Дайжест
18 июл 2016

Мухолифат партиянинг “оламшумул” ишлари

“Адолат” газетасини варақлаб, Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги навбатдаги ўхшамаган пародия, ўзбекча айтганда, ўхшамаган тақлидга кўзингиз тушади.

Тақлидки, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз. Бунинг устига, демократияга тақлидки, тушунмаган, миллий мафкурадан сал оғишиб фикрламайдиган одамни чалғитиши ҳеч гап эмас. Аслида ҳам бу мақола одамни қандайдир ҳақиқий демократик тамойиллардан чалғитишни қаратилгандек туюлади.

Нима эмиш, парламентдаги мухолифатдаги партия (ишонинг, айнан мухолифатдаги) бўлмиш “Адолат” таклиф этган муқобил қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси тажрибасида илк бор муҳокама этилибди.
Аввало, қойил қолиш керак, газета ўз муассиси бўлмиш партияни “мухолифатдаги” деб эълон қилди. Аммо сиёсий ҳушёрлик нуқтаи назаридан “мухолифатдаги” деган жойига қайта-қайта “парламентдаги мухолифат” деган сифатни тиқиштиришни унутмади.

Чунки парламентда ким бор? Эгизак ака-укалари бор. Уларга амаллаб мухолифатчилик қилса бўлади. Лекин парламентдан ташқарида, масалан, ҳукуматни танқид қилиш, “улкан ютуқлар”га соя ташловчи гапларни гапириб қўя олмайди.

Зеро, бу гаплар парламентдан ташқарида. Парламентда бундай гапларни гапириш “ота бир, онасиз туғилган” сиёсий кучларнинг нуфузига таъсир қилиши мумкин. Бу эса “умумий ота”нинг машҳур моделига тўғри келмайди.

Газета ҳам бу жиҳатларни тушунган ҳолда гапни “ота”ни улуғлашдан бошлайди.

“Давлатимиз раҳбари 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси ҳамда Қонунчилик палатасининг ташкилий йиғилишидаги маърузасида парламент фаолиятини профессионал даражага кўтариш, хусусан, қонун ижодкорлигини ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди”, деб кириш гап қилади.

Бу “парламентдаги мухолифатдаги партия” нима каромат кўрсатди экан, наҳотки бирорта каттароқ, халққа ёндашадиган гап айтиб қўйдимикин, элга қайишадиган қонун лойиҳасини муҳокамага кириб, “мухолифат” деган сўзга жон киритдимикин, деб ўйлаётгандирсиз.

Ҳафсалангиз пир бўлса, биз айбдор эмасмиз. Бечора мухолифатдаги “Адолат” муҳокамага киритган қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад “www.lex.uz сайтида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомини беришдан иборат”. Бор-йўғи шу.

Шу пайтгача ҳам сайтда шундай ҳужжатлар эълон қилинарди, бундан кейин ҳам эълон қилинади. Бунинг устига, сайт фақат расман қонун ҳужжатига айланган ҳужжатларни жойлаштиради. Унга расмий мақом бериш мухолифатдаги партия оламга жар солиб, обрў оладиган иш эмас аслида.

Бундан ташқари, партия бу ишини “парламент тажрибасида илк маротаба” деб эълон қилганининг ўзи “демократик, ҳуқуқий давлат қураётган” Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақиллиги байрам қилинаётган йилда айтилаётгани президентнинг шу пайтгача демократия тўғрисида айтган ҳамма гапларини йўққа чиқармайдими?

Наҳотки, 25 йил “демократик йўл”дан юриб, парламентимиздаги “мухолифатдаги партия” эндигина оддий, аслида бугунги реал шароитда бир тийинга қиммат, аҳамиятсиз қонун лойиҳасини муҳокама киритгани билан мақтанадиган даражага етган бўлсак?!

“Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур” китоблар

Президентимиз китоб ёзишни яхши кўради. Ҳар ҳолда, унинг ҳар бир даврадаги гапи китоб шаклида чиқиши шундай таассурот уйғотади.

Раҳматлик Леонид ака Брежнев ҳам китоб чиқаришни яхши кўрарди. “Кичик ер” китобини ёзди, юз минглаб нусхада чиқди, “Қўриқ” китобини ёзди, нусхасининг саноғи йўқ. Лекин бирортаси кўксига таққан навбатдаги нишонидан кўра машҳурроқ бўлгани йўқ.

Бизникилар ҳам яқин тарихнинг бу сабоғини эсга олмасдан, давлатимиз раҳбарининг “асарлари”ни босишдан чарчамаяпти. Куни-кеча ҳам юртбошимиз шунча ишидан ортиб яна иккита китобини нашрдан чиқарди.
Юртимиздаги бир қанча нашрлар ЎзАга асосланиб, бу китоблар “ҳажман кичик, мазмунан чуқур” эканини муштарийларига етказиб қўйиш масъулиятини виждонан адо этди.

Унда ёзилишича, “бу китобларни “озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди”, деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради”.
Бу китоблар президентнинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига сафарида айтилган гаплари, фикр-мулоҳазаларидан иборат.

Демак, президент бир жойда гапирса, албатта, бу китоб бўлиб чиқиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бир жойга борганда “қадамингизга ҳасанот” дегандан кейин бемалол “чиқажак янги китобингиз муборак”, деб аввалдан қутлаб қўйсак, асло хато қилмаган бўламиз.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 сентябр 2018
Бугун 75 йиллик юбилейи баҳона Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда, устознинг номига суйканиб, “бир ...
21 июн 2019
Олий Мажлис Сенатининг 21 июнь куни бўлиб ўтган 20-ялпи мажлиси вақтида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев собиқ бош ...
6 март 2017
Алексей Навальнийнинг маълумотларига кўра, Дмитрий Медведевга алоқадор жамғармалар ҳисобига “камида 70 миллиард рус рубли ҳажмидаги маблағ ва мулк ўтказилган”. ...
9 сентябр 2019
“Элтуз” ҳар ҳафта ўзининг ютуб каналида Швецияда яшаётган ўзбек ошпази Дўстназар Худойназаров билан ҳамкорликда янги “Биздан жиз-з” рукнини бериб ...
Блоглар
22 октябр 2020
Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш деган баҳона, ниқоб ёрдамида монополларимиз қонимизни сўриб ётибди. Ташқаридан истеъмол моллари ...
20 октябр 2020
Бундан ўн йил илгари пойтахдаги ўртача иккита амалдор тушликка бир миллионга яқин пул сарфлашини эшитиб ...
15 октябр 2020
Ўнта роман ёзай, элликта шеърий тўпламим нашр этилсин, ёзганларим дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинсин, ...