Оғзи бойланган ит кети билан ҳуради
Яна ҳафта айланиб сиз билан юз кўришиб турибман. Мағрурсиз, масрурсиз ва орангизда севгидан мажнун, ҳаëтга мафтун кишилар бор. Фақат бугун мени битта дўстим томоша қила олмаяпти. Бишкекдаги турмада интернет йўқ дейишди. Гап ноҳақ туҳмат билан қамоққа олинган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақида. Бобомурод ҳақида ҳали яна гапираман. Ҳозир хабарлар билан таништирсам.
Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов Uzcard муассислари рўйхатидан чиқарилди.
Хондойлиқда икки азамат 61 та қўчқорни беш қоп кунжарага қўшиб ўмарди. Ўғри қамоқда, қўчқорлар оғилда. Кунжара изсиз йўқолган.
10 август. Ғиждувондан Шўрча қишлоғига эски “Москвич”да йўлга чиқишди. Йўлнинг ярмига борганда автомашинанинг олд томон ғилдираги чиқиб кетса бўладими. Фалокат. Машина эса чаппа ағанаб сойга ғарқ бўлди. Машинадаги 50 ва 44 ëшлардаги икки киши ўлди.
Шофёр шифохонада. Ўзи шу “Москвич” деган арава дунëдаги энг расво мошин. Ўзбекистондаги тузум ҳам “Москвич” мошинга ўхшайди. Охири расмдагидай бўлади, худо кўрсатмасин.
Олий суд ходимининг жасадини бир чамадонга сиғдиришди. Бу жойда ишлаганларнинг тушига доимо қасоскорлар киради. Хуллас, бўғиб ўлдирилиб, чамадонга солинган бу одамнинг жасади каналдан топилди.
(Эсласангиз, Конфуцийнинг бир гапини ëзувдим кеча. “Узоқ сабр билан кутсангиз, душманингизнинг жасади дарëдан оқиб ўтади”, деган ақлли гап).
Чамадондаги одамни талончилик учун ўлдиришмаган. Чунки ўликнинг чўнтагида ярим миллионга яқин пул чиққан (чўнтаги катта бўлади бундайларнинг).
Ўлик бундан 10 йил олдин Олий суднинг хўжалик бўлимини бошқарган. Тили заҳарларнинг айтишича, у пора олди-бердисида боғловчи звено бўлган.
Эй, суд ходимлари, умуман, ўзбек мулозимлари. Агар ўлигингиз дарëдан оқмасин десангиз, ПОРА ОЛМАНГ, ЭЛГА ЗУЛМ ҚИЛМАНГ!!!
Сирдарёда кўп қаватли уйлар қурилишида 2 миллиард 482 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилинди.
Бир вақтлар Гдлян “Ўзбеклар ўғри”, деганда Ўзбекистондаги шоир зоти бўлса додлаб, “Ўзбек гугурт чўпиниям ўғирламайди, оч қолиб ўлса ўладики, бировнинг бир бурда нонини олиб емайди”, деб тирсагини тишлаб изиллаган эди.
Кўплар назарида ўзбек авлиë, бизни босиб олганлар эса ўғри эди. Балки шундайдир. Бу гаплардан кейин ўтган 30 йилда ўзбекларнинг ўғирлик солномасини китоб қилиб ëзсак, 40 минг туяга юк бўлади.
Нималарни ўмаришмади – темир йўл шпали, зовод мўриси, ишхонадаги оддийлампочка. Бюджетдаги миллиардлар.
Бугун Сенат раиси Танзила Норбоева Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари мутасаддилари томонидан Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 1 млрд 750 млн сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилинганини айтди. Шу ерда пауза. Бир ибратли ҳикоя айтсам.
Золим билан мазлум
Золим билан мазлум бир хонада яшарди. Золим арзимас сабаб билан мазлум дилини оғритар, аммо кечирим ҳам сўрарди. Бир куни мазлум золимга бир тахта мих ва болға берди. “Сен менинг дилимни оғритган куни шу тахтага мих қоқ”, деди.
Бир ой ўтмай тахта худди типратрикон каби михлар билан тўлди. Золим мазлумга қараб, “Энди нима қилай”, деди. Мазлум бўлса, “Энди михларни суғур”, деди. Золим михларни суғурди, аммо тахтада тешиклар қолди.
“Кўрдингми, – деди мазлум, – сен ҳар сафар менга зулм қилиб, кейин кечирим сўрайсан. Аммо менинг қалбим шу тахта каби илма тешик бўлди”.
Золим айбини тушуниб етди ва бошқа зулм қилмайдиган ҳалим бир одамга айланди. Аммо Ўзбекистондаги золимлар айбини тушуниб етгани йўқ.
Бобомурод Абдулллаевга қўйилаëтган айбни кўриб бир нарса эсимга келди.
Хоразмда Зерип қизиқчи бор эди. У 1999 йили ТВ АЛСга чиқиб бир латифа айтганди. Бир куни зоопаркдан фил йўқолади. Милисалар қуëнни қўлга олиб, зоопарк директорига олиб келиб беришади.
Директор “сен фил эмас қуëнсан-ку”, деса, “филман, бошқа урманглар”, дермиш дир-дир титраган қуëн.
Бу латифани айтган қизиқчи ўлди, ТВ АЛС ëпилди. Шунақа.
Расмий Тошкент Бобомуродни “Қора мерган” тахаллуси билан мақола ëзганликда айблаб, Қирғизистонга уни қаманглар, деб сўров юборган. Хўш тахаллус билан ëзиш жиноятми?
Бир вақтлар Қодирий ҳам Жулқунбой тахаллуси билан ëзгани учун Сталин жаллодлари (ҳозирги жаллодларнинг момосини итариб урчитганлар) уни отишган эди.
ГАП СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ҳақида. Бугун сўз эркинлигини ҳимоя қиладиган ҳар бир одам Мирзиëевнинг коррупциялашган режими учун “Қора мерган”дир.
Оғзи бойланган ит кети билан ҳуради. Бу Американинг сўз эркинлигини чеклаш имконсиз экани ҳақидаги мақоли.
Ўзбекистонда кучли истиҳборат, яъни давлат ва миллат хавфсизлигини таъминлайдиган тузилма бўлиши мутлақо шарт. Бу тизим, энг аввало, давлат мулозимларининг, хусусан, Шавкат Мирзиëевнинг Россия манфаатларига хизмат қилиб, миллий манфаатларга зиëн етказганини жиддий мониторинг қилиши лозим.
Ëки диний клерикал элементларнинг давлат бошқарувига суқилиб кириб, фитнага ҳозирлик кўраëтганини фош қилиш зарур. Бу муҳим иш ўрнига Ўзбекистон ДХХси китоб ўқиган шоир ëки тахаллус остида сотқин мулозимларни фош қилган журналист кетидан қувиб юрса, ишлар халта бўлди, дегани.
Янги Ўзбекистон матбуоти Бобомурод қамалгани ҳақида жим.
Ëзувчи Михаил Булгаковнинг “Итюрак” қиссасида профессор Преображенский сассиқ кўппакни одамга айлантиради. Аммо ит яна итлигига тортади. Атавизм, дейди буни.
Ўзбекистон ҳам дунëдаги бошқа 130 давлат каби эркин бўлмоқчи эди, бўла олмади. Яна Нодир Тўрақул каби педофил қуллар одамларни эзадиган Шимолий Корея каби мамлакатга айланмоқда.
Бундай нотавон ҳаëтни Ўзбекистонни бошқараëтган итваччалар билан бирга паспортига қашшоқ йўқсил фуқаро деб тамға урилган 30 миллион тавия ҳам истайди. Яшайверинглар, йўқсиллар.
Биласизлар, олтиариқликлар каби мен ҳам олти жанрда ижод қиламан. Мана бу шиғирни ҳозир ëздим.
Ўзбекистон туғилиш учун ажойиб макон.
Агар бахтим осмонида доим булут бўлсин десанг
Ўзбекистонда туғил.
Агар сен бу дунëда жаҳаннамни кўришга қарши бўлмасанг,
Албатта Ўзбекистонда туғул,
Албатта Ўзбекистонда туғул,
Чунки айнан шу заминда одам дорига пул топа олмай ўлади.
Ҳоким ва прокурор зулмидан ўзини осишга энг қулай замин бу Ўзбекистон.
Доимо қарзга ботиб оч-наҳор ëшамоқчи бўлсанг,
Албатта Ўзбекистонда туғул, албатта.
Агар икки хомкалла ақллилар устидан ҳукм қилишига қарши бўлмасанг,
Агар қурган уйинг, борадиган бозоринг ëтадинг мозоринг бузилишини истасанг,
Агар хотининг тул, боланг қул, ўзинг тумсо бўлишни хоҳласанг,
Албатта Ўзбекистонда туғул, албатта.
Бу мен ëзган шиғир, дастур охирида эса Лондонда олтин юлдуз олган профессионал шоиранинг Озодлик ҳақидаги шеърини эшиттириб бераман.
Мана, ëз ҳам ўтиб бормоқда. Ўзбекистондан келаëтган хабарлардан хазон ҳиди келади.
Ўлим мавсуми. Бугун Тошкентда икки врач ўлди. Кеча бир композитор, олдинги куни Руслан Шарипов. Питерда яшайдиган таги қорасувлик рассом бират ҳам кеча ўлди. Мамлакатда ўлим шарпаси кезиб юрибди.
Яхши билан бирга ëмон ҳам ўлмоқда. Ëвуз прокурор Мирағламнинг жиноиий уюшма тузиб одамларни талашда айбланган адвокат хотини Муҳаббат Мирзаева 7 август куни ўлди. Ëмон одам эди. Бу хотиндан коронавирус ҳам ҳазар қилди шекилли, ичбуруғ ва 12 бармоқ ичаги чириб ўлибди.
Одатда ваъз ўртасида эртак айтилади. Аммо ҳозир айтадиганим аламли ҳақиқат.
2003 йил ëз. Мирағламнинг Тошкентдаги ҳовлиси. Мирағлам ҳовлидаги супада ўтирибди. Бир одам кириб келиб супа ëнида туради. Мирағлам ўтир деб ҳам айтмайди.
Мирағлам одамларга калтакесакка қарагандай ижирғаниб қарарди. Келган одам қўлидаги пакетни сўри четига қўйиб, “Муҳаббат опа айтган суммани олиб келдим”, дейди. Пакет ичида 70 минг евро бор эди. Ўша пайтда евро энди чиққан ва танқис эди.
Бир ой олдин бу одам 70 минг доллар кўтариб келганда уни таҳқирлаш учун шуни еврога айлантириб кел, дейилган эди. У одам долларни еврога айлатириш учун бир ой югурди. Ниҳоят, 70 минг евро кўрпача устида.
Мирағламнинг кўзи мармар фавворадан оқаëтган сувда. Хизматкор келиб меҳмонни қўлидан ушлаб ҳовлидан чиқариб юборади. Бечора пул берганидан мамнун бўлиб кетади.
У одамни бу пулни олиб келишга мажбур қилган Мирағламнинг адвокат хотини Муҳаббат эди. Дарров айтаман. Бу одамнинг ўғлини Мирағламнинг милисада ишлайдиган жияни подстава қилиб, Тошоблда қамаган эди. Милисага қўл кўтарди деб расмийлашган иш наркотик савдоси ва яна бошқа моддалар қўшилиб, катта срок оладиган ишга айлантирилди.
Боланинг қариндошлари машина, уй-жой ва тақинчоқларини сотиб 70000 евро йиғишди.
Бугун шу бечораларга зулм қилган хотин қора тупроққа кўмилди.
Мирзиëев режимини коронавирус емира бошлади. Дубай, Қатар бўлиб олтин унитазларга бавл қилиб, қариндош-уруғи билан юртни талаб узоқ ўтирмоқчи эди, бўлмади.
Октябрда ипотека кризиси бошланади. Ишсиз, маошсиз одамлар олган ипотека кредитларини ëпа олмай қолади. Банклар ва унинг ортидан молия тизимининг оëғи осмондан келади.
Ўзбекистоннинг бугунги сафил иморати тархини Каримов чизган бўлса, уни прораб Мирзиëев қурган. Путурдан кетган тиббиëт тизими. Коррупция емириши учун мўлжалланган бюджет. Ўғирлик ва талончиликдан бошқа нарсага ярамайдиган амалдору қариндошлар. Шуларнинг ҳаммаси бу заиф тўдани коронавирус икки юришда мот қилади.
Ўтган йили Урганчда қўзғалган аҳолини пул бериб тинчитишган эди. Кузга бориб бундай митти исëнлар мамлакатнинг ўнлаб жойида чиқиши мумкин. Исëн қилган одамга қарата мулозим “Уйинг куйсин”, деб бақирса, у одам “Уйим бўлмаса нимам куяди”, дейди.
Кишанларидан бошқа нарсани йўқотмайдиганлар тўлқинига обрўсини йўқотган миллий гвардия ҳам, латтабош бодринг ментлар ҳам қарши тура олмайди.
Одамлар очиқчасига Мирзиëевни мазах қилмоқда. Омма наздида у Россияга ватанни сотган ўрисқул. Мафияга юртни пирог парчаси каби кесиб бўлиб берган даллол. Эчки, лимон ва қалампир ҳақида алмойи-жалмоийи гапирадиган овсар.
“Одалат, одалат, одалат” деб қамоқдаги ўғри ва қотилларни чиқариб лавозим берадиган иккиюзламачи. Буни оддий халқдан кўра мулозимлар ҳам яхши тушуниб турибди.
Ўрмонга ўт кетар экан, ҳўлу қуруқ баравар ëнади. Оз сондаги ҳукумат одамлари ўз бола-бақраси ва хотин-халажини олтин ғиштлар солинган саватлар билан бирга Дубай, Лондон ва Кипрга олиб бориб қўйди.
Лекин бу люкс барча мулозимга оид эмас. Кемага тушганнинг жони бир. Ëзувчи Максим Горкий ëзгани каби бўрон қушлари қасирғадан дарак бермоқда. Шўринг қурсин, Шавкат Миромон, дўхтирнинг ули. Жила энди, ëстиққа жила.
Совет даврида гугурт бир тийин бўлса, швед турмасида гугурт текин. Беш марта овқат. Истаган пайтда мева шарбати. Ҳаммаси текин. Спорт зал¸ кутубхона бор. Ишлаш мажбур эмас. Мабодо ишласангиз, яхши ҳақ берилади.
Аммо ўша турмадан ҳам қочишади. Ўтган йили 19 одам швед турмасидан қочди. Чунки эрк ва озодлик улар учун текин гугуртдан муҳим.
49 яшар ўзбек шоираси Хосият Рустам халқаро адабиëт фестивали ғолиби бўлибди. Боку, Истанбул ва Хошиминда китоблари чиқибди. Нега бу шоира машҳур, нима ҳақда ëзади, деб сўрашди. Хосият озодлик ҳақида ëзади.
(Хосият шер ўқийди)
Қамоқдаги махбус, масалан, дейлик, Бобомурод Абдулла озодлик ҳақида ўйлайди. Одам касал бўлса, саломатлик ҳақида ўйлайди. Айрилиқ пайтида эса севги ҳақида.
Ўлим – бу сенга отилган камон ўқи. Ҳаëт эса шу камон ўқи сенга келиб теккунга қадар кечган фурсат.
Ҳаëт худди коронавирус хасталари ëтган карантин контейнер касалхонаси каби. Сен битта каравотдан иккинчисига ўтишни ва умуман контейнерни тарк қилишни истайсан. Доктор ëзган хулосани кутасан. Бу хулосани олиб кўчага чиқсанг ҳам дард сендан айрилмайди.
Сен худди велосипед минган одам кабисан. Ортга ëки оëқ остига қарасанг, йиқиласан. Қимирламасанг, педал босмасанг ҳам йиқиласан. Тўғрига, келажакка боқиб доимо педал босиш – ҳаëтда қолишнинг тек йўли.
Олдинига ҳаëт фақат келажак бўлиб кўринади. Кейин эса нуқул ортда қолган йўл ҳақида ўйлайсан. Мана, олдимизда чегара. Олдинига чегарачилар паспорт визасини текширади. Кейин божгирлар тўрвангни титади. Кейин эса доктор келиб пешонангга термометр тўппонча тирайди.
Шулардан ўтсанг, сен учун янги йўл очилади. Аммо бу йўл ҳам навбатдаги чегарага қадар. Мен бир ойча отпускада бўлган пайтимда оффлайн бўлдим. Яъни тармоқдан буткул ўчдим.
Бугун мессенжер почтани қарасам, хабарлар тиқилиб кетибди. Кимдир кимнидир сўйган. Бокиранинг қизлиги олинган. Номуслининг ори топталган.
Коронага чалиниб, темир будкага қамалиб, аҳволи баттар бўлганлар оҳ-воҳи тинмайди. Йўлларда аросатда қолганлар доди юракни эзади. Бунинг ëнида очлик, порахўрлик, талон торож. Улуғ бир тушкунлик иси келди.
Худди 1600 йили Россияда юз берган СМУТА даврини эслатди. Смута пайтида Россия давлати ўзга мамлакат назоратига ўтган эди.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз