Асосий мавзулар
16 май 2020

Яхши Мирзиëев тугаб, ëмон Мирзиëев бошланмоқдами?

Азиз асримизнинг азиз онлари

азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир шох сатрларла

безамоқ пайтидир умр дафтарин.

Мана, ҳафта айланиб, яна дийдор кўришдик. Яхши сўзимиз, одобу ахлоқимиз билан умр дафтарининг олти кунлик варағини безадик. Аммо ҳамма ҳам яхши иш қилгани йўқ. Кимдир муҳтожлар учун йиғилган кўмак пулларини ўмарди. Яна кимдир эса етимнинг бурнини қонатди.

Қотиллик, машина ўмариш каби жиноятлар билан безади кимдир умр дафтарини. Ойнинг 15 куни қоронғу бўлса, 15 куни ëруғ бўлади. Мана, парчалаб ниқобларни, улоқтириб чимматларни, карантиндан қутуладиган кунларга ҳам оз қолди.

Хабарлар

Ортда қолган ҳафтада Тошкент тумани МИБнинг бир гуруҳ ходимлари қўлга олинди!

Қўлга олинган ходимлардан бир нечта қалбаки муҳрлар, квитанциялар ва бир неча қопда нақд пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Гумондорлар қарздор аҳолидан пулни ундириб, давлатга топширмаслик, қарзини тўлаган аҳолининг пулини компьютерга киритмай, уларни қарздорлар сафидан ўчирмаслик, қарзи йўқ аҳолидан товламачилик йўли билан пул ундириш айблари билан сўроқ қилинмоқда!

+++

«Uzcard»нинг 75 фоиз улуши президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов тасарруфига ўтди.

«Uzcard» бренди остида фаолият юритувчи МЧЖ таъсисчилари таркиби янгиланди. Ягона давлат реестридаги янгиланган маълумотларга кўра, ширкатнинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахс Маҳмудов Аҳрор Аброровичдан бошқа жисмоний шахс — Турсунов Ойбек Ботировичга ўтди.

Ана керак бўлса!!!

+++

Дунëда бизнеснинг тури кўп. Шулардан бири мусибат бизнеси. Масалан, битта майиб-мажруҳнинг расмини интернетга қўйиб, «Буни Америкага олиб бориб даволатиб келаман», деб эълон ëзиб, қопчиқни очсангиз, пул оқиб келаверади. Одамлар раҳмдил. Битта кино кўрсаям кўзидан сиядиган қавм.

1992 йили Хоразмда бир фирибгар битта туяни етаклаб, «Шу туя билан Ҳажга бормоқчиман, янтоқ пули беринглар», деб бозорда пул йиғарди.

Россиядагилар ўлик юбораман, деб пул йиғади. Қизиғи шундаки, ўликнинг ўзиям кечқурун пул санаб ўтирган бўлади.

Мирзиëев қурдирган Сардоба сув омбори 2020 йил 1 май куни Сангинов ва Раматов деган ўпиримлар касофатидан ўпирилди.

Давлатнинг хазинаси бўш бўлгани боис халққа имо қилинди. Давай, йўталинг, деб.

Ушбу офатни ниқоб қилган шахс “Диққат хайрия – Сардобада уй қурамиз”, дея фуқаро Д.Ж номига “Davrbank”дан очилган пластик картасини тармоққа илиб қўйди.

Ҳамма – уйда зерикиб ўтирган Гулшода ҳам, магазинчи Ғайбулла ака ҳам пул берди.

Қопчиқда 2020 йилнинг 02 май кунидан 08 май кунига қадар 41 679 708 (қирқ бир миллион олти юз етмиш тўққиз минг етти юз саккиз) сўм миқдоридаги пул маблағлари йиғилди.

Аммо шонли милиса ходимлари келиб, бу фирибгарнинг ëқасидан тутди. Жиноятга нуқта қўйилди.

Ҳозир ушбу жиноят бўйича суруштурув ишлари олиб борилмоқда.

Андижон ҳокими Абдураҳмонов 9 майда ўрисча катюшага рақс тушган қизлага 4000 $ улашди. Пулди қағдан олди? Пул зовути борми? Ўзи маошга яшаса.

Видео

Роналду Инстаграм саҳифасида мма.уз ëзилган футболкани реклама қилди.

Роналду реклама учун камида 1 миллион доллар олган. Куëвнинг пули ошиб-тошиб кетибди қайинпадар соясида.

Мирзиëев вазирликка ўхшаш яна бир идора тузди. Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан шуғулланувчи янги орган республика даражасидаги агентлик ва унинг жойлардаги бошқармалари шаклида ташкил этилади. ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд, Конституцион суд, Президент админстрацияси, Олий Мажлис йўқ қила олмаган коррупцияни энди агентлик йўқ қилар экан.

Аҳмоқ десанг, бу Мирзиëев дегани коп-котта тоға. Эй тоға, қарор ва министрлик тузиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Ишни Сингапур реформатори Лик Ван Ю айтганидек, яқинларингизни қамоққа олишдан бошланг. Иккита куëв. Қуда бово Парпиев. Зайнилободдин ва унинг қариндоши Сангинов. Арипов ва Раматовларни…

Эҳ, Мирзиëев, Мирзиёев! Аввалига каламушларга қарши курашаман, дединг. Каламуш йилида эса атрофинг янгидан семирган каламушлар билан тўлди.

Яхши Мирзиëев тугаб, ëмон Мирзиëев бошландими?

Мирзиëевнинг учта салбий ва битта ижобий қирраси:

1. Коррупционерларга яшил чироқ ëқди.

2. Непотизм, яъни куëвлари ва уруғ-аймоғи билан давлатни ўмариб ëтибди.

3. Ўзбекистонни Россия вассалига – Кремль қулига айлантириб бўлди.

Бу учта салбий қирра. Биргина ижобий қирраси эса мамлакатда сўзлайдиганлар кўпайишига сабабчи бўлди.

Мирзиëевнинг яна бир ëмон қирраси – умуман кераксиз нарсаларга пул сарфлайди.

Конгресс-ҳолл қурди. Бўш ëтибди ичида итлар ҳуриб. Дунë ўз машваратини виртуал ўтказмоқда.

«Ҳумо» саройи ҳам бўш. Хитойдан уста апкелиб, Ғалаба боғи қурди катта пулга. Бир тийинга кераксиз маскан.

Уйида уни йўқ одам кўчага иккита тандир қуриб қўяр экан, одамлар бой деб ўйласин, деб. Бу кераксиз биноларни қурамиз деб миллиардлаб пул бюджетдан ечиб олиниб, ўзлаштирилди. Президент халқ хизматчиси сифатида изн олиб, пул сарфлаши керак. Яқинда бор-будини харжлаб, атом электростанцияси қуради. Шу портласа, халқнинг бахти тугал бўлади.

Бу салбий қирралар ичида энг ëмони давлат манфаатларига хиëнат.

Туман тарқалди. Фронт чизиғи кўринди. Ким давлат ва миллат тарафда, ким босқинчи ўрис тарафда – аëн бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Тошкентда Хитойдан таклиф қилинган ҳайкалтарошлар тарафидан “неосталинизм” услубида барпо этилган Ғалаба боғини очди ва у ердаги “Матонат мадҳияси” деб аталувчи ёдгорлик пойига гул қўйди.

Янги боғ Тошкентнинг Олмазор туманида 12 гектар майдонда президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 9 май кунига қуриб битказилди.

Ўзбекистон президентининг “Кремлга ошиқлиги” тармоқдаги баъзи ватанпарварлар эътирозини уйғотди.

Тармоқ фаоли Музаффар Неъматов назарида Мирзиëев кундан кунга Ўзбекистонни Россия орқа боғчаси қилишга шошаëтгани таассуфли ҳолат:

«Мирзиëев Ғалаба боғи панжарасига СССР тимсолларини ясаттирибди. Сотқинлик, ватанфурушлик тезлашди. Бу миллат душманларини  давлати олиядан ҳайдаб солиш, совет тимсолларини юлиб, қайтадан ахлатга ташлашнинг айни мавриди.

Бошқа тарафдан, бечора Мирзиëевга  ўриснинг байрамини тўйлаш ҳам татимади. Бир томондан, Ислом Каримов хат ëзиб, «куëвинг молимни талади», деб ëқасидан олди. Иккинчи тарафдан, Муҳаммад Солиҳ «Сардобани ўпирган сенсан», дея қизил карточка кўрсатди

Жорий ҳафтада Сенат ЕОИИга киришни ëқлаб овоз берди. Бу Ўзбекистон мустақиллиги илдизига Мирзиëев шотирлари урган болтадир.

Тарих улуғ муаллим

Тарих улуғ муаллим – биз эса нўноқ шогирдлармиз. Ëки тарихдан сабоқ олинмаслиги аксиома.

1873 йил, Хива ишғолидан сал олдин руслар Бухорони ишғол қилган эди.

Бухоро подшоси Музаффархон мамлакатни ўрисларга пешкаш қилди.

Музаффархоннинг Тўра исмли ўғли бунга норози бўлиб, Хива хони олдига келиб, кўмак сўрайди. Хива хони эса «ўрис сенинг юртингни босиб олса, менга нима» тарзида жавоб берди.

Бу ташрифни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Баëний Бухоро вакилининг сўзларидан ўз китобида иқтибос келтиради:

«Ул тўра айтди: «Отамиз Бухоро вилоятини Русияға бермакчи бўлдилар. Биз монеъ бўлуб урушға тарғиб этдук. Отамизға бу сўзларимиз хуш келмай, орада ваҳшат пайдо бўлди. Ондин сўнг ул ерда турмоқни маслаҳатдин бағоят баъид кўруб, баякбор чиқиб, бу тарафга равон бўлдуқ».

Хива хони ва девондаги калласи кади мулозимларини Россия босқинчилиги эмас, балки бухоролик хушсурат шаҳзоданинг ҳусни-жамоли кўпроқ қизиқтирган.

Яна Баëний ëзади:

«Аммо ул тожик тўранинг ҳусни суратда адилу бадили йўқ эрдиким, ўн саккиз ёшида бир офтоби ҳаворийдек йигит эрди. Онинг масоҳибларидин бирининг онинг ҳақида ойтғон шеърларидин бу мисраъ хотиримда қолғон эркан, мисраъ «Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадур умаролари».

Бу шаҳватли тажовуздан даҳшатга тушган тожик Тўра Хивадан айрилиб, Теҳронга йўл олади.

Тўра Эрон шоҳи кўмагида ўрисларга қарши курашмоқ истайди. Аммо унинг бу истаги амалга ошмаганига тарих гувоҳ…

Сал ўтмай, 1873 йилнинг ëзида Хивадаги Хоразмшоҳ тахтига Кауфман ўтиради. Бу воқеани тарихчи Баëний таассуф билан кузатади:

«Кауфман ёнида Ғарандуқ Ниқулай принс Южин камоли эҳтишом била келди. Бурунроқ келган бир бўлак аскари музиқа чертиб, истиқболиға чиқтилар. Кауфман келиб Аркка кириб, тахти хоразмшоҳийда ўлтурди».

Бу сатрлардан кейин Баëний тарихчига хос бўлмаган эҳтирос билан мағлубиятдан афсус чекади:

«Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ жасоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб, иттифоқ била Русия аскарига муқобил бўлуб, уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар, мундинбурун беш навбат келиб, асло зафар топа олғон эрмасдурлар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедур.

Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чун оллоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!»

Баëнийнинг хон авлодидан эканини билсак, бу қайғуни тушунамиз. Лекин айтмайдирларми, сўнгги пушмон ўзингга душман деб.

Бу гапларимни ëзаëтганимнинг сабаби шуки, бугун кўпчилик ўзбеклар Россия назоратига ўтиш даҳшатини тушуниб етмаяпти.

O tempora, o mores!

Ниже плинтуса (танқиддан тубан), деган гап бор. Плинтус дегани полнинг четига қоқиладиган узун рейка. Ундан пасти ертўла бўлади.

Плинтусдан паст дегани ҳеч қандай одобу ахлоқ нормаларига мувофиқ келмайдиган ўта паст даражадир.

Фозиллар бу даражадан пастга энишни хуш кўришмайди. Мана, икки кундирки, мендан палон одамға муносабат билдиринг, деб мухлислар ўтинмоқда.

«Қаердадир Канаданинг «сўлим гўшасида» қандайдир тип ўзига яхшилик қилган одамга қараб ëмон гапларни айтибдир», шу ҳақда фикр билдиринг, дейишди.

Фикрим йўқ бу ҳақда. Зотан, менинг бит ва бургаларга ҳам муносабатим йўқдир.

Оллоҳ берган нафасни бўша харжлаб, бу тип ва бундайин типлар ҳақида гапирмайман.

Балки унинг хотини насиҳат қилиб йўлга солар. У киши унутган бўлса, қилинган яхшиликларни хотини унутмаганига аминман.

Биологлар кузатувига кўра, олов ичида қолган кўлвор илонни қутқарсангиз, у ҳам қутқарган одамни чақмас экан.

Жамиятда лафз, ваъдага вафо ва садоқат деган тушунчалар ўрнига маймун каби кет кўрсатиш қусури урчиганини кўриб, маюс бўламан, холос.

Бундай одамларни ҳам «тушуниш керак», деган эди америкалик ëзувчи Эрнст Хемингуэй. Бу фикрни давом эттирган хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимнинг закий мисраларини қайта ўқийман.

Ҳамма-ҳаммасини тушуниш мумкин,

Жазоирда ёққан қалин қорни ҳам.

Йўқни ҳам тушуниш мумкин ўйласанг,

Ўйласанг, тушуниш мумкин борни ҳам.

«Салбий муҳит» ёки «ёмон тарбия»

Ўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Ўғрини тушуниб бўлгач, албатта,

Тўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Аблаҳнинг қалбида ногоҳ уйғонган

Диёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Ўзингни бахш этган бир инсон қилган

Хиёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Фаҳм этсанг, сотқин, хом сут эмган жон,

Англасанг қотил ҳам эмас ҳеч эриш.

Тушунсанг, тушунсанг, тушунаверсанг,

Ҳамма-ҳаммасини зарур кечириш.

Тушуна олди дунё. Лекин бунинг-чун

Ким уқубат чекар, ким тортар азоб.

Хоинлар, сотқинлар қилмиши учун

Ким олади, ахир, олий бир жазо!

Тушунсанг, кўзларинг олдига келар

Ҳам дўзах, ҳам жаннат, ҳамда аросат,

Оёғи шоҳсупа, бўйни сиртмоқда,

Манглайин милтиққа тутган Фаросат!..

Шунақа… Фаросат ўз пешанасига тўппонча тираган давр.

Эҳ, давр. Эҳ, даврон. Эҳ, инсон тубанлиги (O tempora, o mores!), дея улуғ нотиқ Цицероннинг қадимги Рим сенатида айтган машҳур гапини ëдга оламан.

Аслида инсон яралганидан бери яхшилик эвазига ëмонлик кўради.

Мен севган анжанлик улуғ шоир Бобурнинг туркча мисралари бунга гувоҳ:

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур киби,

Ким кўрубдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 ноябр 2020
Қашқадарёда президент келишига майдонлардаги cарғайган ўтларнинг бўялаётгани расми 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқда тарқалди. «Ана, видеоси ҳам келди. Унда ...
6 октябр 2023
Мана азизлар яна сизлар билан юзма юзман. Сизларга яхши гап айтгим келади. Ëмон гап айтиб кимнидир кўнглига озор берганимдан ...
21 май 2024
Вертолети онтарилиб ўлган Эрон президенти минглаб одамларни қатл қилган шарафсиз бир жаллод эди. Ит ўлимида ўлди десак ҳаққимиз кетади. ...
19 январ 2019
Таниқли ўзбек театр ва кино актёри Пўлат Саидқосимов 87 ёшида Республика шошилинч тиббий ёрдам марказидаги 6 cоат давом этган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...