Асосий мавзулар
1 октябр 2020

“Президент куëвининг дўсти” бўлган боксчи Андижонда ИИВ капитанини калтаклади

24 сентябрь куни андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев “Дамас” бошқарувидаги ИИБ ходими Саиджон Ғофуржоновни дўппослади. 

Капитан “Дамас” русумли хизмат автомашинасини Эргашевнинг тўхтаб турган “Спарк” русумли автомашинага келиб урган эди. Ҳодиса соат 12 ва 13 оралиғида бўлиб ўтгани видеотасвирларда акс этган. Воқеа Андижон шаҳрининг гавжум Тошкент кўчасида содир этилган.

“Элтуз” мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида ҳодисада бевосита иштирок этган кишилар билан суҳбатлашди. “Дамас”ни бошқарган ИИБ ходими ишидан айрилиб қолишидан қўрқиб интервью беришни хоҳламаслигини билдирган.

Капитан Саиджон Ғофуржонов айни вақтда Андижон ИИБ 1-милиция бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси раҳбари лавозимида ишлайди.

“Спарк” автомашинасининг эгаси андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев билан боғланиб бўлмади.

Ҳодисага гувоҳ бўлган ҳайдовчининг айтишича, Саиджон Ғофуржонов ўз бошқарувидаги машинани бехосдан қарама-қарши ножўя ҳаракатланаётган автомашинадан сақланган ҳолда йўл четига буради. 

Натижада ҳаракатсиз турган “Спарк” автомашинасига урилади. Шундан сўнг “Спарк” эгаси ИИБ ходимини дўппослаб кетади. Ҳалокатдан сўнг қисқа вақт ичида атрофга оломон йиғилади. 

Йиғилган омма томонларни тинчлантириши қийин кечган. Шу вақт ичида “Спарк” эгаси ИИБ ходимига президентнинг куёви Отабек Умаров билан яқинлигини, UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов билан дўстлиги, ўзининг ҳам спортчи эканини айтади. Гувоҳ спортчи томонидан ИИБ ходими турли сўзлар билан ҳақорат қилинганини тасдиқлайди.

Спортчининг президентнинг куёви билан тушган, водийда овоза бўлган расмини “Элтуз” мухбири кўрган. 

АҚШда яшаётган ўзбек боксчиларидан бири Санжарбек Раҳмонов интервьюларидан бирида доғистонлик аралаш жанг устаси Ҳабиб Нурмагомедов “унинг акаси Ҳасан Эргашевнинг яқин дўсти” эканини тасдиқлаганди.  

Андижон вилояти прокуратурасига яқин мулозимнинг хабар беришича, иш терговга оширилган. Бунда кўзбўямачилик ёки тарафкашлик қилинмайди. Воқеа рўй-рост кўриниб турибди. 

Ҳар иккала томонга етказилган жароҳат даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилаётгани маълум қилинди. Албатта, ИИБ ходими машинага шикаст етказгани, “Спарк” автомашинаси эгаси ИИБ ходимини ургани инобатга олиниши таъкидланган. 

Ҳар иккала томон – бири ИИБ ходими, бири президент куёвининг дўсти экани қонуний чора кўришда ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини билдирди мулозим.

“Элтуз”нинг ушбу воқеа билан яхши таниш бўлган суҳбатдошининг сўзларига кўра, “прокуратура ишни қўзғатди, аммо иш умуман олдинга юрмаяпти, Ҳасан Эргашев терговга келмаган”.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 сентябр 2022
Бугунги мактублар, ишламаётган конституция, бузуқ трансформатор, ёрдамга муҳтож иккинчи гуруҳ ногирони, аттестациядан йиқилган ўқитувчи, ўқувчи формаси олишга қурби етмаган ...
29 сентябр 2016
Ўзбекистондаги айрим маҳаллий интернет нашрлари, жумладан, «Кун.ўз» сайти мамлакат Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматининг хабарини чоп этди. Бу хабарда ...
21 октябр 2023
Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз мен учун айтиш ноқулай, аммо эҳтимол кўпчилик учун қизиқ бўлган Туркияга киритилмаслигим мавзуйига бағишланади. Шу ...
10 феврал 2021
АҚШнинг навбатдаги 46-президенти ҳам яна ўша қароргоҳ – Оқ уйга кўчиб ўтди. Ўзбекистонда эса президентнинг учта қароргоҳи бор – Оқсарой, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...