳайдашди.

Озроқ юриб, ҳайдовчи қаергадир телефон қилди ва Ангор-Термиз трассасидан, Айритом тарафдаги Афғон йўлига бурилишди. Менинг шахсий машинам улар мени ушлаган жойда қолди. Ҳанузгача мен машинамни кўрганим йўқ.

Бизга қарама-қарши йўналишда МХХнинг катта УАЗ машинаси келаётган эди. Бошимга қоп кийгазиб, тағин уриб-ҳақоратлаб, мени ўша келган машинага ўтказишди ва Термиз шаҳри тарафга ҳайдашди.

Бу воқеа кундузи 10-11 лар чамаси содир бўлди. Машинада ҳайдовчидан ташқари тўрт киши бор эди. Улар мени манзилга еткунча уриб боришди. Машинада чамаси кимнингдир шахсий уйига ва дачасига кириб бордик. Бундай ўйлашимга сабаб, бу ҳовли ҳеч қанақа давлат қамоқхонаси ёки ЭВСга ўхшамас эди. У ерда мени иккинчи қаватга олиб чиқишди. 

Мени олиб келганлар у ердаги граждан формасидаги кишиларга топширишди. Хонада битта каравот, битта ёзув столи ва стул бор эди. Қўлимни бўшатишмади ва кийгизилган халтани бошимдан олишмади. Ҳарорат ҳаддан ташқари иссиқ эди. Мен улардан бошимдаги халтани олишлари ва ичишга сув беришларини сўрадим. Беришмади.  Биз сени фақат қўриқлаймиз, керакли одамлар келиб бошингдаги халтангни олиб, қўлингдаги кишанни ечишади, дейишди.

Кундузи соат 3 лар атрофида яна икки граждан формасидаги киши келиб, бошимдаги халтани ечиб, сўроққа тутишди. Мен уларга кимлигим, Ангор туманидаги хусусий корхона иш бошқарувчиси ва таъминотчиси бўлиб ишлашимни айтдим.

Улар менга «Сен хоинсан, жосуссан» деб, қўлидаги дубинка билан тўғри келган жойимга ура бошлашди. Бошимнинг уч жойидан қон отилар эди. Ўшанда иккита бармоғим, оёғим синди. Иккита қовурғам қаттиқ лат еди.

Кўзим хиралашиб, ҳушимдан кетиб йиқилдим. Бир соатларда ўзимга келдим. Кейин мени икки қўлимдан шифтга осиб қўйишди.

Дубинка билан тўхтовсиз уришди. «Биз нима десак шуни ёзиб берасан. Бўлмаса сени ўлдирамиз», дейишди. «Кўз ўнгингда хотининг, қизинг, келинингнинг номусига тегамиз. Уйда қолган ўғлингни олиб келиб қамаймиз. Менга мана шуларни ёзиб берасан» деб, қоғозга ёзиб беришди.

1-савол. «Тожикистон Республикаси «КГБ»си сенга ва ака укаларинг ва сингилларингга берадиган ахборотларинг учун қанча минг доллар ваъда қилишди?» Уларнинг айтишича, бизга Тожикистон «КГБ»си юз минг доллар ваъда қилган экан.

2-савол. Ангор туманидаги ҳарбий қисмнинг ҳаракатланиш схемасини қайси офицердан олганим, қанча миқдорда доллар берганлигим ҳақида эди. Офицернинг фамилияси, унвонини айтиб беришим керак эди.              

3-савол Термиз туманидаги ҳарбий қисмларнинг қаерда жойлашгани, қанча аскар ва офицерлар хизмат қилиши, қанча ҳарбий техника мавжудлиги, шу ҳарбий қисм бошлиғининг унвони, исми-шарифи, қанча маош олиши ҳақида эди.

4-савол мен «Маҳмуд» деган тожикистонлик командир ҳақида нималарни билишим, унинг қаерда ва қанча аскари борлиги, менинг у билан алоқам, Тожикистонда у ҳақда қандай гаплар борлиги ҳақида эди.

5-савол. Бизлар – жияним Эркин Эрдонов, Бегали Эрдонов, Тожикистондан кўчиб келган иккита аёл – Хадича ва Гулчеҳра, сингилларим Барно ва Мавлуда бир уюшган гуруҳ эканимиз. Қариндошларим бизникига қидириб келишганида худди бизлар бир жойга тўпланиб, Ўзбекистонда Термиз шаҳрининг марказида жойлашган битта мактаб, «Юбилейний» бозори, облҳокимият, истироҳат боғи, УВД биноси, ов стадиони, газозаправкада қўпорувчилик амалиётини содир этиш ва бунга яна  Ўзбекистондан одам ёллаш, Жарқўрғон туманида жойлашган мардикор бозоридаги, Оқтепа маҳаласидаги камбағал ишчиларни ҳам жалб қилганим, яна Тожикистондан лақай халқига мансуб бир аёлнинг бу ерга келиб «худкушлик» қилиши ҳақида бўлди.

6-савол қўпорувчилик амалиётида қандай воситаларни ишлатишимиз, қаердан олганлигимиз ва қандай тайёрлаганимиз, қаердан киритганимиз ҳақида эди.

7-савол эса «худкуш» аёлнинг қайси йўл билан Тожикистондан Ўзбекистонга ўтгани, ва қачон қўпорувчилик қилишимиз, кимлар қатнашиши ва уларга қанчадан доллар беришимизга оид эди.    

8-савол 2008-2009 йилларда сингилларим Хадича ва Гулчеҳрани Тошкент шаҳридаги санаторийга жўнатганимга оид бўлиб, уларга мен яна кимларнидир топиб келишларини тайинлаганим ва мен буларга бошлиқ бўлиб ўз ҳисобимдан жўнатганим ҳақида эди.

9-савол раисимиз Чориев Рўзибойга қанча пул фоизга берганим, унинг бошчилигида қанча цемент, арматура сотганим, ҳисобга тушган пулни нақд қилиб олиш учун қайси фирмаларга ўтказганим, қанча фоизга нақд пул қилишим, тендерда ғолиб бўлиш учун тендер комиссиясига қанча пул берганим,  туман ҳокимига, прокурорга қанча пора берганлим, Тошкент шаҳрида уйим ва иккинчи хотиним борлиги, вилоятдаги Гасем бошлиғига, уй-жой қурилиш банкининг ходимларига қанча пул берганим, намунавий уйлардан қанчасини ўзимга олганим, қурилиши тугаган уйларни қабул қилган давлат комиссияси аъзоларига қанча берганим ва бошқа ҳоказолар ҳақида эди.

10-савол портловчи моддаларни қаерда сақлаётганлигимиз, олиб бориб уларни кўрсатиш, қаерга кўмиб қўйганимиз, ким билан тайёрлаганимизни ёзиб беришим кераклиги ҳақида бўлди.

11-савол ўзимга, жияним Эркинга, укам Бегалига, Хадичага, Гулчеҳрага, синглим Барнога, Мавлудага, акамга қандай яширин номлар қўйганим, қандай пароллар берганим ҳақида.

12-саволд жияним Эркиннинг менга «Маҳмуд» деган командирнинг Термиз шаҳрида яшаши тўғрисида берган маълумоти ва афғон кўприги суратини олиб келиб бергани ҳақида ёзиб беришим сўралган.

13-саволда Хадича менга Жарқўрғон туманидаги Какайди посёлкасида жойлашган ҳарбий қисм ва ўша ерда жойлашган аэродромда турган иккита «Миг 29» ҳарбий самолёти суратини олиб келиб берган, деб ёзишим талаб этилган.

14-савол. Тожикистон «КГБ» бошлиғининг исми-фамилияси, унвони. Жинникўл тумани КГБ бошлиғининг, фамилияси, исми, унвони, мени ушлаб кетган КГБ ходимининг исми-фамилияси, унвони ҳақида ёзиб бериш.

15 савол. Жарқўрғон туман «Қақайди» поселкасида яшовчи фуқаро Зоир шашликчини танишимни ёзиб беришим.

16-савол акам, 2011 йилнинг 31 декабрида ҳалок бўлган Эрдонов Эргаш ҳақида бўлди. Акам автоҳалокат пайтида бир пиёдани уриб ҳалок қилгани ва ўзи ҳам ўлгани. Иддао ўша нотаниш ўлган одамнинг менинг буйруғим билан ўлдирилгани ҳақида эди.

Уларнинг айтишича, ўлган нотаниш фуқаро билан бир-икки йил олдин келишиб, яқинда биз қўпорувчилик содир этамиз, сен бизга ёрдам берасан деб, эвазига 5000 доллар ваъда берибман.

Бир йилдан кейин у олдимга келиб, сен менга пул таклиф қилган эдинг, ҳозир шуни бермасанг, ҳамма гапларингни орган ходимларига айтиб бераман, деганмиш. Кейин мен акамга айтиб, автомашинада уриб ўлдиришни буюрган эканман.

Хуллас, юқоридаги саволар ва уларнинг иддао қилган жавоблари бошдан-оёқ тўқиб чиқарилган эди. Шу тариқа 12 майгача ана шу хонада турдим. Мени кечаю кундуз ўша иккита соқчи қўриқлаб чиқди.

Хонада туалет йўқ. Енгил ҳожат қилиш учун хонанинг ўзида 1,5 литрлик баклашкада, оғир ҳожат учун эса кечаси тунги 1-2 ларда олиб чиқишарди. Ҳар иккаласининг қўлида тўппонча, менинг қўлим кишанланган, бошимда қора қоп кийгизилган ҳолатда ҳожат чиқарардим.

Ён-атрофдаги қўшнилар туалетдан фойдаланишмасди. Туалетга кирганимда қўлимни бўшатиб, бошимга пистолет тираб туришарди. Овқат бир кунда бир марта, яқин ошхонадан олиб келинарди. Енгил ҳожат қилганимда баклашкада қип-қизил қон кўринарди. Чунки буйрагимга қаттиқ уришган, тепишган эди. Ювингани сув йўқ, ичгани ҳам сув беришмасди.

Шу зайл ўн кун давомида кечаю-кундуз фақат уришди. Ваҳшийларча қийнашди. Устимдаги куйлак ва шимим баданимга ёпишиб қолди.

12 май куни мени МХХ машинасида Термиз шаҳрига олиб келишди. Ана шу икки соқчи икки ёнимда қўриқлаб боришди. Ўн кун ювинмагандим, сасиб кетган эдим. Мени Термиз шаҳар гарнизони ҳаммомига олиб киришди. Шу ерда бир офицер билан бир солдат соқолимни олиб, чўмилтириб қўйишди. 

Баданимга қараб бўлмас, ҳамма ёғим жароҳатланган эди. Кийимларимни ҳам ўша ерда чайқаб олдим. Кейин улар мени вилоят МХХ идорасига олиб боришди. Йўл-йўлакай МХХ ходимлари менга қарата калтак еганимни айтмаслигим, менга қўйилган айбловлар тўғрилигини тасдиқлашимни, жароҳатланган жойларимни кўрсатмаслигимни буюришди.

Кечқурун соат чамаси бешларда мени эшигига катта терговчи полковник Арзиев Бахтиёр деб ёзиб қўйилган хонага киргизишди. Унинг хонасида чамаси 6 киши бор эди. Улар ичида Нодирни танидим.

Чунки у бир куни мени қамалиб ётган жойимга бориб, ўзини мен Нодир бўламан деб таништирган эди. Ҳамма жим, фақат Нодир гапирарди. У менга савол бера бошлади. Нега сен Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келдинг? Мақсадинг нима эди? Тожикистон КГБсидан ким сизларни бошқаради? Ўша одамнинг исми, фамилияси, унвони…

Термиздаги Афғон кўпригини кўрганманми, йўқми… Кўприкнинг макетини чизиб беришимни сўраб, қўлимга қоғоз ва қалам берди.

Ҳарбий қисмларнинг махфий ҳаракатланиш схемасини чизиб беришимни талаб қилди. Мен бундай ишлар қилмаганимни, мен ҳеч қанақанги гуруҳда ёки ташкилотда йўқлигимни, Ўзбекистонга – она ватанимга кўчиб келиб, бир умр яшашни орзу қилганлигим ва бирор ёмон йўлга юрмай, ҳалол меҳнат орқали яшаётганлигимни айтдим.

Шимимни ечиб, ҳамма жароҳатларимни кўрсатдим. Шундан кейин улар ўзаро рус тилида суҳбат қила бошлашди. Мен рус тилини билардим. Қулоқ солиб турдим.

Нодир менга қўйилган айбловлар бир пулга қимматлиги, буни ҳарбий судда исбот қилиб бўлмаслигини, биз айбловларни оилавий рад қилишимиз, айбларни бўйнимизга қўйиш судда қийин бўлишини айтди.

Бу ишда фақат флешка ишлатиш қўл келиши, қўпорувчи қуроллар фақат қўлбола бўлиши кераклигини уларга тавсия қилди.

Жараённи ҳарбий суд эмас, фуқаролик суди кўриб чиқмаса, бу далиллар ўтмаслигини тушунтирди.

«Элтуз»га қамоқдан етиб келган матн парчаси шу ерда тугади. Келгуси кўрсатувларимизда қандай қилиб оддий тадбиркордан жосус ясалганига оид воқеанинг давоми ҳақида тинглашингиз мумкин.  

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 март 2020
Коронавирус нима?  Вирусларнинг кенг тарқалган оиласини ташкил этувчи коронавируслар одам ва ҳайвонларда касаллик қўзғатиши исботланган хусусиятларга эга. Қатор коронавируслар ...
19 ноябр 2019
«Тошкент савдо маркази»га  (собиқ «Абу Сахий» МЧЖ) қарашли бозордаги дўконлари бузилишидан норози бўлган 700 дан ортиқ фуқаро 16 ноябрь ...
27 феврал 2022
Эътиборингизга 26 февралга қадар олинган Россия-Украина урушига оид Элтуз тайёрлаган хроникани тақдим қиламиз.
22 декабр 2021
Декабрь ойи ўрталарида интернетда Фарғона вилояти туғруқхонасига келган туғроқ ҳолатидаги аёл пропискаси бошқа жойда бўлгани сабабли шифокорлар томонидан қабул ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...