Асосий мавзулар
4 сентябр 2020

РТдан ваъз: Бойроқларнинг байроғи қўрқув

Ҳафта айланиб яна такиямни кийиб сизга қараб оғиз жуфтладим. Телевидение бўйича ўтган тренингларимда ментор оҳанг, яъни ақл ўргатиш томошабинни ҳуркитадиган омил, деб тушунтирилади. Мен зинҳор ақл ўргатмоқчи эмасман. 

Ўзимга эн бўлмаган бировга бўй бўламанми? Шунчаки дардлашаман. Ҳақиқатни  тарғиб қилмайман, балки уларни сизлар билан биргаликда излайман. Топсам – севинаман, топмасам – маюсман. Энг муҳими, қўрқмайман. Тужжорлардан узр сўрамайман. 

Мавзуга кўчишдан олдин хабарлар билан танишсак.

ХАБАРЛАР

“Анойи” сўзи лақма ва ишанувчан, деган маънони билдиради. Чироқчилик бир ака деҳқончиликдан орттирган 50 минг долларга Тошкентдан бир уй олиб қўйсам, деб орзуланди. 

Унинг чаққон қўшниси чироқчиликни Тошкентга олиб бориб, Чилонзор метроси ëнидаги уйлардан бирининг биринчи қаватидаги хонадонни кўрсатиб, “мана шу сенинг уйинг”, деб 50 минг долларини олиб дарров кўздан ғойиб бўлди. 

Чироқчилик тоға “энди ўз уйим – ўлан тўшагим, кириб бир оқшом ëтай”, деб турганида уй эгалари етиб келиб, “сени танимаймиз, уй бизники, бор йўқол”, деб ҳайдаворишди. 

Чироқчилик тоға фирибгарлик қурбони бўлганини англаб етиб, милицияга арз қилди. Бу пайтда фирибгар Тўйтепа чегарасигача етиб борган ва қўлидаги 50 минг долларни ҳам харажат қилиб юборишга улгурган экан. 

Барибир қамашди. Фирибгар бўлса темир қафас ичидан тиржайиб, кузда амнистияга тушиб қайтиб келиб, яна сенга ўхшаган анойиларнинг пулини шиламан, деб ўтирибди.

+++

Зармитан олтин конининг “Главний” шахтасида ўзбошимчалик билан олтин қазаман деган одам ток уриб ўлди. Олтин васвасаси.

Фарғонада 24 яшар аёл бир яшар боласини 1500 долларга сотаëтганда ушланди. Болажон халқ хроникаси.

ЗАНГОРИ ШУЪЛАЛАР

Сокин куз ойлари шаҳарда

Нақадар сўлимдир кечалар.

Қандайдир сеҳр бор қамарда,

Кўк билан сўзлашар кўчалар.

(Эркин Воҳидов)

Бундан 40 йил олдин ëзилган бу шеър давомида шоир одамларнинг ҳаëт гўзаллигини кўриш ўрнига телевидениенинг зангори экранида акс этган олди-қочдига мафтун бўлишганидан афсусланади.

Тугамас катталар бардоши,

Гўдаклар қарамас овқатга.

Ўқ тегиб йиқилар қўрбоши,

Штирлиц чап берар офатга.

Бир йигит ўзганинг бағридан

Қайтган ёр лабини сўради.

Ўтишиб қўғирчоқ баҳридан,

Бу ҳолни қизчалар кўради.

Бу битикларда тасвирланган қизчалар ëши ҳар ҳолда элликдан ошди. Умуман, кимнингдир телевизор кўриб, бузилиб кетганини мен ҳаëтимда учратмадим. Одамлар учун телевизор – бу ширин ëлғонлар тарқатадиган қути. 

“Ул ширин ёлғонга лекин алданиб қолғон ëмон”, деб қўшиқ айсак-да, барибир уйда телевизор ëқиғлиқ туриши керак. Телевизор – уйнинг доимо уриб турадиган юраги. Ҳозирги авлод учун вайфайдай гап. 

Келган меҳмон вайфай борми, дейди. Олдига қўйилган норинга қарамай, қўлидаги смартфонга тикилиб ўтирганича қайтиб кетади. Бир пайтлар Шурикнинг киносида кўрувдик бундай саҳнани. 

ЎЗБЕКНИНГ БАЙРОҒИ НЕГА ШОНЛИ ЭМАС? 

Ўзбек телевизори мавсумий ҳиссиëтларни юқтирадиган вирус, деса ҳам бўлади. Масалан, бу қутининг ичидан “Ватанпарвар бўлинг!” деган мужда чиқади. Ана энди барча бундан тўлқинланиб, байроқ кўтариб кўчага чиқиб кетади. 

Биттаси сочини байроқ ва Мирзиëев шаклида олдирибди. Бухоролик бир ғўч йигит эса машинасини байроқ рангига бўяб, ғоз юриш қилди. Аммо Бухородаги ўртоқ Бобожоновнинг миршаблари бу ватанпарвар машинани қамаб қўйишди. 

Нега? Чунки бу байроққа бир томчи қон тўкилмаган. Ўқ тешиб ўтмаган. Собиқ комунист ва СССР тарафдори бўлган Каримов ўйлаб топган бир латта, холос. Одатда янги тузилган ва тарихи бўлмаган давлат янги байроқ чиздиради. Ўзбекистон деган давлат жойлашган заминда ўнлаб қудратли давлатлар бўлган ва уларнинг музаффар байроқлари бор. Шулардан бирини олиш керак эди. 

Масалан, Амир Темурнинг уч ҳалқали кўк байроғи. Қорахонийлар, Хорзамшоҳлар ëки Салжуқ байроқлари. Энг яқин тарихдаги Туркистон мухторияти байроғи. Бу байроқ рус аскарлари ўқидан тешилиб илма-тешик бўлса ҳам Қўқон узра ҳилпираб турган эди. 

Фейсбукда юздан зиëд ўзбекча саҳифа аватарида халифаликнинг қора байроғини қўйганларни кўрдим. Улар югуриб бориб Тошкентдаги Олий Мажлис томига қора байроқ осишмоқчи. 

Менимча, бу стратегик хато қадам. Олдин бу борада аҳоли фикрини яхшилаб шакллантириш керак. Одно ëки фейсбукда аста-аста тушунтириш лозим. Кейин кичикроқ нарсаларни талаб қилиш керак. 

Масалан, дейлик “Маша ва айиқ” мультфильмини тақиқлашни талаб қилиш керак (номаҳрам эркак айиқ 9 яшар Машанинг олдида нима қиляпти?) Ëки “Ну, погоди!” Чунки пляжда беҳаë ëтган ҳайвонлар тасвирланган. 

Ана уни тақиқлашга эришилганидан кейин “Тўйлар муборак” фильмини танқид қилиш керак. Чунки бу кинода тўйда арақ ичилади. Кичик ғалабалардан илҳомланиб, тактикани ўзгартириб-ўзгартириб, масалан, лезвия ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва унинг воситасида бадандаги юнгларни қириш тақиқланишини талаб қилиш керак. 

Сартарошларга касбини ўзгартириш учун имкон берадиган курслар очишни сўраш керак. Улар, масалан, ҳижоб, бурка, ниқоб каби кийимларни тикиб, Афғонистонга экспорт қилиб туриши мумкин (ҳозирча). 

Аста-секин, степ бай степ – кичик қадамлар билан улуғ маррага қараб ҳар соат ҳар секундда бир миллиметр бўлса ҳам яқинлашаверамиз. Қарабсизки, бир кун Шердор мадрасасини бузиш учун бульдозер келяпти. 

Ҳамма хурсанд. Блогерлар тугаб қолган. Чоллар дуо қилиб турибди. Нафақат Олий Мажлис, балки кичироқ ҳокимлик томидаям қора байроқ ҳилпиллаб турибди. Биз эса нашида айтамиз. 

Қўлларда байроқ, келажак порлоқ, 

Маънавият енгилмас куч, 

Чириган ғарб тарафдорининг калласи пуч. 

Шайх отамиз соясида ëтамиз, 

Кофирлар келса, паққа-паққа отамиз. 

Рўмонтика.

Авж олаётган руспарастлик

Телевизорда 9 майга атаб ўрис қўшиқ қўйилса, барча дарров СССРни соғинишга тушади.

Ўзбекистон халқ артисти, собиқ депутат, ҳуқуқшунослик фанлари номзоди ва ҳожи она Юлдуз Усмонова ота-боларимизни қирган қизил армия кийимини кийиб, расмларга тушганини эслайсизми?

Мустақиллик ҳақида томоғини йиртиб куйлаган бу аëл Каримов ўлиб мамлакатда “руспарастлик” мода бўлиши билан дарров қизил армия жаллодлари кийимини кийиб, ўзининг босқинчи ўрислар тарафида эканини намойиш қилди.

Уят, иснод, номус, ватанпарварлик ëки қизил армия аскарлари қириб ташлаган ота-боболаримиз хотирасининг ҳурмати йўқми!

Қўқон мухториятини ағдарган, Фарғона водийсида гўдакларни қиличдан ўтазган шу қизил армия эди-ку.

Кимда ким ватанни севса, Юлдуз Усмонованинг бу хатти-ҳаракати устидан шикоят қилсин.

Энг камида унинг халқ артисти унвони бекор қилинишини талаб этсак, деб хитоб қилсам, сомонхонага қараб рамазон айтгандай ҳис қилдим ўзимни. 

Совет даврида армияга борганда чеченларнинг пайпоғини ювадиган ҳам, грузин дедларнинг орқасини уқалаб, бир бурда нон ëки сигарета оладиган ҳам шу тўда эди.

Мустақиллик даврига келиб бу тўда умуртқасиз бир ҳужайрали ҳашаротга айланди.

Ўрис ҳам урди уни айланиб келиб, арманиям.

3 йилча олдин май ойида Москвадаги мактаб битирувчилари ВДНХда ўзбекларни эшшак қилиб мингани видеоси тарқалганди.

“Нима қилибди соатига пул берса, минаверсин эшшак қилиб. Ўзбекистонда уларни текинга минишади-ку”, деб ўзларини овутишди.

Хуллас, гапнинг адоғи йўқ.

Аммо ўзим кал, кўнглим нозуууук дегандек, бу тўда ўзи ҳақида чўпчак тўқийди. Биз зўрмиз, фалонмиз, пистиëнмиз деб.

Мана бу қўшиқ эса сув кўрса кечадиган Оққўрғон йигитларига аталади. Ҳамма рақсга тушсин.

Элим лочин, бургутлари,

Қоя ўпган булутлари,

Ғурури тоғ, ори осмон,

Ўзбекнинг мард йигитлари.

Ўзбек телевизори ва, умуман, ўзбек нашрларидан қўрқув нафаси уфуруб туради. Тўғрисини тўғридай гапирадиган одам анқонинг уруғи.

Тўғри гапни тўғри туриб айта олган одам ҳақида

Сахаров ҳақида илк бор етмишинчи йилларда эшитгандим. Уйимиз раҳматли отам, Ўзбекистон радиоси мухбирининг иш кабинети ҳам эди.

Хоразмдаги олтин юлдузли қаҳрамон раислардан бири билан суҳбат қурганида, ўша раис Сахаровни лаънатлаб берганди.

Микрофонни ўчирган отам “Ўзи Сахаров кимлигини биласизми, ëшулли?” деганида раис “Мен на ердан билин вуни. Совет ҳўкўмотини на кўп душмони кўп. Шулардан бири чиғор”, дегани кулгига сабаб бўлган эди.

Отам тарихга “оттепель” дея кирган тоталитаризм музларининг эриши даври одами эди. Отам ўз дўсти-ëрлари билан суҳбатлашганда Сахаров, Буковский, Мустафо Жамил каби сирли исмлар янграр эди.

1976 йили тоғамнинг ўғли Қадам оға Сахаров жасоратини ëрқин ҳикоя қилиб берганини эслайман.

Қадам оғанинг айтишича, Сахаров Москвадаги “Берëзка” дўконига кирибди (“Берëзка” дўкони фақат валютага нарса сотадиган дўкон эди). Хуллас, Сахаров дўкондан ул-бул олиб, пул тўламоқчи бўлса, сотувчи совет пулини олмабди. 

Сахаров дўкончига “пулнинг устидаги ëзувни ўқи”, дебди. Пулнинг устида эса СССРнинг олтин кафолати ëзилган эди.

Ўшанда Сахаров дўкон ҳудудида СССРга қарши фитна бор, деб чет эл журналистларига интервью берибди.

Бундан қўрққан КГБ раиси дўкончиларга “Сахаров дўконда совет пулига нарса харид қилиши мумкин”, деган кўрсатма берибди.

Бу ҳикоя ўша давр учун “адолатни талаб қилиш ўрнаги сифатида” ички қониқиш билан тингланар эди. 

Орадан олти-етти йил ўтиб, 1983 йилда Москвага бордим. 

Кремлдан сал нарида “Берëзка” деган дўкон бор экан.

Қадам оғанинг ҳикоясини эслаб, дўконга кирдим. Дўкон ичи дефицит моллар билан тўла эди. 

«”Бу моллар эркин муомаладаги валютага сотилади, совет пули олинмайди”, деб ëзиб қўйилган эди. 

Мен сотувчидан Сахаров келса, совет пулига сотасизми, деб сўрадим. “Худо келса ҳам советнинг тахта пулига нарса сотмайман”, деди дўкончи. 

Ўша пайтда Сахаров Горький шаҳрида сургунда эди. 

Мен Сахаров баëнотларини ҳайкалтарош дўстим Дамир аканинг хотини Люся машинкалаб кўпайтирган самиздат варақаларидан яширинча ўқирдим.

“Хроники текущих событий” деган варақаларни ўқиганимда ичимда кучли адриналин вулқонини туярдим.

Кейинчалик Сахаров халқ депутати бўлганида, ўзимни ошиғи олчи бўлган қиморбоздек ҳис қилган эдим.

Сахаров ўлган куни мен Урганчдан 5 километр узоқдаги Оëқдўрмон қишлоғида эдим.

Қиш совуғида иситилмаган синф хонасида гуппию тумоқларини кийиб, қоп-қора парталарда расм чизаëтган қора-қура қишлоқ болаларига қараб, “Болалар, менга азиз бўлган бир одам қайтиш бўлди”, дедим.

“У одам нима қилар эди”, деб савол берди болалар. “У одам ҳар доим тўғри гапни тўғри туриб айтар эди”, дедим.

Менимча, Оëқдўрмондаги болалар шу гап орқали Сахаровнинг кимлигини тушунишгандек эди.

Дарсни тугатиб, мактабдан чиқаëтсам, пўстинга ўранган мактаб қоровули ўз кулбасида телевизор кўриб ўтирган экан.

Менга қараб, “Эй муаллим, Ўрусиятда уллироқ бир одам ўлибди, ким эди у”, деб сўради. “Авлиë қатори одам эди. Энди бундайлар дунëга келиши қийин”, дедим.

Сахаров тирик бўлганида бугун тўқсон тўққизга кирар эди.

Қўрқмаслик дарси

Қўрқмаслик ҳақидаги дарсни яна бир рус диссиденти Владимир Буковскийдан олгандим. Мана унинг ўтган асрда ëзганлари:

“Биз энди аллақачон индамай ўлиб кетаверадиган қуёнлар эмас эдик. Биз буюк ҳақиқатни англаб етган эдик, ҳокимият на қурол, на танклар, на-да атом бомбаси билан яратилади, ҳокимият уларга таянмайди. Ҳокимият – бу итоаткорлик, бўйсунишга розиликдир, шу боис, зўравонликка бўйсунишдан бош тортган ҳар бир инсон бу кучни 250 миллиондан биттага камайтира олади. 

Биз ҳақ учун ҳаракатларда қатнашдик, энг яхши мактабни лагерларда ўтадик, биз энди одамларнинг итоатсизлиги нақадар катта куч эканини биламиз. Буни ҳокимиятдагилар ҳам билади. Улар аллақачон ўз бисотларидаги ҳар қандай коммунистик сафсаталардан воз кечишган. Уларга эндиликда одамларнинг нурафшон келажакка ишончлари керак эмас, уларга мутелик керак”.

Ўзбекистон мисолида бу 33 миллиондан бир бўлади.

Ваъз бошида Эркин Воҳидов шеърини ўқиб берган эдим. 1989 йили ким мулозимни танқид қилса, 3 йилга қамалади, деган гап чиқди. Шунда шоир акамиз мана бу шеърни ëзди. Шунча йил ўтиб ҳам долзарб.

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун

Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин,

Унинг йўқ обрўсин тўкканим учун

Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.

Халқимга қадрингни бил десам агар,

Кураш, ҳақни ошкор қил десам агар,

Бу қутқу аталса давлатга зарар

Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.

Амалдор дер эса тузум — мен ўзим,

Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,

Мен бундай тузумдан ўгириб юзим

Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
15 май 2016
«Панама ҳужжатлари» дея ном олган маълумотларда ўз маблағларини ҳориждаги офшорларга яширган 100 дан ошиқ ўзбекистонликларнинг ҳам исм фамилиялари, манзилларигача ...
7 апрел 2021
Германиянинг “Люфтганза” авиаширкати учоғи Истанбулдаги Отатурк аэропортига қўниш учун пастлади. Қўйли “тур болам”, деган овоздан уйғонди. Бир вақтлар онаси ...
17 феврал 2016
Бундан илгари Каниза (Aҳмeдoвa Шaҳризoдa Фaрҳoдoвнa) ўзининг Porsche Cayenne машинасининг ойнаси синдирилгани, қимматбаҳо 12000 долларлик Vertu мобил телефони ўғирланганидан ...
9 ноябр 2018
Инсон бахтли бўлиши учун нима қилиши керак? Севган ёрини топиши керак дерсиз? Лекин Фарғона вилояти раҳбарлари бундай деб ўйламайди. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...