Асосий мавзулар
26 июн 2020

РТдан ваъз: Президент Мирзиëев Москванинг содиқ қулими ëки ëлланган хизматкори?

Ўзбек президенти Москвага бориб таъзим бажо келтирди. Тошкент ва Хивани босиб олган ишғолчилар рамзи бўлган георгий латтасини кўкрагига осди. Мирзиëевнинг оғзи қулоғида. Ниҳоят у Москвага содиқлигини намоëн қилди.

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бу собиқ қоринбой комсорг мамлакат манфаатларини Москвага сотди. Ўзларига халқ деб ном қўйган тўда жим, баъзилар эса мазза қилганини яшираëтгани ҳам йўқ.

Кинодаги Отабек Кумушбибидан бўса олса, қиëмат қойим бўлди, дея додлайдиган, битта фирибгар соқолтой қамалса, тутқаноғи тутадиган тармоқ ҳам жимгина ер сузиб ўтирибди янги тушган келиндай.

Ленин дея тили чиқиб, Каримов даврида 30 йил истиқлол дея чулдираган шаирбачалар ҳам негадир жим. Россия улуғ оғамиз деб ëзишга қалам йўнишмоқдами?

1990 йил 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларациясининг матни lex.uz сайтидан ўчириб ташланибди.

Ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Дўкондаги батонни қўйнига солиб ўғирлаган ўғрини тушуниш мумкин. Балки у очдир. Сиздан қарз сўраб келган одамнинг ëлғонини тушуниш мумкин. Чунки у сизнинг раҳмингизни келтириб пул ундирмоқчи.

Ўша қарздорнинг “Санта Барбара” сериали каби давом этаëтган баҳоналарини тушуниш мумкин. Чунки у қарзни қайтармоқчи эмас. Бой ашулачи хотинга уйланиб, бу пайғамбар суннати дейдиган паразит алфонсни ҳам тушуниш мумкин. Чунки у ўзини оқламоқчи….

Лекин кимдир бировнинг уйини биров босиб олиб, “меники”, деб ўтирса, сен эса қози олдида “бу уй босиб олган тажовузкорники эди”, деб туҳмат қилсанг, буни тушуниб бўлмайди.

Ўзбекистон ерлари Россияникими?

Россия президенти Владимир Путин “Россия 1” телеканалида 21 июнда ўтган навбатдаги “Москва. Путин. Кремль” кўрсатувида собиқ совет республикларини Россия ерларини ўзлаштириб олганликда айблади.

Путинга кўра, Совет Иттифоқи тузилаётган пайтда унинг таркибига қўшилган республиклар “Россияга тегишли катта ерларни” ва “анъанавий тарзда Россия ҳудуди ҳисобланган жойларни олган”.

Путиннинг таъкидлашича, шундан келиб чиққан ҳолда Совет Иттифоқи парчалангач, уни тарк этган республикалар “нима билан келган бўлса, ўша нарса билан чиқиши” ва “рус халқидан олинган ҳадяни қайтариши лозим” эди.

Шу гапларни айтган рус босқинчининг қўлтиғига суқилиб кирган Мирзиëевни “оддий хизматкор-ку ахир, ундан нимани ҳам кутардик”, деб тушунишга ҳаракат қилсакмикин.

Ота-боболардан мерос бўлган ватан тизгинини ўрисларга бериб қўйиб, товуқ боқишдан бошқа нарсани ўйламайдиган президентни тушуниб бўлмайди.

Ҳомосоветикусларнинг навбатдаги қадами қандай?

1987 йили рассом дўстим Қобилжон Одилов Мюнхендан ўзбекча газета олиб келди. Газета “Ҳур Туркистон учун истиқлол газети” деб номланар эди. “Истиқлол – бу мустақиллик, эркинлик. Биз совет ишғолидан қутулиб, озод яшашимиз керак”, дея тушунтирган эди бу ажойиб рассом дўстим.

Истиқлол сўзи кўнглимизга ўтирди. Устахонамнинг ташқи деворига “Яшасин истиқлол!” деб ëзиб ҳам қўйдим. 

Укам ўша пайтда “Ўсарфильм” деган хусусий студияда ишлар эди. Студиянинг “Ëш ленинчи” газетасида босилган эълонига у “истиқлол” калимасини киритиб қўйди. Аммо ҳушëр муҳаррир бу сўзни дарҳол “истиқбол” деб ўзгартириб чоп қилди.

1991 йил 31 августдан кейин бирдан бу ҳушëр муҳаррирлар “истиқлол” сўзини отчопардаги улоқдек тортқилаб қочишди. Кечагина Ленин, Кремль ва коммунизмни улуғлаб ëзганлар бирданига истиқлол ҳақида шеър бита бошлашди.

Ашулачилар ҳам бу сўзни шартта илиб олиб нақоратга қўшишди. Хуллас, собиқ комунистлар 25 йил истиқлол деб томоқ йиртишди, аммо…

Табиатда атавизм деган ҳолат бор. Атавизм аслига қайтиш дегани. Масалан, Булгаков асари қаҳрамони профессор Преображенский итни одамга айлантиради. Аммо атавизм боис у итлигини қилаверади.

Истиқлол дея энг кўп томоқ йиртган ашилачи Юлдузҳожи она Усмонова ўтган йили қизил большевик кийимини кийиб, “Катюша” айтиб расмга тушди.

Ўзбекистоннинг “янги” (аслида эски) раҳбари “Истиқлол” саройини “Халқлар дўстлиги” деб номлашга қарор берибди.

Ўзи бу собиқ коммунист, институт комсорги бўлиб ишлаган партфункционерни олқишмаганларнинг торгина сафида эдим.

Ичимда бир туйғу бу одамдан хайр чиқмаслигини шивирлар эди.

Айнан шу одам “Туркистон” газетаси номини “Ëшлар овози” деб ўзгартирди. Айнан шу одам Қримни ишғол қилган Россия ташвиқот телеканалларини Ўзбекистонга олиб кираман, деб мулозаматланди. Айнан шу одам даврида Рамзан Қодиров деган “тип” мамлакатга кир оëғини босди…

Майли, “истиқлол” калимаси етим қолмас. Яна мен, рассом дўстим Қобилжон, укам Қудрат ва бошқа миллатсевар укаларим бу калимани кул ичидаги чўғдек сақлайверамиз.

Қўрқаëтганим, бу популистнинг навбатдаги қадами қандай бўлади?

Наҳотки Амир Темур ҳайкалини олиб ташлаб, ўрнига Сталин ҳайкалини тикади. Наҳотки?

Мени бу қўрқинч истиқболдан кўра, Россия тарғиботини чанқоқ туя каби симириб, руслардан ҳам баттар патриотга айланган “uzbekhomosovetikus”лар ҳуркитмоқда.

Қайта ишғол бўлаётган юрт 

1991 йилнинг 17 мартида ўтказилган СССРни сақлаб қолиш референдумида қатнашган 10 миллион ўзбекнинг тўққиз ярим миллиони мустақилликка қарши овоз берган эди.

Референдумда қатнашган ўзбекларнинг 94 фоизи қулликни танлаган эди.

Бугун уларнинг болалари яшасин қуллик дея Туркистонни ишғол қилган империя ашуласини оғзини йиртгудай очиб баралла айтмоқда.

Яхшиям бу кунларни оғам Рауф Парфи кўрмай ўлиб кетди.

Оғамнинг сатрларини шивирлайман:

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл…

Рауф Парфи ватан ҳақида ҳали ватан ишғол остида бўлган совет даврида ëзган эди. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин истиқлол дея сайрайдиган тўтилар кўпайди. Шулардан бири Иқбол Мирзо эди: 

Эгасиз ва оёқости йўлмас ўзбек,

Хоҳлаган сув оладиган кўлмас ўзбек.

Донг таратган ва ўзига қаратган эл,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ўғил-қизлар шиддатию шаштини кўр,

Бировга бош эгмасликнинг гаштини кўр.

Юрак бўлса, рингга чиқиб муштини кўр,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Яратгандан бошқасига қулмас ўзбек,

Ҳеч кимдан кам бўлмаган, кам бўлмас ўзбек.

Донг таратган ва ўзига қаратган эл,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ўзбек халқи ҳеч кимга қарам бўлмасмиш. Мана, қарам бўлди-ку. Нега катта гапирасан, шоир, деган одам йўқ.

Бугун Иқбол Мирзо деган шиғирчи бират шеър қаламини оҳиста йўниб, Путин ва Кремлга алëр битаëтган бўлса ажабланмайман. 

Бугун “мустақиллик” дея гугл қилсам, битта жавоб чиқди. “Мустақиллик»  Қашқадарëнинг Қарши туманидаги посёлка номи экан.

Ватанни сотиш нимадан бошланади?

Ватан нимадан бошланади? Ватан ҳақида гап кетса, ушбу машҳур қўшиқ билан бошланадиган, Иккинчи жаҳон урушига оид “Қилич ва қалқон” бадиий фильми болалик хотираларимда қайта-қайта жонланаверади…

Ватанни сотиш нимадан бошланади? Балки истиқлол калимасини сохта шиорга алмаштиришдан бошланар.

Президент Мирзиёевнинг кети тахтга пайвандлангани заҳоти ИСТИҚЛОЛ номидан воз кечилди! 

“Истиқлол” номи берилган саройга “Халқлар дўстлиги” номини қайтариш ва шу майдонни асосий марказий майдонга айлантириш президентнинг асл дунёқараши қанақалигини намойиш қилди 

Советпарастликнинг янги босқичи эди бу. Советпарастликни оммага сингдириш эди бу.

Майли, майдони номи ўзгарсин, лекин “Истиқлол” номидан бунақа осонгина воз кечиш миллат ва бутун халқ олдида истиқлол, мустақиллик тушунчаларига нисбатан зарба эмасми?

9 май куни отарчилар совет ҳарбий либосларида ўзларининг энг аҳмоқона шоусини намойиш қилишди ва бу 9 май кунининг устидан кулишга айланди, холос.

Энг ёмони, бугунги жимлик – таслим бўлиш.

Бу воқеалар фонида коммунистик тизимни соғинганларнинг ҳам тили чиқди.

Компаси Каримовга қаратилганлар ҳақида

1990 йили “Эрк” демократик партияси тузилганида “бошқа партияда бўлганлар аъзо бўлмайди”, деган талаб қўйилди. Бошқа яна битта партия бор эди. У ҳам бўлса Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон компартияси. Шу тариқа юзлаб одам коммунист бўлгани учун “Эрк” бортидан нарëғда қолиб кетди.

Масалан, Эркин Воҳидов, Одил Ëқубов, Омон Матжон, Ҳалимa Худойбердиева. Ҳатто Ҳалима Худойбердиева “Мен коммунист дейилганда қалбан қалдим оëққа”, деб шеър битган эди.

Буларнинг савқи табиийси, яъни ички туйғуси панд берди, менимча. Улар коммунизм дунë тургунча туради, деб ўйлашди.

Ҳолбуки, Болтиқбўйи ва Москвада юзлаб одамлар партбилетини намойишкорона ëқаëтган пайт эди. Ўзбекистонда эса Каримов бошчилигида коммунизм қўрғони (тўғрироғи, қўй қўрадай бир нарса) мустаҳкам турган эди. Ҳатто асосий оппонент Абдураҳим Пўлатов ҳам коммунист эди. 

Каримовни онтармоқчи бўлиб ўртага чиққан Мирсаидов ҳам, Нусратов ҳам коммунист эди. СССР Олий Кенгашида “пахта қуллиги” мавзусини кўтарган Одил Ëқубов ҳам коммунист эди. Бирор идорага раҳбар бўлиш учун “горком добро берган коммунист” бўлмоқ лозим эди. 

1984 йили облкултурада ишлайдиган йигит янги 06 “Жигули”ни 14 минг сўмга сотиб, шуни порага бериб, компартия аъзоси ва обкомда инструктор бўлган эди. 1991 йилга келиб бу коммунистларни бир кунда ХДП аъзосига айлантиришди.

Аъзолик билетлари алмаштирилди. Алмаштирилгани ҳам йўқ, эски КПСС билети коммунистларнинг қўлида қолди. Битта кампир “Мен Ленин отамнинг партиясига кирувдим”, деганида ХДП инстуруктори бу кампирни овутиб, “ХДП – бу КПССнинг боласи”, деган эди.

Аммо ўша “эврилиш” қурултойида коммунист бўлиб қолган ва мафкурасини ўзгартирмаслигини ТВга чиқиб айтган битта опани биламан. Бу опанинг исми Бернора Қориева. СССР халқ артисти. Балерина. Бу опа бугун ҳам коммунизм ва рус тили тарафдори.

Энди икки оғиз коммунистларнинг партия билети ҳақида. Бу билетнинг полиграфик қадри совет валютаси бўлган рублдан ҳам юқори эди. Билет махсус ишлов берилган гуруч қоғоз (рисовая бумага)дан тайëрланган бўлиб, доллар ва евродаги каби мураккаб сув белгилари бор эди.

Билетнинг махсус ишлов бериб қизартирилган ва қабариқ қилиб КПСС деб ëзилган муқоваси ҳақиқий теридан тайëрланган эди. Бу билетни йўқотган одам партиядан хайдалар ва ишдан қувиларди.

Эсимда, битта рассом ичиб йўлда думалаб, чўнтагидаги партбилетини йўқотганида: “Энди мени обчиқиб отишадими”, деб йиғлаган эди (уни отишмади) Хуллас, 1991 йили Ўзбекистонда Каримов бошчилигидаги компартия ҳукмрон эди.

Бугун оғзини ўлчовсиз очиб, мен палон қилгандим, пистиëн қилгандим деганларнинг компаси ўша вақт Каримовга қаратилган эди. Уларнинг кўпини Каримов закарқоп каби ишлатиб отиб юборганидан кейин ўзларидан “биннарса” ясаб, “биз курашгандик”, деб юришибди (ана ишанвордик-эй).

Компартия аъзоси бўлган Абдураҳим Пўлатовнинг курашгани тўғри. У кўчада митинглар қиларди. Қолганлари эса Гагарин ҳайкали қаршисидаги ичи кондиционерли комфирқа биносида ўтиришарди таъзим бажо қилиб. Гагарин ҳайкали гувоҳ бунга.

Бугун пийри муршид, нафаси ўткуур эшонбувага айланган Мирзо Кенжабек ҳам тариқдай бўлиб марказқўм ичида ўтирарди. Бир марта у эмаклаб бориб Каримовнинг оëғини ўпмоқчи бўлганида, Каримов уни тепкилаб ташлаган.

Хуллас, қочган ҳам, қувган ҳам коммунист бўлган замон эди. Бир вақтлар Каримов олдида тўнқайиб, бугун ўзидан бир нарса ясамоқчи бўлганларга олдин айтган гапимни яна айтаман: Агар ўша вақтда шунақа крутой бўлган бўлсангиз, нега бунчалар ўлик бўлгансиз?

Шу ўринда анъанага риоя қилиб эртак айтсам. Эртак бўри билан кўппак ҳақида.

Бўри билан кўппак

Бир куни деҳқон ўтин тергани ўрмонга отланди. Унинг ортидан ити ҳам эргашди. Улар биргаликда ўрмонга киришди. Бир пайт бўри пайдо бўлди. У итга ташланиб, уни емоқчи бўлди. Бироқ ит кўзёш тўкиб, унга бундай деди:

– Сенга нима ёмонлик қилдимки, мени емоқчисан? Агар ҳозир мени есанг, барибир эртага оч қоласан. Яхшиси, уйимга кел, у ерда ҳар куни менга нон ва овқат беришади, бирга яшаймиз.

Бўри қараса, ит жўяли таклифни айтяпти ва бунга у рози бўлди. Улар йўл юриб, мўл юриб, ит яшайдиган қишлоққа кириб боришди. Бир вақт итнинг бўйни яғир бўлиб қолганига эътибор берди.

– Бу жуда яхши, укагинам, яхши яшаркансан, лекин сенинг бўйнинг нега бундай бўлиб қолган?

– Акажон, билсанг хўжайинимнинг аҳмоқона феъли бор: олдимга нон қўйишдан олдин бўйнимга занжир тақади, кейин е дейди.

– Йўқ, биродар, мен ортимга қайтаман, сен эса тўқ қорнинг ва бўйнингдаги занжиринг билан ўзинг бориб яшайвер.

Ана шунақа эртак. Қулликдан ҳам ëмон нарса – қулнинг ўз кишанларини севиши. Қуллик – бу чаман боғни қоплаган чирмовуқ. Шу ўринда Ўзбекистон президентини ўзига қул қилиб олган Россияни ҳам таназзул кутмоқда.

Сиëсат ва иқтисод ҳақида китоблар муаллифи Карл Маркс айтганидек, бир мамлакатни қул қилган давлат, энг аввало, ўзига кишан ясайди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
14 апрел 2020
Британия кемасозлик ширкатига тегишли «Титаник» 1912 йилнинг 14 апрелидан 15 апрелига ўтар кечаси ҳалокатга учради. «Титаник»да бўлган 2358 кишидан ...
11 май 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражабнинг уйига 10 май куни соат кечқурун 18.30 да ўзларини BИБ ходимлари деб атаган ...
20 октябр 2022
Муҳбир: Солиҳ ака. Бугунги суҳбатимизда оилангиз ҳақида гаплашсак. Яъни Мадаминбек оиласида туғилган фарзандлар ҳақида. Сиз тўнғич ўғилсиз.Муҳаммад Солиҳ: Мен ...
4 октябр 2017
Совет даврида «Пахтакор полвонларим» деганга монанд бир машҳур қўшиқ бўларди. Пахта терими бошланди дегунча радио ҳам, телевизор ҳам вадаванг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...